RU

Последние новости

01:35Диёр Холматов: "Янги либосларнинг сифатига гап йўқ"  0 01:15Расман: Гюндоган "Ман Сити"дан "Галатасарой"га ўтди. Трансфер турк клубига текинга тушди  0 00:52Русланбек Жиянов: "Курашларга бой ўйинда ғалаба қозондик"  0 00:38Карлуш Кейруш: "Мен футболчиларимни охиригача ўйнашга мажбурлайман"  7 00:03Ровшан Мередов: "Анча ишончли ўйин ўтказдик"  6 23:25Расман: ОЧЛ 2 арафасида "Андижон"ни легионер футболчилардан бири тарк этди  10 23:17Тимур Кападзе: "Мухлислар нега кам? Ушбу саволга биз ҳам жавоб қидиряпмиз. Легионерлар кейинги учрашувга тайёр бўлади"  35 23:03Равшан Ҳайдаров U-23 Осиё кубоги саралаши ҳақида: "Жамоамиз турнирга белгиланган режа асосида пухта тайёргарлик кўрди"  2 22:08Игорь Сергеев миллий жамоа тарихидаги тўпурарлар орасида олтинчи ўринга кўтарилиб олди  13 21:40CAFA Nations Cup. Туркманистон – Ўзбекистон 1:2  27 21:30CAFA Nations Cup. Бир киши кам бўлиб қолган Ўзбекистон Туркманистонни кичик ҳисобда мағлуб этди  272 20:55Қирғизистон бош мураббийи: "Ғалабамизни ўғирлашди"  7 20:33Топ лигалардан клуб топа олмаган Лукман Туркияга йўл олиши мумкин  1 19:50Расман: "Барселона" ҳимоячиси "Эльче"га ўтди  0 19:19"Байер" "Ал Қодисия" ярим ҳимоячисини 25 млн еврога сотиб олди  0

Ишончни оқлаётган “қалдирғочлар” Новости

Ишончни оқлаётган “қалдирғочлар”

Кеча Янги Зеландияда 20 ёшгача футболчилар ўртасида жаҳон чемпионати нимчорак финалида Ўзбекистон терма жамоаси Австрия вакиллари устидан 2:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришганидан барчамиз хурсандмиз.
Турнирнинг дастлабки икки турда мағлубиятга учраган футболчиларни, терма жамоа устозларини ва футболимиз мутасаддиларини аёвсиз танқид қилганлар кўп бўлди. Кейинги икки учрашувда юртдошларимиз Фиджи билан баҳсда 3:0, Австрия билан ўйинда 2:0 ҳисобида зафар қучгач, энди кўпчилик йигитларни осмонга олиб чиқиб мақтай бошлади. Бугун мухлислар орасидаги мунозара ва муҳокамалар чоғида “Нима бизга Сенегал?” қабилидаги фикр-мулоҳазалар кўпайди.
 
Чорак финал қандай натижа билан якунланишини ҳозирча ҳеч ким билмайди. Ишқибоз халқининг кайфияти ҳам баҳорги об-ҳавога ўхшайди. Ютсак, ҳамма қаҳрамон!!! Акс ҳолда...
 
Биз эса футбол мутахассисларидан профессионалларча таҳлил кутиб юрибмиз. Нима учун Гондурас билан учрашувда рақибнинг ҳар бир аниқ зарбаси дарвозамиз ишғол қилиниши билан якунланди? Нима учун Германия билан ўйинда бизникилар рақиб дарвозаси томон бирор марта аниқ зарба бера олишмади? Австрия билан баҳснинг биринчи бўлимида рақиб дарвозаси олдида 9 марта бурчакдан тўп тепиш ҳуқуқига эга бўлсак-да, европаликларни мушкул аҳволга сола олмаслигимизнинг сабаби нимада? Равшан Ҳайдаров Австрия билан учрашувдаги ғалаба заминида тўғри танланган тактика ётганини таъкидлади. Мағлубиятга учраган учрашувларда шундай йўл тутишга нима монелик қилди?
 
Терма жамоалар марказида ишлаётган, турли тоифадаги мураббийларни тайёрлашда бевосита иштирок этаётган мутахассислар ана шу каби саволларга жавоб топишлари келгуси мусобақаларда юртимиз байроғини баланд кўтаришга қўшилган ҳисса бўлиши шубҳасиз.
 
Бугунги кунда термамизнинг муваффақиятини таъминлашга сабаб бўлган бир ҳолатга алоҳида тўхталиб ўтмоқчимиз. Ўзбекистон – Австрия учрашувидан сайтимизда уюштирилган матнли он-лайн трансляциямизни кузатиб борган бир қатор мухлислар қолдирган ёзувлар ҳам айнан шуни тақозо қилмоқда.
 
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ўзагини бир клуб футболчилари ташкил этиши фойдамизга ишламоқда. Янги Зеландияга борган таркибнинг нақ ярми Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби вакиллари. Бевосита асосий таркибда майдонга тушаётганларни инобатга олсак, таркибнинг учдан икки қисми “қалдирғочлар” бўлиб чиқади. Мисол учун Австрияга қарши нимчорак финал ўйинини клубнинг етти вакили асосий таркибда бошлади – Рустамжон Ашурматов, Миржамол Қосимов, Акромжон Комилов, Отабек Шукуров, Хуршид Ғиёсов, Достонбек Ҳамдамов, Забиҳилло Ўринбоев, яна бир футболчи – Элдор Шомуродов заҳирадан пайдо бўлди. Сўнгги уч учрашувда термамиз дарвозасини қўриқлаётган Дилшод Ҳамроев ҳам кўп йиллар мобайнида “Бунёдкор” мактабида футбол сир-асрорларини ўргангани, ўйин амалиётига эга бўлиши учун “Қизилқумга” кетгани эътиборга молик. Ҳозирча “қалдирғочлар” орасида фақат Сардор Азимов заҳирада қолиб кетяпти, холос.
 
Бир клубда ўйнаб, бир-бирини жуда яхши тушунишга ўрганган йигитлар зиммаларидаги вазифани муносиб уддалашга ҳаракат қилишмоқда. Термамиз рақиблар дарвозаларига жами 8 та гол киритди ва уларнинг барчасига “қалдирғочлар” муаллифлик қилишди. Бу бежиз эмас, албатта.
 
Сергей Лушчан клуб раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши билан ёшларга ишонч билдириб, баъзан жамоа манфаатларига зид келса-да, катта ва тажрибали футболчилар ўрнига Комилов, Ҳамдамов, Ўринбоев, Шомуродов кабиларни ўта муҳим учрашувларда жангга ташлаганини яхши биламиз. Бунинг эвазига “Бунёдкор” баъзан зарур очколардан маҳрум бўлгани ҳам ҳақиқат. Осиё чемпионлар лигасида, олий лига пешқадамларига қарши баҳсларда номдор ва юлдузли мақомга эга рақибларга қарши ўйнаб тўпланган тажриба мана энди ўз сўзини айта бошлади.
 
Қани эди бошқа клубларимиз мутасаддилари ва мураббийлари ҳам ёш истеъдодларга имкон беришса, уларнинг катта футболда ўз жойини топишига шароит яратишса. Фақат бугунги кунги очколар ва турнир жадвалида лоақал бир поғона юқорироқ туришни эмас, ўзбек футболи шаънини устун қўйишса.
 Шунда нафақат ўсмирлар ва ёшлар ўртасида, балки олимпия ва миллий терма жамоалар ўртасида ҳам энг нуфузли мусобақаларга ўзбекистонликлар мунтазам бориши ва муваффақиятли қатнашишига шоҳид бўлиб, қувониб юрармидик.
 
Якшанба куни Сенегал билан учрашув қандай натижа билан тугашидан қатъи назар, ёшлар терма жамоамиз аъзолари катта футболда ўз жойларини топишларини жуда хоҳлаймиз. Футболимиз мутасаддилари ва мураббийлари ҳам ушбу фикрга қўшиладилар деган умиддамиз.
 

Омонжон Тўхтамирзаев
Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика