RU

Последние новости

17:30"Ньюкасл" - "Арсенал"  0 17:28U19 чемпионати. "Пахтакор" 3 дақиқада киритилган 2та гол эвазига чемпион бўлди  1 17:11Суперлига. "Олимпик" - "Навбаҳор" 1:2  0 17:10Суперлига. "Қизилқум" — "Динамо" 1:1 (матнли трансляция)  3 16:54Суперлига. Жамшид Болтабоевнинг дубли "Навбаҳор"га "Олимпик" устидан ғалаба келтирди  11 16:33Эшитдик-да! "Истиқлол" - "Пахтакор" ўйини нейтрал давлатда эмас Эронда бўлади  3 16:26"Қизилқум" - "Динамо". Асосий таркиблар билан танишинг  0 16:04Акмал Мозговой: "Чемпион бўлишимизга ишонмаганларга: биз буни уддаладик ва қолгани муҳим эмас"  8 16:03Лионель Месси келажакда мураббий бўладими?  2 14:56МЮ 7та сабаб туфайли Аморимни танлаган экан  7 14:06Эшитдик-да! Бекободдан совуқ шамол эсмоқда ёхуд "Металлург"нинг кейинги тақдири қандай кечади?   8 14:05U19 чемпионати. Бронза учун курашда "Олимпик"нинг қўли баланд келди  0 13:57Эшитдик-да! "Навбаҳор" футболчисига Суперлиганинг 4 клуби қизиқмоқда  4 13:42Рўзиқул Бердиевнинг "Насаф" бошқарувига келганидан бери ҳаётимизда нималар ўзгарди?  4 13:15"Реал" футболчисига тарихдаги энг катта маошни таклиф қилишди  0

Келажак ғунчаси Новости

Келажак ғунчаси

Истиқболли ёш иқтидорлар ҳақидаги ҳикоямизда бу сафар Брандт, Саншеш ёки Доннарумма каби йигитларга тўхталиб ўтирмаймиз.

Зеро, улар ажойиб ўйинлари билан аллақачон ўз мухлислари аудиториясига эга бўлиб улгуришди. Қуйида эътироф этилган футболчилар эса ҳозирча кўпчиликка таниш эмаслар. Лекин тез орада ёрқин ўйинлари билан жамоатчилик эътиборини тортишларига умид қилиш учун асослар етарли.

Жованни СИМЕОНЕ («Женоа»)

Топқирлигингизга тасанно! «Симеоне» иборасига кўзингиз тушгани ҳамоно «Бу машҳур Диегонинг ўғли эмасми?» деган фикр хаёлингиздан ўтган бўлса, янглишмадингиз. Ҳа, Жованни «Атлетико» бош мураббийининг зурриёди. Хуллас, футболчилик бу йигитчанинг қонида бор. Лекин кичик Симеоне отасидан фарқли ўлароқ, олдинги чизиқда тўп суради. Ахир тўпни гол уриш илинжида олға интилган рақиблардан тортиб олишга уринишдан кўра, уни дарвоза томон йўллаш анча ёқимлироқ саналади. Диего футболчилик даврида El Cholo тахаллусини олганди. Мана, энди ўғлини Cholito, яъни «митти Чоло», деб аташяпти. «Бенфилд»да ижара шартномасини рисоладагидек ўтаган ёш ҳужумчи янги мавсум олдидан «Ривер Плейт»ни «Женоа» билан алмаштирди. Шубҳа йўқ, унинг учун Европанинг кучли чемпионатларидан бирида ўз маҳоратини синовдан ўтказиш фойдалироқ. Демак, кузатамиз, кичик Симеоне Италия «А» сериясида нималарга эришаркин?

Санти МИНА («Валенсия»)

Мина ижобий хислатларга эгалигини «Сельта»да тўлиқ намойиш этди. Дейлик, илк голини 17 ёшидаёқ урди ва бу борада жамоа тарихидаги рекордчига айланди. Яна бир йилдан сўнг эса клуб етакчилари қаторидан жой олди. Санти «Валенсия»га ўтгач, Нуну Эшпириту Санту ишончини қозонишга ҳам кўп вақт сарфламади. Мана, ҳозирда ўз устозини уялтириб қўймаслик учун бор куч-маҳоратини ишга солмоқда. Мисол учун, «Месталья»да «Барселона» дарвозасини нишонга олиб, «кўршапалаклар»нинг муҳим аҳамиятга эга дуранг қайд этишларини таъминлади. «Валенсия» яқинда Пако Алькасер билан хайрлашди ва энди асосий ҳужумчи масъулияти айнан ёш Санти Мина зиммасига тушади, чоғи.

Брель ЭМБОЛО («Шальке»)

Эмболонинг «Базел»даги жасоратлари аллақачон Швейцария ташқарисида ҳам достон бўлди. Қолаверса, Швейцария миллий жамоасига жалб этилган 19 ёшли футболчи Евро-2016да муносиб тўп сурди. Ёш бўлишига қарамай, юксак техника ва рисоладагидек тезликка эга футболчи позиция танлашда ҳам бебаҳо. Брель ёзда «Шальке» сафига қўшилди. Эндиги вазифаси - Класс-Ян Хунтелар билан ёнма-ён тўп суриб, ўзини кўрсатиш ёки рақобатда ундан устун келиш.

Тимо ВЕРНЕР («РБ Лейпциг»)

Тимо ҳозир 20 ёшда. Аммо 3 йилдан буён умидли ёшлардан бири сифатида тилга олинмоқда. Вернер бунгача «Штутгарт»да нақ 5 нафар мураббийдан сабоқ олди, бундеслигада 50та ўйин маррасини забт этган энг ёш футболчи мақомига эришди. Гарчи айрим беллашувларни ўта ёрқин нур сочган бўлсада, ҳозирча барқарор тўп суриш ҳадисини ўзлаштиргани йўқ. Шу боисми, дебютант жамоа сафига кўчиб ўтишни ихтиёр этди. Нима дердик, Тимо балки шу дебютант таркибида янги даражага чиқар?

Дэйви ЗЕЛЬКЕ («РБ Лейпциг»)

«Лейпциг»нинг олдинги чизиғида Вернерга жамоанинг ўтган мавсумдаги энг яхши тўпурари Дэйви Зельке ёрдам беради. Ташқи кўринишидан бироз бесўнақайроқ туюлсада, у бинойидек техника соҳибидир. Қолаверса, Зельке олдинги чизиқда ҳам, марказда ҳам бирдек ишончли ҳаракатланади. Мирослав Клозе кетганидан кейин бундесманншафтнинг ҳужум чизиғи нисбатан «сийраклашиб» қолганини ҳисобга олган мутахассислар Дэйвига катта умид боғлашмоқда. Яъни унга Мирославнинг вориси сифатида қарашяпти.

Хесус ВАЛЬЕХО («Айнтрахт»)

Бу футболчини марказий ҳимоячиларнинг классик намунаси, дея эътироф этиш мумкин. Хесус жисмонан бақувват, тезлиги ҳам талаб даражасида, шошма-шошарликка асло йўл қўймайди. «Реал» фаолиятини «Сарагоса»да бошлаган бу ҳимоячи учун 6 млн. евро тўлаганди. Бироқ бемаврид орттирилган жароҳат унинг аввалги мавсумни кўнгилдагидек ўтказишига халақит берди. Ваҳоланки, «Сарагоса»да етакчилардан бирига айланиб улгурганди. Мана, мадридликлар 3 ойлик муолажалардан сўнг сафга қайтган футболчини ижара асосида «Айнтрахт»га беришди. Эҳтимол, Хесусга бундай таклифни Даниэль Карвахаль бергандир? Ҳар ҳолда, у бундеслигада тобланиш орқали «Реал»нинг асосий ўйинчисига айланди. Вальехо олдида ҳам Германияда нималарга қодирлигини тезроқ исботлаш вазифаси турибди.

Годфред ДОНСА («Болонья»)

Италияликлар Донсани «Янги Эссьен», дея мақташмоқда. Футболчининг айтишича, болалигида ҳар ҳафта онасидан 2 евро олиб, маҳаллий барларда ватандошининг «Челси»даги ўйинларини қолдирмай тоша қилган экан. Энди эса ганалик ёшлар айнан унинг ўйинларини кузатишмоқда. Донса Италияга Маурицио Зампарини таклифига биноан кўчиб ўтган бўлсада, «Палермо» таркибида майдонга тушиш унга насиб этгани йўқ. Хуллас, африкалик йигитнинг салоҳиятига биринчи бўлиб,  «Кальяри» муносиб баҳо берди. Зденек Земан ёш иқтидорни аста-секинлик билан таркибга қўшди, кейинчалик чехиялик мутахассис ўрнини эгаллаган Зола ҳам 18 ёшли Годфредга ишонч билдирди. Натижада мавсум давомида муваффақиятли тўп сурган Донса омма эътиборига тушди ва энди «Болонья»да янада юқорироқ савияга кўтарилмоқчи.

Андреа БЕЛОТТИ («Торино»)

Белотти 22 ёшидаёқ «Торино»да етакчилардан бири мақомини олди. Абжир ҳужумчи ўтган чемпионат давомида 12та гол урди. Янги мавсумнинг дастлабки 2та учрашувида эса ўз ҳисобига 4та гол ёзиб қўйиб, «А» серияси тўпурарлари қаторидан жой олди. Ажабмаски, у мавсум пировардида ҳам бош голеадор бўлишга даъвогарлик қилса. У айнан шу йўл билан чамаси 30 млн. евро сарфлашдан чўчимайдиган топ-клуб эътиборини тортиши мумкин.

Рубен НЕВЕШ («Порту»)

Невешни ҳозирча Португалия ташқарисида ҳеч ким танимайди. Аммо у маҳаллий лигада чинакам юлдуз даражасига кўтарилган. Дейлик, 17 ёшидаёқ «Порту»нинг асосий таркибидан жой олди ва кейинги мавсум сардорлик боғичига лойиқ кўрилди. Хуллас, айни пайт Португалия футболидаги келажаги порлоқ ёшлар сафида бормоқда. Ўтган йили қитъанинг казо-казо клублари Рубенга «совчи» қўйишди. Бироқ 39 млн. евроли ёрлиқ уларни чўчитиб юборди. Боз устига, вазиятни тўғри баҳолай олиши, тўпни моҳирона назорат қилиши ва аниқ узатмалари билан ажралиб турадиган ёш иқтидор соҳиби аввалги мавсумни аъло даражада ўтказолмади. Лекин «аждаҳолар» мухлислари жорий мавсум ундан кўп нарса кутмоқдалар.

Андрия ЖИВКОВИЧ («Бенфика»)

Сербияликлар «Партизан»да порлаган ярим ҳимоячини 20 ёшли футболчилар орасида энг иқтидорлиси сифатида эътироф этмоқдалар. Дарҳақиқат, Андрия ёш бўлишига қарамай, Белград клубида етакчиликни қўлга олди, ёшлар терма жамоаси билан ЖЧда ғолиб чиқди ва шу муваффақиятлари эвазига «Бенфика» билан шартнома тузди. Живкович вақтида «Партизан»да тўп сурган, кейинчалик лиссабонлик «бургутлар» сафида машҳурликка эришган буюк ватандоши Лазар Маркович йўлидан борадими? Сербиялик юлдузчада ўз олдидаги мақсадларга эришиш учун барча хислатлар мужассам. Эҳтимол, у Марковичдан ўзиб кетишни ҳам уддалар? Қайтарамиз, Андрия жаҳон даражасида порлаш учун барча фазилат ва имкониятларга эга.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади

Рейтинг: +4   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика