“КЕЧА, БУГУН, ЭРТАГА”. Темур Кападзе... (давоми)
29 июл 2015 12:36
Новости
“КЕЧА, БУГУН, ЭРТАГА”. Темур Кападзе... (давоми)
Бугун эса уни давомини мутола қилишингиз мумкин.
ЕВРОПАДА ВОЗ КЕЧИЛГАН, АММО БИЗДА...
– “Пахтакор” ҳам, юлдузларга эга “Бунёдкор” ҳам ОЧЛда ярим финалгача бора олди. Бу йил сайин ОЧЛнинг савияси ошиб боргани билан боғлиқми?
– Ҳақиқатдан ҳам ОЧЛ йил сайин кучайиб боряпти. Авваллари йирик ҳисоблар кўп қайд этиларди. Лекин бугун ҳамма жамоа яхши ўйнаяпти. Жамоалар жисмоний тайёргарликка катта эътибор беришяпти. Шунинг учун ҳам Бразилия аввалги мавқеини йўқотиб қўйди. Улар ҳозир ҳам техника борасида кучли. Лекин аввал иккита ўйинчини алдаб кетаверардинг, ҳозир иккинчисини алдаганингдан кейин, биринчиси яна етиб келяпти.
– Бизда-чи?
– Кишида иккита мушак бўлади, бири узоқ югуриш учун, бири қисқа масофага. Биздаги аксар мураббийлар ҳамон кросс югуртиришади ва футболчиларимиз қисқа масофага тезлик олишда оқсаб қолишяпти. Боиси уларнинг мушаклари қисқа масофага тезлик олиш учун ишдан чиқади деб айтса бўлади. Футболда ҳеч қачон юз метрга тез югуриш шарт эмас. Европада аллақачон бу нарсадан воз кечганлар.
– Демак, бизда замонавий футболни тушунадиган мутахассисларни олиб келиш пайти келган...
– Албатта. Ҳеч бўлмаса академияларга олиб келайлик. Тўғри, бу харажатни талаб қилади, биз кабилар қотиб бўлганмиз. Лекин ёшларни ҳозирданоқ замонавий футбол билан ўстиришимиз керак.
– Шу нарсаларни сиз легионер бўлиб билдингизми ёки ўзимиздан?
– Бизда қаердан биласиз? Тўғри, Хоугтон ва Гёде пайтида мазза қилганмиз. Боб Хоугтоннинг машғулоти 50 дақиқадан ошмасди. Биздаги мураббийларнинг 2 соатда берадиган юкламасини у 50 дақиқада берарди. 50 дақиқа ичида ҳамма нарсани тезда бажаришимиз керак бўларди. Яна биздаги энг катта муаммо бу медицина бўлиб турибди. Бизнинг футболда спортга ихтисослашган шифокор йўқ. Бундай шифокорни ҳам футболчи тарбиялагандек ўқитиш керак. Корея ва Қозоғистонда бу борада муаммо бўлмади. Турли туман витаминларни беришарди. Спортчи учун бу ўта муҳим нарса. Витаминни ё махсус восита ёрдамида ёки овқат ёрдамида олишингиз мумкин. Лекин ҳозир экология бузилиб кетди. Олдин битта олмадаги витамин, ҳозир тўртта олмага тенг. Ошқозон эса бундай катта босимни кўтара олмайди. Шунинг учун витамин воситалари биринчи планга чиқди. Спортчига углевод, амина витамин каби моддалар жуда керак. Ҳар куни машғулот, икки машғулот ўртасида тикланишга улгуриш керак. Бизда эса бундай эмас. ОЧЛдаги рақибларимизнинг ечиниш хонасига киринг. Тўлиб тошиб ётибди. Ўйиндан кейиноқ улар тикланиб бўладилар. Шунинг учун ҳам натижа бор. Витамини йўқ жамоа футболчиси овқатланиш орқали тикланиши мумкин. Лекин машғулотдан кейин ҳамма ҳам тартиб асосида овқатланадими? Кимдир сомса ейди, кимдир ош. Кимдир қуруқ сув билан. Яна кнезия деган нарса бор. Элементар нарсалар бу... Йиғин пайтида сўрасанг мавсум учун олиб қўйдик дейди.
ЮЛДУЗЛАРГА БОЙ “БУНЁДКОР”
– “Бунёдкор”даги даврда қандай эди?
– У ерда нимани айтсангиз муҳайё қилишарди. Витаминларга қарайдиган алоҳида мутахассис бор эди. Мен ўзим бу нарсаларни Қозоғистонга бориб тушундим. 30 ёшга тўлганимдан кейин, у ерда кўриб ўргандим. Бугунга келиб ўзим учун ўзим буюртма бераман. Бунинг натижасини кўряпман.
– Демак сизни олий лигадаги 25-26 ёшли футболчилар билан шу ёшда бир хил югураётганингиз сабаби витаминларда ҳам. Сизда пул бор харид қила оласиз, улар эса йўқ.
– Тўғри. Витаминлардан тўғри фойдаланиш орқали сиз жароҳатдан ҳам холи бўласиз. Агар мушаклар доимий тўйиниб турса жароҳат бўлмайди. Бу мавзуда жуда узоқ суҳбатлашиш мумкин. Ҳозир биронта шифокорга мана пул витамин олиб кел десангиз, у билмаслиги ҳам мумкин.
– Шунинг учун ўртамиёна жамоалар битта ўйин яхши ўйнаса, кейинги учрашувда ўйини чиқмайдими?
– Бу ҳам сабаб, лекин тўғри овқатланиш ҳам керак. Ўйиндан ўйинга 5 кун вақт бор денг. Уч кунда тайёр бўлишингиз керак бўлган ўйинга нопрофессионал ҳаракат эвазига бир ҳафтада ўзингизга келасиз. Ҳеч бир мураббий футболчи уйида нима қилаётганини билмайди-ку?
– Сколари, Зико ва Ривалдо бу борада ўз шартларини қўйганмиди?
– Ривалдо ўзи билан физиотерапевт олиб келганди. Клубда бирон киши жароҳат олиб қолса, мураббий уни тўлиқ физиотерапевтга топширарди. Ўша пайтда “Бунёдкор”да ўйнаган футболчилардан сўранг. Кун бўйи физиотерапевт ихтиёрида бўлганидан қайта жароҳат олмасди. Бекорга Роббен иккинчи маротаба жароҳат олганидан кейин Гвардиола клуб физиотерапевтларини бўшатиб юбормади. Замонавий футболда физиотерапевт мураббий кимни майдонга туширишни ҳал қилади.
– Буларнинг бари охир-оқибат МТЖга ҳам ўз таъсирини ўтказяпти...
– Бўлмасамчи... Футболда майда нарса бўлмаслиги керак. Ватан учун ўйнаш керак дейишади. Бу гап-сўзларсиз ҳам Ватан учун ўйналади. Лекин рақиб ҳам ўз ватани учун майдонга чиқади. Лекин улардан фарқли равишда бизда майда муаммолар тўлиб ётибди. Формани олайлик. Бу миллий терма жамоа. Кўпинча легионерлардан норози бўлишади. Шунчаки улар ўз клубида профессионал муносабатдан, бунақа шароитга келиб қолишади. Кайфият ўз-ўзидан тушади. Ҳар бир соҳада шароит қилсангизгина мақсадга эришасиз. Яна бир нарсани айтаман, терма жамоада ҳеч ким пулни биринчи ўринга қўймаган. Айниқса, легионерларнинг пули ўзи учу етарли. Мана Самвел ака келганидан кейин мана шундай муаммоларни ҳал қилишни бошлади. Бабаян МТЖни қўлга олганидан кейин моддий техника база борасида ўсиш бўлишини билдим.
– “Бунёдкор” даврини ёдга олсангиз, футболимизда катта бурилиш юзага келганди...
– Это О, Инестьа, Пуйол ва Фабрегас каби футболчиларнинг келиши нафақат мухлисларда, балки ўша пайтдаги жамоа аъзоларида ҳам катта қизиқиш уйғотганди. Айниқса Ривалдо билан бир жамоада тўп тепишимизни маълум қилишганидан кейин ҳайрон қолгандик. “Бунёдкор” топ клуб даражасига чиққанди. Стадионда мухлислар сони ошди. “Бунёдкор”га тенглашаман деб бошқа клублар ҳам ўзини яхшилай бошлади. Ҳаммадан ҳам мухлислар мазза қилганди. “Пахтакор” билан “Бунёдкор” ўртасидаги ўйинни ойлаб кутишди. Мухлислар ўртасида ким ўзарга ўйнашлар. Футбол мухлиси билан қизиқ. Ҳозир айнан шу нарса етишмаяпти.
– Сколари ва Зико. Улар ўз иши билан қандай таассурот қолдирди?
– Зикони унчалик кучли деб айтмаган бўлардим. Машғулотлари ҳам камгина бўларди, асосан “дир-дир” ўйнатарди. Рақибни ўрганиб, ундай ўйнаш керак, бундай қилиш керак демасди. Сколари эса умуман бошқача. Рақибни яхшилаб ўрганарди. Тактика борасида ўз қарашлари бор эди.
– 2011 йил жамоани тарк этдингиз ва илк марта хориж чемпионатида ўзингизни синаб кўрдингиз?
– Сервер бироз олдин кетганди. Мен эса мавсум тугашини кутдим. Олдимизда Осиё Кубоги турганди. Сервер Кореяда яхши ўйнаганлиги учун, уларда ўзбекистонликларга нисбатан бўлган талаб пайдо бўлганди. Шунда Ойбек ака Касимов менга Кореядан таклиф бўлаётганини айтди. Мен эса Осиё Кубоги тугашини кутаётгандим. Боиси бу мусобақада яхши иштирок этишимизга ишонгандим. Лекин “Инчеон Юнайтед” вакиллари чўзиб ўтиришни истамадилар. Ҳеч қандай кўриксиз тайёр шартномани таклиф қилдилар. Шунда маслаҳатлашган ҳолда шартнома туздим.
“КОПА” ҲОРИЖДА
– Кейин Осиё Кубоги бошланди...
– Австралия билан бўлиб ўтган ўйинни инобатга олмаса ҳаммаси яхши бўлганди. Мусобақадан сўнг уйда бир ҳафта дам олдим-да, Кореяга, янги жамоам ихтиёрига бориб қўшилдим. Биринчи ой қийналдим. У ернинг менталитети, таоми. Аввалига уларнинг ҳаммаси кўзимга бир хил бўлиб кўринди. Кейинчалик ўрганиб, одам ажрата бошладим. Жамоамизда бразилияликлар бўларди. Қизиғи, аксар корейслар португал тилини биладилар. Кейин билсам, Жанубий Кореяда ёшликдан Бразилияга таълим олгани борар эканлар. Деярли ҳар бир жамоада Бразилияда ўқиб келган болалар бор эди. Лекин натижа бироз кўнгилдагидек бўлмади. Мавсум давомида 15та ўйинда дуранг қайд этибмиз. 10таликка киришни режа қилгандик, якунда 12-ўринни олдик. Мураббийимиз жуда қаттиққўл эди. Ундан ташқари Кореяда бир нарса бор-ки, ўзидан 1 ойлик катта кишини ҳам сизлаб гапиришади ва унинг айтгани айтган. Машғулотларимиз эса максимал даражада ўтарди. Ҳар бир машғулотда бор кучингизни ишлатишингиз керак. Иккига бўлиниб ўтказиладиган машғулотларда ютқазиб қўйсангиз жаримасига ё югуртирарди, ё рақиб футболчисини ўзингизга миндириб кросс чопишингиз керак. Хуллас жуда қийин эди. Бизнинг машғулотларни кўрсангиз, ҳамма пиёда юрганини кўрасиз.
– Ўзидан бир ой катта бўлган мураббийга қулоқ солиш яхши. Бизда эса ўзидан анча ёши катта мураббийга қулоқ солишмайди.
– Баъан мураббийларнинг устидан кулишади, унга қулоқ солмайди. Мураббийларга ҳам қойил қолмайман, жазолаш керак бундай футболчиларни. Машғулотдан чиқариб юбор, пулидан олиб қол. Бошқаларга ҳам ўрнак бўлсин. Машғулот ўзи бир соат давом этса, шунга ҳам кўнмайдиганлар бор. Ҳурмат доимо бўлиши керак. Кореяда тарбия бошқача, ёшлигида қулоқ солмаган футболчини хипчин билан уришади.
– Кейинги бекат БАА бўлди...
– “Ажман” ва “Шаржа” клубидан таклиф бўлди. Азиз билан маслаҳатлашиб “Шаржа”га ўтдим. Икки жамоа ҳам кучлилар сафида қолиш учун ҳаракат қилаётганди. БААда юқоридаги 5-6та жамоани инобатга олмаса қолганида ўйнашдан фойда йўқ. Пасдаги жамоаларда футболчиларнинг бири милиция бўлса, иккинчиси шифокор. Ишдан чарчаб келиб машғулот ўтказгиси ҳам келмайди. Бундай муҳитда, табиийки сен ҳам шундай ҳолатга тушасан. Ярим мавсумда учта мураббийни алмаштирдик. Агар бу шароитда яна икки йил тўп тепганимда футболни ташлаб юборган бўлардим. Шунда “Актобе” варианти чиқди.
– Аввалига улар Гейнрихни ўз сафларига қўшиб олганди...
– Айнан унинг маслаҳати билан у ерга бордим. Унга қадар қозоқ футболи ҳақида деярли ахборотга эга эмасдим. Билганим “Қайрат” ва баъзан Бақоев тўп тепган клублар ҳақида ахборотга эга бўлардим. Гейнрих биринчи боргани учун менга қўнғироқ қилиб, келаверишим, жамоадаги муҳит аъло даражадалигини айтди. Қолаверса шаҳар ҳокими футбол фанати эди. Жамоани тарихигача яхши биларкан. Жамоамиз сардори Самад Смаковни барча ҳурмат қиларди. Биринчи турдаёқ гол урдим, ростан ҳам яхши мавсумни ўтказдик. Жамоа сафига бориб қўшилганимда 7-ўринда тургандик. Мавсумни эса учинчи ўринда тугатдик.
– Ундан кейин Бикмаев ҳам сафингиздан жой олди.
– Ҳа, шу йили чемпионликни ҳам қўлга киритдик. Газзаев келганидан кейин жамоани ўйини бузилиб кетди. Шундан кейин кетишга мажбур бўлдик. Мухлислар ҳам жуда норози бўлишди. Икки ярим йиллик фаолиятимдан ҳеч нолимайман. Стадион доимо мухлислар билан тўлиб тошарди. Сафар ўйинларида ҳам минглаб актобеликлар келишарди.
– Мана ҳозир “Локомотив” аъзосисиз. Эрта-индин футбол билан хайрлашадиган пайтингиз ҳам келиб қолди. Эндиги вазифа мураббийлик бўладими?
– Режамга кўра шундай. Бунинг учун кўп ўқиш кераклигини яхши биламан ва билимларим билан чекланиб қолмоқчи эмасман. Бу ерда лицензия олиб туриб, чет элда тажриба ошириб қайтишим керак. Қолаверса, Жанубий Корея ва Қозоғистонда ўрганганларим асқотиши аниқ.
ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАЙТИШИ ВА МУРАББИЙ БЎЛИШ ИШТИЁҚИ
– Ўзбекистонга қайтишингиз қандай кечди?
– Тўғрисини айтсам, узоқда тўп тепиб чарчадим. Оилам билан доимо бирга бўла олмадим. Фарзанд тарбияси бор. Ўзбекистонга қайтганимдан ҳеч афсусланмайман. Муҳими, оилам олдидаман. Лекин ОЧЛда ишимиз ўхшамагани ёмон бўлди. Агар мусобақа мана энди бошланганида бошқача бўлган бўларди.
– Тўғри, ҳозир “Пахтакор”, “Локомотив” ва “Насаф”нинг ўйинлари бошқача, мана энди ритмга чиқиб олишди.
– Лекин бошқа илож ҳам йўқ-да. Бунинг учун куз ва баҳор тизимига ўтиши керак бўлади.
– Мураббийлик мавзусига қайтсак. Ҳар қандай футболчи яхши пул топадиган даражага чиқиши учун камида 5 йил ҳаракат қилади, ўрганади, ишлайди. Мураббий ҳам шундай бўлиши керак эмасми, кеча футболни тугатганлар бугун тезда мураббий бўлиб оляпти...
– Агар сен ҳақиқатдан ҳам кучли мураббий қўл остида тўп тепган бўлсанг бошқа. Ким нимани кўрган бўлса ўшани беради. Баъзан ўзидан қўшади. Табиийки бунда ўсиш бўлмайди. Тўғри, ўзгаришлар бор, лекин озгина. Агар Европада кучли мутахассислар қўл остида тўп тепиб келганингда бошқа гап эди.
– Масалан, сиз чет элда ўқиб келармидингиз? А, Б, С лицензияларини ўзимизда олиш ортиқча иш бўлмай қолди...
– Албатта, чет элга бориб мураббийларнинг ишини кўриб келишни истайман. Бу нарса қийин бўлмаса керак?
– Қийин эмас, шунчаки бошланишига сиз пул олмайсиз холос, аксинча харажат қиласиз. Футболчилик фаолиятида катта пулга ўрганган киши 3-4 йил кичик пулга ишлагиси келмайди.
– Агар сен росмана яхши мураббий бўлишни истасанг ўрганишинг керак. Мана Зиданни олайлик, у ҳамон бош мураббийликка даъво қилмаяпти. Ўз номига эга бўлишига қарамай, “Реал”да иккинчи мураббий бўлиб ишлади.
ТЎРТТА ОСИЁ КУБОГИ ВА 119!
– Терма жамоада 119та ўйинда майдонга тушдингиз...
– Статистикага қизиқмасдим, аммо натижам Миржалол аканикига яқинлашганидан кейин бу ҳақда кўп гапирила бошланди. Терма жамоада тўп тепиш бу шараф. Терма жамоа рўйхатидан муқим ўрин олдинг дегани, бу мамлакатнинг энг яхшиларидан бирисан дегани. Терма жамоада таниш-билиш бўлиб ўйнай олмайсан. Майдонга тушганингдан кейин сен “палончи”нинг ўғлисан дейишмайди. Терма жамоада ким мураббий бўлишидан қатъий назар, мураббийлар назарида бўлдим. Бундай фаолиятни барча истайди.
– Терма жамоада нима учун бундай муқим ўйнадим деб ўйлайсиз?
– Илк марта Агамуродов мени МТЖга жалб эта бошлаганди. Мен бир ўзим ўйин тақдирини ҳал қилиб қўя оладиган ўйинчи эмасдим. Менинг вазифам умуман бошқа, тўғри ўйнаш, рақиб ҳужумини бартараф этиш ва тўғри пас ошириш. Менинг футболга ўз қарашим бор. Шунинг учун бўлса керак барча жамоаларда асосий таркибда майдонга тушганман. Футболда тўпсиз ҳам ҳаракат қилишни билиш керак. Тўпсиз рақиб футболчисини чалғитиш орқали, тўпга эгалик қилаётган жамоадошингни ишини енгиллаштиришинг мумкин. Афсуски, кўпчилик буни билмайди.
– Тўртта Осиё Кубогида қатнашдингиз, ҳар сафар нимадир етишмай қоларди...
– Омад ҳар доим ҳам келавермайди. Омад доимо бизда бўлганида биз ЖЧда ғалаба қозонган бўлардик. Агар камчиликларни бартараф этмас эканмиз, фақат омад билан узоққа бора олмаймиз. Жанубий Корея ва Япония нима учун муваффақиятга эришяпти, сабаби улар бу ишларни тўғирлаб қўйишган.
– 119та ўйин кўз остингиздан ўтса, нималарни эслайсиз?
– Осиё Кубокларининг барчасини. Ёки Анвар Рашидовнинг машғулотлардаги кулдириши. Баҳрайн билан бўлиб ўтган ўйин. Яқинда бўлиб ўтган Осиё Кубогида Саудия Арабистонига қарши кечган ўйиндаги ҳакамликни олайлик. Агар Корея ёки Японияни шундай бошқаришсин остин-устун кўтариб юборишади. Биз эса жим турдик. Терма жамоамиз Осиёда ўз ўрнига эга бўлишни истаса, гарчанд ғалаба қозонган бўлсак-да бунга кўз юмиш керак эмас. Эрон билан Тошкентда бўлиб ўтган ўйин. Футболчи ва мураббийлар ўзларининг максимум кучларидан келиб чиқиб манзилга етиб боряптилар. Биз ўзимизга киритилган сармояга мос ўйин қиляпмиз, ундан ўтиб кета олмаймиз, захирамиз йўқ. Шунинг учун бугундан ёшларга бўлган эътиборни оширишимиз керак, шундагина натижа ҳақида ўйласак бўлади. Бу сафар ЖЧга чиқа оламизми? Болалар ёмон эмас, лекин уларни ташкилий масалалар бўйича тўйдириб қўйишяпти. Корея билан муҳим ўйин олдидан икки кун сарсон бўлиб юрганимиз-чи?
– Тўғри, болалар футболига эътибор қаратмагунимизча натижа талаб қилиш ҳам нотўғри. Оддий мисол МТЖда яхши савиядаги 20та футболчи йўқ.
– Онда-сонда чиқиб қоляпти. Агар болалар футболига эътиборни оширсак ва уларга шароит яратсак ҳар бир ҳудуддан камида биттадан яхши футболчи чиқади. Мана “Бунёдкор”дан чиқишни бошлади-ку? Энди ҳар бир жамоада шундай шароит бўлсин, ҳар биридан 5тадан футболчи чиқиб турса, мана кейин кўрасиз терма жамоанинг кучини.
– Келажагимиз ҳақида нима деган бўлардингиз?
– Биз ёшлар терма жамоаси сафида тўп тепганимизда узоғи Қирғизистонга борардик. Бугунги ёшлар эса истаган ерларига бориш имкониятига эгалар. “Бунёдкор” академиясини олайлик, ишлар тўғри йўлга қўйилган, ҳаммаси жойида. Лекин барибир чет элдан мутахассис керак деб ўйлайман. Тўғри пас бериш, тўғри очилишни ёшликдан ўргатиш керак. Бизда-чи? Бизда олий лигага келганидан кейин ўргатамиз. Аслида буни ёшликдан ўргатиш керак. Чет элда нима учун битта пас билан тез ўйнашяпти. Чунки уларни ёшликдан бунга тайёрлашади.
Нодирхўжа Юлдашев суҳбатлашди
Комментарии