АОКАда ЎФА мутасаддилари билан матбуот анжумани бўлиб ўтди
05 ноя 2019 19:11
Новости
АОКАда ЎФА мутасаддилари билан матбуот анжумани бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2019 йил 8 июндаги 4-сонли баёни асосида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Медиа-режага мувофиқ бугун АОКА анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда мазкур қарор билан тасдиқланган “2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш дастури”да белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши мавсузида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутасаддилари – ЎФА Биринчи вице-президенти – Равшан Эрматов, ЎФА Бош котиби – Аваз Максумов, терма жамоалар бўлими бошлиғи Азизбек Ҳайдаров, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи – Вадим Абрамов, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мураббийи – Равшан Ҳайдаров, шунингдек, ЎФАнинг тегишли бўлим бошлиқлари иштирок этишди.
Очиқ суҳбат ҳамда савол-жавоб тарзида ўтган матбуот анжуманида турли мавзулар, жумладан, футболимиздаги оғриқли нуқаталар, клубларни хусусийлаштириш, болалар футболидаги муаммолар, турли ёшдаги терма жамоаларимиз учун футболчи тайёрлашнинг якдил тизимини яратиш, малакали футбол мураббийларини етиштириш, футбол соҳасида фаолият олиб борадиган мутахассисларни тайёрлаш ва бошқа қатор мавзуларда фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
- Ўзбек футболи ҳақида гап кетганда, аввало ютуқ ҳамда муваффақиятларимиз қаторида бир қанча муаммолар, ўз ечимини узоқ вақтдан буён кутаётган масалалар ҳам бор эканини алоҳида қайд этиш лозим. Яқинда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Осиё футболи раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим ал Ҳалифани қабул қилдилар ва ўша учрашув мобайнида бугунги ўзбек футболининг ҳолати, унинг яқин ва узоқ муддатга мўлжалланган истиқболи мавзуси батафсил муҳокама этилди. Шу жараёнда бугунгача бир неча бор юртимизда футболни ривожлантириш бўйича қарор ва фармонлар қабул қилингани, лекин уларнинг ижроси таъминланишида камчиликлар кузатилганини таъкидлаган давлат раҳбари эндиликда чиндан футболнинг ривожига туртки берадиган қарор лойиҳасини тайёрлаш ва Ўзбекистонда футболнинг ривожланишини тизимли тарзда йўлга қўйиш бўйича топшириқлар бердилар. Шу асосда ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни, болалар ва ўсмирлар футболига эътибор ва шароитни, мавжуд инфратузилмаларни ўрганиб чиқиб, керакли хулосаларга эга бўлдик ва эндиликда ушбу камчиликларни бартараф этиш устида иш олиб борамиз, - дея таъкидлади Равшан Эрматов.
Ҳудудий футбол ассоциациялари фаолияти қониқарли даражада йўлга қўйилмагани бўйича берилган саволга жавоб берар экан, ЎФАнинг ҳудудий футбол ассоциациялари билан ишлаш бўлими бошлиғи Бахтиёр Ширинов мазкур масала бўйича муаммолар сўнгги вақтларга келиб бартараф этила бошланганини таъкидлади.
- Аксарият вилоятлар футбол ассоциациялари номигагина фаолият кўрсатиб келган. Бу борадаги аҳволни ўнглаш мақсадида ЎФАда Ҳудудий футбол ассоциациялари билан ишлаш бўлими ташкил этилди. Натижада ҳар бир вилоятдаги футбол ассоциациясининг иш-фаолияти ўрганилиб, назорат амалга оширила бошланди. Ҳар бир ассоциацияга зарур йўналишлар бўйича мутахассислар ишга таклиф этилди. 2020 йилдан бошлаб ҳар бир вилоят футбол ассоциацияси ўз ҳудудий чемпионатини ташкил этиш ҳамда болалар футболига эътибор бўйича катта ҳажмда иш олиб бора бошлайди, - деди Бахтиёр Ширинов.
Клублар ҳамда футбол идораларида фаолият олиб борувчи ўз мутахассислиги бўйича етук малака ва маҳоратга эга кадрлар етишмовчилиги мавжуд экани борасидаги саволга Равшан Эрматов жавоб берди.
- Ҳар бир соҳада ўз мутахассислиги бўйича билимга эга кадрлар фаолият кўрсатиши иш жараёнининг ҳам унумли бўлишини таъминлайди. Халқимизда “Чумчуқ сўйса ҳам – қассоб сўйсин”, деган нақл бор, шу жумладан, футбол соҳасида ҳам кўпроқ бу борада малакали мутахассислар ишлагани мақсадга мувофиқ. Бугунги кунда футболнинг турли йўналишида ўз ишининг устаси бўлган малакали мутахассисларни етишмаслиги клублар, ҳакамлик, болалар футбол мактаблари, футбол академиялари, футбол инфратузилмаси, ҳудудий футбол ассоциациялари талаб даражасида фаолият юритишига тўсқинлик қилиб келмоқда. Футбол академияси ҳамда футбол мактабларини тамомлагач, ҳар бир футболчи ҳам профессионал футбол ўйнаб кета олмаслигини яхши биламиз ва уларга футболда иккинчи имкониятни берадиган, яъни мураббий, селекционер (скаут), ҳакам, футбол менежерлари, футбол агентлари, маркетинг соҳаси ходимлари, спорт психологлари каби футбол мутахассисларини тайёрлаш бўйича марказ ташкил этишни бугунги ва эртанги кун футболи талаб этяпти, - дея таъкидлади Равшан Эрматов.
Матбуот анжуманида иштирок этган ОАВ вакиллари томонидан, шунингдек, спорт билим юртларини футбол соҳаси бўйича тамомлаб, аммо зарур лицензияси йўқ экани сабаб мураббий сифатида фаолият олиб бора олмаётган битирувчилар сони оз эмаслиги бўйича ҳам саволлар берилди.
- Тўғри, спорт билим юртларини футбол соҳаси бўйича тамомлаб ҳам зарур лицензияси йўқ экани боис хатто болалар жамоаларида мураббий сифатида иш топа олмаган битирувчилар сони кўпчиликни ташкил этиб келади. Шу муаммога ечим топиш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан биргаликда янги лойиҳани йўлга қўймоқдамиз. Унга кўра, эндиликда 3 ҳамда 4-курс талабалари ўқишни тамомламасдан ҳам ЎФАнинг “D” ҳамда “C” лицензияларига ўқиш имконига эга бўлишади, - деди Аваз Максумов.
Бундан ташқари терма жамоаларимизга иқтидорли футболчиларни тайёрлаб беришнинг ягона тизимини йўлга қўйиш масаласида ЎФА иш олиб бормоқдами, деган савол билан ҳам мурожаат этилди. Бу саволга ЎФА Терма жамоалар бўлими бошлиғи Азизбек Ҳайдаров жавоб берди:
- Биз мазкур масалада иш жараёнини бошладик. Турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимизда бир хил услубни шакллантириш, бир терма жамоадан иккинчисига футболчи етказиб беришни таъминлаш мақсадида ягона дастур ишлаб чиқяпмиз. Унинг асосида ёш ҳамда замонавий футбол кўникмаларига эга мутахассисларни терма жамоаларимизга таклиф этишни бошладик. Мисол учун, Сервер Жепаров ҳам эндиликда ўсмирлар терма жамоаларимиздан бирида мураббий сифатида ишлайди. Секин-аста барча терма жамоаларимизда ягона услубни шакллантириб, ёш терма жамоалардан олимпия ва миллий жамоага маҳоратли ўйинчилар етказиб бериш бўйича якдил тизимни йўлга қўямиз, - деди Азизбек Ҳайдаров.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган матбуот анжуманида яна бир қатор масалалар бўйича фикр алмашилди, журналистлар ўзларини қизиқтирган савол, таклиф ва мулоҳазаларни билдиришди. ЎФА вакиллари ҳам саволларга батафсил муносабат билдириб, мавжуд ютуқ ҳамда камчиликлар хусусида бафуржа тўхталиб ўтишди.
Комментарии