RU

Последние новости

10:18Поль Погба келажаги борасида бир қарорга келди  0 09:42«Манчестер Юнайтед» ПСЖ футболчисини сотиб олмоқчи  0 09:07Клопп Испания жамоасини бошқариши мумкин  0 08:35Ибрагимович 7 кишилик рамзий терма жамоасини тузди  7 07:59Аморим МЮда илк машғулотни ўтказди  2 07:21ЖЧ-2026 саралаш. Бугун терма жамоамиз муҳим учрашувда майдонга тушади  41 03:01Миллатлар лигасининг чорак финалига чиққан барча 8 жамоа номи маълум бўлди  1 02:55Миллатлар лигаси. Роналду иштирок этмаган баҳсда Португалия дуранг ўйнади  4 02:48Миллатлар лигаси. Испания сўнгги дақиқалардаги пенальти эвазига ғалаба қозонди  3 02:15АПЛнинг энг тез югурадиган футболчилари (ТОП 10)  2 01:35Бен Дэвис Сон ҳақидаги хазили учун дисквалификация Бентанкур ҳақида: "Бундай нарсаларга жиддий қараш кераклигини тушундик"  3 23:29Ўзбекистонлик ҳакамлар ЖЧ-2026 саралаш учрашувида ишлайди  3 23:01Алдервейрелд ваҳима касаллиги туфайли Бельгия терма жамоасини тарк этганини айтиб берди  2 21:09Аморимга трансферлар учун тен Хагга нисбатан камроқ пул беришади  3 20:45Эшитдик-да! "Нефтчи" икки мураббийга жавоб бермоқчи  11

«Футбол Экспресс» - 20 ёшда! Новости

«Футбол Экспресс» - 20 ёшда!

6 май куни «ФЭ»нинг илк сони чоп этила бошлаганига 20 йил тўлар экан.

Футбол ичида юрганлигимиз, бевосита тарғиботчиси ҳисобланганлигимиз учун ҳам ўзимизни бемалол бир жамоага қиёслашимиз мумкин. Бунинг учун барча омиллар етарли: Арсен Венгер сингари ана шунча даврлардан буён жамоани  бошқариб келаётган бош мураббийга эгамиз. Хўжалик ишларига жавобгар масъулларимиз, ташкилий томонларни ўз вақтида ҳал этадиган ходимларнинг борлиги, клубни эслатиб юборса ажаб эмас. Фақат бизнинг тўп сурадиган майдонимиз мана шу оқ қоғоздан иборат. Халқаро майдонларда футболчиларимиз эришган ғалабалардан улардан кам бўлмаган ҳолда хурсандлигимизни изҳор этамиз. Омадсизликка учралганда, хафагарчилигимизнинг даражаси анча-мунчасидан ортиқроқ туриши мумкин. Ижобий томонлардан бири, яхшигина таркибга эгамиз. Йиллар давомида шаклланиб келмоқда. Аҳил жамоа. Албатта, ҳар қандай клубда юз бергани сингари бизда ҳам турли трансферлар амалга ошиб туради. Ўйини ўхшамай, ўз устида ишламай қўйганлар ва омадларини бошқа соҳада синаб кўрмоқчи бўлганлар орамизда топилади. Асосийси, иқтидорли ёш ижрочиларга эътибор қаратилиб, йилдан-йилга шаклланиб келаётганлигимиз қувонарли ҳолдир.


РИВОЖЛАНИШНИНГ ЭВОЛЮЦИОН ЙЎЛИНИ ТАНЛАГАН АҲИЛ ЖАМОА
Ҳазрати Навоий таъбири билан айтганда, «Осон эрмас бу майдон ичра турмоқ...». 20 йиллик муддат айтишга қулайга ўхшайди. Мана шу даврлар мобайнида барқарорликни сақлаб, бағрикенгликка амал қилиб, турли муносабатлар билдирилганда баъзан ноҳақликларини англаб турсак-да, фикр билдирувчиларнинг гапларига касб тақозоси туфайли қулоқ тутиб келинади. Жамоанинг энг катта ютуғи - нуқтаи назар билдирилганда холисликка амал қилинишидир. Шу вақтга қадар бирор гуруҳ, шахслар манфаатидан келиб чиқиб иш юритмаганлигимиз билан бемалол фахрлана оламиз. Мақолаларимизда бировларнинг айби ёки камчилигини кўз-кўз қилиш эмас. Йиқилганни тепкилаш бизнинг услубимизга мос тушмайди. Ўлкамизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар, бевосита футбол ичидаги чиройли ҳолатларни қалби тоза инсонларгина кўра билишади. Ҳукм чиқаришда, босиқликда шошилинч иш тутилмайди. Воқеликка ёндашилаётганда бир тарафнинг фикрини эшитибоқ ҳақиқат қарор топди, деган хаёлга борилмайди. Имкон қадар иккинчи томоннинг мулоҳазалари ҳам ўрганишни асосий вазифамиз деб биламиз. Футбол хўжалиги ичидаги айрим камчилик, ноҳақликларга бефарқ томошабин бўлиб тура олмаслигимизни таъкидлашимиз мумкин.

Ўз ўрнида, тезкорликда ҳолатга муносабатни билдиришимизни доим исботлаб келишга уринамиз. Энди оёққа тураётган соҳаларнинг баъзи етишмовчиликларини тўғри тушуниб, чора излашларига имкон қадар кўмаклашишимиз мумкин. Газетанинг асосий ютуғи, барқарорликни ушлаб туришга жиддий аҳамият қаратилаётганлигидир. Баъзан ҳис-ҳаяжонга берилганда юрак ўзингизга бўйсунмай қолганида, ақл ила иш юритиш афзал кўрилади. Шундай паллаларда босиқлик устун туриши, масаланинг ечими бўла олади. Жамоаларимизнинг халқаро майдонлардаги иштироклари, турли янгиликлар борасида маълумотларни ўз вақтида етказиб туришга интиламиз. Ижобий тарафларни керагича  тарғиб қилишимиз турган гап. Ўзимиздаги олий, биринчи ва вилоятлар чемпионатларидаги вазиятларни ҳам назаримиздан қочирмасликка интиламиз. Оммавий, болалар футболига кўпроқ эътибор қаратишимиз ҳам мақтанарли томонларимиздан биридир. Мамлакатимизда қад кўтараётган ҳар бир янги стадион, клублар учун яратилаётган шароитлар ҳақида биринчилар қаторида хабар бериб, воқеликка батафсил ёндашиб, ҳикоя қилишимизни доимий равишда кузатиб борадиган ўқувчиларимиз жуда яхши билишади. Эртанги кунимиз ҳисобланган болалар футболи мавзусига газетанинг деярли ҳар сонида тўхталиш қилишимиздан яхши хабардорсизлар. Чуқур ўйга толдирадиган, таҳлилий тарздаги материалларимиз балки сиз кутган даражада эмасдир. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Иқтидорли ёшларимиз энди ўсиб, шаклланиб, тушунчалари чархланиб бормоқда. Яхши биласиз, спорт, хусусан футбол журналистикаси мамлакатимизда ҳали мақтанадиган даражага чиққани йўқ.

Чунки бу борада ўзимизнинг мактаб яратилганига узоқ муддат бўлгани йўқ. Қолаверса, ўргатадиган аниқ илм даргоҳида ҳам айнан миллионлар ўйинига мослаштирилиб таҳсил бериладиган факультетига дуч келмайсиз. Асосан футболни севиб, меҳр қўйганлигимиз ҳисобига доим изланиб, нашримизни ўқувчиларга маъқул тушадиган ҳолатда тақдим этиш учун изланиб келаётганлигимизни таъкидлаш жоиз. Сафларимиз эса воқелик жараёнида кенгайиб бораверади. Вақтинчалик «йўловчилар» эса ярим йўлда тушиб қолишиб, омадларини бошқа соҳаларда излаб кўраётганларини ҳам тўғри тушунамиз. Балки биздан олмаган маънавий, моддий озуқани  бошқа жойда топган бўлишса ажаб эмас. Ҳар ким ўз дунёқарашидан келиб чиқиб фаолият юритади, қарор қабул қилади.

БОШЛОВ ҲЕЧ ҚАЧОН ОСОН ЧИҚМАГАН
20 йил ортга сизлар билан яна бир карра назар ташлаб ўтсак. Мамлакатимизда биргина отахон газета - «Ўзбекистон футболи»гина чоп этиларди. Соҳада малака борасида етук саналган қаламкашларни топиш амримаҳол эди. Шукурулло Исҳоқов бошчилигида иштиёқманд, футболни теран англайдиган ёшлар саралаб борилди. Гарчи журналистикадан хабарлари йўқ бўлса-да. Кимдир бошлаб бериши керак эди-да ахир! Шундай полапонлар қаторида Улуғбек Мирзаев, Олимжон Эшонхўжаев, Баротбек Усмонов сингари укаларимиз ўзларининг ижобий қирраларини намойиш этишди. Изланиб, янгиликларни йиғишда жон койитганлари ҳали-ҳамон ёдимизда. Оёққа туриб олиш машаққатлари бор эди. Камчиликларимиз мана шу жараёнда кўриниб қолди: бевосита Андижонда чоп этилаётганлигимиз сабабли, дастлаб газетада бир тарафлама мақола, суҳбатлар пайдо бўла бошлади. Бу кимнингдир манфаатини ҳимоя қилиб чиқадиган ҳолат эмасди. Маҳаллийчилик устун келиб, шунингдек «Андижон» клубига бўлган меҳримиз устун туриб, жамоа иштирокидаги учрашувларга тўхталаётганда билиб-билмай турли бўёқларни ишлатиб юборганлигимизга тўғри келганлигини тан оламиз. Мағлубиятга учраганларида нохолис ҳакамлик, рақиб жамоа томонидан ишлатилган айрим қинғирликларга тўхталармидик-ей! Ҳаммаси клубга бўлган  меҳрдан далолат берарди.

Аста-секин ўсиб боришимиз оқибатида бундай камчиликлар, маҳаллийчиликка берилиш каби хатолардан фориғ бўлишимиз кузатилди. Барчаси ортда қола бошлади. Теран, холис фикрлар устунлиги сезила бошлади. Айниқса, Ойбек Юнусов  дўстимиз меҳнат қилган маҳалларда профессионализм сезилиб турди. Чунки тажрибали журналистнинг соҳадаги билими катта эканлиги туфайли, соҳанинг ёш вакилларига ўқиб ўрганишлари учун асослар етарли эди. Бугунга келиб Ойбек ҳам алоҳида мураббий сифатида бошқа  жамоани  бошқармоқда. «Спорт» ва «Ўзбекистон футболи» газеталарига бошчилик қилаётганидан яхши хабардор бўлсангиз керак. Шунингдек, масъул сифатида яна бир малакали журналист Шерзодбек Содиқовнинг меҳнатларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз. Деярли барча материаллар унинг қўлидан ўтарди. Муаллифга камчилик ва ютуқларини айтиб, йўл-йўриқ кўрсатишдан ўзини олиб қочмасди.


ҲАМКОРЛАРИМИЗ СОНИ ОРТИБ БОРДИ
Албатта, газетанинг янада ўқимишли чиқиши борасидаги фикрларнинг бариси халқнинг ичидан олинади. Янгилик бобида катта сакрашга эришилган ўша маҳалларда ҳеч қандай интернет воситаларидан фойдаланилмасди. Кўча-кўйда телефонини «ковлаб»юрганларга дуч келмасдингиз. Барча янгиликлар ОАВ орқали олинарди. Чет эл футболи ҳақида бериб борилган турли хабарлар, хориж чемпионатлари борасидаги маълумотлар ҳам ўқувчиларимизда катта қизиқиш  уйғотган. Чунки кабель телевидениелари ҳали яхши ривожланмаган ва хорижнинг топ-чемпионатлари ҳақида деярли маълумотларни олиш учун турли изланишлар эвазига амалга ошарди. Дастлаб қўрғошинда қуйилган ҳарфларда босмадан чиққан газета, бугунга келиб энг илғор технологиялар ёрдамида ўқувчилар қўлига етиб бормоқда. Дастлабки сонлардаги расмларнинг сифати борасида турли эътирозлар тушганлиги бор гап. Ҳозирга келиб бемалол солиштириб олишингиз мумкин. Илк сонда жуда яхши эслаймиз, Андижон футболининг афсонаси Баҳодир Раҳмоновнинг «Футболда майда муаммолар бўлмайди» сарлавҳали суҳбатини эълон қилгандик. Куни кеча собиқ футболчининг ўзи билан ҳам боғланиб, илк интервьюсини эслаш-эсламаслиги борасида сўрадик. Қойил қолганимиз, ҳаттоки қаерда ўтириб суҳбатлашганлигимизгача ёдида бор экан. Таниқли мутахассис бугунги кунда ҳам «Футбол Экспресс»нинг доимий ҳамкорлари қаторида тилга олинади. Кўп маҳалларда таҳлилий фикрлари орқали чиқиш қилиб туради. Муҳаммадмусо Усмоновга Фарғона футболи борасида мурожаат этиб турамиз.

Ёзёвонлик Қодиржон ҳожи ота ва қўқонлик Мўйдинжон ота Йўлдошевларни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз. Қолаверса, таниқли мутахассислар Ислом Аҳмедов, Баҳром Ҳакимов, Усмон Тошев, Рустам Акрамов, Вадим Абрамов, Рауф Инилеев, Муродбек Исмоилов, Вадим Шодиматовлар долзарб мавзуларда мулоҳазаларини билдиришдан ўзларини олиб қочишмайди. Жуда кўп клуб вакиллари билан илиқ муносабатлар ўрнатишга эришилган. Мамлакат миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаянни ҳам бемалол ҳамкорларимиз қаторига қўша оламиз. Устозимиз Ахбор Имомхўжаевнинг доимий суҳбатлари орқали маънавий озуқангизни бойитиб келаётган бўлсангиз ажаб эмас.  Фарғоналик Ноил Губановнинг кескин, тўғри тарздаги фикрларини ўқувчиларимиз илиқ қарши олишмоқда. Бахтиёр Толипов («Қўқон-1912»), Салим Зокиров («Нефтчи») сингари клуб раҳбарлари воқеликка муносабат билдириш борасидаги илтимосларимизни жавобсиз қолдиришмайди. Шунингдек, барча вилоятлардаги футбол федерация масъуллари билан дўстона алоқа ўрната олганлигимиз билан мақтансак арзийди. Хуллас, сиз билан биргаликда ватанимиз футболини  тарғиб этишда давом этаверамиз. Олдинда ўйлаб қўйган қизиқарли режаларимиз бисёр. Содиқ мухлисларимиз бундан кейин ҳам биз билан бирга бўлишларига умид билдириб қоламиз. Жамоамизнинг бугунги кундаги аъзолари ҳақидаги тўлиқ маълумот, билдирган фикрлари борасида газетамизнинг келгуси сонида батафсилроқ тўхталиб ўтишни ният қилганмиз.

Абдулҳафиз АБДУЛАЗИЗ ўғли.

Рейтинг: +5   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика