RU

Последние новости

01:21МЮ янги устози: "Манчестер Сити" - дунёнинг энг яхши жамоаси, Гвардиола эса энг яхши мураббий"  0 01:01ЭЛИТ ОЧЛ. Неймар яна жароҳат олди, "Ал Ҳилол" йирик ғалабага эришди  5 00:06Мората ижтимоий тармоқлар ҳақида: "Родри қолганлардан хотиржамроқ"  0 23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  6 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  3 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  5 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  3 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8

Биз ҳам регламентни ўқиймиз! (2-қисм) Новости

Биз ҳам регламентни ўқиймиз! (2-қисм)

Ўтган ҳафта олий лиганинг 2016 йилги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтганидан хабарингиз бор.

Бир неча йиллардан буён бир хил сценарий асосида кечадиган мазкур тадбир бу сафар ҳам деярли ўзгаришларсиз кечди. Аввалги йиллардан фарқли равишда бу сафар ОАВ ПФЛ Бош директори Фарҳод Магометовни кўпроқ “сўроққа” тутди. Ўз навбатида Фарҳод Абдуалиевич одатдагидан фарқли ўлароқ клуб раҳбарларидан фақатгина “Пахтакор” расмийларига ва ҳамкасбларимизга дакки берди. Келинг, тадбирда кўтарилган масалалар бўйича ўз фикрларимиз билан ўртоқлашсак.

Легионерлар ва дарвозабонлар

Ёдингизда бўлса, бундан уч йиллар муқаддам олий лигада легионер дарвозабонлар тўп сурмаслиги ҳақида гап-сўзлар урчиганди. Аммо якунда бундай бўлиб чиқмаган, хорижлик посбонлар чемпионатимизда бемалол ўйнайверишганди. Бу йил яна шу мавзу кўтарилди. Қуръа ташлаш маросимида Фарҳод Магометов буни изоҳлар экан, шундай деди: “Ёш дарвозабонларнинг ўйин амалиётисиз қолиб кетаётгани боис, уларга тажриба етишмаяпти. Бу асосан ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига номзод дарвозабонлар билан боғлиқ. Футболчи ўйнаши керак, ўйнасагина тажрибаси ошади”. Қизиқ, аввал ҳам шу мавзу кўтарилганида Фарҳод Абдуалиевич ПФЛ Бош директори эди, ҳозир ҳам. Фақат ҳар иккала даврда олий лига учун легионер дарвозабонлар керакмаслиги кўтариб чиққан миллий ва олимпия терма жамоа бош мураббийлари ўзгарди.

ПФЛнинг бу қарорига қўшиламиз. Сабаби, клубларимиз ёш дарвозабонларга имконият бермаётгани туфайли ўсмирлар, ёшлар ва олимпия терма жамоасига номзод посбонларимиз ўйин амалиётисиз қолиб кетмоқда. Ўсмирлар ва ёшларни тўғри тушунамиз, чунки улар бизда доимо ёш бўлиб келишган. Бизда футболчи 20-23 ёшдан кейин ёшлик давридан ўтади ва энг ёмони “қариб” ҳам қолишади. Аммо олимпия термасига номзод посбонлар ҳам захирада қолиб кетаётгани 2016 йил Бразилия Олимпиадасига боришни хоҳлаган терма жамоамиз учун ҳақиқий муаммо дейиш мумкин. Бу қарор билан Қатардаги Осиё чемпионатида қатнашадиган терма жамоамизнинг дарвозабонлари борасидаги муаммони ҳал қила олмасакда, келажак учун ёмон режа эмас. Шунчаки, бу қарорда бизни қизиқтирадиган ҳолат бор. Мабодо учрашув вақтида асосий пасбон жароҳат олиб, унинг ўрнига майдондаги футболчи ҳаракат қилишига тўғри келса, бундай вазиятда легионер ўйинчи масъулиятни ўз бўйнига олиши мумкинми? Ёки бунга ҳам рухсат берилмаслиги регламентга киритилармикан?

Тадбирда легионерлар масаласи ҳам кўтарилди. Яъни, регламентда легионерларга бўлган талаблар кучайтирилган бўлса-да, олий лигада савия паст хорижликлар кўпайиб кетди. Фарҳод Магометов таъкидлаганидек, легионерлар ПФЛ қўйган талабларга мос келса-да, савия тушиб кетаётган экан, демак, талабларни янада кучайтириш керак. Қолаверса, регламентда ёзилганидек талабга тўғри келмайдиган легионерлар учун тўланадиган 50 миллион сўм талабини олиб ташлаш керак. Сабаби, клубларимиздаги мутахассислар чўнтагидан эмас ҳукуматимиз ажратадиган маблағни сарфлайди. Эртасини эмас бугунини ўйлайб, қарор қабул қилади. Пулни мақсадли бўлса-да, келажакни ўйламай сарфлайди. Шундай экан, уларга битта легионер учун 50 миллионни сарфлаб юбориш оддий ҳолат. Керак бўлса, тўрт нафар легионер учун 200 миллион сўмни ҳам сарфлаб юборишларини тахмин қилиш қийин эмас! Шу боис, айтганимиздек, талабларни кучайтириш шарт! Акс ҳолда савияси паст легионерлар кўпайиб кетаверади. 

Спорт принциплари...

“Динамо” 2015 йилги мавсум якунларига кўра, олий лигани тарк этди. ПФЛ регламентига кўра, энди олий лигада Самарқанд жамоасининг ўрнини “Обод” эгаллайди. Қуръа кунига қадар “Обод”ни олий лигада қатнашиши гумон бўлиб турганди, аслида ҳозир ҳам шундай. Чунки ҳар доим ҳам қатъиятли бўла олмайдиган ПФЛ Самарқанддек шаҳарни катта футболсиз қолдиришига ишониш қийин ва якунда шундай ҳам бўлиши мумкин. Сабаби, қуръа куни Фарҳод Магометов “Обод” 10 январга қадар керакли ҳужжатларни тайёрлаб, топширмаса, “Динамо” олий лигага қайтарилишини таъкидлади. Фарҳод Абдуалиевич бунга изоҳ берар экан, йиғилганларга спорт принципларини эслатиб ўтди. Қизиқ, биринчи лигада биринчи ўринни эгаллаган клуб талабга жавоб бермаса унинг ўрнини олий лигадан тушиб кетган клуб эгаллаши спорт принципларига тўғри келар экан?! Аслида бошқача бўлиши кераклигини барча биладику?! Гарчи “Оқ-тепа” ўтиш ўйинида “Сўғдиёна”га ютқазиб қўйган бўлса-да, спорт принципларига кўра, “Обод”нинг ўрнини Тошкентнинг бошқа бир клуби эгаллаши керак, эмасми? Ё биз билган спорт принципларининг вақти ўтдимикан? Агар қуйида иккинчи бўлган жамоа ўтиш ўйинида ўйнаб бўлиб, олийда қатнашмаслиги расман маълум бўлган бўлса, “Динамо” олий лигадан ундан олдинроқ тушиб бўлган. Демак, бу вазиятда икки жамоа ҳам бир хил ҳолатда. ПФЛ эса, осон йўлни танлаяпти. Нега дейсизми? Сабаби, “Оқ-тепа” ҳам соф биринчи лига жамоаси. Бу клуб ҳам олий лига талабига тўлиқ жавоб бермаслиги эҳтимоли катта. Ваҳоланки, ПФЛ қўйган талабларга олий лигадаги қайси клуб тўлиқ жавоб берар экан, ҳайронмиз?! Хуллас, ПФЛ “Обод”дан кейин “Оқ-тепа”га ҳам мурожаат билан чиқиши мумкин эди, лекин уларни ҳам кутишни истамайди. Боиси, уларга ҳам тегишли ҳужжатларни тайёрлаши учун вақт бериши керак. Табиийки, бу январь ойи ҳам кутиш билан ўтиб кетади, дегани. Бу вақтга келиб олий лига клублари йиллик сметаларини белгилаб олади. Агар “Оқ-тепа” ҳам талабни бажармаса, “Динамо”га мурожаат қилинади. Самарқандликлар эса, бу вақтга келиб ё олий лига ёки биринчи лига учун сметани тасдиқлатиши лозим. Олий ва биринчи лига жамоаларининг йиллик сметалари орасида ер билан осмонча фарқ борлиги бугун ҳеч кимга сир эмас.

Фарҳод Абдуалиевич таъкидлаган спорт принципларини бошқа йўналишда таҳлил қилиб кўрайлик. ПФЛ спорт принципларига қатъий тарзда амал қилар экан, олий ва биринчи лига клублари ўртасида ўтиш ўйини ўтказиш қайси принципга тўғри келишини тушунмадик?! Боиси, олий ва биринчи лига клубларига бир хил талаб қўйилган бўлса-да, ўша талабларни талаб қилиш борасида муносабат турлича. Лекин жамоанинг ўйинига таъсир қиладиган бир-бирига тўғри келмайдиган талаблар ҳам бор. Энг асосийси, олий лига клуби профессионал бўлиши шарт, қуйидагиларга ярим профессионал бўлса ҳам бўлаверади. Энди айтингчи, қани бу ерда спорт принципи? Шундай ҳолатда иккала лига жамоаси ўртасида ўтиш турнирини ўтказиш спорт принципига тўғри келадими? Ундан кўра, биринчи лигада олий лига учун биттагина ўрин ажратилсин! Яна бир қизиқ факт, спорт принципларига амал қиладиган бу ташкилотимиз иккита мусобақани икки хил вақтда тугатди. Бу ерда жабр чеккан биринчи лига клуби бўлди. ПФЛ ҳозирча битта ишни тўғри қилди ва бунинг учун уларга миннатдорчилик билдиришимиз керак. Яъни, ҳар хил гап-сўзларга чек қўйиб, олий лигада иштирокчилар сонини 16талигича қолдирди. Шунисига ҳам раҳмат! Агар иштирокчилар сони 18тага етказилганида кераксиз ўйинлар сони янада кўпайиб кетарди. 

Юқорида “Обод”га 10 январга қадар муҳлат берилганини айтиб ўтдик. Биз бу жамоани олий лигада қатнашиши тарафдоримиз. Боиси, клуб олий лигага чиқиш учун катта меҳнат қилди. Гарчи асосий рақибига қарши ўйинларда ютқазиб қўйган бўлса-да, “таслим” бўлмай охиригача курашди ва якунда меҳнатига яраша тақдирланди. Олий лигага ҳам шундай охиригача курашадиган жамоа керак. Майли, клуб талабларни юз фоиз бажармасин, лекин унга имкон берилсин. Барибир олий лигада талабларни юз фоиз бажарадиган клубнинг топиш мушкул. Оддий мисол, қуръа маросимида Фарҳод Магометов агар “Пахтакор” қарзини тўлаб қўймаса, чемпионатдан четлаштирилишини айтиб ўтди. Одатда клублар ПФЛдан бадал пули ёки жарималар бўйича қарз бўлади. Агар бу қарз бадал пули билан боғлик дейдиган бўлсак, регламентнинг 7-бўлим, 2-бандида олий лига клублари 1 февралга қадар бадал пулларини тўлашлари ёзиб қўйилган. Демак, “Пахтакор”га йил охиригча қадар муҳлат берилган. Шундай экан, ўз олдига юқори мақсадларни қўяётган “Обод”га ҳам ўзини кўрсатиши учун имконият берилса, яхши бўларди. Мабодо жамоа бир йилдаёқ ортга қайтса, бу ўзининг айби бўлади. Лекин шундай бўлмаслиги ҳам мумкинку?! Узоққа бормайлик, бир неча йиллик танаффусдан кейин олий лигага қайтган “Қўқон-1912” таркибида юлдузлари бўлмасада, ўзини тутиб олдику! Олий лигага янги қон кераклигига анча бўлди. Ўша янги қон вазифасини “Обод” бажариб беради. Агар ПФЛ “Обод”га имконият берса, росткамига характер кўрсатган бўлади. Зеро, бу келаси мавсум олий лигадан тушиб кетадиган клублар учун ҳам “дарс” бўлади. Аксинча, Тошкентнинг тўртинчи жамоасига олий лигада дебют қилиш имконияти берилмаса, бу қуйидагиларнинг ҳам руҳиятига салбий таъсир қилиши аниқ.

ПФЛга таклиф керак!

Қуръа маросими давомида Фарҳод Магометов биринчи лига билан боғлиқ саволларга жавоб берар экан, олий лигада муаммолар борлигини, даставвал юқорини тўғирлаб олиш лозимлигини айтиб ўтди. Буни “Пахтакор” қарзлари билан чемпион бўлгани билан изоҳлади. Аслида “Пахтакор” моддий имконияти чекланган ҳолатда чемпион бўлгани учун жамоа аъзоларини олқишлаш керак. Зеро, клубларимизда футболчиларга бериладиган пулларда узилиш бўлса, жамоа қандай аҳволга тушиб қолиши ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, “Пахтакор” ҳукуматимиз ажратган ҳомийларнинг қўлига қараб қолмаган! Бу энди алоҳида мавзу. Хуллас, ПФЛ даставвал олий лигани тўғирлаб олишни ўйлаяпти. Демак, биринчи лига яқин орада олий лиганинг савиясига яқин йўламайди. Ҳатто биринчи лигада оддий қоидалар ҳам кучга кирмаслиги мумкин. Агар шундай бўлса, клублар талабларга жавоб бера олмай қолади. Чунки улар ярим профессионал клуб сифатида мусобақада иштирок этишяпти. Бу ҳаммаси Фарҳод Абдуалиевичнинг сўзларидан олинган маъно. 

ПФЛ клуб расмийларидан таклиф кутса, улардан жавоб бўлмаётганмиз. Шунинг учун ушбу мавсумда регламентда жиддий ўзгаришлар бўлмайди. Фарҳод Магометов ташкилот журналистларнинг таклифларини кўриб чиқишга тайёр эканлигини таъкидлади. Шунисига ҳам шукр! Боиси, ОАВ аҳлини эшитишга тайёр ташкилот ҳам борлиги кишини хурсанд қилади. Самвел Бабаян миллий терма жамоага устоз бўлгач бизни эшитди, эшитганларини қоғозга туширди ва ўзи билганча ишлади. Асосийси, бизни эшитди. Ўзи ташаббус билан чиқди. ПФЛ ҳам бизни эшитишни хоҳласа ташаббус билан чиқиши лозим. Сабаби, журналист аҳли таклифларини ўз мақолаларида ёзади. Таклиф кўтариб, ташкилотма-ташкилот юрмайди. Бунинг учун ё газета ўқиш керак ёки интернет саҳифаларида чоп этиладиган мақолаларга кўз югуртиришнинг ўзи кифоя. Хўп, мабодо клуб расмийлари ва ОАВ таклиф билан чиқмаса ПФЛнинг ўзида ҳеч қандай фикр йўқми? Фарҳод Магометов бошчилигидаги ташкилот ходимларига чемпионат савиясини ошириш учун қандайдир ишларни бажаришга фақатгина клуб расмийлари ва ОАВнинг фикри керакмикан? Агар биз ёки клуб расмийларидан фикр чиқмаса олий лигани қачон тўғирлаб оламиз? Бечора биринчи лиганинг аҳволи қандай кечади? Шунчаки, ачинасан киши?!

“Пахтакор” жазоланадими?

Қуръа ташлаш маросимининг кулминацион нуқтаси “Пахтакор” раҳбарлари жиддий тарзда огоҳлантирилгани бўлди. Фарҳод Абдуалиевич “Пахтакор” раҳбарларини огоҳлантирар экан, жумладан шундай деди: “Ижроия қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда аниқ қарор қабул қилинди. Яъни, жамоа 29 декабрга қадар қарздорликдан тўлалигича қутилмаса, чемпионатдан четлаштирилади. Бу Ижроия қўмитанинг расмий қарори! Шуни ҳисобга олишларингни сўрайман. Буни қолган клублар ҳам инобатга олсин. Айтмоқчиманки, 2016 йилги мавсумда ҳеч қандай қарздорликлар бўлмасин!”

Бугун 29 декабрь. “Пахтакор”га белгиланган муддатнинг сўнгги куни. Хўш, мабодо “Пахтакор” қарздорликдан қутилмаса жазоланадими? Фикримча, йўқ. Сабаби, “Пахтакор” пул томондан жазоланишга лойиқ жамоа эмас. Боиси, юқорида таъкидлаганимиздек, “шерлар” пулсиз ҳам чемпион бўлиш салоҳиятига эга эканликларини амалда исботлашди. Қолаверса, “Пахтакор” футболчиларини алдамайдику, ПФЛни алдайдими? Бугун бўлмаса эртага албатта қарзидан қутилади. Касбимиз юзасидан кўплаб футболчилар билан суҳбатлашамиз. Юртимиздаги 3-4та жамоанинг аъзоларигина клуби алдамаслигини таъкидлайди. Шулардан бири “Пахтакор”. Шунинг учун ярим йиллаб маош олишмасада, жамоа ўйинида салбий томонга ўзгариш рўй бермайди. Агар клубларимизнинг раҳбарлари орасида футболчисини алдамайдиганинг сони кўпайганида бир йилда икки марталаб шартнома тузишлар, кўчди-кўчдилар аллақачон камайган бўларди. Бу томондан “Пахтакор” қолганларга ўрнак бўла оладиганлар сирасига киради. “Шерлар” жазоланмаслигини яна бир фикр билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Клуб ПФЛ олдидаги қарзидан қутиладими-йўқми, буни биз билмаймиз. Ёки ПФЛ эртага мана муддат тугади ва “Пахтакор” қарзидан қутилди, дея пул ўтказилганлиги ҳақидаги ҳужжатни оммага кўрсатади, деб ўйлайсизми? Албатта йўқ ва бунга мажбур ҳам эмас. Шундай экан, “Пахтакор” бугун бўлмаса эртага ёки индинга қарзидан қутилаверади. Фикримча, клуб раҳбарияти қарзи кейинроқ тўлаб бераман, деса ПФЛ йўқ, демаса керак?! ПФЛ пул туфайли мамлакатимизнинг биринчи рақамли клубини олий лигадан четлатмайди. Мабодо шундай қилса, бу жаҳон оммаси олдида ўзбек футболининг обрўсига салбий таъсир қилади. ПФЛ ўзбек футболининг обрўсига салбий таъсир қиладиган қарор қабул қиладиган даражада қатъиятли эмас. Агар ташкилот росткамига қатъиятли бўлганида, аллақачон футболимизнинг савияси ошган бўлармиди? 

Фурқатбек НИШОНОВ


Рейтинг: +9   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика