Етакчилар қоқилди: А Серия 13-тур якунлари
24 ноя 2021 11:59
Новости
Етакчилар қоқилди: А Серия 13-тур якунлари
"Ювентус" "Лацио"дан кучлироқ
Агар Маурицио Сарри бундан бир неча ой аввал "Ювентус"га мураббийлик қилганини ҳисобга олсак, бу ўйин катта қизиқиш билан кутилди. Ҳа, айтганча, бироз тушунарсиз бўлса-да, негадир Сарри "бьянконери" тиффозилар томонидан ҳуштаклар билан кутиб олинди. Баҳс анча сокин руҳда старт олди ва Альваро Мората жарима майдончасида йиқитилмагунча, ҳеч қандай қулай вазиятлар яратилмади. Тўп ёнига Леонардо Боннуччи келди ва пенальтидан унумли фойдаланди. Ўтказиб юборилган голдан сўнг, "Лацио" бироз фаолроқ ҳаракат қила бошлади, узоқдан Милинкович-Савичнинг берган зарбаси ёмон чиқмади. "Ювентус" ҳам рақибидан фаолликда қолишмасликка уринди. Куадрадонинг қанотдан берган узатмасини Мората дарвозанинг бироз тепасидан ўтказиб юборди.
Танаффусдан сўнг, кескин ўзгариб кетмади. Учрашувдаги муҳим эпизод содир бўлмагунча, икки жамоа ҳам шошмасдан ҳаракат қиларди. Жарима майдонида Андерсон йиқитилди, бироқ ҳакам ўйинни давом эттириш мумкинлигини айтди. Маккени тўпни олдинроқдаги Кьезага ташлаб берди, Федерико жарима майдонига ёриб кирди ва йиқитилди. "Лацио" футболчилари аввалроқ Андерсонга нисбатан фол ишлатилганини уқтиришга қанчалар уринишмасин, ҳакам римликлар дарвозасига яна пенальти белгилади. Натижада, тўп ёнига яна Бонуччи келди ва бу сафар ҳам мўлжалдан адашмади. Баҳс сўнгига яқин "Юве" яна гол уриши мумкин эди, лекин захирадан майдонга тушган Мойзе Кин аниқ зарба беролмади, бошқа бир вазиятда Рейна жамоасини голдан қутқариб қолди. Натижада, "кекса синьора" ишончли ғалабага эришди, "Лацио"га эса қишда таркибини кучайтириши зарар қилмайди.
"Интер" "Наполи"ни мағлуб этди
Икки жамоа ҳам ўйинни фаоллик билан бошлади, аммо узоқ пайтгача қулай вазият яратилмади. "Наполи"нинг қарши ҳужумидан сўнг, "Интер" ҳимоячилари "ухлаб қолишди", Инсинье тўпни Зельинскийга оширди, у эса кучли зарба билан ҳисобни очди. Шундан сўнг, "Интер" янада фаоллашди ва бир неча дақиқадан сўнг, пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Тўп ёнига Чалханоглу келди ва ишончли зарба билан ҳисобни тенглаштирди. Учрашув "Интер" назорати остида ўта бошлади, Бареллада яхшигина имконият бўлганди, бироқ унинг узоқдан келган зарбасини Оспина қайтаришга муваффақ бўлди. Тайм сўнгида "нерадзурри" яна гол урди. Чалханоглунинг дарвоза устуни яқинига йўллаган тўпини Перишич ажойиб тарзда сакраб, тўпни дарвозага жойлаб қўйди.
Иккинчи таймда "Наполи" фаолроқ ўйнади, бироқ хавфли вазиятлар ярата олмади. "Интер" эса ажойиб комбинацияни амалга оширди. Корреа ўз жарима майдонидан рақиб майдони томонгача тўп билан ўтиб борди, Барелла ҳимоячини алдаб ўтди ва ҳамюридан тўпни қабул қилган Лаутаро узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. Спаллетти ўйинчиларни алмаштирди ва бу иш берди. Сўнгги дақиқаларда "Наполи" "Интер"ни катта куч билан ҳимояланишга мажбур қилди, вазиятлардан бирида Мертенс узоқдан дахшатли зарба амалга оширди. "Наполи" босим қилишда давом этарди, лекин "Интер"ни аввалига Ханданович қутқарди, кейин эса Мертнес мўлжалда адашди. Натижада, "Интер" "Наполи"га мавсумдаги биринчи мағлубиятини "тортиқ қилди".
"Аталанта" "Специя"ни тор-мор этди
"Специя"га қарши ўйин "бергамоликлар" учун у қадар омадли бошланмади. Даниэле Верденинг зарбасидан кейин Муссо тўпни беўхшов ҳаракат билан қайтарди ва Нзола уни барибир дарвозага йўллади. Шундан сўнг, "Аталанта" ўзига келди ва олдинга ташланди. Бир неча дақиқа ўтиб, Заппакоста қанотда икки рақибини доғда қолдирди ва тўпни Пашаличга узатди, Марио жарима майдони марказидан адашмаса бўлгани эди. "Аталанта" усталик билан босимни кучайтириб борсада, анчагача рақиб дарвозасига йўл топа олмасди. Ушбу ҳолатни Сапата нуқтадан гол уриб, ўзгартирди. Яна икки дақиқа ўтиб Дуван жарима майдонига ёриб кирди ва қизғонмай Пашалични кўрди, ярим ҳимоячи дарвозабон ҳаракатига қарама-қарши йўналишда ажойиб зарба берди.
Танаффусдан кейин ўйин темпи бир мунча тушди. "Аталанта" яхши имкониятларга эга бўлса-да, чинакам хавфли имкониятлар деярли бўлмасди. Ўйин охирига яқин эса ўзгаришлар самара келтирди. Пашалич тўпни Муриэлга етказди ҳамда Луис дарвоза бурчагини аниқ нишонга олди. Колумбиялик гол уришдан ташқари, Малиновскийга голли узатмани ҳам амалга оширди. Украиналик футболчи ўзининг "фирменний зарбаси" билан дарвозабонга имкон қолдирмади. Қизиғи, ўйин нимадан бошланган бўлса, шу билан якун топди. Қанотдан узатмадан кейин Нзола зарба беришни уддалади ва дублга эришди, аммо бу жамоасини мағлубиятдан қутқара олмади.
"Милан" "Фиорентина"га ютқази
Катта қизиқиш билан кутилган ушбу баҳс ишончни тўлиқ оқлади. Ўйин бошида "Милан" кўпроқ ҳужум қилди, лекин 15-дақиқада Дункан ҳисобни очишга муваффақ бўлди. "Милан" дарҳол бунга жавоб қайтариши мумкин эди: Кьернинг қанотдан берган узатмасини Ибрагимович боши билан дарвозага жойлаши мумкин эди, аммо бироз аниқлик етишмади. Ўйин тинчланди, бироқ тайм сўнгида Влаховичнинг пасидан кейин Сапонара ажойиб тарзда гол урди.
"Милан" 2-таймни фаоллик билан бошлади, аммо қарши ҳужумни ўтказиб юборди. Дункан олдиндаги бўш зонада турган Влаховичга тўпни оширди, у эса Татарушануни алдаб ўтди ва ҳисобдаги фарқни йириклаштирди. 2 дақиқадан сўнг Ибрагимович кучли зарба билан рақиб дарвозасини ишғол қилди. Бундан руҳланиб кетган "Милан" яна гол уришга отланди ва бунинг уддасидан чиқди. Теонинг узатмасини Златан қабул қилиб олди ва дубль қайд этди. "Россонери" ҳисобни тенглаштиришга бел боғлади, лекин ўзи гол ўтказиб юборди. Тео оддий вазиятда тўпни олдириб қўйди, Влахович эса идеал тарзда яна гол урди. Учрашув сўнгида Златан хет-трик қилишга жуда яқин эди, бироқ тўп дарвоза тўсинига тегди. Қайтган тўпни эса Венутти ўз дарвозасига жойлаб қўйди. Натижада "Фиорентина" ёрқин ғалабага эришди, "Милан" эса А Сериянинг якка пешқадами бўлиш имкониятини қўлдан бой берди.
"Рома" "Женоа"ни мағлуб этди
Андрей Шевченко А Серияда мураббий сифатидаги дебют ўйини, албатта, катта қизиқиш билан кутилди. Бироқ осон бўлмаслиги дарҳол аён бўлди. Сабаби ёмғир ёға бошлади ва бу қайсидир маънода ўз таъсирини кўрсатди. Шомуродов собиқ жамоасига гол уриши учун ажойиб имкониятга эга бўлди, аммо Эль-Шааравининг узатмасини ҳамюртимиз дарвоза тепасидан ўтказиб юборди. Танаффусгача Элдорда яна яхшигина имконият бўлди: Мхитарян қанотдан пас берди, бироқ Шомуродовнинг зарбаси яна дарвоза тепасидан ўтиб кетди.
Танаффусдан сўнг, "Рома" кўпроқ ҳужум қила бошлади, аммо "Женоа"да ажойиб имкон пайдо бўлди: Камбьяссонинг қанотдан берган узатмасини Стураро акробатик трюк билан дарвозага жойлаб қўйиши мумкин эди, аммо Патрисиу бунга йўл қўймади. Учрашув дуранг билан якунланиши мумкин эди, аммо ўйинчиларни алмаштириш орқали баҳс жонланди. Генрих Мхитарян дарвоза яқинига келди ва гол уриш ўрнига, яқинда захирадан майдонга тушган Феликс Афена-Гьянга тўпни оширди. У эса ҳисобни очишга муваффақ бўлди. "Женоа" нимадир қилишга уринди, аммо бир неча дақиқа ўтиб, Афена-Гьян яна гол урди. 18 ёшли форварднинг дубли туфайли Андрей Шевченко А Сериядаги фаолиятини мағлубият билан бошлади.
Шунингдек, "Венеция" "Болонья"ни мағлуб этди, "Сампдория" "Салернитана"дан кучлироқ, "Торино" "Удинезе" устидан ғалаба қозонди.
Сергей Румянцев
Комментарии