Алишер Никимбаев: "Куперни ишдан бўшатишга ҳозир ЎФАда пул йўқ"
07 сен 2019 09:15
Новости
Алишер Никимбаев: "Куперни ишдан бўшатишга ҳозир ЎФАда пул йўқ"
Кўпчилик мендан Фаластин билан ўйиндан кейинги фикримни сўрашди.
Натижа мен учун ёқимсиз ва кутилмаган бўлди. Эктор Куперга бошидан ишонмасдим, аммо футболчиларимиз класс туфайли бўлса ҳам ғалаба қозонишларига ишонгандим. Афсуски бу етарли бўлмади.
Энди нима қилиш керак? Бу энг қийин савол, бунга ЎФАнинг ҳозирги раҳбарияти жавоб бериши лозим. Уларга олдинги раҳбарият олиб келган мураббий қолди, у қўйилган мақсадлар, терма жамоа ўйин услубига мос келмайди.
Куперни истеъфога чиқариш учун эса катта пуллар керак бўлади. Шу ўринда янги мураббийга ҳам тўлаш учун пул топиш лозим бўлади. Мени билишимча ҳозир ЎФАда катта пуллар йўқ. Олдинги раҳбарият анчайин шохона ҳаёт кечирган ва Мираброр Усмонов қолдирган (баъзи маълумотларга кўра тахминан 2 миллион доллар) пул ва икки йил ичида ЎФА ҳисобига келиб тушган пулларни сарфлаб юборган.
Молиявий имконият туфайли Купернинг ўрнига фақат маҳаллий мураббий олиб келиниши мумкин. Барча машҳур мураббийлар терма жамоада ишлашга улгуришган. Қолганлар эса бу лавозим учун етарлича обўрга эга эмас.
Сўнгги йилларда мухлислар, журналистлар ва мутахассислар хорижлик мураббийни хоҳлашганди. Олдинги раҳбарият ҳеч қандай режасиз Куперни танлашди ва барчага шундай дейишди: Хорижлик мураббий хоҳлаганмидингиз? Олинглар.
Қатар устози Феликс Санчесни олайлик. У Қатарга Aspire академиясини ривожлантириш йўлида олиб келинганди, у ерда футболчиларга испан футболи ўргатилади. Кейин у Қатар ёшлари билан 2014 йил Осиё чемпиони бўлди. Кейинроқ олимпия терма жамоасида ишлади ва 2017 йилда Қатар бош мураббийига айланди. 2019 йил январь ойида нима бўлганини эслатишга ҳожат бўлмаса керак. Яъни Қатарнинг турли ёшдаги жамоалари бир-бирига боғлиқ. Терма жамоалар билан ишлаш тизими мана шундай йўлга қўйилиши керак.
Ўзбекистон терма жамоаларида вазият қандай? Биздаги энг асосий тўртта терма жамоадаги мураббийларнинг услуби бир хилми?, - деб ёзади Алишер Никимбаев телеграмдаги ўз каналида.
Комментарии