Исломбек Исмоилов: "Бу каби ўйинларни ТВ орқали намойиш этилмагани мухлислар учун катта йўқотиш"
19 ноя 2020 23:15
Новости
Исломбек Исмоилов: "Бу каби ўйинларни ТВ орқали намойиш этилмагани мухлислар учун катта йўқотиш"
- Ислом ака, аввало қўлга киритилган йирик ҳисобдаги ғалаба билан табриклаймиз. Бугунги учрашув ҳақида фикрларингиз...
- Бугун ҳамма кўриб гувоҳ бўлди, ҳужумкор футбол намойиш этдик. Ҳисоб ҳам шунга яраша бўлди. "Динамо" ҳам яхши ўйин кўрсатди, ҳар икки жамоа бугун ҳужумкор ўйнади. Бу каби ўйинларни телевидение орқали намойиш этилмагани - мухлислар учун катта йўқотиш. Яхши ўйин бўлганди, кўпчилик учрашувни кўриб завқланган бўларди.
"Нефтчи"га қарши ўйиндан сўнг бизда руҳий тушкунлик бор эди. Йигитлар билан бу борада гаплашдик. Таркибда кўп ўзгаришларни амалга оширдик, ротация қилдик. Бугунги ўйинда асосий таркибда тушган футболчилар ишончни оқлашди, лекин заҳирадан қўшилган футболчилар ҳам ўйинни кучайтира олишди. Ўйиннинг бошидан ташаббусни қўлга олишга ҳаракат қилдик. Биласиз, ҳар доим ўз олдимизга юқори мақсадларни қўйиб келганмиз. Ҳоҳлаймизми, йўқми ўйиндан олдин футболчиларда босим бўлади. Мана шу босимни енгиб ўтиш бўйича йигитларга тушунтираяпмиз. Шу орқали ўйинни назорат қилишни мақсад қилганмиз. Бугун биринчи бўлимда ўйинни назорат қилдик деб ўйлайман.
Бундан ташқари "Динамо"да ҳам вазиятлар бўлди. Бугун ёш посбонимиз Мирзоҳид Жалиловни асосий таркибда туширгандик, у керакли вазиятда ўзини кўрсата олди. Шундан сўнг унда ўзига бўлган ишонч пайдо бўлди. Иккинчи бўлимда ўйинни янада кучайтирдик. Абдулазизхон Абдурашидов гол уриб ҳисобни 2:0 кўринишига келтиргандан сўнг бир қатор ўзгаришларни амалга оширдик. Мақсад ҳисобни ушлаб қолиш эди. Чунки "Динамо"нинг ҳам йўқотадиган нарсаси қолмаганди, улар катта куч билан олдинга ўтаётганди. Ҳисобни ушлаб қолишга ҳаракат қилдик ва таркибимиздаги бир қатор тажрибали футболчиларни ўйинга қўшдик. Улар ҳам ўйинга қўшилгандан сўнг ўйиннинг тезлигини ва ҳароратини кўтаришди. Шунинг оқибатида 3-голни ҳам киритдик. Ундан сўнг ҳам бир қанча имкониятлар бўлди, фойдалана олмадик. Умуман айтганда ғалабадан хурсандмиз.
- Жамоа бугун жуда катта ротацияга қўл урди. Асосий таркибдан бир қатор таниқли номларнинг тушиб қолиши жамоа бугун катта таваккалга қўл урганини кўрсатади. Агар бу қарор ўзини оқламаганида кескин танқидларга сабаб бўларди. Бу қадар катта таваккал қилишингизга сабаб нима бўлди?
- Ротация қилишимизга биринчи сабаб зич тақвим ҳисобланади. Ўйинлар орасидаги муддат кам бўлгани сабабли "Нефтчи"га қарши ўйинда ҳам футболчиларда чарчоқ аломатлари сезилди. Ротация бўлгандан кейин майдонга туширган футболчиларимиз йил бошидан буён шу жамоада меҳнат қилмоқда. Агар шу жамоага лойиқ бўлмаганида, таркибимизда юрмаган бўларди. Майдонга чиққандан сўнг шу жамоага лойиқлигини исботлаш керак эди. Олдин ҳам айтганман, бизда ҳамма футболчиларнинг савияси бир хил. Қайсидир футболчини алоҳида кўрсатиб ўта олмайман, ёки у футболчи бўлмаса жамоа ғалаба қозона олмайди деган нарса йўқ бизда. Бугунги ғалабани барча ҳоҳлади, ҳамма бир хилда меҳнат қилди. Бугун йигитлар ич-ичидан ғалабани исташди ва якунда шу натижага эришдик. Тўғри, танқид бўлиши мумкин эди, лекин олдимизда бошқа йўл йўқ эди. Чунки мана 3 кундан кейин навбатдаги учрашувда майдонга чиқаяпмиз, балки ўша олдинги таркибни қўйганимизда бу каби ҳисоб бўлмаслиги мумкин эди. Бугун заҳирада қолдирган футболчилар маҳоратлироқ, лекин зич тақвим туфайли жисмоний холат бўйича кўп муаммоларга дуч келмоқдамиз.
- Бугун жамоанинг асосий посбони Акмал Ортиқовнинг ўрнига туширилган ёш дарвозабон Мирзоҳид Жалилов жуда яхши ўйин намойиш этди. Навбатдаги учрашувларда ҳам ушбу посбонга ишонишда давом этасизми?
- Кўрамиз, буни вақт кўрсатади. Ҳали машғулотлар жараёнида ҳам кўрамиз. Тўғри, бугун Мирзоҳид Жалилов яхши ҳаракат қилди, лекин унда ҳали тажриба етарли эмас. Шунақа холатлар бўладики, баъзида дебют учрашувини ўтказган футболчи ёрқин ўйин кўрсатади, лекин кейинги учрашувларда унда хатолар кузатилиши мумкин. Биз бу нарсаларнинг барчасини ҳисобга оламиз. Дарвозабонлар мураббийи билан ҳам бу борада маслаҳатлашамиз, ким тайёр бўлса, "Шўртан" билан ўйинга ўша чиқади.
- Мухлислардан келган савол. Ёш посбон Амал Шавкетов қачон майдонга тушади?
- Амал Шавкетовни 2-лига баҳсларида синовдан ўтказаяпмиз. Ёш посбон ҳали бу даражадаги ўйинларга тайёр эмас. Унга озроқ вақт керак, лекин жамоани келажаги сифатида қаралади. Таркибимиздаги ҳар бир футболчига имкон берганмиз, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Ҳеч ким назардан четда қолмайди. Мана Мирзоҳид Жалилов ҳам 9 ойдан буён жамоамиз сафида майдонга тушмаганди, бугун жуда катта таваккал қилдик. Жамоанинг энг нозик нуқтаси дарвоза чизиғи, чунки бошқа чизиқларни ўзгартириш мумкин, ҳужумчини ёки ҳимоячини алиштирса бўлади. Лекин охирги нуқта бу дарвоза чизиғи. Амал Шавкетовга ҳам шу каби имконият тақдим этамиз албатта.
- Дониёр Исмоилов бугун жуда яхши ўйнади. Агар ушбу футболчига бир қатор номдор Суперлига жамоаларидан таклиф тушса, уни қўйиб юборасизларми?
- Дониёр Исмоилов охирги 3 та ўйиндан бери ҳужум чизиғида ҳаракат қилмоқда. Унгача у қанот футболчиси сифатида ҳаракат қиларди. Бир куни ўзи айтиб қолди, "Зомин"да ўйнаганида 19 та гол киритгани, ҳужум чизиғида ҳаракат қилгани ҳақида. Жамоамиз мураббийлари ҳам бу футболчини ҳужумда синаб кўриш бўйича таклиф беришди. Дониёр Исмоилов жамоага ҳужум чизиғида фойда бермоқда. Яқин 6-7 ўйинда у жуда катта ўсишга эришди. Ҳаракатларидан қониқяпмиз, чунки жамоамизнинг ўйин услуби ҳужумкор ва прессинга асосланган. Исмоилов олдинги чизиқда прессинг ташкил этишни тезкорлик билан бажариб бера оляпти. Биз истаган услубни, масалан 3 та футболчи билан бажариладиган ишни бир ўзи уддалаяпти. Биз доим айтганмиз, "Турон" ўз футболчиларини қадрлайди. Футболчи учун нима яхши бўлса шуни амалга оширамиз. Биз ҳам инсонмиз, тушунамиз, албатта яхши жамоалардан таклиф бўлса ва бу чақирув футболчининг ўзини қаноатлантирса, музокара қиламиз. Кейин бу ерда клуб раҳбарияти бор, шу кунга қадар "Турон" жамоаси ва футболчилар ўртасида низо келиб чиқмади. Ҳар доим футболчиларни қўллаб-қуваатлаганмиз, бундан кейин ҳам шунақа бўлади.
Комментарии