Ҳамиджон Актамов: «Мақсадимиз «Қизилқум»нинг аввалги мавқеини тиклашдир»
18 мая 2016 13:07
Новости
Ҳамиджон Актамов: «Мақсадимиз «Қизилқум»нинг аввалги мавқеини тиклашдир»
Натижалар шуни кўрсатмоқдаки, бу йилги мавсумда жамоалар ўртасида аввалгиларига нисбатан рақобат бир мунча кучайган. Ўрганиб қолганимиз — «Бунёдкор», «Локомотив», «Насаф» ҳамда «Пахтакор» каби ғолибликка асосий даъвогарлик қилувчи жамоаларга муносиб рақобат қилувчи «Металлург», «Қизилқум», «Бухоро» вакиллари ҳам қўшилмоқда.
Тўғри, чемпионат учрашувларининг асосий қисми ҳали олдинда. Бироқ ҳозирча элитада ўзига хос кескинлик ва муросасизлик пайдо бўлаётганлиги мухлисларнинг олий лига баҳсларига бўлган қизиқишини уйғота бошлади. Ўтказилган ўйинлар айрим фикр-мулоҳазаларни билдириш учун асос бўла олади, деган умиддамиз.
Куни кеча «Қизилқум» жамоаси бош менежери Ҳамиджон Актамов Навоийда амалга оширилаётган ишлар, янги мавсумнинг илк таассуротлари ҳамда келгуси режалар хусусида клуб расмий веб-сайтига интервью берди.
— Ҳар бир жамоанинг ўз мухлислари бор, — дейди Ҳамиджон Ғуломович. — Улар ўз жамоасининг кучлилар сафидан жой олишини, халқаро мусобақаларда ўз шаҳри ва юрти шарафини муносиб ҳимоя қилишини кўришни истайди. Севимли футболчилари мамлакатимиз бош жамоасида тўп суришини орзу қилади. Бу бевосита «Қизилқум» футбол клубига ҳам дахлдор, деб биламан.
Дастлаб Зарафшон шаҳрида ташкил этилган бу жамоа 2000 йилдан бошлаб мунтазам равишда олий лигада иштирок этиб келяпти. Ўзига хос тарихга эга «Қизилқум» футбол клуби 2002 йилда Ўзбекистон миллий чемпионати бронза медалига сазовор бўлганлиги эътиборлидир. Аммо охирги йилларда жамоада мураббийлар қўнимсизлиги эвазига натижалар ўта нохуш кўриниш ола бошлаганлиги мутахассис ва мухлисларга жуда яхши маълум.
Жамоани ўз ҳолига ташлаб қўйилган, энг оғир маҳалида, аниқроғи, 2013 йилги мавсумнинг иккинчи ярмида қабул қилиб олгандим. Навоий вилоят ҳокимлиги, вилоят футбол федерацияси ҳамда бош ҳомий — Навоий кон-металлургия комбинатининг қўллаб-қувватлаши эвазига жамоани оёққа турғазиш ва унинг муаммоларини бартараф этишга киришдик. Ўша йилнинг августида жамоани вилоят маркази — Навоий шаҳрига кўчириб келтирдик. Мана шундан бери, «Қизилқум» жамоаси Навоий шаҳри шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Ўша пайтда жамоа 13 учрашувда майдонга тушиб, атиги 7 очко жамғарган ва ўн тўрт қатнашчи ўртасида сўнгги поғонани банд этиб турганида кўпчилик аллақачон «Қизилқум» жамоасини кучлилар қаторини тарк этишини тахмин қилиб бўлишган эди. Давралар оралиғида жамоа таркиби деярли саксон фоизга янгиланди. Мураббийлар штабида тўлиқ маҳаллий мутахассислар иш бошлади. Майдонга ҳам асосан маҳаллий футболчилар туширилди. Якунда 25 очко тўплаб, «Қизилқум» жамоаси 12-ўринни эгаллаш билан бирга олий лигада ўз мавқеини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.
Орадан бир йил ўтиб, жамоамиз 11-ўринни эгаллаган бўлса, 2015 йилда ўн олти жамоа орасида 10-поғонани банд этди.
Юқорида нега жамоа тарихини эсладим?! Мухлислар ишончини қозониш, ижобий натижаларга эришиш учун аввало эътибор ва вақт талаб қилинади.
«Қизилқум» жамоаси уй учрашувларини Навоийда ўтказа бошлаган дастлабки йилда рақибларни бундан 30-40 йил муқаддам барпо қилинган «Сўғдиёна» стадионида қабул қиларди. 2014 йил 2 майдан бошлаб эса уй учрашувларимиз замонавий «Ёшлар» спорт мажмуасига кўчирилди. Афсуски, ўша пайтда футбол майдонининг ҳолати ниҳоятда ачинарли, футболчиларимиз ҳам, рақибларимиз ҳам унинг сифатидан шикоят қилишарди.
Буни Навоийда футболни ривожлантиришга салмоқли улуш қўшаётган вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Эркин Турдимов ўз вақтида сезиб, футбол клубимизга амалий ёрдам бердилар. Уларнинг амалий ёрдами ва қўллаб-қувватлаши эвазига ўтган йил биринчи давра учрашувлари якунига етгач, «Ёшлар» спорт мажмуаси ва футбол майдонида кенг кўламли реконструкция ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бу ерда халқаро талабларга жавоб берадиган барча шарт-шароитлар яратилди. Бугун Навоийга келган жамоалар ҳам буни алоҳида эътироф этишмоқда. Футболчиларнинг чиройли футбол намойиш этишлари учун ҳам барча шарт-шароитлар муҳайё қилиб берилди.
— Юқоридаги фикрларингиздан англашиладики, ҳозирда Навоийда рақобатбардош жамоа шаклланмоқда. Хўш, жамоа олдига бу йилги мавсумда қандай вазифа қўйилган?
— Юқорида айтганимдек, охирги уч йил футбол клубимиз учун ўзига хос синовлар йили бўлди. Мавсум бошида вилоят футбол федерацияси ва хомийларимиз жамоа олдига аввало чиройли ва ҳужумкор ўйинлар намойиш этиб, мухлисларни хурсанд қилишни бош вазифа қилиб қўйишди. Ўтган йилги таркиб ўзагини сақлаб қолган ҳолда ўз ички молиявий имкониятларимизга қараб, бир қатор тажрибали футболчиларни жамоага таклиф қилдик. Албатта, ҳозирда жамоа шарафини ҳимоя қилаётган йигитларимиз мавсумни ёмон бошлашмади. Бугунгача ўтказган учрашувларда мухлисларимиз фикрини ижобий томонга ўзгартира олдик, деб ўйлайман. Буни «Ёшлар» спорт мажмуасига ташриф буюраётган мухлислар сони ортгани ҳам тасдиқлаб турибди. Аммо ҳали бизнинг ўз ишимиз ва кўрсатаётган ўйинларимиздан кўнглимиз тўлмаяпти. Навоийда чемпионлик ёки Ўзбекистон кубоги учун даъвогар бўладиган жамоани шакллантиришимиз зарур. Поёнига етган тўққиз тур баҳслари таркиб борасида ҳам, амалга ошираётган ишларимизда ҳам камчилик ва нуқсонларимиз талайгина эканлигини кўрсатиб берди. Давралар оралиғида таркибимизни кучайтириш чораларини кўрамиз. Энди «Қизилқум» жамоаси олий лигада жон сақлаб қолиш учун эмас, кучлиларга қарши муносиб ўйинлар намойиш қиладиган жамоалар қаторида бўлишга интилади. Буни клуб раҳбарияти ҳам, мухлисларимиз ҳам исташмоқда, талаб қилишмоқда.
— Давралар оралиғида таркиб қай йўсинда кучайтирилади? Аксарият тажрибали футболчиларнинг бошқа клублар билан амалда шартномалари мавжуд бўлса?!
— Айни пайтда жамоа таркибининг деярли барча чизиқларида маҳоратли футболчиларга эҳтиёж сезилмоқда. «Насаф» футбол клубидаги ёрқин ўйинлари билан мухлисларга танилган тажрибали ҳимоячи Ҳамза Каримовнинг мавсумнинг иккинчи ярмини жамоамизда бошлаши ҳал бўлган. Гарчи, аксарият маҳоратли футболчиларнинг бошқа клублар билан амалдаги шартномалари мавжуд бўлса-да, «Қизилқум» футбол клубига ёрдам беришни истаётганлари ҳам етарли. Шунингдек, легионерлар масаласини ҳам қайта кўриб чиқмоқчимиз. Ҳужумчи Вячеслав Шевченкони ҳисобга олмаганда, бошқаларидан кўнгил тўлгани йўқ. Бундан ташқари, ПФЛ талаби бўйича 3+1 лимитидаги осиёлик легионер ўрни бўш турибди. Айни чоғда Эрон, Жанубий Корея, Ироқ терма жамоалари аъзолари саналган футболчилар билан музокаралар олиб бориляпти. Бизга кўпроқ маҳаллий иқлимимизга мос тушадиган легионер ўйинчилар зарур. Чунки ҳадемай юртимизда бир мунча иссиқ ҳавода тўп суришга тўғри келади. Бир сўз билан айтганда, клубимизда селекция ишлари бутун мавсум давомида тўхтамайди.
— Ҳамиджон Ғуломович, айрим мухлислар Сизнинг бош менежер бўла туриб, жамоа аъзоларига кўрсатма беришингизни танқид қилишмоқда. Бунга муносабатингиз қандай?
— Бу ҳақда кўпчилик ўзимга ҳам очиқчасига савол беришмоқда. Замонавий футболда буни табиий қабул қилиш керак. Футбол клуби инфраструктурасида қилинадиган ишлар жуда кўп. Аммо футболни майдонда фақат ўн бир киши ўйнайди. Жамоанинг ижобий натижаларга эришиши учун тажрибали мутахассиснинг ўз ўрни бор, албатта. Гарчи, натижа учун мураббий жавобгар бўлса-да, футболчиларнинг ҳаммаси майдонда унинг кўрсатмаларини бирдек аъло даражада бажаришига ким кафолат беради?! Бизни қувонтирадигани, Навоийда бугун чинакам аҳил ва иноқ жамоа шаклланмоқда. Футбол клуби ҳам бир оила! Унда тартиб ва интизом биринчи ўринда туриши лозим.
Ўз вақтида умуман тўп тепмаган мутахассислар фаолият кўрсатаётган футбол клублари ҳам бугун истаганча топилади. Аммо мен ҳам футбол ўйнаганман. Билсангиз, бир пайтлар Навоийда «Южанин» жамоаси бўларди. Футболда биринчи ўринда маҳорат турса, уни намойиш этиш аввало руҳиятга боғлиқ, деб биламан. Ўтаётган ҳар бир дақиқамиз, ҳар бир кун инсон учун сабоқ бўлади, муаллимлик вазифасини ўтаб бераркан! Қўлида ПРО лицензияси бўла туриб, жамоаси олий лигани тарк этаётган мураббийлар йўқ, дейсизми орамизда?!
Тўғри, менежерлик ташвиши ўзига етарли. Футболчиларга кўрсатма бериш учун ҳам савия, билим талаб этилади. Мен «Қизилқум» жамоасига тасодифан келиб қолмаганман. Дастлаб вилоят биринчилигида қатнашган «Южанин» жамоасини ташкил этиб, унда ўйновчи-мураббий сифатида фаолият олиб борганман. 2013 йилги мавсумдан бошлаб биринчи лига аъзоси — Навоийнинг «Зарафшон-НЦЗ» футбол клубига раҳбарлик қилдим. Ўша мавсумда бу жамоанинг қандай ўйнаганлигини, биринчи даврадан сўнг олий лигага асосий даъвогарлардан бирига айланганлигини мухлислар яхши эслашса керак. Сўнгра, вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят футбол федерацияси менга «Қизилқум» жамоасини ишониб топширишди. Жамоани оғир аҳволда қабул қилиб олганимда мен билан ёнма-ён туриб ишлайдиган, маслаҳат берадиган инсонлар бармоқ билан санарли эди. Кўпчилик ишончсизлик билан қараган, ҳатто очиқчасига устимиздан кулганлар бўлганди. Аммо якунда машаққатлардан чўчимасдан «Қизилқум» жамоасини олий лигада олиб қолишнинг уддасидан чиқдик. Шундан сўнг, 2014 ва 2015 йилги мавсумлар ҳам жамоамиз учун осон кечгани йўқ. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бугун Навоийда «Қизилқум» футбол клуби аста-секин ўз қаддини тиклай бошлади. Клубда бугун ҳам муаммолар йўқ эмас. Бюджетимиз ҳам у қадар катта эмас, ўзига яраша камтарона. Ҳомийларимиз — Навоий кон-металлургия комбинати ҳамда «Қизилқумцемент» АЖнинг мададини доимо ҳис этиб турибмиз. Жамоа аъзолари ўз вақтида маош ва мукофот пулларини олишмоқда. Ҳозирда энг катта ютуғимиз — аҳил ва иноқ жамоамиз. Клубда мураббийлар штабида асосан маҳаллий мутахассислар фаолият олиб боришяпти. Улар билан доимо ҳаммаслаҳат ва ҳамфикр иш юритишга ҳаракат қиляпмиз, қолаверса, мамлакатимизнинг тажрибали мутахассисларидан маслаҳатлар сўрашдан тортинмайман. Жумладан, собиқ пахтакорчи, таниқли мутахассис, ОФК инструктори Ислом Аҳмедовни жамоамизнинг илмий-маслаҳатчи мураббийи деб биламиз. Эришаётган ижобий натижаларимизда унинг бизга бераётган назарий билим ва кўрсатмалари самарасини инкор этмаймиз.
Шу ўринда таъкидлашни истардимки, футбол клубимизга холис ёрдам ва маслаҳатлар бериш истагида бўлган инсонлар учун эшигимиз доимо очиқ. Шахсан мен футбол фидойиларини жуда ҳурмат қиламан ва уларнинг меҳнатини қадрлашга ўрганганман. Қийин ва оғир аҳволида «Қизилқум» жамоасини қўллаб-қувватлаганларни ҳам, ундан юз ўгирганларни ҳам унутмайман. Айримлар ўйлаганидек, мен футболга бизнес қилиш учун эмас, аксинча Навоийда футболни ривожлантиришга ҳисса қўшиш учун кирганман. Агар муддаом фақат пул ишлаш бўлганида менинг ўз тадбиркорлик йўлим бор эди. Минглаб мухлислар дарди ва ташвишига шерик бўлмасдан ўз бизнесимни қилиб юраверсам ҳам бўларди. Ортиқча ғийбат ва фисқу фасодга эътибор қилишга ўрганмаганман. Аксинча, танқидлардан тўғри хулосалар чиқаришга ҳаракат қиламан. Мақсадимиз эса келгусида «Қизилқум»нинг мамлакатимизда ўз мавқеини тиклаш, Осиё чемпионлар лигасига йўлланмани қўлга киритишдан иборат. Бу йўлда эса ҳар бир фойдали маслаҳатга қулоқ тутишга доимо тайёрман.
Балки, вақти келиб биз ҳам ўз мураббийлар штабимизга хорижлик мутахассисни жалб этармиз. Ҳозирча «Қизилқум» футбол клубида бунга эҳтиёж сезаётганимиз йўқ, деб биламан.
— Асосий таркиб мавсумни ижобий натижалар билан бошлаган бўлса-да, аммо «Қизилқум» ёшларининг айни пайтда эгаллаб турган мавқеи мухлисларни ранжитмоқда...
— Фикрингизга қўшиламан. Ёшлар лигаси учрашувларига жамоани мураббий Обид Худоёров тайёрламоқда. Уларнинг машғулот ва учрашувларини мунтазам кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Афсуски, ёшларимизнинг аксарияти малакали мураббий қўлида сабоқ олмаганлиги ва мактаб кўрмаганлиги эвазига бугун биринчилик жадвалининг қуйи поғонасида бормоқда. Келгусида жамоамизнинг ижобий натижалари давомли бўлиши учун эса аввало болалар футболига катта эътибор кўрсатишимиз, ғамхўрлик қилишимиз лозимлигини ҳар лаҳзада ҳис этиб турибмиз. Бу борада клубимиз қошидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактабига эътиборни кучайтириш чораларини кўряпмиз. Футбол мактабига Нодиржон Болтаев раҳбарлик қиляпти. Айни пайтда мазкур таълим даргоҳи билан ҳамкорликни янада яхшилаш, беш ва ўн йилга мўлжалланган мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш устида бош қотиряпмиз. Футбол мактабимиз моддий-техника базасини кучайтириш, янги футбол майдонлари барпо этиш бугунги давр талаби, деб биламан.
Комментарии