RU

Последние новости

21:05Париж-2024. Ўзбекистон - Миср 0:1 (матнли трансляция)  277 20:53Париж-2024. Испания терма жамоаси биринчи бўлиб плей-оффга чиқди  5 20:22"Манчестер Юнайтед" испаниялик футболчига қизиқмоқда  1 19:56"Барселона" Уильямс учун кутилганидан 4 млн. евро кўп пул тўлаши керак  2 19:22ФИФА Аргентинанинг эътирозига жавоб берди  4 18:52Ҳусниддин Ғофуров - "Қўқон-1912" футболчиси  3 18:24Биринчи даврада "Бунёдкор"да ўйнаган футболчи Босния ва Герцеговина клубига ўтди  1 18:00Ўзбекистон ўйнайдиган "Божуар" стадиони баҳсга тайёр  7 17:50Доминикан Рес. - Испания. Асосий таркиблар эълон қилинди  17 17:13Магуайр: "МЮни яна муваффақиятли қилиш вақти келди"  4 17:03Эндрик таништирув маросимига 43 минг мухлис келди  1 16:36Эндрик таништирув маросимида йиғлаб юборди ва "Реал" эмблемасини ўпди  7 15:59МЮ футболчиси ўтирган машинага маст ҳайдовчи урилди  2 15:18Ўзбекистон олимпия терма жамоасида Йўлдошев ўрнига бошқа футболчи қайдномага киритилди  20 14:56"Барселона" энди шортларга ҳам реклама ёпиштиради  2

"Каскадёр" - Лёв Новости

"Каскадёр" - Лёв

Ўтган ҳафтада Германия ёшлари Европада, асосий терма жамоаси Конфедерациялар кубогида зафар қучди.


Немис машинаси 2006 йилдан буён катта мусобақаларни совринсиз якунламаяпти. Узлуксиз совриндор бўлиш бўйича германияликлар рекорд ўрнатишмоқда.

Германия футболининг муваффақияти сири бу албатта тизимга бориб тақалади.
Уларда инқирозли даврдан кейин, яъни 2000 йилдан сўнг катта ислоҳотлар бошланган ва шундан кейин бутун мамлакат футболи аниқ режа асосида ишлади.
Натижа эса барчага маълум.
Германиядаги тизимни ҳозирда барча гапирмоқда. Ҳамма улардан ўрнак олишни истамоқда.
Лекин мен бу тизим ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Бу ҳақида кўп гапирилган, яна гапирамиз. Фақат бошқа ракурсдан.

Биласиз, бу йили Конфедерациялар кубоги ўтказилиши маълум эди. Барча қитъалар чемпиони қатнашадиган ушбу турнирга Германия терма жамоаси жиддий қарамади. Яъни, немис машинаси рулидаги "ҳайдовчи" - Йоахим Лёв Россияга "Мерс"да эмас, янги русумдаги ҳали синовдан ўтмаган "Опел"да боришни лозим топди.
Биласиз, "Опел" ҳам ҳазилакам машина эмас. Бу автомобилдан ҳам тўғри фойдаланса, манзилга биринчи бўлиб келиш мумкин.


Лёв Россияга жамоанинг юулдузларисиз, асосий таркибдаги етакчиларни безовта қилмаган ҳолда боргиси келди. Бунинг эса ўзига яраша сабаблари бор.

Чунки Лёвни бу қарорга келишига жамоанинг асосий кипери ва сардори Мануэль Нойерни жароҳатда бўлгани, Боатенг ҳам сафга қайтмагани, Тони Кроос, Хедира каби футболчилар учун мавсум жуда узоқ чўзилгани ҳам рол ўйнагани шубҳасиз.
Қараса барибир тўлиқ асосий таркиб билан боришнинг имкони йўқ. Қолаверса, кўплаб футболчилар Европа чемпионлар лигасининг финалига қадар боришгани туфайли мавсумни жуда кеч якунлашди. Шу ерда Лёв келаси йилги мундиални ўйлади. Яъни, Лёв учун аслида Конфедерациялар кубогидаги муваффақиятдан кўра, жамоани Жаҳон чемпионатига идеал ҳолатда бориши муҳимроқ.
Германия терма жамоасидаги рақобат шу қадар кучлики, етакчилардан воз кечган ҳолатда ҳам яхшигина танловлар қуршовида қолиш мумкин. Шуларни инобатга олган мураббий, юлдузларга дам беришни маъқул топди ва иккинчи режага ўтди. Шу ўринда Лёв соврин ютишни биринчи ўринга қўймади ва етакчиларни ҳордиқ чиқариб олишларига имкон яратди. Ўтган йили Европа чемпионати, бу йили эса Конфедерациялар кубоги ва келаси йили мундиал бўлишини ҳисобга олсак, футболчилар узлуксиз майдонда бўлишларига тўғри келарди.
Яхши дам меҳнатга ҳамдам, деганларидек, Лёв бу тарафларини ҳам ўйлади.
Ўртада "пауза" керак эди. Лёв футболчиларнинг жисмоний ҳолати ва кучини тўғри тақсимлаган ҳолда қарор қабул қилди.

Йоги Конфедерациялар кубогига ўтган мавсумда Бундеслигада ўз жамоаси сафида ёрқин ўйин кўрсатган янги ниҳолларни олиб кетди.
Бу билан Лёв аввало Жаҳон чемпионати олдидан жамоанинг ички резервини кўриб олмоқчи бўлди. Янги тактик чизгилар синовдан ўтказилди. Баъзи ёшларни ушбу турнир орқали тоблантирди. Асосий режалари ва мақсадлари шу эди. Бир ҳафта ичида йиғилган янги таркиб, Германиянинг хаттоки иккинчи таркиби, дея олинмаётган ушбу жамоа якунда Конфедерациялар кубогида зафар қучди. Юксак тартиб интизом, немисча матонат тактик ва таркиб жиҳатдан кучли кўринган Чилини енгиш учун етарли бўлди.
Бу уларга ёшликларидан мияларига сингиб кетган, ўргатилган. Ёшлар, терма жамоага эндигина чақирув олган ёшлар шошиб қолишмади. Бу юксак даражадан далолат. Бундеслиганинг ўрта савиядаги жамоаларидан ташкил топган, ўртача даражадаги футболчилар билан бажарилган иш.
Янги Германия Конфедерациялар кубогида ўйиндан-ўйинга шаклланди, кучайди. Бунинг учун уларга ортиқча йиғин ҳам керак бўлмади. Ҳаммаси жуда тезда руй берди.


Конфедерациялар кубогидаги муваффақиятнинг яна бир асосий омили - терма жамоадаги жуда кучли рақобат. Германия терма жамоасига кира олмайдиганларнинг рўйхатидан ҳам битта кучли жамоа тузса бўлади. Бунга амалда ҳам яна бир бор амин бўлдик.

Йоахим Лёв шундай мураббийки, ушбу мутахассис футболчининг ёшига эътибор қаратмайди. Кўпчилик Германия терма жамоаси ҳар Жаҳон чемпионатидан кейин кескин ёшаради, авлодлар алмашувига қаттиқ эътибор бериб, буни силлиқ ўтказишини гапиради. Бу албатта жуда тўғри. Лекин Лёв шуни унутмайдики, ҳар қандай ёшарадиган таркибга, камида 4-5 нафар кўпни кўрган, тажрибали футболчи лозимлигини билади.

Оддий мисол, Конфедерациялар кубогига борган таркибда терма жамоадан илк марта чақирув олган футболчилар етарлича топиларди. Улардан бири Ларс Штиндль. Ушбу ҳужумкор футболчи турнирда учта гол уриб, тўпурарлар рўйхатидан ўрин олди.
Ваҳоланки, Штиндль аллақачон 28 ёшни қаршилаган. Лекин мёнхенгладбахликларнинг ўтган мавсумдаги юлдузи учун терма жамоа эшиги ушбу ёзда очилди. Бу таркибдаги қария футболчи сифатида гавдаланган Штиндль эса ҳамма гап ёшда эмаслигини амалда исботлади.
Германияга соврин олиб келган голни ҳам айнан Ларс урди.

Бу бир томондан Германиянинг олтин авлодининг соясида қолиб кетаётган иккинчи авлод учун ўзига хос яхши туҳфа бўлди.
Масалан, жуда кеч порлаган Вагнер ҳамда Штиндль етакчилар дам олаётган бир паллада терма жамоа билан халқаро майдонда ўйнашга ва камида соврин ютишга муваффақ бўлишди. Кейинчалик бу футболчилар терма жамоадан чақирув олишлари ёки рақобатда ғолиб чиқишлари мушкул вазифа. Аммо улар ўз фаолиятларидаги янги саҳифада терма жамоа билан эришган ютуқни ҳам ёзиб қўйишга муваффақ бўлишди. Муҳими шу.

Буёғида эса жараён давом этади. Уларда чанқоқ янада кучайди, терма жамоа ҳавосидан яна нафас олишга бўлган иштиёқ ошди. Буёғига уларнинг мақсади мундиалда ўйнаш учун рақобатда енгилмаслик. Йоахим Лёвнинг ҳам асосий мақсади ҳар гал рақобатни янгитдан уйғотиши ва ҳеч кимни енгил нафас олишга йўл қўймаслиги. Жараён бироз пасайса ҳам бу тезда билинади. Ҳозирги замонавий футбол бир зум бўлсада тин олишга йўл қўймайди. Буни эса германияликлар жуда яхши тушунишади.


Конфедерациялар кубогида ЖЧ-2014 иштирок этган футболчилардан Мустафи, Гинтер ва Дракслер борди. Юлиан жамоани сардор сифатида бошлади.
Германия терма жамоасининг ҳозирги асосий таркибидан эса иккита қанот футболчилари - Киммих ҳамда Хектор олиб кетилди. Чунки Киммих "Бавария"да асосан захирада қолди. Хектор эса биласиз клубида асосан таянч зонасида ҳаракат қилади.

Германия терма жамоасидаги энг катта муаммо бу қанот футболчилари саналишади. Бекорга Лёв уларни олиб кетмади. Чунки улар бир хил ритмда бўлишлари ва Киммих Ламдан кейин ўнг қанотга, Хектор эса терма жамоага келиб чап қанотга кўникиши керак. Шуларни инобатга олган Лёв асосий таркибдан шуларни олиб кетди. Киммихга ўйин амалиёти кераклиги, Хекторга эса айнан чап қанотга амалиёт зарур эди.
Қолгани эса Германия ёшлар терма жамоасининг асосий узагидан ташкил этилди. Бу орада эса айнан ўша ёшдаги терма жамоа Европа чемпионатида қатнашишига тўғри келди. Натижада эса Германия ёшлар терма жамоаси ҳам асосий таркибда мусобақага бормади. Чунки уларнинг узаги асосий терма жамоа билан Конфедерациялар кубогига йўл олди. Германия терма жамоаси ҳам Россияга ўзининг асосий таркибиси борди. Лекин бу билан натижа ўзгармади. Ҳар иккала терма жамоа юқори чўққига чиқди.

Бу нимадан далолат? Йўлга қўйилган ажойиб тизим шу қадар шаффоф ишлаяптики, бу асосий таркиб футболчиларисиз ҳам кўзланган мақсадга эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Яъни, терма жамоа дегани бу фақат саралаб олинган 23 футболчидан иборат жамоа эмас. Терма жамоага исталган футболчи ўйнаши мумкин ва улар шунга тайёр ва шай бўлмоғликлари керак. Барча терма жамоа фалсафасини тушуниши ва бу уларнинг мияларига сингдирилиши зарур.
Ўтган йили иккинчи Бундеслида юрган Сандро Вагнерга: "Сен келаси йили Германия билан Конфедерациялар кубогида зафар қучасан", деса, ҳужумчи ишонарди. Лекин қолганлар бунга ишонмасди. Германияда ҳамма терма жамоадан ўрин олиши мумкинлигига ишонади. Уларда ишонч бор.
Лекин рақобат жуда кучли эканлигини барча билади. Терма жамоадан ўрин олиш учун керагидан ортиқ тер тўкиши ва терлаши лозим. Бусиз иложи йўқ.

Йоахим Лёвнинг яна бир ўзига хос одати, бу мураббий кўп ҳам танқидларга эътибор бермайди. Масалан ЖЧ-2014да якуний таркибга ўша пайтга келиб клубдаги ўрнини йўқотиб қўйган Лукаш Подольскини киритгани учун кескин танқид қилинган.
Германия матбуоти Йоахим Лёвни ҳар қанча ютуқларга эришмасин танқид қилишдан чарчамайди. Айниқса таркиб масаласида. Ҳар гал таркиб масаласида Лёвга саволлар кўпаяди. Лёв ҳам анча ўжар мураббий. Ўз қарашларига эга ва қарорини ўзгартирмайдиган мутахассис.
Ўшанда Лёв Подольски бўйича жуда ажойиб жавоб қилганди.
Мураббий Лукашни терма жамоага жалб этганини асосий сабаби сифатида терма жамоадаги муҳитни кўрсатганди. Лукаш майдонга тушмаслиги мумкин, аммо у кийиниш хонасида ўз ўрнига эга ва жамоага яхши тарафдан таъсир этади. Мени ҳар қанча танқид қилишлариз мумкин, аммо ўйин амалиётисиз қолган ва спорт формаси жойида бўлмаган Подольски менга керак, деганди. Якунда эса унинг қарори ўзини тўлалигича оқлаган.


Ёки ЖЧ-2010дан кейин Лёв Кисслингни терма жамоага жалб этмай қўяди. Бу жуда катта тортишув ва эътирозларга сабаб бўлади. Матбуот Лёвни жуда кескин танқид қилади ва ҳар сафар Кисслингни нега чақирмаяпсиз, деган саволлар билан кўмиб қўйилади. Ўшанда Лёв ҳужумчини терма жамоага барибир чақирмаслигини айтади. Натижада эса ажойиб спорт формага эга бўлган Кисслинг Евро-2012 ва ЖЧ-2014да қатнашмайди. Ўжар Лёв ўз қарорини ўзгартирмайди. Лекин бу уларнинг муваффақиятига тўсқинлик қилмайди.
Кисслинг билан Лёв ЖЧ-2010да асосий таркибга кира олмаётганидан ранжигани ва терма жамоа голларини барча қатори катта қувонч билан қарши олмагани учун тортишиб қолган. Лёвнинг ёзилмаган қоидалари бири, бу терма жамоадаги барча 23 футболчи майдонга тушса ёки тушмаса ҳам ўзини жамоанинг бир бўлаги сифатида ҳис этиши ва жон куйдириши лозим. Агарда мураббий футболчида қандайдир эътироз ёки бошқача реакцияни сезса, тезда таркибдан йўқотади.
Кисслингни таркибдан чиқиб кетишига шу нарса сабаб бўлган.


Лёв Бразилиядаги мундиалга терма жамоадаги муҳит ва Клозени ЖЧ тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиши учун имконият тақдим этади. Қария Клозе эса имкониятдан унумли фойдаланади ва ўз мақсадига эришади. Шунингдек, Лёв ўшанда Клозе нафақат мутлақ рекордчи бўлиши, балки ЖЧда чемпион бўлишга ҳам лойиқлиги учун уни терма жамоа билан Бразилияга олиб кетади.
Унинг бу қарорлари ўзини оқлайди.

Лёв ҳар гал мундиалга борадиган таркибига камида 12та ўзгариш қилади. Бу орқали Лёв аста-секинлик билан терма жамоада авлодлар алмашувини ҳам зиёнсиз амалга оширади.

Лёвнинг таркибида ҳар доим ёшларга ўрин ажратилади, порлаган юлдузларга имконият тақдим этилади ва уларни тўғри йўлга бошлашлари учун нисбатан қария футболчиларга ҳам жой берилади. Лёвни таркибида минимум учта нисбатан қария футболчига имтиёз берилиши мумкин.

Ўз принципларига эга, ўжарлиги бор, тактик жиҳатдан жуда кучли мураббий немис машинаси рулига ўтирганидан буён барча мусобқаларда камида ярим финалга қадар бормоқда. Фантастик натижа.
Ҳамма ишни ўз вақтида, мёърида бажарадиган беназир мураббий.
Лёв учун футболчининг ёши муҳим эмас. Хоҳ у ёш бўлсин, ёки қария. Муҳими ўша футболчининг майдондаги ҳаракати ва майдон ташқарисидаги ватанпарварлиги юксак бўлиши лозим. Лёв немис машинасини ажойиб бошқармоқда. Бу сафар Йоахим "Мерс"ни гаражда қолдириб, Россияга "Опел"да борганди. Бу фақат битта нарсани аниқлади. Лёв супер ҳайдовчи экан. Гап фақат машинада эмас, балки ҳайдовчига ҳам боғлиқ.

Лекин Германия матбуоти фантастик натижалар қайд этаётган мураббийни фақат мақтовлар оғушида қолдирмайди. Керак пайтда ҳар доим унга танқидлар ва таркиб бўйича эътирозлар учраб туради. Бусиз иложи йўқ. Германия терма жамоасида ҳар доим таркиб бўйича саволлар туғилади. Чунки футболчи жуда кўп. Кимни танламасин, барибир якуний 23таликдан кимдир тушиб қолади.

Шуни алоҳида айтиш керакки, Лёвни, умуман Германия терма жамоасининг бу каби муваффақиятига фақатгина тизим ёки мураббийнинг эмас, балки ОАВнинг ҳам ўрни бўлакча.


Барча ўз ишини қилади. Германияда матбуот ютса мақтайди, муваффақиятсизликка учраса, хатолари ва айблари кўрсатади. Аслида барча жойда шундай, бўлса керак. Шунинг учун ҳам Германияда ривожланиш, юксалиш юқори тезликда давом этмоқда. Тўхтаб қолиш йўқ.

Германия терма жамоасини машинага қиёслашса, унда Лёв ўз-ўзидан ҳайдовчи бўлади. Демак германиялик журналистлар - ЙПХ ходимлари. Улар доим ҳайдовчини йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга ундашмоқда. Йоахим Лёв эса энг тартибли ва шу билан биргаликда элит тоифадаги "каскадёр" ҳайдовчи...


Шаҳбоз БЕҒАМОВ

Рейтинг: +19   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика