RU

Последние новости

00:55Александер-Арнольд "Реал"га ўтишга яқин  0 00:45А Серия. "Рома" "Милан" меҳмони бўлмоқда (онлайн ҳисоб)  12 00:12АПЛ. "Ливерпуль" Лондонда "Вест Хэм"ни тор-мор этди  22 23:59А Серия. "Ювентус" Туринда "Фиорентина"дан 87-дақиқада тўп ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  1 23:21"Ювентус" ўз дарвозабонини "Манчестер Сити"га сотмади  0 22:47Гвардиола "Ман Сити" қўл остида 500 ўйиндан 355тасини ютди. Жамоа унинг қўл остида 1213та гол уриб, 429та ўтказди  0 22:02АПЛ. "Тоттенхэм" "Вулверхэмптон"га қарши ўйинда 87-дақиқада ўтказиб юборилган гол сабаб ғалабани қўлдан бой берди  2 21:22АПЛ. "Манчестер Сити" меҳмонда "Лестер"ни мағлуб этиб, тўртта ўйинлик ғалабасиз серияга барҳам берди, Холанд ниҳоят гол урди  7 20:55А Серия. "Наполи" ва "Венеция" ўртасидаги ўйин тақдирини ягона гол ҳал қилди  1 20:25"Барселона" Дэвиднинг харидидан воз кечди  0 19:28"Барселона" ёш бразилияликни қўлга киритмоқчи  2 18:56Ўртоқлик ўйини. Ўзбекистон U-20 Саудия Арабистонига қарши ўйин сўнггида ажойиб камбэк қайд этди!  8 17:25"Манчестер Сити" Уокернинг ўрнига кимни олади?  0 16:58Алаба эртага "Реал" билан машғулотларга киришади. У бир йилдан ошиқ вақтдан бери футбол ўйнамади  2 16:32"Тотттенхэм" "Барселона" ҳужумчиси билан шартнома имзолаши мумкин  1

Карвонларга посбон бўлган сарбон билан Париж сари борамиз Новости

Карвонларга посбон бўлган сарбон билан Париж сари борамиз

Деярли менинг ёшим билан тенг орзуларимиздан бири ушалди.

Бу узун ва машаққатли йўл эди. Худди узоқ муддатли сафарга чиққан карвон мисоли эдик. Карвонга эса муносиб сарбон зарур ва ўша сарбон карвоннинг асосий посбони (ҳимоячиси) бўлади. Бу карвон йўлга чиқар пайти унга Тимур Кападзе сарбон этиб тайинланди. Буёғига Кападзе уларни узоқ давом этган машаққатли йўлдан мақсад сари етаклаб келди. Бу жамоа бош мураббийимизнинг ўзи ҳам айтганидек кеча пайдо бўлиб қолмади. Бу жамоа йиллар давомида шаклланиб келди, анчагина синовлардан ўтди. 2 йил олдин Ўзбекистон мезбонлик қилган U-23 Осиё Кубоги финалида Саудия Арабистонидан учралган мағлубиятдан кейин бутун карвон сарбон бошчилигида мухлислар қаршисида учралган мағлубият учун кўз ёш тўкди. Ўшанда қуйидаги мақолани ёзганимда ёдимда:

Ўзи ҳам йиғлаган, мухлисларни ҳам йиғлатган чемпионлар 

2 йил олдин финалдан кейинги мағлубиятдан сўнг Кападзе айтган баъзи фикрларни қайта келтириб ўтмоқчиман:

- Мухлислардан узр сўрайман. Насиб этса, уларни улкан ғалабалар билан хурсанд қиламиз;

- Бизнинг бу жамоани ташкил қилганимиздан асосий мақсад – Олимпиада;

- Тўғри, футболчиларимда руҳий ва жисмоний томонлама бироз толиқиш бор. Лекин ҳаёт давом этади.

 

Бундан 15 йилларча илгари афсонавий мураббий Сэр Алекс Фергюсон интервьюларидан бирида "Финаллардаги мағлубият мени яхшироқ ишлашга ундайди", - деб айтиб ўтганди. Менимча, худди ўша ҳолат Кападзеда ҳам кузатилмоқда. У ўшанда мухлисларга ҳали улкан ғалабаларни тақдим этамиз, вазифамиз Париж олимпиадаси деган ва мана бугун ўз сўзларининг устидан чиқди. Мағлубият тўғри хулоса чиқара олганингда ғалабага тенгдир. Бу борада ҳам "Копа" "нуқтага урди". Яъни, у 2 йил олдинги финалдан кейин ўйинчиларида руҳий ва жисмоний томонлама толиқиш борлиги ҳақида гапирганини юқорида келтирдим. Қатардаги мусобақада эса у ўша ҳолатга яна тушмаслик учун идеал ротацияларга қўл урди. Ҳеч бир тўқнашувда бир хил таркиб тушмади, ҳар ўйинда кутилмаган ўзгаришлар қилаверди, ҳатто жамоанинг асосий "мияси" бўлган Жасур Жалолиддинов ҳам битта ўйин (Индонезияга қарши ярим финал)ни захирада бошлади. Ўз навбатида мураббийнинг ўзи тайёрлаб келган шогирдларига бўлган ишончи ва "дух"ига қойил қолмасдан илож йўқ. Умуман, таваккал қилишдан қўрқмайди. Унинг жамоасида алмаштириб бўлмас футболчи деган жумла йўқ. У шундай жамоа туза олди, исталган таркиб билан ўйин ва натижа кўрсатиб кетяпти. Захирадан тушадиган футболчиларимиз ҳам ўйинни кучайтирса кучайтиряпти, асло ортга тортмаяпти. 3 май куни бўладиган финалга футболчиларимиз жисмоний томонлама ажойиб ҳолатда етиб боришади. Кимдадир ортиқча чарчоқ аломатлари бор деб айтиб бўлмайди. Ҳамма ротацияга тушди ва ҳаммада орада бироз тин олиш имкони бўлди. Демак, мураббий 2 йил олдинги мусобақа дуч келган ҳолати бу сафар ҳам дуч келмаслиги учун ажойиб ечим топа олди.


Саудия Арабистонига қарши чорак финал ўйинидан олдин жамоамиз овга чиқаётгани ҳақида мақола ёзгандим.

"Оч бўрилар" овга чиқмоқда

Юқоридаги материал шунчаки ўйиндан олдинги пафосларга тўла мақола эмасди. Ўзим мусобақа аввалидан бери Қатардаман ва йигитларнинг кайфияти, ҳолатини ўйинларда ва машғулотларда кузатиб келяпман. Ўзим бевосита кўриб турганим учун уларга катта ишонч билан биз Саудиядан ҳам ўтамиз, Олимпиадага ҳам чиқамиз ва чемпион ҳам бўламиз деб ишонч билан ёзгандим. Бу футболчиларимизнинг ҳар бирига қарасангиз кўзлари ёниб турганини пайқайсиз, улар тўхташ, ҳисобда олдинга чиқиб олгач ҳимояга 2 қатор бўлиб ётиб олиш нималигини билишмаяпти. Сарбон ўзи тўп назоратига асосланган ҳужумкор футбол тарафдори бўлгани учун футболчилар ҳам маза қилиб футбол ўйнашмоқда.

U-23 терма жамоамизнинг ортда қолган 5та ўйиндаги статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак биз рақиблар дарвозаси томон 33та аниқ зарба йўллаганмиз ва ўз дарвозамиз томон бор йўғи (айнан бор йўғи) 2тагина аниқ зарба ўтказиб юборганмиз холос. Бизнинг дарвоза томон фақатгина Саудия ва Вьетнам аниқ зарба бера олган. Голларимиз фарқи эса 14-0. Даҳшатли кўрсаткич. Бу биз барча ўйинларда мутлақ доминантлик қилаётганимизга яққол далил.

Кападзе қурган ўйинда даҳшатли прессингни ҳам кўришимиз мумкин. Малайзияга Улуғбек Ҳошимов урган гол ёдингизда бўлса керак. Ана ўша юқори прессингимиз самараси эди ўша гол. Бу жамоамиз тўп билан ҳам, тўпсиз ҳам жуда хавфли. Тўпсиз ҳолатда прессингга ҳамма боради, барча иштирок этади. Рэшфорддек чала прессинг қиладиган ўйинчилар йўқлиги хурсанд қилади)


Ўзбекистон U-23 терма жамоасидаги яққол битта юлдуз йўқ, ҳамма бирдек юлдуз. Лекин, олдиндаги ҳужумларимизнинг қурилишида ва майдон марказидаги назоратда сардоримиз Жасур Жалолиддиновнинг ўрни катта. Шу сабабдан ҳам барча беллашувларда энг кўп айнан уни "тепкилашмоқда". Унинг майдонни кўра олиши ва ноодатий паслари бизга кўп эпизодларда устунлик бермоқда. Бундан ташқари, Жалолиддинов билан стандартларимиз ҳам янада хавфли кўриниш олади. Ўзи умуман ҳар бир ўйинчимизни алоҳида тилга олиб кетса арзийди, таянч зонада ҳаммасини тозалаётган ва ҳужумларни бошлашда жонбозлик кўрсатаётган Абдурауф Бўриев жуда катта ҳажмдаги ишни бажармоқда. Холматов, Раҳмоналиев ва Ибрагимов ҳам марказда боплаб "бетонлаб" беришмоқда. Ҳимояда ким тушса ҳам вазифасини қойиллатиб уддаламоқда. Битталаб санаб ўтирмай уларнинг ҳар бирига миннатдорчилик билдириб қўямиз. Сизлар мусобақадаги энг зўр ҳимоячиларсиз. Дарвозабонларимизга эса юқорироқда келтирган статистикамдан келиб чиқсак у қадар ҳам кўп иш топилмаяпти) Бу жамоада дарвозабонларимизнинг оёқ билан ўйнаши ва "чиқиш"ларда хатосиз ҳаракат қилиши муҳим. Олдиндаги учликда эса ҳар ўйин ротациялар кўряпмиз ва ҳар ўйин голлар уряпмиз. Демак, уларга ҳам ортиқча эътироз йўқ. Дарвоқе, Ҳусайн Норчаевда мусобақа тўпурари бўлиш учун яхши имконият бор. Худди шундай имкон Алишер Одиловда ҳам бор, фақат Одилов жамоадошидан битта кам гол урган.

Айтдимку Жалолиддиновни ёмон "тепкилашяпти" деб.


Терма жамоамиз лагерини кеча икки нафар, бугун эса яна бир нафар легионеримиз тарк этди. Абдуқодир Ҳусанов, Ҳожимат Эркинов ҳамда Аббос Файзуллаевлар ўз клублари ихтиёрига қайтиб кетишди. Яъни, уларнинг клублари билан айнан Олимпиада йўлланмаси қўлга киритулгунга қадар келишувга эришилганди. Шу жойида барча легионерларимизни келишув билан олиб кела олишда ўз ҳиссасини қўшган ЎФА раҳбарияти ва футболчиларимизнинг агентларига ҳам миннатдорчилик билдириб қоламиз. Ҳусанов ҳам, Эркинов ҳам, Файзуллаев ҳам терма жамоа меҳмонхонасини тарк этаётган паллада бироз афсусни уларнинг нигоҳидан пайқаш қийин эмасди. Ҳа, уларнинг барчаси финалда ҳам ўйнаб чемпион бўлишимиз учун охиригача шу ерда бўлишни астойдил хоҳлашди. Улар Қатарга келишди, кўришди, ғалаба қозонишди ва яна қайтиб кетишди. Қилинган меҳнат ва майдонда тўкилган тер учун раҳмат, йигитлар! Буёғига бизда 3та жиддий йўқотиш бор ва бу ҳолатда энди финалда иккала жамоанинг имкониятларини шахсан ўзим тенг баҳолайман. Албатта, мен бизнинг ғалабамизга ишонаман, бу йигитлар албатта финални ҳам ютиб олишади. Лекин, имкониятлар энди тенг десак бўлади. Япониянинг баъзи ўйинларини бевосита майдондан кузатдим ва улар жуда ҳам футбол интеллекти юқори бўлган жамоа дейишим мумкин. Бир сўз билан айтганда финалда бир-бирига жуда муносиб икки жамоа тўқнаш келади. Менимча, бўлажак Олимпиада баҳсларида ҳам айнан мана шу икки жамоа Осиё қитъаси шонини бошқалардан кўра яхшироқ ҳимоя қилиб беришади.

Финалда кўришгунча соғ-саломат бўлинг! Олимпиада йўлланмасига қўшиб чемпионлик совринини ҳам Ўзбекистонга олиб бориш насиб этсин!

Автор : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +21   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика