Дониёр Одилов: "Йигитлар учун хурсандман"
22 мая 2016 13:07
Новости
Дониёр Одилов: "Йигитлар учун хурсандман"
Ўйин пайтида унинг фикрлари билан қизиқдик:
- Йигитлар учун жуда хурсандман. Бугун улар ўзларининг энг ижобий томонларини намойиш этишди. Айниқса Жасур Ҳакимов бошқалардан ажралиб турди. Киритилган учала голда ҳам қатнашди. Бундан ташқари бутун ўйин давомида иккинчи қаватда мезбонларга ўйин бермади. Тўпни тўхтатиш, эгаллаб олиш, назоратда ушлаб туриш ҳужумчи учун жуда керакли хислатлар. Жасурнинг бугунги ҳатти ҳаракатлари шахсан мени хурсанд этди. Эргаш Исмоилов ҳам мавсумдаги биринчи голини киритди. Уни ҳам бу муваффақият билан табриклайман. Бугун ўзи омадли кун бўлди. Эрталаб Шоҳназар Норбековнинг ўғилли бўлганлигини эшитиб, хурсанд бўлгандик. Жамоадошлар шу боис гол киритганимизда чақалоқни “беланчак” услубида табриклашди. Янги гўдакнинг умри узоқ бўлишини, оиласига, жамиятимизга муносиб инсон бўлиб улғайишини тилайман.
- Ўзимга келадиган бўлсам, душанба кунидан индивидуал шуғулланишни бошлайман. “Насаф” билан ўйинда жиддий шикасланган эканман. Тўпиғим шишиб, икки кун юролмадим. Шиш энди қайтаяпти. Насиб бўлса, “Қизилқум”га қарши учрашувгача сафга қайтиб қоларман.
- “Қизилқум” кучли жамоалардан бири. Уларга қарши ўйин осон кечмайди. Бунинг устига меҳмонда, кўплаб томошабинлар қаршисида ўйнаш осон бўлмаслигини Бухорода ҳис этгандик. Лекин ижобий натижадан умид узмаймиз.
- Ўзбекистон кубогининг кейинги босқичидаги рақибимиз “Бунёдкор” бўлишига шубҳа йўқ. “Қалдирғочлар" “Обод”дан кучли. Биз эса рақиб танламаймиз. Кейинги босқичларда ҳам мухлисларимизни хурсанд этишга ҳаракат қиламиз, - дейди Одилов.
"Металлург" матбуот хизмати
Комментарии