RU

Последние новости

13:40Гвардиола "Реал" билан ўйин ҳақида: "Менга "қасос" сўзи ёқмайди. Бу "Ман Сити" учун яхши синов. Агар Мбаппе бўлмаса, Винисиус ёки Родриго бор"  0 13:13"Реал" ва "Барселона" собиқ футболчиси энди Қирғизистон миллий терма жамоасини бошқаради  1 13:00Transfermarkt ва Championat.asia 2025 йилнинг энг яхшиларини аниқлашди   2 12:30"Челси" "Барса" устидан қозонилган 3:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг кетма-кет 4 та ўйинда ғалаба қозона олмади  6 11:48TVCOM'да бугунги тақвим: Ўтиш ўйини, Ҳусанов “Сити” билан Мадридда ва бошқалар  0 11:30Слот Салоҳ билан юзага келган зиддият ҳақида: "Ҳаётда ҳамма хато қилади, аммо ўйинчи хато қилганини тушуняптими? Ташаббус ундан чиқиши керакми ёки мендан?"  2 11:15“Fair-play”ни “Машъал”га беринглар  10 10:46Германия МТЖ аъзоси келажаги борасида бир қарорга келди  1 10:15Европанинг ТОП клуби Рамосга таклиф юборди  3 09:46Кейннинг "Бавария"даги келажаги маълум  0 09:20Флик жамоасининг Чемпионлар Лигасидаги ғалабасига муносабат билдирди  3 08:52Месси навбатдаги совринига эга чиқди  16 08:26"Динамо" етакчиларидан бири жамоани тарк этди  3 08:00Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026даги эҳтимолий рақиби Конго ДРнинг Африка Миллатлари Кубоги учун қайдномаси маълум  22 07:29Суперлига плей-офф. Бугун "Арал"нинг рақиби маълум бўлади  14

Ҳакам прокурор бўлиши мумкин, лекин жаллод эмас Новости

Ҳакам прокурор бўлиши мумкин, лекин жаллод эмас

Жамоалар айбни фақатгина ҳуштаги бор кимсадан қидирмаслиги даркор.

Ҳакам деганда, нафақат спорт, балки ҳаётда, суд жараёнида ҳам адолат қарор топишида йўлида хизмат қиладиган шахсни тушунамиз. 

Сўнгги вақтларда ўзбек футболида оч яшил рангдаги либосда майдонда кўриниш берадиган расмийлар кўпчиликнинг диққат марказида турибди. Уларнинг нуфузи шу қадарки, ҳатто мухлислар томонидан уларга бағишланган қўшиқ деярли ҳар учрашувда жўр овозда куйланади. 

Биргина сигнали билан бутун стадионни ўзига қарата оладиган соҳа вакилларига ҳам осон эмаслигини яхши биламиз. Улардан ҳар бир ўйинда масъулият талаб этилади. Баъзан кичик хатолари ҳам катта оқибатларни келтириб чиқаради.

Куни кеча "Бухоро" — "Олимпик" учрашуви бош ҳаками Комилжон Расулов мезбонларга Суперлига билан эртароқ хайрлашишига замин яратадиган қарор қабул қилди. Бундай ҳодиса воҳаликлар билан "Пахтакор"га қарши баҳсда ҳам содир бўлганди. Ўша кеча ҳакамларнинг қулоқлари дазмол босилган ҳолатга келганига шубҳа йўқ. Якунда қоидабузарлик учун футболчиларни жазолайдиган ҳакамнинг ўзи футбол қоидаларига номутаносиб қарор чиқаргани учун муносиб жазога лойиқ кўрилди.

Бироқ "Бухоро"нинг Про лигага равона бўлишига фақатгина ҳакамлар сабаб бўлди, деган фикрдан йироқман. Келинг, буни тушунтиришга ҳаракат қилиб кўраман. Воҳа жамоасини ҳурмат қилган ҳолда шуни айтишим мумкинки, Улуғбек Бақоев шогирдлари шов-шувларга бой бўлган икки ўйинида ғалабага лойиқ ўйин намойиш этгани йўқ. Шундай экан, ўша икки баҳсда икки очко қўлга киритилганда ҳам, нари борса, "Турон" ортда қолдириларди. Охирги икки турда эса уларни нисбатан юқорироқда турган "Андижон" ва ОКМК кутиб турибди. Нақ 6 учрашувдан бери рақиб дарвозасига йўл топа олмаётган клубдан олдиндаги икки рақибни янчиб кетишини кутиш амри маҳол. Яъни "Бухоро"нинг ўтказган 24 учрашувида ҳам ҳакамлар рақиб фойдасига олиб бергани йўқ. Ўртача ҳар икки ўйинда амал-тақал битта гол ураётган, кези келганда бўш дарвозани ишғол қила олмаётган жамоанинг Суперлига билан хайрлашишига, илк навбатда, ўзи сабабчи. Агарда клуб керакли ўйинларда керакли очколарни қўлга кирита олганда, бугун қўлига дастрўмол ушлаб ўтирмаган бўларди. 

Ҳа, "Бухоро" мавсум давомида ҳавас қилгулик ўйин намойиш этмади, натижага мураббий ҳам жавобагар бўлиши керак. Шунингдек, муваффақиятсизлик сабабларидан бирини юзлаб одамлар тўрт ойдан бери маошсиз ишлашаётганини айтган футболчининг гапларидан ҳам англаб олиш мумкин. Қолаверса, навқирон шаҳар жамоаси яна ўз стадионидан айрилиши мумкинлиги тўғрисида гап-сўзлар учрамоқда...

"Турон"да ҳам шундай. Ёш ўйинчилар арзимас ҳақ эвазига майдонда тер тўкишмоқда ва шунга яраша натижа қайд этмоқда. 

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳакамлик муаммоси 10 йилдан кейин ҳам барҳам топмайди, барибир, шу мавзуга дучор бўлаверамиз. Ҳатто дунёда етакчи лига ҳисобланган Англия Премьер-лигасида ҳам қандай ҳолатлар учраётгани тўғрисида бохабар бўлсангиз керак. ВАРдаги топган топалоқ каби ўйинларни камайтириш учун ҳам сифатли ва кўп сонли камераларга муҳтожмиз.

Гапиришга осон бўлиши мумкин, бироқ ўз олдига юқори мақсад қўйган, рақибни пухта ўрганган ҳамда мустаҳкам режа тузган жамоа Нишимура ҳакамлик қилган тақдирда ҳам, керак бўлса, ҳакамига қўшиб рақибни мағлуб этишга ҳаракат қилиши лозим.

Севимли жамоасидан юқори марраларни кутадиган мухлислар муваффиятсизликнинг сабабини фақат ҳакамлардан эмас, катта эҳтимол билан тўлаётган солиқлари эвазига ҳам шакллантириладиган клубнинг раҳбарияти ва мураббийларидан талаб қилгани мақсадга мувофиқ. Чунки айнан шу инсонлар ходимлар, мураббийларни ишга олади, футболчиларни жалб этади, мўмай маблағ эвазига легионерларни таклиф этади. Ҳакамлар эса энг кўпи билан мавсум давомида бешта ўйинда полиз маҳсулотини қўйнидан тушириб юбориши мумкин. Бутун мавсум давомида оёқдан чалишга ҳеч кимнинг қурби етмайди. Гаражингиздаги "Спарк"ни "Феррари"дан ўзиб кетиши учун Михаэль Шумахерни олиб келсангиз, ҳам "Спарк" "Спарк"лигини қилиши турган гап.

Шундай жамоалар борки, улар йиллар мобайнида юқори марраларни кўзламайди, аксинча, Суперлигада жон сақлаб қолишни ўзига шараф деб билади. Мухлислар учун эса айбдорни осонгина топиб беришади: майдон марказидаги шахс.

Тўғри, ҳакам қайсидир паллада чемпионлик учун курашаётган жамоанинг йўлига тўғаноқ бўлиб қолиши мумкин. Бу фожиали ҳодисанинг ўзгинаси. Бироқ йил давомида қониқарсиз натижа қайд этаётган бирор жамоанинг бунга сабаб қилиб ҳакамни қалқон қилиши унчалик тўғри эмас. Зеро, ҳакамлар аралашувисиз ҳам қайсидир клуб учта фронтда илғорлар сафида курашмоқда, қайсидири Неймари бор юлдузлар билан тенгма-тенг курашмоқда, яна қайсидири эса икки хонали сонга яқин голлардан баҳраманд бўлмоқда. 

Натижага қасддан катта таъсир ўтказган ҳакамни айблаш, уни жазолаш мутлақо тўғри, бироқ ёмғир-у қор демасдан, севимли жамоасини қўллаб-қувватлаш учун стадионга ошиқаётган томошабинлар сифатли ўйин ва натижани жамоадагилардан ҳам талаб қилишни билиши керак. Шундагина мураббий-у, ундан юқоридагилар юмшоқ креслони кадастр қиладиган эмас, майдонда борини берадиган ҳамда фанатлар олқиши учун жон куйдирадиган футболчиларни олиб келишга ҳамда керакли натижага эришишга бироз бўлса-да, ҳаракат қилади, деб ўйлайман.

"Бухоро" ҳакамлар қурбони бўлдими? Комилжон Расуловга берилган жазо адолатданми?

Рейтинг: -12   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика