Биринчи лига. Плей-офф учрашувлари ҳақида икки оғиз
06 ноя 12:23
Новости
Биринчи лига. Плей-офф учрашувлари ҳақида икки оғиз
Биринчи лигада чемпионат учрашувлари якунланди ва навбат плей-офф беллашувларига. Бу йилдан эътиборан мазкур лигада иштирок этиш учун вилоят футбол академиялари ҳам қўшилди ва икки минтақага бўлинган ҳолда чемпионат ташкил қилинди. Лекин эътиборингизни бир нарсага қаратмоқчиман. Сиз уйқудан турган ҳолда нонушта қилаётган, ўқишга ишга чоғланаётган вақтингизда Биринчи лигада футбол учрашуви бўлиб ўтяпти. "Бунёдкор-Фарм" - "Жайхун" ўйини 9:30да бошланди. Шу нарса бизнинг эътиборимизни тортди.
Уйғониш
Организм эрта тонгда жисмонан 90 ва ундан кўп дақиқа футбол ўйнашга тайёр бўлмаслиги аён. Ўзим билган маълумотларга кўра, тонгда кўпроқ ақлий меҳнат самара келтиради ва бунда мия фаолроқ ишлайди. Энди тасаввур қилинг 9:30 да майдонга тушиш учун футболчи соат нечида туриши керак? Тахминан 6:30 ёки ундан вақтлироқ. Нонушта ва йўлга отланиш билан 1,5 соат вақт сарфланади. Майдонда эса 8:30да бўлиш керак. Бундай паллада асосан тикланиш жараёни кетаётган бўлади. Табиийки, ўзини ўзи тиклаб улгурмаган организмга яна 2 соатлик юклама тушади. Хўш, бунга нима дейсиз? Тиббиёт қонунларини ҳам четлаб ўтган ҳолда ташкил қилинаётган чемпионат орқали профессионал футболчи чиқаза оламизми? Менимча йўқ. "Жайхун" бир кун аввал келган яхши ҳам. Учрашув шаҳарнинг нариги чеккасида эканлигини ҳисобга олсак йўл вақти ҳам 1 соатга яқин бўлади.
Ташкилотчилик
Буни инфратузилма ёки стадионлар билан боғлаш мумкиндир. Лекин плей-офф беллашувларини марказлашган тарзда ўтказиш ПФЛнинг иши ва бунда ҳеч бир клубнинг айби йўқ. Демак ташкилотчи бош ташаббускор. 1/4 финалдан ўрин олган барча ўйинлар бир кунда ўтказилган. Уларнинг энг вақтлиси 9:30да бошланган. Демак, буни яхшилаб ўйлаб кўриш мумкин эди. Тошкентда фақат битта стадион бор эмас.
U-19 чемпионатида юз берган ҳолат ҳақида
13 июнь куни U-19 чемпионатининг 9-туридан ўрин олган "Арал" - "Металлург" учрашуви бўлиб ўтди. Бундай ҳолат ўтган йили ҳам содир бўлганди ва айнан "Арал"нинг ўйинида. Учрашув 8:00 да бошланган. Футболни илм ва фан сифатида қабул қилмасак, футболчининг организми, уни физиологик ҳолати, жисмоний хусусиятлари, биологик сифатларини таҳлил қилмасак, эрта тонгдан туриб уйқуга тўйинмаган организмга юклама тушириб иқтидорни йўқ қилишимиз мумкин. Қарс икки қўлдан чиқади. ПФЛдан тақвим, ўйинлар вақтини жамоаларга қулай қилиб чиқарса бундан фақат футбол ютади.
Комментарии