Бир клуб тарихи: "Аристократлар"
29 окт 2019 18:45
Новости
Кўҳна Европа футболи ҳамиша миллионлар ўйини иҳлосмандларини ўзига ром қилиб келган. Айниқса, Англия Премьер-лигаси баҳслари ҳафта охирида нафақат инглизларни, балки, бутун дунё ишқибозларининг эътибор марказида бўлади. Лондон шарафини ҳимоя қилувчи ва ҳужумкор футбол намойиш қилиши орқали танилган "Челси" клуби мамлакат биринчилигида пешқадамларга ҳамиша рақобат қилиб, чемпионлик йўлида рақибларини жанговор ўйини билан аяб ўтирмайди.
Агар сиз меҳнат ҳафтасидан чарчаб, дам олиш кунларида попкорн ва шарбатларни ғамлаган ҳолда, телевизор қаршисида Премьер-лига ўйинларини кўришни ихтиёр этсангиз, "Челси" аталмиш жамоа ўз ўйини билан 90 дақиқалик вақтингиз бефойда кетмаслигини кафолатлайди. Хатоларни кечирмайдиган ва сонияларнинг ҳам қадри баланд бўлган "Туманли албион" футболи шарафини ҳимоя қилувчи ҳар қандай клуб учун тур ўйинлари "сўнгги жанг" сифатида баҳоланади. Қолаверса, АПЛ жамоалари мавсум давомида ғалаба учун жон-жахтлари билан курашади ва салгина бўш ўйин орқали Чемпионшипга равона бўлишларини яхши тушунишади. Бунинг оқибатида биринчиликда кучли рақобат юзага келади ва ҳақиқий интрига бошланади. Энди тасаввур қилаверинг бундай чемпионатда ғолиб бўлиш учун клуб қандай хусусиятларга эга бўлиш кераклигини. "Аристократлар" сўнгги йилларда шундай "бераҳм лига"да ўз сўзини айтиб келмоқда ва мухлисларини ғалабалар билан мамнун этиб, суюклиларига футбол аталшим ўйин жозибасини улашмоқда.
Клубнинг ютуқлари:
Англия чемпиони: Биринчи дивизион ва Премьер-лигада (6 марта)
1955, 2005, 2006, 2010, 2015, 2017 йиллардаги мавсум.
Англия кубоги соҳиби: (8 марта)
1970, 1997, 2000, 2007, 2009, 2010, 2012, 2018 йиллардаги мавсум.
Англия суперкубоги соҳиби: (4 марта)
1955, 2000, 2005, 2009 йиллардаги мавсум.
Англия лига кубоги соҳиби: (5 марта)
1965, 1998, 2005, 2007, 2015 йиллардаги мавсум.
УЕФА чемпионлар лигаси ғолиби: (1 марта)
2012 йилдаги мавсум.
УЕФА Европа лигаси соҳиби: (2 марта)
2013, 2019 йиллардаги мавсум.
УЕФА суперкубоги: (1 марта)
1998 йилдаги мавсум.
Кубок эгалар кубоги соҳиби: (2 марта)
1971, 1998 йиллардаги мавсум.
Клуб тарихи
"Кўклар"га 1905 йилда асос солинган. Лондон шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи мазкур клубнинг ташкил топишида жамоанинг биринчи президенти Клод Кирбининг меҳнатлари салмоқли эди. Мистер Кирбининг ўттиз йиллик бошқаруви даврида клуб асосан ўртамиёна ва ҳаваскор жамоа сифатида фаолият юритган. Ундан кейин клуб бошқарувига келган Чарлз Пратт ва Чарлз Крисплар даврида ҳам жамоа бирор ютуқга эга чиқа олмаган. Фақатгина, Жо Мирс даврига келиб 1955 йилда "аристократлар" мамлакат биринчилигидаги дастлабки чемпионлигига эришди. Айнан ўша вақтдаги бош мураббий Тед Дрейкнинг ҳам мазкур тарихий ғалабада ҳиссаси юқори бўлганлигини эътироф этиш ўринлидир. Шунингдек, ўша мавсумда жамоа мамлакат суперкубоги баҳсида "Ньюкасл Юнайтед" клуби устидан қозонилган ғалаба туфайли тенгсиз эканликларини исботлашди. Умуман олганда жамоа XX-асрнинг иккинчи ярмидан кейинги давр мобайнида мамлакатнинг ўртамиёна жамоалари сафида бўлган. 1965 йилги Лига кубоги ва 1970 йилги Англия кубогидаги ғалабаларини ҳисобга олмаганда "нафақахўрлар" айтарли ғалабаларга эриша олмаган. Халқаро майдонларда эса 1971 йили Кубок эгалари кубоги финалида Мадриднинг "Реал" клуби устидан қозонилган ғалаба жамоанинг қитъа миқёсидаги биринчи йирик ғалабаси сифатида тарихдан жой олган.
Клубнинг 70 йиллардаги таркиби
Шундай даврлар бўлган-ки жамоа ҳатто мамлакат биринчи дивизионига ҳам тушиб кетган ва бу ҳолат бир неча маротаба такрорланган. Жумладан, клуб 1984 ва 1989 йилдаги мавсумларда қуйи лигадан яна кучлилар қаторига қайтганини статистик маълумотлар тасдиқлайди. Англия биринчилиги 1992 йил 20-февралдан расман Премьер-лига номи остида фаолиятини бошлади. "Кўклар" Премьер-лиганинг биринчи мавсумида турнир жадвалининг 11-поғонасидан жой олишга эриша олди ҳолос. 1997 йилда Голландия футболи афсонаси Рууд Гуллит бошқаруви даврида Англия кубоги баҳсларида ғалаба қозонди. Лекин "қора лола" жамоа билан узоқ ушланиб қолмади ва ўз ўрнини италиялик Жанлука Виаллига бўшатиб берди. 1998 йилги мавсумда кремоналик Виалли бошчилигида жамоавий ўйинда сезиларли ўзгаришлар бўлди. Таркибга истеъдодли ўйинчилар жалб этилди ва натижалар ҳам аста-секин бўй чўза бошлади. Жумладан, ички биринчиликда Лига кубогидаги ғалабадан ташқари ўша мавсумда УЕФА кубок эгалари кубоги баҳсларида Германиянинг "Штутгарт" клуби устидан ғалаба қозонган ҳолда ўзларининг халқаро майдонлардаги иккинчи йирик ғалабасига эришишди. Стокгольмда бўлиб ўтган финал беллашувида Жанфранко Зола томонидан киритилган ягона гол беллашув тақдирини ҳал қилди. "Аристократлар"нинг ўша вақтдаги таркиби ҳақиқатдан ҳам кучли ижрочилардан иборат эди. Дарвозада "лолалар юрти" вакили Эд де Гуй, ҳимоя қўрғонида руминиялик Дан Петреску ва француз Франк Лебёф, ярим ҳимояда уругвайлик Густаво Пойет ва Деннис Уайз ҳужумда норвегиялик Туре Андре Фло сингари ўйинчилар рақиблари учун кутилмаган "совға"ларни тайёрлаб қўйишарди. Ўша мавсумда клуб УЕФА суперкубоги баҳсида Гус Хиддинк бошқарувидаги "Реал Мадрид" жамоасини таслим этишди. Ҳал қилувчи ўйиннинг 82-дақиқасида Густаво Пойет томонидан киритилган гол якунда ягоналигини сақлаб қолди ҳамда лондонликларга ғалаба тақдим қилди. Премьер-лигада эса "Арсенал", "Манчестер Юнайтед" ва "Ливерпуль"дан кейин финишга тўртинчи бўлиб етиб келишди. Шундан сўнг, "кўклар" 2000-йилги мавсумда Англия кубоги ва суперкубоги баҳсларида ҳам ғолибликни тантана қилишди.
Жамоанинг норвегиялик юлдузи Туре Андре Фло
Абрамовичнинг келиши ва янги ютуқлар
2003 йил 2 июлда клубни россиялик миллиардер Роман Абрамович 140 млн. фунт эвазига сотиб олади. Унинг жамоа бошқарув ролига келиши оқибатида нафақат Лондон ва Премьер-лигада балки, қитъада рақобатдош суперклуб пайдо бўлди. Абрамович жамоага энг кучли футболчиларни сотиб олиб, трансфер сиёсатини оқилона олиб бориши эвазига натижалар у қадар кўп куттириб қўймади. Жумладан, 2005 йилги мавсумнинг ўзида “кўклар” бир йўла 3та совринга эга чиқишди. Жамоа тарихида Премьер-лига баҳсларида биринчи чемпионлигини нишонлаш билан биргаликда Лига кубоги ва Англия суперкубоги баҳсларида зафар қучишди. 2006 йил Жозе Моуринью бош мураббийлигида мавсумда қаторасига иккинчи чемпионлик нишонланди. Мазкур ғалабада ўша йиллари клуб таркибидаги Петр Чех, Асьен Дел Орно, Жон Терри, Рикарду Карвалю, Клод Макалеле, Майкл Эссьен, Жо Коул, Арьен Роббен, Френк Лэмпард, Лассана Диарра, Эрнан Креспо, Дидье Дрогба, Эйдур Гудьонсен ва Дамьен Дафф сингари юлдузларнинг ҳиссаси катта бўлди. Роман Абрамович ўша пайтлари ўз клубига машхур футболчиларни олиб келиш учун молиявий чиқимдан қочмас эди. Дунёнинг юлдуз футболчилари билан музокаралар олиб борилган ва аксарияти ижобий якунланган. Россиялик миллардер хаттоки ўша давр футболининг қироли Андрей Шевченкони ҳам ўз "қармоғига илинтирган" ва Лондонга олиб келишга эришган. Аммо, "Шева" клуб билан мухлис ва мутахассислар кутган ўйинни намойиш қила олмагани ҳаммамизга аён. 2008 йилги мавсумда “кўклар” ЕЧЛ финалига қадар йўлни босиб ўтишди. Олтин медалларни қўлга киритишдаги рақиб эса – “Манчестер Юнайтед”. “Лужники”да бўлиб ўтган финал баҳси икки инглиз клуби учун жуда аҳамиятли эди. Ўйиннинг асосий вақтида жамоалар бир-бирларини биттадан гол билан “сийлашди” ва словакиялик ҳакам Любош Михель рақибларни пенальтилар сериясига таклиф қилди. Лотореялар сериясидаги ютуқ эса Сер Алекс Фергюссон шогирдларига чиқди. “Аристократлар” сафида Жон Терри ва Николя Анелька 11 метрлик нуқтада адашган бўлса, Кристиану Роналдунинг ноаниқ зарбаси “Қизил иблислар”нинг ғалабасига тўсқинлик қилмади. Ўша оқшом: Роналдунинг болаларча ғалаба йиғиси билан эсда қолди ва бу сафар Москва кўз ёшларга ишонди!
Мюнхен финалидаги қувонч
2010 йилги мавсумда Карло Анчелотти бошқарувида жамоа ўзининг тўртинчи чемпионлигини ва олтинчи бор мамлакат кубогидаги ғалабасини нишонлади. Премьер-лига баҳсларида эса турнир жадвали якунида “аристократлар” азалий рақиби “Манчестер Юнайтед”ни атиги бир очко фарқи билан ортда қолдиришга эришди ҳамда клубнинг ивуарлик ҳужумчиси Дидье Дрогба 29 (13 голли пас) та гол билан биринчилик тўпурарига айланди. 2012 йил жамоа учун анча омадли келди ва “кўклар” бутун фаолияти давомидаги энг йирик ва нуфузли ғалабаларини қўлга кирита олишди. ЕЧЛ финалига етиб келган клуб ҳал қилувчи беллашувда Мюнхеннинг “Бавария” клубини мағлуб этди. Финал баҳси драматик тарзда бўлиб ўтди. Финал учрашуви "Альянц Арена"да бўлиб ўтиши немис клуби учун икки ҳисса қўшимча имконият эди. Аммо, “Бавария”га ўша куни уйида деворлар ҳам, қўшимча таймларда берилган пенальти ва мухлислари ҳам ёрдам бера олмади. Ҳаттоки, пенальтилар сериясида стадиондаги дарвоза устунлари ҳам мюнхенликларга қарши чиқди. Юпп Хайкенс шогирдлари ўйиннинг 83-дақиқасида Мюллернинг аниқ зарбаси эвазига олдинга чиқиб олади. Ҳамма ўйин тақдири ҳал бўлди деб турган вазиятда катта саҳнага Дидье Дрогба чиқиб келади ва бурчакдан узатиб берилган тўпни боши билан Мануель Нойер қўриқлаётган даврозанинг тўққизлигига жойлаб қўяди. Қўшимча таймларда эса “Челси” дарвозасига белгиланган пенальтини Арьен Роббен ноаниқ бажаради ва бу билан жамоанинг руҳий ҳолатини анча чўктириб юборади. Роббеннинг ўзи лотореялар сериясида нуқтага яқинлашишга куч топа олмаган бўлса, жамоадошлари Олич ва Швайнштайгерларнинг хатоси эвазига якунда “аристократлар”га тарихий ғалабани туҳфа этди. “Челси”нинг ўша йиллардаги вақтинча бош мураббий Роберто Ди Маттеонинг имзоси эвазига ЕЧЛ кубогига ўз номларини чемпион сифатида муҳрлашди. 2015 ва 2017 йилги мавсумларда жамоа яна Премьер-лигада ғолибликни расмийлаштиришган бўлса, 2013 ва 2019 йилларда Европа лигасида ҳам тенгсиз бўлишга эриша олди.
Бугунги кунда “аристократлар”ни ўтмишдаги юлдуз футболчиси ва сардори Френк Лэмпард бошқармоқда. Френк фаолияти давомида “кўклар” сафида 429та ўйинда иштирок этган ва 147 та гол киритишга муваффақ бўлган. Жорий мавсумда эса клуб билан 10-тур натижалари бўйича 20 очко жамғариб, турнир жадвалида пешқадам “Ливерпуль”дан 8 очко ортда қолган ҳолда, тўртинчи поғонани банд қилиб турибди.
Клуб рекордлари ҳақида икки оғиз маълумот:
Клубнинг Премьер-лигадаги энг йирик ғалабаси:
8:0 – “Уиган”, 2010 йилги мавсумда.
8:0 – “Астон Вилла”, 2012 йилги мавсумда.
Клубнинг Премьер-лига тарихидаги энг кўп гол урган мавсуми:
38 та ўйинда. 103та гол. 2010 йилги мавсумда.
Клубнинг Премьер-лига тарихидаги энг кам гол ўтказган мавсуми:
38 та ўйинда. 15та гол. 2005 йилги мавсумда.
Клубнинг Премьер-лига тарихидаги энг кўп очко тўплаган мавсуми:
95 очко. 2005 йилги мавсумда.
Клубнинг энг узоқ давом этган ғалабали серияси:
13та ўйин. 2016 йил 24 сентябрдан, 2017 йил 5 январгача.
Шиддатли ва зиддиятли кечадиган Премьер-лигада ўз ўйинлари билан мухлисларини хушнуд этиб келаётган “аристократлар” Англия футболида ўзларининг шонли тарихини олтин ҳарфлар ила бита олган клублардан биридир.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Фарруҳ Дониёров
Комментарии