Билолхон Тошмирзаев: "Шўртан"га қарши баҳсда бизга ғалаба жуда зарур эди"
26 ноя 2020 13:11
Новости
Билолхон Тошмирзаев: "Шўртан"га қарши баҳсда бизга ғалаба жуда зарур эди"
- Билолхон, "Шўртан"га қарши баҳс ҳақида нималарни айта оласиз?
- Жамомизнинг "Шўртан"га қарши учрашуви кўтаринки руҳда ўтди деб айта оламан. Ушбу баҳсда барча жамоадошларим майдонларини борларини бериб ҳаракат қилишди. Мазкур ўйинда ғалаба бизга жуда зарур эди, якунда бу вазифани уддаладик. Ғалабамизда мухлисларимизнинг ҳам ҳиссалари катта бўлди, ҳаво совуқ бўлишига қарамасдан улар стадионга келиб бизни қўллаб-қувватлаб туришди.
- Сиз ушбу учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилдингиз. Айтингчи, бу сизга келгусида қандай иштиёқ беради?
- Албатта, бундай эътироф ҳар бир футболчи учун ёқимли. Бу натижа менга яна кўпроқ шижоат билан ўйнаш масъулиятини юклайди. Насиб бўлса бунданда яхшироқ ўйин намойиш этиб, мухлисларимизни хурсанд қиламан деган умиддаман.
- "Турон" жамоаси мазкур ғалабадан сўнг тўғридан-тўғри Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш учун имкониятни сақлаб қолди. Сўнги турда Фарғонада пешқадам "Нефтчи" жамоасига қарши майдонга тушасизлар. Сизнингча, бу ўйин қандай бўлади?
- Ўйлайманки, бу учрашув финал каби бўлади. Ғолиб жамоа тўғридан-тўғри Суперлигага чиқиши ўйиннинг аҳамиятини янада ошириб юбориши табиий. Насиб бўлса ушбу учрашувда ғалаба қозониб, Суперлигага чиқамиз. Айни дамда жамоамиз аъзоларининг руҳияти аъло даражада.
- Кўпчилик учун қизиқарли бўлган савол. Билолхон Тошмирзаев қаерда таваллуд топган? Биринчи ўйнаган жамоангиз ва футболдаги илк мураббийингиз ким бўлган?
- Мен асли Наманган вилоятида туғилганман. Биринчи мураббийларим Фахриддин ва Рашид Мамажоновлар ҳисобланади. Айнан Рашид Мамажонов мени "Пахтакор" футбол академиясига олиб борганлар. Профессионал футболдаги илк жамоам Тошкентнинг "Обод" клуби бўлган.
- "Турон" жамоаси мухлисларига тилакларингиз?
- Аввало, мухлисларимизга стадионга келиб бизни қўллаб-қувватлаб турганликлари учун миннатдорчилик билдираман. Барчаларига соғлиқ-саломатлик, оилавий хотиржамлик тилайман. "Нефтчи"га қарши ҳал қилувчи ўйинда ҳам бизни стадиондан туриб қўллаб-қувватлаб туришларини сўраган бўлардим.
Бекзод Толибов ёзиб олди
Комментарии