Бэйл Мадриддан қочиши керак
02 авг 2019 21:21
Новости
Бэйл Мадриддан қочиши керак
Ўша муваффақиятдан сўнг жамоада катта ўзгаришлар бўлди дейиш қийин: Роналду кетди, Зидан клубни тарк этиб яна жамоага қайтди. Уэльслик учун Мадридда фақат яшил чироқ ёниши керак эди. Аммо бундай эмас. Сариқ чирой ёнмоқда. Бундан сўнг қизил ёнадиганга ўхшаяпти.
"Реал" ўз вақтида "Тоттенхэм"га деярли 100 млн. евро тўлаган футболчи аввалига "қаймоқранглилар"нинг муҳим ижрочиларидан бири эди. Хатто бундан ортиқроқ. Бу гапни биз ўйлаб топмадик, Зидан шундай деган. Икки йил аввал. Кейин ҳаммаси ўзгарди.
Икки йил олдин отдек кучи бор, аммо тезкор ва техникаси кучли бўлган уэльслик ўз қанотида ўта хавфли ҳужумлар ташкил қилар, ҳимояга ёрдам берарди. У "Реал" кийиниш хонаси ва мухлисларнинг ёқимтойи бўлмаган, бироқ жамоада Бэйлдек футболчи борлиги ҳар қандай мураббий учун ёқимли ҳолат бўларди. Ёқимли ва қиммат (турли маълумотларга кўра, Гаретнинг "Реал"даги йиллик маоши 15-20 млн. еврони ташкил қилади). Аммо ўйини шунга яраша эди. "Қироллик клуби" сўнгги тўрт мавсумда уч марта Чемпионлар лигасини қўлга киритди ва фақат Чемпионлар лигаси ҳақида гапирадиган бўлсак, бу натижага ҳеч ким эришмаган эди. Барча ғалабаларда Бэйл асосий ролларда бўлди.
Бэйл ва Зидан ўртасидаги муносабатлар 2017 йилда ёмонлаша бошлаган. Франциялик жамоани 4-3-3дан 4-4-2 схемасига ўтказишни бошлади. Ҳужумдаги дуэтда битта жой Криштиану Роналдуга берилди, иккинчиси эса Бенземага. Карим қандай формада бўлишидан қатъий назар, Зизу унга ишонаверарди. Бэйл ҳам бу жойга умид қилганди ва хатто унинг ўйин савияси францияликдан юқорироқ бўлган. Бироқ Бензема Зиданнинг севимли футболчиси.
Бундан ташқари Гаретнинг ўзи вазиятни оғирлаштирган. Ўша 2017 йилда. Футболчи жиддий жароҳатдан эндигина қутилган эди ва "Барселона"дек рақибга қарши баҳсга тайёр бўлмаган. Зидан Бэйлдан "Эл-Классико"га тайёрлиги ҳақида сўраган. Бэйл эса ижобий жавоб берган. Аммо ўйининг биринчи ярим соатидан сўнг уэльслик уни алмаштиришларини сўради. Зидан мажбурий ўзгаришни амалша оширди ва унинг барча режалари чиппакка чиқди. Мураббий ўша мағлубиятда Бэйлни айблади. Гарет эса бу айбловни ҳазм қила олмади ва жавоб қайтарди. Футболчи ва мутахассис ўртасидаги "совуқ уруш" шундай бошланган.
Гарет ўша мавсумнинг қолган қисмини жароҳатлар билан ўтказди. Кейинги мавсумда ҳам ишлар ўнгланмади. "Реал" ҳамда "Ливерпуль" ўртасидаги Чемпионлар лигаси финали Бэйлнинг бенефиси бўлди. Зидан уэльсликни майдонга туширишни хоҳламаганди, аммо вазият шуни тақозо қилди. Биринчи бўлимдан сўнг ҳисоб 1:1 эди. Бироқ Бэйл майдонга тушиши билан "Реал" гол урди. Гарет қайчи зарбаси билан ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди, баҳс якунида Бэйл яна бир голга муаллифлик қилди.
Финал якунланганидан сўнг футболчи бош мураббийдан мақтов сўзларини эшитмади. Флорентино уни олқишлади, Зизу эса йўқ. Турли ОАВларнинг маълум қилишича, Зидан клуб президенти олдига шарт қўйган экан: Бэйл жамоада қолса, мутахассис клубни тарк этади. Шундай бўлди, франциялик мутахассис "Реал"дан кетди ва бир неча ойдан сўнг клубга қайтди.
Бу ойлар ичида Зидан ва Бэйл ўртасидаги келишмовчилик йўқолмади. Францияликнинг "Сантьяго Бернабеу"га иккинчи ташрифидан сўнг Гаретнинг ўйин вақти кўпаймади. Аксинча, Зидан матбуот анжуманларида уэльслик жамоадан кетиши ҳақида очиқчасига гапира бошлади. Ҳужумчи ўрнига икки ўйинчи (Азар ва Йович) харид қилинди. Бэйл назорат учрашувида гол урганидан сўнг мураббий уни мақтагандек бўлди.
Вазият яхши томонга ўзгариши жуда қийин. Зидан "Реал"га Поль Погба келиши ҳақида ўйламоқда. Бироқ иқтидорли францияликни харид қилиш учун, иқтидорли уэльсликдан қутилиш керак. Гарет ҳаммасини тушуниб турибди ва у Зиданни хурсанд қилиб, жамоани тарк этишга тайёр, бироқ клуб шартнома бўйича қолган маошини тўлаб бериши керак. Футболчига "Манчестер Юнайтед" қизиқиш билдирганди, аммо улар 30 ёшли футболчига ҳар йили 20 млн. евро атрофида маош тўламоқчи эмас.
Ниҳоят Бэйлга Хитойдан таклиф келди. "Цзянзу Сунин" уэльсликни дунёдаги энг кўп маош олувчи футболчига айлантирмоқчи эди (йилига 54 млн. евро), аммо клуб сўнгги сонияларда беш йил ичида испанчани ўргана олмаган футболчини ўзида сақлаб қолишга қарор қилди.
Нима бўлган тақдирда ҳам Бэйлнинг "Сантьяго Бернабеу"даги якунига етди. Хатто у шартномасини охири (2022 йилнинг ёзи)гача "қаймоқранглилар" сафида қолсада, ҳозирги мураббий қўл остида бир неча сонияга ҳам майдонга тушмайди. Гарет Бэйл "Реал"ни ёзда тарк этса керак.
Комментарии