Кутиб олинг ПРО Лига рестарт олмоқда. Жамоаларда нима гаплар?
29 авг 2020 11:01
Новости
Кутиб олинг ПРО Лига рестарт олмоқда. Жамоаларда нима гаплар?
3-тур
30 август, якшанба
Динамо — Хоразм
4-тур
2 сентябрь, чоршанба
Шўртан — Нефтчи
Оқтепа — Хоразм
3 сентябрь, пайшанба
Турон — Истиқлол
Динамо — Зомин
5-тур
6 сентябрь, якшанба
Шўртан — Хоразм
7 сентябрь, душанба
Зомин — Турон
Оқтепа — Динамо
8 сентябрь, сешанба
Истиқлол — Нефтчи
Чемпионат вақтинчалик тўхтилганидан бери клубларда шу вақтга қадар бир қатор эътиборга молик ўзгаришларга қўл урилди. Яъни барча жамоалар танаффусдан фойдаланган ҳолда таркибларини кучайтириб олишга эришди, бир қатор тажрибали футболчилар билан сафларини бойитиб олди. Келинг дастлаб шу ҳақида бир қанча маълумотларни тақдим этамизда сўнгра майдонга тушишга шай ҳолатда бўлиб турган футболчиларнинг фикрларига қулоқ тутамиз.
"Динамо" (Самарқанд)
Оралиқда юзага келган танаффусдаги трансферлар вақтида Самарқанднинг "Динамо" жамоаси фаоллардан бири бўлди. Аввало жамоада тажрибали мутахассис, ўзининг услубига эга мураббий Сергей Луша таклиф этилган бўлса, унинг кетидан таркибни кучайтириш ишлари бошлаб юборилди. Мавсум бошида бир қатор муаммолар сабаб ўзи учун керакли ҳаридларни амалга ошира олмаган клуб Суперлигага чиқиш учун жиддий курашишга қарор қилди. Натижада Суперлига ҳавосини кўрган бир қатор иқтидорли ёш ва тажрибали ўйинчилар жалб қилинди. Демак, жамоага келганлар Элдор Бойматов, Обид Жўрабоев, Суҳроб Нуруллоев, Ойбек Нурматов, Эркин Жабборов, Андрей Сидоров, Фарҳод Намозов шунингдек бир қанча ёш ўйинчилар ҳам йиғинларда иштирок этди. "Динамо" қуйидаги футболчилар билан дўстона хайрлашишга қарор қилди. Жасур Азимов, Жасур Ўринов, Алишер Юсупов, Файсал Траоре, Шоҳруҳ Эшбўтаевлар жамоани тарк этди. "Динамо" жамоаси Про лигага пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ўртоқлик учрашувларида ҳам иштирок этмоқда, "Шердор", "Қурувчи" жамоалари билан ўйинларда футболчилар жамоавий ўйинни шакллантиришга эътибор бердилар.
"Оқ-тепа" (Тошкент)
Про лигада Тошкент шаҳридан иштирок этаётган ягона вакил бўлмиш "Оқ-тепа" жамоаси жиддий йўқотишларга дуч келди дейишимиз мумкин. Жамоанинг нигериялик ҳужумчиси Иброҳим Томива "Қизилқум"га трансфер қилинган бўлса, Шерзод Қодиров ҳам навоийликлар сафини тўлдирди. Тажрибали посбон Эркин Жабборов "Динамо"га йўл олди. Шунингдек Максимилян Фоминни танаффус вақтида "Бухоро" машғулотларида кўрдик. Сарвар Жуманиёзов, Ҳурматбек Йўлдошев, Жамшид Юсуповлар клуб билан бирга эмас. Эшитишимизга қараганда трансферлар пайтида жамоа у қадар катта ўзгаришларга қўл урмаган. Асосан ёш футболчилар таркибга жалб қилинган, холос. "Оқ-тепа" бу сафар элитага чиқиш учун астойдил кураш олиб бориши аниқ. Боиси, клубда барча шароитлар яратилган, ажойиб футболчилар жамланган. Жамоа аъзолари тайёргарликнинг маълум қисмини Чорвоқ оромгоҳида олиб борди. У ерда асосан тикланиш машқларига урғу берилди. Эсингизда бўлса “Оқ-тепа” 2015 йилги мавсумдан сўнг Олий Лигага чиқишга жуда яқин келган эди. Бироқ, битта учрашувдан иборат бўлган плей офф баҳсида "Суғдиёна"га мағлуб бўлганини эсласангиз керак. Жамоа ҳозирда турнир жадвалида тўрт очко тўплаган ҳолда бешинчи ўринда кетмоқда.
"Турон" (Яйпан)
Инфратузилма, клубдаги шароитлар, ташкилий ишлар бўйича аксарият клубларга ўрнак бўлиб келаётган Яйпаннинг "Турон" жамоаси ҳам таркибини сезилари даражада кучайтиришга эришди. Ўз вақтида "Нефтчи", "Бунёдкор" "Навбаҳор" жамоаларидаги ўйинлари билан танилган Шукурали Пўлатов эндиликда фаолиятини "Турон"да давом эттирадиган бўлди, мавсумни "Қўқон-1912" жамоасида бошлаган маҳоратли ҳужумчи Отабек Ҳайдаров ҳам бундан буён яйпанликларнинг футболчиси ҳисобланади. Шунингдек Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига номзод, "Лестер" клубида маҳоратини оширган ёш кипер Акмал Шавкетов жамоа машғулотларида иштирок этмоқда. "Турон" ҳам барча сингари Суперлигага чиқиш учун ҳаракат қилиши аниқ. Жамоа эса шунга яраша футболчилар учун барча қулайликларни яратиб беришга интилмоқда, "Ўзбекистон" ўйингоҳи жорий йилда қайта таъмирдан чиқарилди, барча шароитлар яратилди. Клуб яқин орада ўзининг академиясига ҳам эга бўлиш арафасида турибди. Ҳусусий клуб сифатида олдинга силжиётган "Турон"да ишлар шу зайилда кетадиган бўлса келажакда Суперлигада юқори ўринлар учун курашишини таҳмин қилиш мумкин.
"Нефтчи" (Фарғона)
Ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлган, шонли тарихга эга "Нефтчи" жамоаси Абдусамад Дўрмонов устозлигида кучлилар сафига қайтиш учун астойдил бел боғлаган. Мутахассис жамоадаги маҳаллий футболчиларга ишонишда давом этмоқда. Танаффусда биргина Шодиёр Ҳожиматовни Қўқондан ижарадан қайтганини ҳисобга олмаганда жиддий ҳаридларга қўл урилмаган. Фарғона истеъдодлар макони, бир вақтлар Юрий Саркисян даврида ҳам ҳар йили кўплаб ёш футболчилар асосий жамоада дебют қиларди. Бироқ, Саркисяндан сўнг жамоа асосан номларга ишонадиган бўлиб қолди. Мана энди Дўрмонов бошчилигида қайтадан "Нефтчи"ни тиклаш ишлари бошлаб юборилди. Бу эса қувонарли ҳолатдир. Жамоа аъзолари йиғин ва машғулотларни Қиргулидаги майдонда олиб боришмоқда. Таркибга жамоанинг собиқ футболчиси Павел Смоляченко ҳам келиб қўшилди, унинг ҳужжатлари билан боғлиқ масалалар ижобий ҳал этилди. Бир қанча ёшлар ҳам айни пайт кўрикда бўлиб турибди. Маълумот ўрнида "Нефтчи" Про лигада ҳали мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлиб турибди. Клуб етти очко билан биринчи ўринда.
"Истиқлол" (Фарғона)
Фарғонанинг яна бир жамоаси бўлмиш "Истиқлол" Суперлига йўлланмаси учун курашда рақобат туғдириши кутилмоқда. Сергей Лебедов ва Анвар Бердиев жуфтлиги жамоада фаолият олиб бораётгани сир эмас. Клуб матбуот хизматининг хабар беришича таркибда жиддий ўзгаришлар йўқ. Жамоа аъзолари кўтаринки кайфиятда машғулотларни давом эттирмоқда. Про лига учинчи туридан сўнг "Истиқлол" икки ғалаба ва битта дуранг билан кучли учликдан жой эгаллаган.
"Шўртан" (Ғузор)
Сўнги йилларда муаммолар гирдобига тушиб қолган "Шўртан" бу йил ёшлар билан Суперлига йўлланмасини қўлга киритишни ният қилган. Жамоанинг мақсади ҳақиқатдан ҳам жиддий. Бош мураббий Асрор Алиқулов ўтган мавсумда "Машъал"ни элитага қайтарди. Эндиги навбат "Шўртан"га, Асрор Чориевич ҳозирда жамоани ёмон бошқармаяпти. "Шўртан" унинг бошчилигида Про лигада яхши иштирок этмоқда, Ўзбекистон кубогида эса гуруҳ босқичига чиқишни уддасидан чиқди.
"Зомин" (Зомин)
Проффессионаллик сари интилаётган "Зомин" ҳам аста-секин клуб сифатида шаклланиб келмоқда. Клуб уй учрашувларини ўтказадиган майдон бу йили яхши ҳолатга келтирилди. Жамоага ёш шижоатли Жаҳонгир Жиямуродов устозлик қилмоқда. Ёзги трансферлар вақтида жамоани бир қатор футболчилар тарк этди, уларнинг ўрни эса ёшлар билан тўлдирилди. Дарвозабон Рустан Нартаджиев, ҳимоячилар Вусал Маггерамов ва Достон Бердиқулов, ярим ҳимоячилар Достонбек Бахромов, Улуғбек Жўраев, Шоҳжаҳон Аббосов ва Рустам Хазратқулов жамоани тарк этишди. "Турон"дан ҳужумчи Дилшодбек Ҳушбаков келиб қўшилди. Шунингдек бугун клуб яна олти нафар футболчини ПФЛ рўйхатидан ўтказди. Булар Дониёр Умаров, Исломжон Исроилов, Озодбек Ражабов, Роббим Ҳасанов, Ёрмалик Умарқулов, Бобуржон Исроилов.
"Хоразм" (Хоразм)
"Хоразм" жамоаси трансферлар вақтида жим ўтиргани йўқ. Жамоага Суперлиганинг бир қатор клубларида тўп тепган Дамир Низамов, Расул Мусаев, Ҳурматбек Юлдашев каби маҳаллий футболчилар билан шартнома тузди. Айни вақтда жамоада кўпчиликка яхши таниш бўлган Мақсуд Каримов фаолият олиб бормоқда. Камтарин таркибга эга "Хоразм" жамоаси босқичма-босқич ривожланиш ва шаклланиб боришни мақсад қилган. "Хоразм" клубида фаолият олиб бораётган мураббий Ғайрат Шихов, дарвозабонлар мураббийи Мансур Давлетов, етакчи футболчи Жасурбек Атажановлар 22-27 август кунлари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ўтказилган Осиё футбол конфедерациясининг (LEVEL-1) ўқув-амалий курсида иштирок этиб маҳсус сертификатларга эга бўлишди.
Футболчилар қандай фикрда?
Шодиёр Ҳожиматов ("Нефтчи" жамоасининг ёш иқтидорли ўйинчиси) - Биринчи даврани "Қўқон-1912" жамоасида ўтказдим. Мавсум бошланмасидан олдин жароҳат олиб кўп учрашувларни ўтказиб юбордим. Шу сабабли иккинчи даврада "Нефтчи"га қайтишга қарор қилдим. Про лига баҳсларига тайёргарлик яхши кетмоқда. Ҳаммамизда кайфият аъло даражада. Ички муҳит ҳам жойида, муаммо йўқ бу борада. Ҳар бир учрашувда ғалаба учун майдонга тушамиз. Мақсадимиз "Нефтчи"ни Суперлигага қайтариш. Про лигани трансляция қилиниши қувонарли хабар, буни эшитиб хурсанд бўлдим. Менимча трансляция Про лиганинг мавқеини ошишига хизмат қилади.
Жавоҳир Соҳибов ("Турон" жамоасининг тажрибали футболчиси) - Жамоамиз билан тайёргарликни давом эттирмоқдамиз. Мақсадимиз Супелигага йўлланма олиш. Бу йўлда яхши ният қилиб меҳнат қилмоқдамиз. Пандемия сабабли кўп тўхталишлар юзага келди. Очиғи ҳаммамиз футболни соғиндик. Ўтган учрашувларда йўл қўйган хато ва камчиликлар устида ишлаяпмиз. Насиб қилса ғалабалар билан мухлисларни хурсанд қиламиз деган умиддаман. Жисмоний ҳолатимизни янада яхшилаш борасида ишлар олиб борилмоқда, янги фитнесс мураббий иш бошлаган. Футболда биринчи ўринда жисмоний тайёргарлик туради. Про лигани трансляция қилинишига ижобий қарайман. Мухлисларга ҳам қизиқ бўлади, телевизор орқали кўриб қўллаб-қувватлашади. Дарҳақиқат Про лигага эътибор бу йил анча кучайди.
Абдухолиқ Қурбонов ("Истиқлол" жамоаси футболчиси) - Айни дамда Про лига клубларида иштирок этаётган жамоаларнинг имкониятлари бир хил даражада. Кучли ёки кучсиз деб ҳеч бир жамоани алоҳида ажратиб бўлмайди. Масалан "Нефтчи", "Динамо", "Истиқлол", "Турон", "Шўртан" каби жамоалар иштирок этаётган лигада рақобат жуда кучли бўлиши табиий. "Оқ-тепа" ва "Зомин" жамоалари ҳам жуда яхши шаклланган, "Хоразм"да ҳам натижаларни яхшилаш учун имконият етарлича. "Шўртан" билан ўйинда ўз хатоларимиз эвазига мағлуб бўлдик, "Динамо" га қарши баҳсда омад биз томонда бўлди. Шу боис "Зомин" билан бўлиб ўтган учрашувга қаттиқ тайёргарлик кўрдик, гувоҳи бўлганингиздек якунда ғалаба қозондик.
Тимур Исмаилов ("Хоразм" жамоаси футболчиси) - Мавсум аввалида ташкил этилган машғулотларда олган жароҳатим туфайли ушбу учрашувларни ўтказиб юборишга мажбур бўлдим. Айни дамда ҳаммаси жойида, навбатдаги учрашувларга тўлиқ тайёрман деб айта оламан. Келажакда "Хоразм" жамоасининг ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшиш, ўйинларимни янада ўстириб, яхши натижалар кўрсатиш каби мақсадларим бор. Шу ўринда жамоамиз мухлисларига бизни мунтазам қўллаб-қувватлаб келаётганликлари учун миннатдорчилик билдираман.
Шоҳруҳ Абдураҳмонов ("Динамо" жамоасининг ёш футболчиси) - Тайёргарлик маромида кетмоқда. Ҳозирги бош мураббийимиз Сергей Лушчан жуда тажрибали. Менимча, бу инсонни ўзбек футболида танимайдиган мухлис бўлмаса керак. Сергей Иванович бизни замонавий футбол намойиш этишга ундамоқда, унинг услублари жуда ҳам кучли даражада. Ўйлайманки, Сергей Лушчан бизни мавсум якунида Суперлигага олиб чиқади. Албатта, айни дамда ПРО-Лигада кучли жамоалар жам бўлган. Рақобат бор жойда ҳамиша ўсиш бўлади. Ҳар қандай вазиятда ҳам "Динамо"нинг мақсади фақат ва фақат Суперлига бўлиб қолаверади.
Про лига атрофидаги воқеалар тафсилотларини, учрашувларни сайтимизда кузатишда давом этинг!
Абдулазиз Искандаров тайёрлади.
Комментарии