Осиё кубоги-2007. Шацкихнинг ҳисобга олинмаган голи. Бин Ҳаммамнинг хати ва ҳакамлар қурбони бўлган Ўзбекистон
28 дек 2023 16:40
Новости
Осиё кубоги-2007. Шацкихнинг ҳисобга олинмаган голи. Бин Ҳаммамнинг хати ва ҳакамлар қурбони бўлган Ўзбекистон
2007 йил тўрт давлат мезбонлик қилган галдаги Осиё кубогида бунга яна бир бор жуда яқин келгандик. Бироқ, ҳакамлар қурбони бўлган терма жамоамиз афсуски, чорак финалда ўз иштирокни якунлашга мажбур бўлган.
Саралашни Валерий Непомнящий бошчилигида ўтказган, қийинчилик билан йўлланмани қўлга киритган терма жамоага Рауф Инилеев мураббий этиб тайинланади. Бир йил аввал Қатардаги Осиё ўйинларида ёшлар терма жамоаси билан яхши таассурот қолдирган мутахассисга ишонч билдирилди.
Юқорида айтганимиздек қитъа чемпионати финал раунди Индонезия, Вьетнам, Малайзия ва Таиландда ташкиллаштирилади. Терма жамоамиз ўрин олган гуруҳ ўйинларига Куала-Лумпур шаҳри мезбонлик қилади. Эрон билан илк тур учрашувида вакилларимиз биринчи бўлиб ҳисобни очишларига қарамасдан, якунда ғалабани ушлаб қолишни уддасидан чиқишмаганди. Дарҳақиқат, терма жамоа сардори ва етакчиси Максим Шацких дисквалификация туфайли стартдаги учрашувни ўтказиб юборишга мажбур бўлади ва иккинчи тур Малайзия билан баҳсга етиб келади. Ҳужумчи юқори спорт формасида эканлиги билиниб турарди. Шу боисдан жамоага қўшилиб кетиши осон кечади. Бу учрашувда термамизнинг ғалаба қозонишлари деярли аниқ эди. Мураббий шунга яраша таркибда бир қатор ёшларга ўйнаш имкониятини беради.
Осиё кубоги - 2007
Гуруҳ босқичи. 1-тур.
11.07.2007. Куала-Лумпур. "Шоҳ Алам" стадиони. 1863 томошабин.
Эрон - Ўзбекистон 2:1
Бош ҳакам: Ал Фадли Саад (Кувайт)
Голлар: Ж. Ҳусайний, Ж. Қозимиян - Р. Ризоий (а.г.)
Ўзбекистон: Павел Бугало, Хайрулла Каримов, Алексей Николаев, Виталий Денисов, Павел Саломин (Марат Бикмаев), Азиз Ибрагимов, Ислом Иномов, Азиз Ҳайдаров (Ҳикмат Ҳошимов), Сервер Жепаров, Тимур Кападзе, Улуғбек Бакаев (Александр Гейнрих)
Заҳира: Ботир Қораев, Анзур Исмоилов, Игнатий Нестеров, Илдар Магдиев, Ғайрат Ҳасанов, Иқбол Акрамов, Виктор Карпенко, Анвар Ғофуров
Бош мураббий: Рауф Инилеев.
Осиё кубоги - 2007
Гуруҳ босқичи. 2-тур.
14.07.2007. Куала-Лумпур. "Шоҳ Алам" стадиони. 7137 томошабин.
Малайзия - Ўзбекистон 0:5
Бош ҳакам: Абдураҳмон Абду (Қатар)
Голлар: Максим Шацких 10, 89, Тимур Кападзе 30, Улуғбек Бакаев 45+2, Азиз Ибрагимов, 85
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Хайрулла Каримов, Анзур Исмоилов (Азиз Ибрагимов,50), Алексей Николаев, Ислом Иномов, Виталий Денисов (Павел Соломин,68), Виктор Карпенко, Сервер Жепаров, Тимур Кападзе, Улуғбек Бакаев (Александр Гейнрих,63), Максим Шацких
Анзур Исмоилов, Азиз Ибрагимов, Азиз Ҳайдаров, Виталий Денисов ва ҳоказо. Амалда терма жамоамиз йирик 5:0 ҳисобида устун келади. Аслида, юқорида зикр этилган футболчилардан Анзур Исмоилов якуний таркибга киритилиши бир мунча қийин кечган. Ҳимоячи Абрамов бошчилигидаги олимпия терма жамоаси билан Германиядаги йиғинга йўл олиши керак бўлган. Аммо, миллий жамоанинг Жанубий Кореядаги йиғинида Асрор Алиқулов бошидан жароҳат олгач унинг ўрнига Анзур таркибга жалб этилади. Уч очко билан қийин аҳволда қолган жамоамизни сўнги турда фақат ғалаба қониқтирарди.
Хитой билан баҳсда иккинчи бўлимда учта гол урган ҳамюртларимиз чорак финал чиптасига эга чиқишади. Гейнрих, Кападзе ва Шацкихнинг голлари бизга кейинги босқич эшикларини очади.
Осиё кубоги - 2007
Гуруҳ босқичи. 3-тур.
18.07.2007. Куала-Лумпур. "Шоҳ Алам" стадиони. 2200 томошабин.
Ўзбекистон - Хитой 3:0
Бош ҳакам: Ал Фадли Саад (Кувайт)
Голлар: Максим Шацких 72, Тимур Кападзе 86, Александр Гейнрих 90+8
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Хайрулла Каримов, Алексей Николаев, Анвар Ғофуров, Азиз Хайдаров, Виталий Денисов (Виктор Карпенко,63), Азиз Ибрагимов (Павел Соломин,90), Сервер Жепаров, Тимур Кападзе, Улуғбек Бакаев (Александр Гейнрих,46), Максим Шацких
Шацкихнинг инобатга олинмаган голи, орқа фонда устоз фотограф Анвар Илёсов
Чорак финалда эса Инилеев шогирдлари 2006 йил Германиядаги мундиал қатнашчиси Саудия Арабистонига рўбарў келади. Билсангиз, ўша вақтлар бу юрт терма жамоасини мағлубиятга учратиш амри маҳол эди. Айниқса, ЖЧ-2006 саралашида рақиб Тошкентдан дуранг қайтиб, ўз майдонида истаганини қилганди. Саудияликларнинг юлдуз футболчиси Сами Ал Жабернинг: “Ўзбеклар 70 дақиқадан кейин футбол ўйнамайди” деган киноясига учрагандик. Шунинг учун ярим финал йўлланмаси учун кечадиган баҳс биз учун ниҳоятда аҳамияти юқори эди. Бир томондан реванш олишнинг айни пайти келганди. Гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаганимиз учун делегациямиз Малайзиядан Индонезия пойтахти Жакартага кўчади. Федерация раҳбарлари чорак финал йўлланмаси қўлга киритилгани муносабати билан жамоага мукофот белгилашдан ташқари Рауф Инилеевга махсус кастюм совға қилишади. Лекин, мураббий ирим қиладими эскисини кийишни маъқул кўради.
Учрашувнинг учинчи дақиқасидаёқ рақиб футболчиси Ёсир Ал Қаҳтоний Нестеров дарвозасига гол уриб терма жамоамизниг режаларини бузиб юборади. Бу вазиятда ҳимоячиларимиз ҳар қанча уринмасин Қаҳтонийга қаршилик кўрсата олмаганди. Ўйин тизгинини қўлига олган жамоамиз аъзолари босим ва ҳужумларни оширади. Аммо, бирортасидан наф чиқмайди. Устига устак ҳакамларнинг ноҳолис қарорлари ўйиннинг боришига салбий таъсир қилади. Бунинг сабабларидан бири – сингупурлик қанот ҳаками Танг Ю-Мунинг ўта қўпол хатосидир. У ўйиндан ташқари ҳолатни белгилашда яққол адашиб Шацкихни тоза голдан маҳрум қилганди.
Қуйида ушбу ҳисобга олинмаган голни томоша қилинг.
75-дақиқада Ал Мусо гол уриб таблодаги ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Павел Саломин 82-дақиқада орадаги фарқни қисқартирганига қарамасдан барибир ғалаба Саудия Арабистони томонида бўлди.
Шуни унутмаслигимиз керакки, миллий жамоамиз мусобақа давомида ҳақиқатдан ҳам чиройли ўйин кўрсатганди. Эндиликда ишқибозларда юқори даражадаги жамоаларни ютишимизга ишонч пайдо бўла бошлаганди. ОФКнинг ўша вақтдаги президенти Муҳаммад Бин Ҳаммам ўйиндан сўнг ҳакамларнинг хатоси учун узр сўраб мактуб йўллаганди. Йил якунида эса Рауф Инилеев Осиёнинг энг яхши мураббийи деб эътироф этилганди.
Осиё кубоги – 2007. Чорак финал.
22.07.2007. Жакарта “Гелора Бунг Карно” стадиони, 12000 томошабин
Саудия Арабистони – Ўзбекистон – 2:1
Ҳакам: Квон Чжон Чул (Жанубий Корея)
Голлар: Ёсир Ал Қаҳтоний (3), Ал Мусо (75) – Павел Саломин (82).
Ўзбекистон: 12. Игнатий Нестеров, 2. Хайрулла Каримов, 4. Азиз Ибрагимов, 17. Алексей Николаев, 23. Виталий Денисов, 28. Анвар Ғофуров (15. Александр Гейнрих, 46), 7. Азиз Ҳайдаров (9. Павел Саломин, 78), 8. Сервер Жепаров, 18. Темур Кападзе (26. Виктор Карпенко, 57), 19. Ислом Иномов, 16. Максим Шацких
Абдулазиз Искандаров тайёрлади.
Комментарии