Евро-1992 ва ЖЧ-1994 бронза медали соҳиби 50 ёшда
18 апр 2019 21:45
Новости
Евро-1992 ва ЖЧ-1994 бронза медали соҳиби 50 ёшда
1969 йил 18 апрель куни Стефан Шварц дунёга келди. Унинг ҳаётида нафақат қизиқарли, балки аянчли воқеалар ҳам етарлича бўлган.
Эҳтимол, футбол мухлисларининг кўпчилиги швециялик ярим ҳимоячи Стефан Шварцни яхши эслай олишмас. Аммо айнан у она юрти ҳамда Португалия, Англия, Италия ва Испанияда катта муваффақиятга эриша олган ўйинчилардан бири саналади. 1999 йил у Швециянинг энг яхши футболчиси номига сазовор бўлган. Тўғри, у пайтлар ҳали Златан Ибрагимовичдек буюк ўйинчи йўқ эди, аммо Патрик Андерссон, Хенрик Ларссон, Магнус Хедман, Фредрик Юнгберг каби бир қатор машҳур шахслар бор эди.
Стефан Шварц фаолиятини "Мальме"да бошлаган. У ердан "Бенфика"га ўтган. Кейинчалик эса "Арсенал", "Фиорентина", "Валенсия" ва "Сандерленд" каби клубларда тўп тепган. Швеция ва Португалия чемпиони бўлган, "Арсенал" билан Кубок эгалари кубогини қўлга киритган, "Фиорентина" таркибида Италия Кубоги, "Валенсия" билан эса Испания Кубоги соҳибига айланган. Евро-1992 ва ЖЧ-1994да учинчи бўлган Швеция термасиинг муҳим футболчиларидан бири бўлган.
Синган оёғи билан футбол ўйнаган
1997 йил 30 апрель куни Стефан Швеция термаси таркибида ЖЧ-1998 турнирининг Шотландияга қарши саралаш баҳсида майдонга тушди. Учрашув бошида скандинавияликлар бурчакдан зарба бериш имкониятини қўлга киритдилар. Шварц стандартга борди ва тўпни яқинроқда турган шеригига ошириб, ўйинни тезда бошлаб кетишни мақул топди. Жамоадоши унга тўпни қайтарди ва айнан шу паллада Шотландия терма жамоаси футболчиси тўпни тепиб юбориш мақсадида Стефаннинг оёқлари тагига ташланди.
Бир неча сония ўтар-ўтмас, Шварц чим устига йиқилди, узоқ ётмай дарҳол шифокорларни чақирди. Бироз ўзига келганидан сўнг, оёғини кўтарди ва ҳеч нарса бўлгани йўқ деб ўйинни давом эттиришга қарор қилди. У яна бир неча дақиқа ўйнади, оғриқ эса янада кучайиб борарди. Шварц ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади деб ўйлади. Афсуски у ўйлагандек бўлмади ва уни алмаштиришди.
"Ўша пайт ҳаммаси бундай жиддий туюлмаган эди. Агар сиз такрорий видеони кўрсангиз, Шотландия ўйинчиси менга нисбатан жуда қўпол ўйнаганига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Лекин мен ўйинни давом эттирмоқчи эдим. Оғриқ жуда кучли эди, лекин аввалига бу ўтиб кетишига ишонгандим, аммо...", — ёдга олади Шварц.
Шундан сўнг, хавбекга оёғи синган деган ташҳис қўйишди. Жарроҳлик операцияси ҳамда реабилитация туфайли ўйинчи ярим йилгача учрашувларда иштирок этолмади. Лекин унинг майдондаги жасорати ҳаммани ҳайратга солди. Лекин у вақтлар на тв, на интернетда футболчиларнинг ҳаракатлари ҳақида бутун дунё хабар топмас, ҳали ўйинчилар учун мемлар чизишмас эди...
Очиқ коинот сари ёпиқ йўл
1999 йил ёзда Стефан Шварц ўша пайт учун жуда яхши нарх — 5,4 миллион фунт эвазига "Валенсия"дан "Сандерленд"га ўтди. Бир қарашда 30 ёшли футболчининг Премьер-лиганинг ўртамиёна клуби сафига келиб қўшилиши ортиқча шов-шувга сабаб бўлмаслиги керак эди, лекин амалда умуман бошқача бўлди.
Гап шундаки, 1999 йилдан 3 йил ўтиб, яъни 2002 йил бошидан, очиқ коинотга тижорий йўловчилар парвози ташкил этилиши ҳақида хабар тарқалди. "Сандерленд" раҳбарияти 4 йиллик шартномага "коинотга чиқиш мумкин эмас" бандини ҳам қўшиб қўйишди. Шу йўл билан, Стефан Шварц Премьер-лига тарихидаги космосга учиши расман тақиқланган биринчи ўйинчи бўлди.
"Шварцнинг агентларидан бири ўша вақтда ҳақиқатдан ҳам ўзига тижорий рейсдан билет сотиб олган экан. Биз ўшанда у ўзи билан Стефанни ҳам олиб кетишидан жуда ҳавотирга тушган эдик. Шунинг сабаб, тушунмовчилик келиб чиқмаслиги учун келишувга шу шартни қўшишни лозим топдик. Бу оқилона йўл бўлган", — деган эди "Сандерленд" директори Жон Фиклинг.
Ўғли ногиронлиги ҳақида нохуш хабар
2000 йил Белгия ва Нидерландияда бўлиб ўтган Европа Чемпионати. Стефан Шварцнинг мушаги (инсон танасининг энг кучли мускули) шикастланди. Аммо ўша вақт унинг ҳаётида бундан ҳам қайғули воқеа юз берганди: унинг ўғли Юргенга аутизм (психик касаллик, ташқи оламдан узилиб қолиш) ташҳисини қўйишди.
Бу хабар, табиийки, футболчини қаттиқ сиқилишига сабаб бўлди. Стефан фаолиятини якунлаш ва буёғига нима қилиш ҳақида ўйларди. Бироқ Шварц ва унинг турмуш ўртоғи ўзларини қўлга олиб, фарзандларига ғамхўрлик қила бошладилар. Юрген бир неча йил оддий сўзларни ҳам гапира олмади. Аммо 2016 йил Стефан Шварц журналистларга ўғли ҳаётга "қайтгани" ва кундан-кунга аҳволи яхшиланаётганини маълум қилди.
Шварцнинг оиласи ўтган аср 70-йилларида АҚШда қўлланган методга кўра иш кўрдилар. Унинг мазумуни шундан иборат эди: Юргеннинг яқинлари ўғлининг "оламига кириб", уни тушунишга ҳаракат қилиб соғлом турмуш тарзига қайтаришлари керак эди".
21 ёшли Юргеннинг отаси журналистларга интервью берганида кўзлари қувончдан ёниб турарди. "Юрген ўзини яхши ҳис қиляпти. У олти йил давомида умуман гапирмади ва "бошқа дунёга" тушиб қолгандек эди. Аммо биз у билан ишладик, унга ғамхўрлик қилдик ва натижасини кўриб турибсиз. Аутизм билан ишлаш методи иш берганидан жуда ҳам хурсандмиз. Энди Юрген супер-ижтимоий инсон. У жуда бахтли. Ота-она учун фарзандининг хурсандчилигини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак", — дейди Шварц.
Оиласи билан бир гуруҳ ўғрилар томонидан гаровга олинган
Стефан Шварц "Бенфика"да ўйнаган вақтлари (1991-1994 йиллар) ўзига Португалиядан, Кашкайш шаҳри океан қирғоқлари бўйидан, уй сотиб олди. 2010 йил Шварц ва унинг оиласига ўғрилар ҳужум қилди. Стефаннинг хотини Сеу ҳамда қизлари Хлоя ва Шанель эндигина уйга келишганди.
"Машинани гаражга қўйдим, хотиним эса фарзандларим билан нарсаларини олиб уйга киришди. Уйга кирганида кимдир Хлояни оғзини беркитиб менинг хонамга олиб кириб кетганини кўрдим. Бақир-чақирни эшитиб, ўша томон югурдим. Зина ёнига келганимда қора кийим кийган икки йигит мен томон кўтарилаётганини кўрдим. Уларнинг бири қўлида лом, иккинчиси болта ушлаб олганди. Болаларим ва хотинимни қутқариш учун боримни беришим кераклигини тушундим. Мен уларга барча нарсамни беришимни айтдим, аммо шу он бошимга қаттиқ зарба беришди. Улар болтанинг сопи билан уришган экан. Кейин мени оилам билан "подвал"га олиб тушишди. Улар португал тилида гапирмасди. Лекин бирдан улар бунга анчадан бери тайёргарлик кўрганини тушуниб етдим".
"Мен ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилдим, аммо қизларимга тегажонлик қила бошлашди. Аслида уларни пул қизиқтираётганини тушунгандим. Улардан бири қизимга: "Ёшинг неччида?". Кичик қизим унинг ёқасидан ушлаб "Сенга нима керак? Пулми? Юр мен билан, улар қаерда эканини кўрсатаман", — деди. Биз хотиним билан Шанель нимани назарда тутаётганини яхши тушунмасдик. Лекин ўғри унинг ортидан борди. Улар юқорига кўтарилишди ва бир неча дақиқага кўздан узоқлашишди. Мен ҳавотирда эдим ва қизимнинг ортидан боришга ҳаракат қилмоқчи эдим. Аммо шу онда менга яна қаттиқ зарба беришди ва яна қимирласам томоғимдан кесиб ташлашларини айтишди".
"Чамаси ўн дақиқадан сўнг бир эркак кулгусини эшитдик. Ўғри ва Шанель подвалга қайтишди. Қизимнинг қўлида унинг пул жамғариб борадиган идиши бор экан. Ўғри шерикларига шуни айтиб, қаҳ-қаҳ отиб куларди. Аммо кулгу бирдан тўхтади ва уларнинг бошлиғи менга қараб уйдаги барча пул ва қимматбаҳо буюмларни беришимни талаб қилди. Ёнимда арзирли маблағ йўқлиги уйда ҳам ҳамма буюм оддий буюмлар эканини айтдим. Уларша машина, мотоцикл ва уларга ёққан барча нарсани олиб кетишлари мумкинлигини айтдим. Шундан сўнг, улар мени 2-3 маротаба, кейин хотиним ва болаларимни уришди. Биз ўзимизга келгунгча улар юқорига кўтарилишди. Орадан таҳминан 20 дақиқа ўтди. Юқорига чиқдим, улар қочиб кетишган экан. Улар нимани олиб кетгани эмас, биз учун соғлиғимиз ва омон қолганимиз муҳимроқ эди", — деб ёзади биографиясида Шварц.
Ҳар куни 20 км югуриш ва ортиқча вазнга қарши кураш
Шварц фаолиятини якунлаганидан сўнг тезда ортиқча вазн йиға бошлади ва в оз фурсат ичида ўзини жуда ноқулай ҳис қила бошлади. Шундан сўнг, Стефан танаси билан шуғулланишга қарор қилди.
2017 йил 28 июндан 15 сентябргача Стефан Шварц 21 килограмм ташлади! У 98 кгдан 77 кгга озди, танаси ҳам ажойиб жисмоний кўринишга келди. У диета қилди. Шунингдек, доимий равишда спорт залида шуғулланди. Шундан сўнг, собиқ ўйинчи тиббий кўрикдан ўтди ва қонида холестерин миқдори сезиларли даражада камайганига гувоҳ бўлди.
Ҳозирда Стефан Шварц Португалиядаги уйида яшамоқда. У ижтимоий тармоқлар орқали ҳаётидаги воқеалар билан фаол тарзда бўлишиб туради. Аммо сўнгги вақтлар кўпроқ югуриш жараёни натижалари акс этган суратлар жойламоқда. Швед ҳар куни тонгги югуришга чиқади ва 20 километрни босиб ўтишга ҳаракат қилади. Бу эса Стефан Шварц 50 ёшини шундай бахтли, соғлом инсон сифатида қарши олишига ёрдам бермоқда, десай адашмаймиз.
Нозима Зарипова таржимаси
Комментарии