Инқилоб (О.А. блоги)
23 мая 2021 19:32
Новости
Инқилоб (О.А. блоги)
Бу фикрларим билан “Ювентус” ёки “Реал”нинг кушандаси эмасман, ушбу клубларни баҳолашни сўрасангиз, панжаларимни баралла очиб баҳо бераман; агар “Барселона” чемпион бўлганда ҳам байрам қилмасдим. Айтмоқчи бўлганим, бу клублар катта инқилобни амалга оширишди, чемпионат атмосферасига янги шаббода олиб киришди. Мени мана шу нарса қувонтирди.
Эътибор берган бўлсангиз, ушбу мавсум инқилобларга бой бўлмоқда. Португалияда “Спортинг” 19 йил деганда шоҳсупага кутарилди, унгача “Порту” ва “Бенфика” чемпионат кубогини “Бор товоғим, кел товоғим” қилишаётганди. “Интер” эса Турин қалъасини бунёд этишда ўз ҳиссасини қўшган Конте бошчилигида ўзи қурган деворни ағанатди. “Матрасчилар” сўнгги ўн йилликда довруғ қозонди, гарчанд 2013/14 йилги мавсум чемпионлик кубогини бошлари узра юқори кутаришган бўлса-да, бугунги титулгача ўша вақтда энди туғилган гўдак мактаб ёшига етиб улгурди. Навбатдаги умидим “Лилль” клубидан бўлиб турибди. Умид қиламанки, Кристоф Гальтье шогирдлари футболда ҳар доим ҳам “лимон”лар роль ўйнамаслигини исботлайди.
Бу каби инқилоблардан бошқа чемпионатларда ҳам бир нечтасини санаб ўтиш мумкиндир, афсуски, барчасини қидиргани интернет титкилашга эриндим. Кўзга кўринган чемпионатлардан фақатгина “Бавария” қўрғони чанг ўтмас даражада зирҳланган. Менимча, уларнинг ўзлариям неча марта ғолибликни киритганини санаб беролмаса керак. Шу ўринда миллий чемпионатимизчи, деган савол ҳам кўз олдимиздан ўтиши, шубҳасиз. Қайси клубнинг белбоғи бақувват бўлса, турнақатор мавсумларда ўша жамоанинг чемпион бўлишини олдиндан башорат қиладиган бўлганмиз. Ушбу мавсумда ҳам баъзилар мавсум бошидаёқ чемпионларини аниқлаб қўйишган бўлса, ажабланмайман. Мавсум якунигача ҳали қовун пишиғи бор, шу боис бу борада фолбинлик қила олмайман. Лекин истардимки, “Насаф”, “АГМК” каби клублар ҳам чемпионлик завқини тотиб кўришса. Юқорида таъкидлаганимдек, бу билан бирор жамоага мухлис ёки қарши эмасман, шунчаки бу каби инқилоблар кўпинча ривожланиш учун хизмат қилади. Инқилоб эгаларининг руҳияти тоғдек кўтарилади, шунингдек, улар кубокни кейинги мавсум ҳам бегона қилмасликка ҳаракат қилишади, йиқилган гегемон эса яна ўзи қумсайдиган тахт сари талпинади. Қолган клублар ҳам мўжиза содир бўлишига ишонишади. Натижада, рақобатдошлик ҳамда томошабоплик даражаси юқорилайди. Гарчанд тарихдаги сиёсий инқилобларнинг барчаси ҳам ривожланишга хизмат қилмаган бўлса-да, футболда унинг акси деб ўйлайман, албатта, натижа жиҳатдан. Шу кунларда кутаётган энг катта инқилобларимдан бири эса тождор вирус балосидан буткул қутилиб, дунёнинг барча стадион эшиклари мухлислар учун очилишини кузатиш бўлиб турибди.
Оқил Абдубарноев
Комментарии