Ғалабасиз мавсум
25 дек 14:22
Новости
Янгича форматда ташкил қилинган Элит Осиё Чемпионлар Лигасидаги илк иштирок "Насаф" учун ўта муваффақиятсиз чиқди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари 6 та ўйин ўтказиб, барчасида мағлубиятга учрашди. "Насаф" навбати билан "Ал Аҳли", "Ал Ҳилол", "Шабаб Ал Аҳли", "Ал Ваҳда", "Трактор" ва "Ал Иттиҳод" клубларига имкониятни бой берди.
Жамоа олтита ўйинда фақат 6та гол уриб, ўз дарвозасидан 15 та тўп ўтказиб юборди. Элит ОЧЛда "Насаф"га ўхшаб ғалаба қозонмаган яна бир жамоа бор: Ироқнинг"Ал Шорта" клуби. Фақат ироқликлар бир марта дуранг ўйнаган. Албатта, ўтган йилги Ўзбекистон чемпионидан бундай иштирокни ҳеч ким кутмаганди. "Насаф" ҳеч бўлмаса БАА, Эрон клубларидан очко олса керак деган тахминда эдик, бироқ амалда бундай бўлмади.
"Насаф" ортидан "Андижон" ҳам халқаро турнир билан хайрлашди. Ўзбекистон Кубогининг ўтган йилги соҳиби ОЧЛ 2 мусобақасида ўз тарихида биринчи бор қатнашиб, 5 дуранг ва бир мағлубият қайд этди. Шундай бўлдики, анджонликлар кетма-кет бешта баҳсда дуранг ўйнашди. Агар жамоа охирги тур Қатардан ижобий натижа билан қайтганида кейинги босқичга чиққан бўларди, лекин 0:2 ҳисобидаги мағлубият "Анжидижон"нинг гуруҳда охирги бўлишига сабаб бўлди.
Элит Осиё чемпионлар лигасининг ҳозирги босқичи тугашига яна иккита тур қолди. Февраль ойида бўлиб ўтадиган ўйинлар "Насаф" учун ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Қаршиликлар 9 февраль куни уйда Ироқнинг "Ал Шорта" клубини қабул қилишади ва 16 февраль куни сафарда "Шаржа" меҳмони бўлишади. Ҳозирги пайтга келиб Элит ОЧЛда кейинги босқичга чиққан 4 та клуб номи маълум: "Ал Ҳилол", "Трактор", "Ал Аҳли" ва "Ал Ваҳда".

ОФК расмий сайти Элит ОЧЛ финал босқичи бу сафар ҳам Саудия Арабистонида бўлиб ўтишини маълум қилди. Жидда шаҳридаги иккита стадион (King Abdullah Sports City Stadium, Prince Abdullah Al Faisal Sports City Stadium) келаси йилнинг 16-25 апрель оралиғида финал босқич ўйинларига мезбонлик қилади. Ҳар иккала ўйингоҳда навбати билан Элит ОЧЛ чорак финал ва ярим финал учрашувлари ўтказилади. Мусобақанинг ҳал қилувчи финал ўйини эса King Abdullah Sports City Stadiumда бўлиб ўтади.
Осиё чемпионлар Лигаси 2да гуруҳ учрашувлари ўз якунига етиб, кейинги босқичга чиққан омадли жамоалар маълум бўлди. Шундай қилиб Ғарб минтақасида 8 та клуб кейинги босқичга йўл олди: "Ал Васл" (БАА), "Истиқлол" (Эрон), "Ал Аҳли" (Қатар), "Аркадағ" (Туркманистон), "Ал Ҳуссейн" (Иордания), "Сепахан" (Эрон), "Ал Насср" (Саудия Арабистони) ва "Ал Завра" (Ироқ).
Саудиянинг "Ал Насср" клуби барча 6 та ўйинда ғалаба қозонган ягона жамоа бўлди. Саудияликлар жой олган гуруҳдаги "Истиқлол" (Тожикистон) 9 очко тўплаб ҳам гуруҳдан чиқа олмади. Марказий Осиёдан фақат Туркманистон клуби "Аркадағ" гуруҳдан чиқишни эплай олди. Февраль ойида уй-меҳмон тарзидаги 1/8 финал ўйинлари бўлиб ўтади.
"Насаф"нинг Элит ОЧЛдаги иштироки қўрқинчли тушга ўхшади. Ёнингиздаги нарса ушлай олмайсиз-у, шунга ўхшаб кўринди. Ҳартугул "Насаф" дурангга яқин келган ўйинлар ҳам бўлди, фақат жамоа дурангни ушлай олмади. "Нима эксанг, шуни ўрасан" деган гап бежиз айтилмаганидек, "Насаф" ҳаракат қилгани билан кейинги босқичга чиқиш имконияти ниҳоятда паст эди.
"Андижон"нинг ОЧЛ 2даги иштироки бамисоли суғур кунини эслатиб юборди. Ҳар тур бир хил нарса такрорланаверди. Йўқса қаторасига тўртта 0:0 ни қандай тушуниш мумкин. Ҳар гал дурангдан кейин аввалги мураббий Максим Шацких гол урмаяпмиз, лекин ўтказмаяпмиз деяверди. Мураббийни жамоа 4 та ўйинда гол урмагани хавотирга солмади, балки гол қўйиб юбормагани хотиржам қилди. Лекин футболда голсиз мақсадга эришиб бўлмайди. Охирги турдаги мағлубият эса жамоа тезроқ мавсумни тугатиб, таътилга чиқишни хоҳлаб қолганини кўрсатди.

Наилож ҳар икки клубимиз халқаро майдонларда ёмон мавсумни ўтказди. Ва энг аламлиси, бирорта ғалаба қўлга киритилмагани бўлди. Энди кейинги мавсум Ўзбекистон чемпиони "Нефтчи" ва Кубок соҳиби "Пахтакор" Осиёда ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади. Келаси йил ижобий натижа бўлади деган умиддамиз.
Хайрулла Холиқов
Похожие новости
championat.asia
ОЧЛ-2. "Андижон" Қатарда "Ал Аҳли"га ютқазди ва мусобақа билан хайрлашди
Элит ОЧЛ. "Насаф" "Ал Иттиҳод"га кичик ҳисобда ютқазиб, плей-оффга чиқиш имкониятини йўқотди
Breaking! Ўзбекистоннинг ЖЧдаги рақиби Португалия Эрон билан ўйнайди
"Барселона" собиқ президенти: "Бизда Месси, Хави ва Иньеста борлиги учун ғалаба қозонганмиз. Ёки Европада ҳам Негрейра ғалаба қозониб берганми?"
Комментарии