RU

Последние новости

23:10Париж-2024. Испания олимпия ўйинлари финалига чиқди  11 22:24Грузия терма жамоаси вакили "Ливерпуль"га ўтиши мумкин  0 21:54"Вест Хэм" 27 млн. еврога 31 ёшли ҳужумчи сотиб олди  1 21:23Марокаш - Испания ўйинида Илгиз Танташев алмаштирилди. Нега?  4 20:45ПСЖ 60+10 млн. еврога 19 ёшли футболчини сотиб олди  1 20:16"Барселона" Негрейрага пора бергани исобтини топмади, аммо...  3 19:59Ҳоланд: "Тез орада барчамиз энг яхши спорт формамизда бўламиз"  1 19:39ПСЖ "Айнтрахт" ҳимоячисини сотиб олмоқчи  1 19:18"Барселона" собиқ ҳимоячиси фаолиятини А Серияда давом эттириши мумкин  1 18:57"Байер" "Ливерпуль" собиқ ҳимоячисига қизиқиш билдирмоқда  1 18:34Ўзбекистон Кубоги. Чорак финал учрашувларида ишлайдиган расмийлар  3 18:16Тимур Кападзе "Олимпик" бош мураббийлигидан кетди  8 17:54"Футбол олами". Суперлигада иккинчи давра старт олди  1 17:22"Олимпиадада атмосфера ўзгача. Ҳар хил спортчиларни кўрасиз, улардан кўп нарсани ўрганса бўлади" — Абдурауф Бўриев  0 16:57Скамакка "Реал"га қарши Суперкубок учрашувини ўтказиб юборади  2

Бундеслига: 19-тур превьюси Новости

Бундеслига: 19-тур превьюси

Ушбу ҳафтанинг дам олиш кунлари Германия бундеслигасида навбатдаги 19-тур учрашувлари ўтказилади.
Бу турда ҳам қизиқарли ўтиши кутилаётган бир қатор учрашувлар мавжуд. “Сhampionat Аsia” сизни ушбу тўқнашувларнинг ўйинолди тафсилотлари билан қисқача таништириб ўтади. Демак, бизда бундеслига 19-тур учрашувлари превьюси.

Танишиб олинг, бу турда қуйидаги жамоалар ўзаро баҳс олиб боришади:

01.02 00:30 да  АЙНТРАХТ Б : БОРУССИЯ Д
01.02 19:30 да  ШАЛКЕ 04 : ВОЛФСБУРГ
01.02 19:30 да  БАЙЕР 04 : ШТУТГАРТ
01.02 19:30 да  ХОФФЕНХАЙМ : ГАМБУРГ
01.02 19:30 да  МАЙНЦ 05 : ФРАЙБУРГ
01.02 19:30 да  АУГСБУРГ : ВЕРДЕР
01.02 22:30 да  ГАННОВЕР : БОРУССИЯ М
02.02 19:30 да  ГЕРТА : НЮРНБЕРГ
02.02 20:30 да  БАВАРИЯ : АЙНТРАХТ Ф

01.02.2014| 00:30
Айнтрахт Брауншвайг  :  Боруссия Дортмунд

Турнинг дастлабки учрашуви Брауншвайг шаҳрида бўлиб ўтади. Унда маҳаллий "Айнтрахт" бундеслига етакчиларидан бири саналувчи "Боруссия" Дортмундни қабул қилади.
• "Сариқ-қоралар" жамоаси бундеслигада тўрт ўйиндирки ғалаба қозона олмаяпти. Бундай воқеа яқин тўрт йил ичида содир бўлмаган эди. Хўш, ушбу қора серия яна давом этадими ёки дортмундликлар узоқ кутилган ғалабани қўлга киритишадими?!
• Бугунги баҳсда тўқнаш келаётган икки жамоанинг бош мураббийлари Торстен Либеркнехт ва Юрген Клопп бир неча йил аввал “Майнц”да биргаликда фаолият олиб боришган.
• Дортмунд супер-клубининг ушбу мавсумда намойиш этаётган ўйини жамоа мухлисларини унчалик ҳам шод этаётгани йўқ. Боиси жамоа бир текисда ўйнай олмаяпти. Мисол учун, дортмундликлар уйдаги ўйинлардан кўра сафардаги учрашувларда яхшироқ натижалар қайд этишмоқда.
• Мавсумда 11 бор рақиблар дарвозасини ишғол этган Роберт Левандовскининг голлари сони  "Айнтрахт"нинг урган умумий голларидан кўра кўпроқ экани кишини ҳайрон қолдиради. Брауншвайгликлар ҳисобида жами 10 та гол мавжуд.
• Поляк ҳужумчиси тўрт учрашувдан буён гол ура олмай келмоқда. У бугун ушбу нохуш ананани буза олармикан…
• Катта умидлар билан олиб келинган Гейнрих Мхитарян дортмундлик мухлисларни хурсанд қила олмаяпти. У жамоанинг сўнгги 13 беллашувида рақиблар дарвозасини ишғол эта олмади. Қолаверса, бош вазифаси саналган асистентликда ҳам Мхитарян муваффақиятли ўйнай олмаяпти. Боиси футболчи 9 та учрашувдан бери жамоадошларини голли узатмалар билан таъминлаётгани йўқ.



01.02.2014 | 19:30
Байер 04 Леверкузен  :  Штутгарт

"Байер" ва "Штутгарт" жамоалари ўртасидаги тўқнашувлар ҳар доим ҳам футбол ихлосмандлари нигоҳида бўлиб келган. Бу сафар ҳам ушбу учрашувни кўпчилик мухлислар интиқлик билан кутишмоқда. Турнинг марказий ўйини мақомини олган ушбу баҳсда кимнинг қўли баланд келиши кўпчиликни қизиқтирмоқда. Кўрамиз, бу гал омад кимга кулиб боқар экан…
• "Байер" етакчиси Штефан Кисслинг "Штутгарт"га қарши бўлиб ўтган сўнгги олти учрашувнинг ҳаммасида гол уришга муваффақ бўлган.
• Эътиборга молик яна бир жиҳат шундаки, бугунги кунда фаолиятини давом эттираётган футболчилар орасида бундеслигада энг кўп тўп киритганларнинг тўрттасидан учтаси, айнан, "Байер" сафида ўйнайди. Кислинг 120 та, Какау 87 та ва Ведад Ибишевич 81 мартадан гол уришга муваффақ бўлишган. Бу қаторга фақатгина "Бавария" вакили Клаудио Пизарро киради. Унинг ҳисобида бундеслигада киритилган 167 тўп мавжуд.
• Яна Кислинг ҳақида: Штефан охирги тўрт беллашувда мухлисларини қувонтира олмади. Қизиқ томони шундаки, ушбу хужумчи сўнгги икки йилда илк бор кетма-кет тўрт баҳсни голсиз ўтказди.
• "Байер" сафида порлаётган Сидней Семнинг бундеслигадаги дебют учрашуви, айнан, "Штутгарт"га қарши кечганди. Ўшанда унинг жамоаси ғалаба қозонганди. Бу сафар ҳам шундай бўлармикан…
• Сем қайтмоқда. 23 ноябрда "Герта"га қарши кечган баҳсда жароҳатланган ушбу иқтидорли футболчи жамоасига ёрдам беришга шай. У жароҳатлангунига қадар 7  бора гол киритишга ва 5 марта голли узатма беришга улгурганди.



01.02.2014 | 19:30
Шалке 04  :  Волфсбург

Тур доирасидан ўрин олган яна бир қизиқ ўтиши кутилаётган учрашувда "Шалке" "Волфсбург"га қарши баҳс юритади. Грандларнинг бу сафарги тўқнашуви кимнинг ғалабаси билан якун топиши бундеслига мухлисларини қизиқтираётгани, табиий. Таъкидлаш жоизки, кўпчилик мутахассислар ушбу беллашувда дурранг қайд этилишини кутишаётган экан. Кўрамиз, ушбу башоратлар ўзини оқлармикан…   
• "Шалке" "Волфсбург"га қарши ўз уйида ўтказган сўнгги уч белашувнинг барчасида ғалаба қозонган. Тўплар нисбати 8-0! Бундай натижани бошқа ҳеч бир бундеслига жамоаси қайд этган эмас.
• Жамоаларнинг биринчи даврадаги учрашувида "Волфсбург"нинг қўли баланд келганди. Ўшанда "бўрилар" 4-0 ҳисобида "Шалке"дан устун келишганди.
• Ўша учрашувда Клаас-Ян Хунтелаарнинг жароҳатлангани ҳам айтиб ўтиш жоиз. Футболчи ўшандан кейин биринчи давранинг қолган учрашувларини ўтказиб юборишга мажбур бўлди.
• "Шалке" бош мураббийи Йенс Келлер футболчилик фаолияти давомида "Волфсбург" учун ҳам тўп сурган. 1997 йилги мавсумда у "бўрилар" жамоасининг энг муҳим ўйинчисига айлана олганди.
• Йенс Келлер ҳам, Дитер Хеккинг ҳам 2013 йил бошидан ҳозиргача жамоалари билан 35 мартадан ўйин ўтказишди. Бундеслига доирасида бўлиб ўтган ушбу беллашувларда "Шалке" кўпроқ очко жамғара олди. Келлер шогирдлари 61 очко йиғишган. Хекинг жамоаси эса 54 очко билан кифояланган.
• Қизиқ бир факт: "Волфсбург" ўз тарихида фақат бир марта медалли ўринлардан бирини эгаллаган. Қизиғи шундаки, "бўрилар" 2009 йилда бу муваффақиятга эришишган бўлиб, шунда ҳам жамоа чемпионликни қўлга киритган. Бунақаси кўп ҳам кузатилмайди, азиз мухлислар.


02.02.2014 | 21:30
Бавария Мюнхен  :  Айнтрахт Франкфурт

19-турнинг сўнгги учрашуви Мюнхендаги "Аллианц-Арена"да бўлиб ўтади. Унда турнир жадвали етакчиси "Бавария" мавсумни унчалик ҳам яхши ўтказа олмаётган "Айнтрахт" Франкфуртни қабул қилади. Кўплаб мухлис ва мутахассислар "Голливуд ФК"нинг навбатдаги ғалабасини таҳмин қилишмоқда. Аммо франкфуртлик футболчилар устозларининг таваллуд айёмига зўр совға тайёрлашни мақсад қилишган. Демак, "Бавария"га бу гал осон бўлмайди. Кўрамиз, воқеалар қандай ривож топар экан…

• "Бавария" "Аллианц-Арена"да ўтказган сўнгги 17 ўйиннинг ҳаммасини ғалаба билан тугатган. "Голливуд ФК" мехмони бўлган жамоалар ҳатто бир очко олишни ҳам уддалай олишмаётгани эътиборга моликдир.
• Франкфурт шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи "Айнтархт" февралда умумий ҳисобда еттита учрашув ўтказади. Бундеслиганинг бошқа ҳеч  бир жамоаси бу ойда бунча кўп баҳсда майдонга тушмайди.
• Пеп Гвардиола шогирдлари мавсум бошидан буён жами 31 учрашув ўтказишди. "Айнтрахт Ф" эса бироз камроқ – 29 та беллашувда майдонга тушди.
• Франкфурт жамоаси 1989 йилдан буён ҳеч ҳам турнир жадвали етакчисини мағлуб эта олмай келмоқда.
• Мехмонлар устози Армин Вей февралнинг илк кунида ўз таваллуд айёмини нишонлайди. Шогирдлари унинг учун муносиб совға тайёрлай олишармикан…  
• Алекс Майер ўтган йилдан буён ўтказилган 29 баҳснинг фақат 14 тасида майдонга тушган бўлса ҳам "Айнтрахт"нинг тўпурар футболчиси бўлиб турибди. Унинг ҳисобида 9 та гол бор. Мураббий нега шундай иқтидорни майдонга тез-тез туширмаётган экан…



Ушбу турда бир қатор натижалар ва рекордлар янгиланиши мумкин:  
• Турнир жадвалида етакчилик қилаётган "Бавария" 19-турга келиб ўзининг энг яқин тақибчисидан 13 очкога илгарилаб кетди. Бундай воқеа шу пайтга қадар бундеслига тарихида қайд этаилмаган эди.  
• 19-турда янгиланиши мумкин бўлган рекордлардан яна бири Мюнхен супер-клуби билан боғлиқ. Гап шундаки, "Бавария" 43 ўйиндан буён мағлубиятга учрамай келмоқда. Бундеслигадаги ўйинларда  мағлубиятсиз серияни бу қадар узоқ давом эттириш ҳеч бир жамоага насиб этган эмас эди. Гвардиола устозлик қилаётган клуб бу натижани янада яхшилаб олиш имконига эга.
• "Шалке"нинг уй ўйинларини ўтказувчи стадиони саналадиган "Велтнис-Арена"да шу пайтгача 598 бор тўп киритилган. Агар бу турда жамоалар икки та гол уришни уддалашса, яна бир немис жамоаси бундеслигада 600 лик довонни ошиб ўтган бўлади.
• Леверкузеннинг "Байер" жамоаси ярим ҳимоячилари Гонсало Кастро ва Симон Ролфес ўзларининг бундеслигадаги юбилей – 250 учрашувларини ўтказиш арафасида туришдибди. Аҳамиятга молик жиҳати шундаки, иккала футболчи ҳам бугунгача ўтказган 249 ўйинларининг барчасини "доришунослар" жамоаси таркибида ўтказишган. Ҳақиқий садоқат шундай бўлса неажаб, азиз мухлис…

Гувоҳи бўлганингиздек, 19-тур учрашувлари ичида бир нечта мухлислар эътиборида турган баҳслар мавжуд. Уларда қайд этиладиган натижалар билан сиз – азиз мухлисларни кейинроқ батафсил таништириб ўтамиз. Ҳозир эса барчани ўша беллашувларни томоша қилишга чорлаб қоламиз.

Бундеслигани кўринг, бундеслигага мухлислик қилинг! Асло ачинмайсиз!
 
Зохиржон АКРАМХОНОВ
Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика