Ҳакамликдан бутунлай четлатилган Рустам Бобомуродов: "Виждоним тоза, ўша вазиятда юз фоиз пенальти йўқ эди"
20 сен 2017 14:29
Новости
Ҳакамликдан бутунлай четлатилган Рустам Бобомуродов: "Виждоним тоза, ўша вазиятда юз фоиз пенальти йўқ эди"
Ўйинни бошқариб борган навоийлик ҳакам Рустам Бобомуродов бир вазиятда "Динамо" дарвозасига пенальти бермагани учун бу қарори кўплаб эътирозларга сабаб бўлди. Натижада учрашув назоратчиси Артём Арутюнов унга 4,0 балл, яъни икки баҳо қўйди.
Бугун эса ЎФФ ва ПФЛ расмий сайтида Рустам Бобомуродовнинг бутунлай футболдан четлатилгани ҳақида хабар чиқди. Шундан сўнг биз ҳакам билан боғланиб ўйинда юз берган баҳсли вазият ва ЎФФнинг қарори юзасидан фикрларини сўрадик.
- Рустам ака, бугун ЎФФ расмий сайтида сизнинг ҳакамликдан бутунлай четлатилганингиз ҳақида хабар чоп этилди. Маълумки, сиз олий лиганинг 21-туридан ўрин олган "Бухоро" - "Динамо" баҳсини бошқариб, ўйиндаги ҳаракатингиз назоратчи томонидан 4,0 баллга лойиқ кўрилди. Бу эса икки баҳо деганидир. Келинг, аввал ўша ўйиндаги баҳсли вазиятни ёдга олсак.
- Мен учрашувни яхши бошқардим деб ўйлайман. Ҳеч бир томонга ён босганим йўқ ва ўйин пайти нимани кўрган бўлсам шунга қараб қарор чиқардим. Энди "Динамо" дарвозаси томон пенальти берилмаган вазиятга келсак, бу вазиятда "Бухоро" футболчиси тўпга бош билан зарба берган пайтда рақиб ўйинчиси ҳам тўпни қайтариш учун сакради. Биласиз, одам сакраганда қўли ҳам беихтиёр юқорига кўтарилади. Кейинчалик ўша вазият фотосурати сайтингизда чиқди. Расмга эътибор берсангиз, "Динамо" футболчиси тўпга сакраётганда тўпга қарамаётганини ва кўзларини юмиб олганини кўрасиз. Демак, футболчи шунчаки тўпни қайтараман деб ўйлаган, унда тўпга ўйнайман деган фикр бўлмаган.
- Бу вазият ўйиннинг нечанчи дақиқасида рўй берди?
- Адашмасам, 76-77-дақиқаларда.
- Сизга битта шу вазият учун жиддий эътироз бўлдими? Чунки бухоролик мухлисларнинг ёзишича, сиз икки бор "Динамо" дарвозаси томон пенальти қўймаган экансиз.
- Битта вазият биринчи таймда рўй берди, яъни иккала жамоа футболчиси жарима майдончаси ичида бир-бирига урилиб йиқилди. Лекин бу умуман пенальтига тортмасди. Шу боис асосий эътироз иккинчи таймдаги ҳолат бўйича бўлди. Мен ўйин одилона ўтсин, мен ҳам яхши бошқарай деб нимани кўрган бўлсам, шунга қараб қарор чиқардим. Агар ҳар бир вазиятга 11 метрлик жарима тўпи қўяверсак, кейин янаям бошқа гаплар чиқиб кетади. Шундай ҳолат бўлдики, самарқандлик футболчини ҳам рақиб ўйинчиси ушлаб қолди, лекин унда ҳам пенальти бермадим. Лекин бунга биров эътибор қилгани йўқ.
- Ўйинни бошқараётганда барибир ички ҳиссиёт бўлади: пенальти бор ёки йўқ деган.
- Мен шу заҳоти юрагимга қулоқ солдим ва ички ҳиссиёт менга пенальти йўқ деди. Чунки пенальти қўйганимда эртаси куни атайин пенальти қўйдинг деган гап тегарди. Ўша вазиятни ҳозир ҳам эслайман: футболчи тўпга атайлаб қўл билан ўйнамади, тўп бехосдан футболчининг қўлига тегиб кетди ва масофа жуда яқин бўлгани учун мен 11 метрлик жарима тўпи белгиламадим. Агар тўп дарвоза томон бораётганда ва ўйинчи уни қўл билан қайтариб қолса бу бошқа гап эди. Лекин бу вазиятда кўзини юмиб олган футболчи тўп қўлига текканини ҳатто кўрмади ҳам.
- Ўйиндан кейин сиз шу вазиятни назоратчи Артём Арутюновга тушунтирганда у киши нимадир дедими?
- Артём Сергеевич футболчи барибир қўл билан ўйнади деди. Мен тушунтиришга ҳаракат қилдим, лекин у киши эшитмади ва паст баҳо қўйди. Эътироз эса ўша вазият бўйича бўлди.
- Ўйиннинг боришидан "Бухоро" ютиши мумкинмиди?
- У жамоа ҳам, буниси ҳам ютиб кетиши мумкин эди, чунки хавфли вазиятлар иккала томонда ҳам бўлди.
- Сизнингча, назоратчи қўйган балл нотўғрими?
- Энди мен ўйинчилар олдида ўша пайтда нима бўлганини кўрдим. Лекин назоратчи бизларни баҳолайдиган киши. Аммо барибир ўз фикримда қоламан: қўл тўпнимас, тўп қўлни топди.
- Биламизки, олий лига баҳсларида ҳакамларга икки баҳо қўйиш ҳоллари рўй бериб туради. Ва бунгача паст баҳо олган ҳакам тўрт ё бешта ўйинга четлатиб келинган. Аммо сизни футболдан бутунлай четлатишди. Бунга муносабатингиз?
- Тўғриси, ўқиб ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Мени яхши танийдиганлар билади: доим ҳам пенальти қўявермайман. Мен ҳар доим футболчиларнинг "жанг" қилишига қўйиб берганман. Чунки ҳадеб ҳуштак чалавериш ўйин савиясини тушириб юборади. Бухородаги баҳс шундоғам асабий руҳда ўтди, стадионга кўплаб мухлислар келишди. Лекин мен баҳсни адолатли бошқариб боришга ҳаракат қилдим. Бор гап шу.
- Бу қарор сизга қандай таъсир қилди?
- Албатта, ҳозир тушкунликка тушиб ўтирибман. Лекин қўлимдан нимаям келарди. Агар федерацияга чақиришса бориб тушунтириш беришга тайёрман.
- Сиз ЎФФ қарори юзасидан апелляция беришингиз мумкинми?
- Мумкин, лекин кимга бераман? Дардимни ким эшитади? Ҳамма бир бўлиб қарор чиқарган бир пайтда кимга нима дея оламан? Мен 17 йил ҳакамлик қилиб бирор марта икки баҳо олмаганман. Бундан-да қийин ўйинларни бошқарганман. Агар олдин ҳам бир-икки марта "икки" олганимда одамлар айтса бўларди, Рустамнинг ўзи бўлгани шу - олдин ҳам шунақа қилган деб. Лекин мен яна қайтариб айтаман: виждоним тоза ва ўша вазиятда юз фоиз 11 метрлик жарима тўпи йўқ эди.
Хайрулла Холиқов суҳбатлашди.
Комментарии