Суперлигадаги илк аргентиналик футболчи Ўзбекистонга келиши, чемпионат даражаси ҳамда фаворитлар ҳақида фикр билдирди
10 июл 2022 23:10
Новости
Суперлигадаги илк аргентиналик футболчи Ўзбекистонга келиши, чемпионат даражаси ҳамда фаворитлар ҳақида фикр билдирди
Мавсум бошида барча жамоалар каби "Қизилқум" ҳам ўз таркибини сезиларли даражада кучайтирган эди. Шундай трансферлардан бири аргентиналик футболчи Гонсало Габриэль Риттако ҳисобланади. Ҳозирги кунда Суперлига жамоалари ёзги таннафусдалигини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон чемпионатлари тарихидаги дастлабки аргентиналик футболчи мавсумнинг иккинчи қисмига қандай тайёргарлик кўраётгани билан қизиқдик.
- "Қизилқум" жамоасидан сизга қачон ва қандай қилиб таклиф келиб тушди?
- Февраль ойида агентим қунғироқ қилиб, "Қизилқум" жамоасидан таклиф булаётганини айтди ва клуб мураббийи мени ўз жамоасида кутаётганини таъкидлади. Сўнгра ушбу таклифни қабул қилдим.
- Ўзбекистонга келишингиздан аввал юртимиз ҳақида қандай маълумотга эга эдингиз?
- Туғрисини айтсам, деярли ҳеч қандай маълумот билмасдим, чунки бу ерда дастлабки аргентиналик бўлганлигим учун бу мамлакат ҳақида кимдан сўрашни билмасдим. Аммо юртингиз ва футболингиз ҳақида изландим ва шу ерга келишга қарор қилдим.
- Айтиб ўтганингиздек, Ўзбекистон чемпионатлари тарихидаги дастлабки аргентиналик футболчисиз. Бу ҳақда қандай фикрдасиз?
- Ростини айтсам, бу ҳақда Ўзбекистонга келганимдан сўнг эшитдим. Бир куни аргентиналик журналист қўнғироқ қилиб, ушбу маълумотни менга айтганида, жуда ҳайрон бўлдим, чунки дунё буйлаб минглаб аргентиналик футболчилар фаолият олиб боришади. Яна шуни таъкидлашим керакки, бу ердаги биринчи аргентиналик футболчи бўлиш мен учун жуда катта шараф. Ўйлайманки, келгусида кўплаб юртдошларим ушбу мамлакатда фаолият олиб боришади.
- Ўзбекистонда ярим мавсум тўп тепдингиз. Суперлига қандай таассурот қолдирди?
- Менга чемпионатингиз жуда ҳам ёқди, чунки бу ерда барча жамоалар чемпионлик учун курашмоқда. Ўйлашимча, Суперлига Осиёдаги энг кучли лигалардан бири ҳисобланади.
- Бўш вақтингизда нималар билан шуғулланасиз?
- Вақтдан унумли фойдаланган ҳолда жисмоний ҳолатимни яхшилашга ҳаракат қилмоқдаман, чунки асосий таркибдан жой олишим шарт. Дам олиш ҳақида ўйламаяпман, сабаби мавсум сўнгида дам олишга вақтим бўлади. Албатта, бу ўлканинг тарихий шаҳараларини зиёрат қилиш ниятидаман.
- Мендаги маълумотларга кўра, жамоадаги муҳит унчалик яхши эмас. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Бу жамоа менинг оилам ҳисобланади ва ҳар бир оиланинг ўз сирлари бўлади. Мен ўз оилам сирларини матбуотга тарқатиш ниятида эмасман.
- Чемпионлик учун қайси жамоалар даъвогар деб ўйлайсиз?
- "Қизилқум", "Насаф" ва "Пахтакор" жамоаларининг имкониятларини юқори баҳолайман. Умид қиламанки, "Қизилқум" мамлакат чемпиони бўлади.
- Жамоа мухлисларига тилакларингиз...
- Мухлислардан доим жамоага ишонч билдирган ҳолда қўллаб-қувватлашда давом этишини сўраб қоламан. Фурсатдан фойдаланиб, "Қизилқум" жамоаси мухлисларига миннатдорчилик билдираман, сабаби бу ерга ташриф буюрганимдан буён улар менга фақат илиқ муносабатда бўлишди. Ўз кучим ва тажрибам орқали жамоа натижаларига ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.
Учқун Азимов суҳбатлашди.
Комментарии