RU

Последние новости

21:58МЮ товон пули 60 млн евро бўлган испаниялик хавбекка қизиқмоқда  0 21:32"Ман Юнайтед" Маунтни сотишни режалаштирмаяпти. Хавбек янги мавсумда ўзини кўрсатмоқчи  0 21:06"Mirabror Usmanov Cup-2024". Ўзбекистон Қирғиз Республикасини мағлуб этди, Нишоновдан хет-трик!  1 21:01Фюллькруг Ла Лига гранди сафига ўтиши мумкин  0 20:27Назорат учрашуви. "Андижон" ва "Қизилқум" ўртасидаги ўйинда 4та гол урилди  6 19:59"Фенербахче" "Севилья" билан Юссеф Эн-Несири трансфери бўйича келишувга эришди, аммо...  0 19:33РПЛ. "Локомотив" голларга бой учрашувда "Акрон"ни мағлубиятга учратди  2 19:12"Mirabror Usmanov Cup-2024". Ўзбекистон - Қирғиз Республикаси: Таркибимиз маълум  1 18:53Эшитдик-да! Рубин Хебай Ўзбекистон чемпионатига қайтмоқда  20 18:34Расман: Азизбек Амонов — "Нефтчи" аъзоси   7 18:00Футзал бўйича BMB CUP мусобақасида энг кучлилар тақдирланди   1 17:46"Реал Сосьедад" Испания ёшлар терма жамоаси аъзосини сотиб олади  1 17:21Эшитдик-да! Санжар Қувватов "Нефтчи"ни тарк этди, у Суперлиганинг бошқа бир грандига ўтади  24 16:56Эшитдик-да! "Навбаҳор" "Олимпик"нинг 2 футболчисига жиддий қизиқмоқда  7 16:33Фабрицио Романо: Калафьорининг "Арсенал"га трансфери яқин кунларда ҳал бўлади  2

Ғалати мураббий Новости

Ғалати мураббий

Йоахим Лёвнинг қарорлари доим ғалати ва кутилмаган бўлади.

Германия терма жамоасининг якуний таркиби эълон қилингач барча лол қолди. Кўпчиликни Лерой Сане қани, деган савол қийнамоқда. Шу қаторда мени ҳам. АПЛ чемпионига айланган "Манчестер Сити"нинг асосий фигураларидан бирига айланишга улгурган Лерой Сане ажойиб мавсумни ўтказди. Сане жорий мавсумда гол+пас кўрсаткичи бўйича 33 очко тўплади. Германия терма жамоасидаги ҳеч бир футболчи бу натижани қайд этмаган. Лекин Йоахим Лёв ушбу вингерни мундиалга олиб кетмади. Жуда ғалати.

Лекин кўпчилик учун кутилмаган қарор аслида кутилган, десам тўғрироқ бўлади. Ҳар ҳолда бу каби сюрприз бўлишини кутгандим. Кеча Лёв эртага якуний таркибни эълон қилади, дейилганда, ким якунийдан тушиб қоларкан, дея узоқ ўйландим. Кенгайтирилган таркибга киритилган 27 нафар футболчилардан тўрт ўйинчи қолиб кетиши маълум эди. Номзодлар қаторининг тепасидаги "тўртлик" борасида деярли аниқ тахмин мавжуд эди: Дарвозабон Трапп (ПСЖнинг иккинчи дарвозабони), Жонатан Та ("Байер" ҳимоячиси), Себастьян Руди ("Бавария"нинг захира ўйинчиси) ва Нильс Петерсен ("Фрайбург" ҳужумчиси).

Ушбу тахминларнинг фақат иккитаси ўзини оқлади. Марказий ҳимоячи Жонатан Та ва ҳужумчи Нильс Петерсен кутилганидек ЖЧга бормайди. Аммо Сане билан бир қаторда дарвозабон Бернд Ленони якуний рўйхатга киритилмагани қизиқ бўлди. Ҳар ҳолда Лено Траппга нисбатан терма жамоадан муқим таклиф оладиган ва мавсумни жуда яхши ўтказган дарвозабон. Трапп эса ПСЖда ўз жойини Ареолага бўшатиб қўйган. Аммо Лёв Нойерга қўшиб яна бир ўйин амалиётисиз қолган дарвозабонни таркибда қолдирди. Майли, дарвозабон масаласи унчалик муҳим аҳамият касб этмайди. Нойер сафга қайтди ва биринчи рақам бўйича ҳеч қандай савол йўқ. Тер Штеген гарчи ажойиб мавсумни ўтказган бўлсада, ЖЧда Нойерни захира варианти сифатида иштирок этади. Учинчи кипер Лено ёки Трапп бўлиши ҳеч қандай аҳамият касб этмаслиги мумкин.


Лерой Санени тушиб қолиши ҳеч кимни ҳаёлига келмаган қарор. Бироқ Лёв ўз одатига содиқ қолди. Ҳа, Лёвнинг ғайри-табиий қарорлари доим бўлган ва бундан кейин ҳам шундайлигича қолишига шубҳам йўқ. Ўз вақтида Германияда порлаган ва гуллаган "Байер" ҳужумчиси Кисслингни терма жамоага жалб этмай танқидлар гирдобида қолган Лёв бунга парво ҳам қилмаган. Кисслингни шахсий муносабатлар туфайли чақирмаслигини ҳам инкор этмаган. Ёки ЖЧ-2010да таркибни кескин ёшартириб юбориб, айни мундиалда авлодлар алмашувини ўтказган Лёвни ЖЧ олдидан чиқарган қарорлари катта муҳокамаларга сабаб бўлганди. Жуда катта таваккалга қўл урганлиги айтилган Лёвнинг ўша таваккали кейинчалик барчани лол қолдирган. Немис машинаси ЖЧ-2010да ажойиб ўйнаган ва ярим финалга қадар етиб боргани ҳақиқий сюрпризга айланган. ЖЧ-2014да эса ўша 4 йил аввалги таваккал ва Лёвнинг антиқа қарорлари ўз мевасини берганди. Ҳатто Бразилиядаги мундиалда ҳам Лёвнинг ўз эркатойларини ЖЧга олиб кетганликда кўп бонг урилган. Лекин Лёв ўйин амалиётисиз қолган Лукаш Подольскини жамоа муҳитига таъсирини ўйлаб олиб кетиб, амалда хато қилмаганини яна бир бор исботлаган. Ёки қария Клозега ҳам ишонч билдирганига ва Мирославни Бразилияда ўтган мундиалда Роналдо ватанида ЖЧ рекордини янгилагани барчани ёдида.

Лёв табиатдан шундай қайсар, ўжар ва ғалати қарорлар чиқарувчи мураббий. Лёвнинг футболдаги ўзига хос қараши ва ҳеч бир мураббийда йўқ имзоси мавжуд. Лёв кимдан қай мақсадда фойдаланишни биладиган доно. Керак пайтда ўйини чиқмай қолишига қарамасдан ички муҳит учун Подольски ёки Швайнштайгерни олиб кетади. Ёки захирадан ўйинни кучайтириш учунгина Шюррлени мундиалга олиб кетишга қарор қила олади. Гарчи оғир ва узоқ танаффусдан кейин эндигина сафга қайтган Нойерни мундиал олдидан биринчи рақам бўлади, дея маълум қилишдан чўчимайди.

Нойер учун ўртоқлик учрашувлари ёки назорат баҳслари ўтказиш ва уларда атайин ҳимояни бўшроқ ўйнатиб дарвозабонни чиниқтириб олишдан тап тортмайди. Масалан Австрияга қарши ўйин бутун жамоа қандайдир тактик схема ёки услубни кўздан кечириш учун эмас, балки Нойерни ҳолатини текшириб олиш учун хизмат қилди. Ёки Германия ёшларига қарши назорат баҳсида Нойер атайин ёшлар таркибида терма жамоага қарши турди. "Барселона"да супер мавсумни ўтказгани бонг урилаётган Тер Штеген эса немис машинасининг захира ғилдираги эканлигини ҳис этишга мажбур. Матбуот ва кўплаб мутахассислар Лёв  Нойерга ишониб жуда катта таваккалга қўл ураётганини таъкидлашдан чарчашмаяпти. Лекин Лёв буларга парво қилмайди. У ўз ишини қилаверади. Жуда ғалати мураббий.

Лерой Сане мавзуси бугун роса тутайди. Нега у йўқ, қани Сане? Наҳотки деган сўзлар янграши, твиттерда Сане номи трендда чиқиб кетиши Лёвни умуман қизиқтирмайди. Лёв бу танқидлар ёки эътирозларга жавоб беришдан кўра, ўйин ва натижа орқали уларни жим қилишни хуш кўради. Чунки Лёв матбуотда чертиб гапиришдан кўра натижа кўрсатишни яхшироқ эплайди. Шу боисдан ҳам Лёв ҳар доим катта турнирлар олдидан ГФИ билан ўртадаги битимни узайтираверади.

Тан олиш керак, Германия йоахим Лёв қўл остига ўтганидан буён авлодлар алмашувини ортиқча талофатларсиз жуда силлиқ ўтказишни одат қилди. Катта турнирларда натижа кўрсатишни ёддан чиқармаяпти. Тўғри, жамоа ўтган Еврода чемпион бўлолмади. Аммо ҳар қандай катта турнирларни доим совриндор сифатида якунлаш немис машинаси учун одатга айланди. 

Лёвда минимализм ва максимализм ўртасидаги фарқ жуда қисқа - ярим финал ва финал.

Лерой Санени таркибдан тушиб қолиши бугуннинг кутилмаган қарори. Лекин Германия терма жамоаси учун бу катта йўқотиш бўлмади. Санени ЖЧда ўйнамаслиги мундиал учун йўқотиш. Чунки ЖЧда ёш иқтидорлар коллекциясида Мбаппе, Дембеле, Рэшфорд, Жезус, Вернер ва Сане эътироф этилаётганди. Сане улардан бири сифатида Россиядаги Жаҳон чемпионатида порлаши кутилаётганди. Лёвнинг бугунги қарори Германиянинг мундиалдаги имкониятини пасайтиришдан кўра мундиалдаги умидларни пучга чиқарди.

Сане ҳеч қачон немис машинасининг асосий футболчиси бўлмаган. Ҳатто Лёв ўтган йили Россияда ўтган Конфедерациялар кубогида олиб кетган ёшартирилган таркибда ҳам Сане асосий футболчи бўлолмаган. Сане шу кунга қадар Германия терма жамоасида 12 учрашувда иштирок этиб, бор-йўғи биргина голда қатнашган. Лёв азалдан Санени асосий "қурол" сифатида ишлатмаган. Синалмаган "қурол"дан фойдаланишдан кўра ўзининг ёқимтойи Дракслер ва ЖЧ ҳамда Европа чемпионатини жароҳати туфайли ўтказиб юборган Марко Ройсни мундиалда ўйнатишни маъқул топди. Ройс масаласи тушунарли, Марко иккита йирик турнирни кетма-кет аламли тарзда ўтказиб юборди. Дракслер эса ПСЖда гарчи асосий фигура ҳисобланмасада, аммо Лёвнинг схема ва фалсафига мос тушадиган футболчи. Сане Лёвнинг келажакдаги режаларидан ўрин олиши шубҳасиз. Аммо ҳозир эмас.

Санега ҳурматни сақлаган ҳолда шуни айтиш мумкинки, Саненинг иқтидоридан кўра Лёвнинг мураббийлик салоҳиятига кўпроқ ишонаман.

Германия яна Бразилиядаги натижани такрорлаши қанчалик ҳақиқатга яқин ёки қийин, бу иккинчи масала. Аммо Саненинг йўқлиги немис машинаси ғилдиракларинг юришига қаттиқ таъсир кўрсатмайди. Ва немис машинаси ҳар қандай ҳолат ва таркибда ҳам ғолиблик учун асосий даъвогарлар қаторида тилга олинади. Чунки бунга Германия терма жамоаси ўз ўйинлари ва натижалари билан бошқаларни мажбур қила олган. Чунки Лёв ғалати қарорлари билан натижага элтувчи йўлни қисқартира олади. Бу гал немис машинасининг Россия йўлларидаги саёҳати қандай бўлишини эса вақт кўрсатади.


Таркиб

Немис машинасидаги 23 футболчидан уч нафари дарвозабон. Нойер 1-рақам. Штеген захира варианти ва резерв Трапп. Ҳимоя маркази жароҳатидан тикланаётган Боатенг ва Хуммельс тандеми орқали қурилади. Уларга захира сифатида Зюле ва Рюдигер ўз навбатини кутади. Ўнг қанотда яна бир "бавариячи" Киммих, чап қанот ҳимоячи Хекторга ишониб топширилади. Киммихнинг алтернативи Гинтер бўлса, Хекторни захираси Платтенхардт ҳисобланади. Таянч ва марказда Хедира (Гюндоган) ҳамда Кроос (Руди) боғлами ишлайди. Ҳужумга яқин нуқтадан Месут Ўзил (Горецка) ўрин олади. Ўнг қанот ҳужумкор вингери сифатида Лёв Мюллер (Брандт) танловидан фойдаланади.  Чап қанот вингерида Ройс ва Дракслер танлови мавжуд. Марказий ҳужумда эса Тимо Вернер ҳамда Марио Гомез хизматларидан фойдаланилади.

Энди бошқа бир жиҳатга эътибор қаратамиз, Россиядаги ЖЧда Германия терма жамоаси билан 2006 йилги мундиалда иштирок этган футболчилардан ҳеч ким йўқ. Бу йилги мундиални немис машинаси Лёв жамоага келганидан сўнг чақирув олган футболчилар билан ўтказади.

Россиядаги мундиалда Германия терма жамоаси сафидаги 13 футболчи ЖЧдаги дебютини ўтказади. Яна 6 нафар футболчилар учун бу йилги ЖЧ кетма-кет учинчи мундиал бўлади. Қолган тўрт футболчи учун эса Россиядаги футбол фестивали фаолиятларидаги иккинчи мундиал ҳисобланади. Немис машинасида 9 нафар футболчи (Нойер, Боатенг, Хуммельс, Гинтер, Дракслер, Хедира, Кроос, Ўзил, Мюллер) амалдаги Жаҳон чемпионлари ҳисобланишади.


Германия терма жамоасининг ЖЧ-2018даги рўйхати:

Дарвозабонлар:
Мануэль Нойер ("Бавария") - ЖЧ-2010, ЖЧ-2014
Марк-Андре тер Штеген ("Барселона", Испания) * дебют
Кевин Трапп (ПСЖ, Франция) * дебют

Ҳимоячилар:
Жером Боатенг ("Бавария") - ЖЧ-2010, ЖЧ-2014
Маттиас Гинтер ("Боруссия" Мёнхенгладбах) - ЖЧ-2014
Йонас Хектор ("Кёльн") * дебют
Матс Хуммельс ("Бавария") - ЖЧ-2014
Йозуа Киммих ("Бавария") * дебют
Марвин Платтенхардт ("Герта") * дебют
Антонио Рюдигер ("Челси", Англия) * дебют
Никлас Зюле ("Бавария") * дебют

Ярим ҳимоячилар:
Юлиан Брандт ("Байер") * дебют
Юлиан Дракслер (ПСЖ, Франция) - ЖЧ-2014
Себастьян Руди ("Бавария") * дебют
Леон Горецка ("Шальке-04") * дебют
Илкай Гюндоган ("Манчестер Сити", Англия) * дебют
Сами Хедира ("Ювентус", Италия) - ЖЧ-2010, ЖЧ-2014
Тони Кроос ("Реал", Испания) - ЖЧ-2010, ЖЧ-2014
Марко Ройс ("Боруссия" Дортмунд) * дебют
Месут Озил ("Арсенал", Англия) - ЖЧ-2010, ЖЧ-2014


Ҳужумчилар:
Томас Мюллер ("Бавария") - ЖЧ-2010, ЖЧ-2014
Марио Гомес ("Штутгарт") - ЖЧ-2010
Тимо Вернер ("РБ Лейпциг") * дебют

Автор :
Рейтинг: +17   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика