Чилининг тезлигига "кенгурулар" дош бера олишмади
14 июн 2014 05:39
Новости
Чилининг тезлигига "кенгурулар" дош бера олишмади
Энди ўйин ҳақида бироз тўхталиб ўтсак.
Чили учрашувни жуда тезкор ва шиддаткор футболи билан бошлади. Асосан чап қанотда кўп ишга солган чилиликлар, Менанинг фаол ҳаракатлари эвазига кўплаб хавфли ҳужумларни ташкил этишди. Учрашувнинг 12-дақиқасига келиб, чап қанотдан эмас, майдон марказидан ташкил этилган ҳужум ўнг қанотга қўчди. Алексис Санчеснинг аниқ ҳаракати эвазига юзага келган вазиятдан чилилик тўққизинчи рақамдаги ҳужумчининг ўзи унумли фойдаланди.
Тезкор киритилган гол Чилига қўшимча куч, Австралияга эса катта ҳаяжонни тақдим этди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай туриб "кенгурулар" ўз дарвозаларидан иккинчи голни олиб чиқишди. Аниқроғи, ўйиннинг 14-дақиқасида биринчи гол муаллифи Алексис Санчеснинг пасидан сўнг, қулай вазиятга турган Валдивиа тўпни рақиб дарвозасининг юқори "тўққизлигига" чиройли тарзда жойлаб қўйди ва ҳисобни оширди.
Бундай сценарий остида баҳсни кутмаган "кенгурулар" анча вақт ўз ўйинларини топа олишмади.
Шу куни Австралияга яхши бир марказий ярим ҳимоячи етишмади десак тўғри бўлади. Австралия таркибида ҳаракат қилаётган икки қария Марк Брешиано ва Тим Кэйхилларнинг кўрсатган ўйинларига ортиқча эътироз бўлиши мумкин эмас. Улар ёмон ўйнашди дейишдан йироқман. Фақатгина майдон марказида "свежий" футболчи, яъни плеймеркер етишмади. Австралия асосан ҳимоядан ҳужумга ўтишга қийналиб қолди. Чилининг тезлиги олдида "кенгурулар" мисоли тошбақадек ҳаракатланишди.
Биринчи бўлимнинг иккинчи ярмида Австралия бироз ўзига келди. 35- дақиқада ўнг қанотдан уюштирилган ҳужум ниҳоят "кенгурулар"га самара келтирди. Франичнинг жарима майдончаси ичига етказиб берган тўпини Тим Кэйхил чиройли тарзда боши билан Браво қуриқлаётган дарвозага жойлаб қўйди. Ушбу гол Австралияни янада ишончлироқ ҳаракатланишига замин яратиб берди. Киритилган голдан кейинги тезкор ташкил этилган ҳужум яна гол билан якунланиши мумкин эди. Аммо бу вазиятда осиёликларга омад кулиб боқмади.
Биринчи бўлим 2:1 ҳисоби билан якун топди.
Иккинчи бўлим биринчиси каби шиддатли ва ҳужумкорлик билан ўтмади. Австралия ҳисобни тенглаштириш учун астойдил ҳаракат қилган бўлсада, ўйлаган режаларини амалга ошира олмади. Бир вазиятда Тим Кэйхил томонидан киритилган голдан сўнг ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилди ва киритилган тўп инобатга олинмади.
Австралия яна иккита хавфли ҳужум ташкил эта олди. Марк Брешианонинг кучли зарбасини Браво моҳирлик билан бартараф этиб жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди.
Қолган дақиқларда айтарли вазиятлар яратилмади. Ўйининг қўшиб берилган дақиқаларида иккинчи бўлимда майдонга тушган Босежур "кенгурулар" дарвозасига учинчи тўпни йўллади ва ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди, 3:1.
Шундай қилиб, Чили ўзининг илк ўйинини ғалаба билан бошлади ва "B" гуруҳида иккинчи ўринга чиқиб олди.
Бу жамоани олдинда иккита жуда қийин бўлган беллашув кутмоқда. Бири Испания ва яна бири Голландияга қарши.
Бу ўйинда Чили жамоасининг рақибига нисбатан бир бош баландлиги ўз сўзини айтди. Футболчилар даражаси ва ўйин сифати борасида "кенгурулар" Чилидан анчагина орқада эканликлари шундоқ кўриниб қолди.
"B" гуруҳдаги вазият
# | Жамоа | Ў | Ю | Д | М | УГ - ЎГ | Т-Н | О |
1 | Голландия | 1 | 1 | 0 | 0 | 5 - 1 | 4 | 3 |
2 | Чили | 1 | 1 | 0 | 0 | 3 - 1 | 2 | 3 |
3 | Австралия | 1 | 0 | 0 | 1 | 1 - 3 | -2 | 0 |
4 | Испания | 1 | 0 | 0 | 1 | 1 - 5 | -4 | 0 |
Жаҳон чемпионати, "B" гуруҳи. 1-тур.
ЧИЛИ - АВСТРАЛИЯ 3:1
14 июнь. 03:00.
Куяба. "Панантал" стадиони.
Бош ҳакам: Ноумандез Дуе (Кот Д'Ивуар)
Ёрдамчи ҳакамлар: Сонгуифоло Йео (Кот Д'Ивуар), Жан Клод Бирумушаху (Бурунди)
Тўртинчи ҳакам: Роберто Морено (Панама)
Голлар: Алексис Санчес (12), Валдивиа (14), Кэйхил (35), Босежур (90)
Чили: Браво, Хара, Мена, Исла, Видаль (Гутьеррес 60'), Вальвидия (Босежур 68'), Медель, Арангис, Диас, Санчес, Варгас (Пинилья 87').
Шаҳбоз Беғамов
Комментарии