Алишер Аҳмедов: “Ушбу ютуғимни Ўзбекистон аҳлига бағишлайман”
04 дек 2015 16:21
Новости
Алишер Аҳмедов: “Ушбу ютуғимни Ўзбекистон аҳлига бағишлайман”
Шу муносабат билан 28 ёшли посбонни суҳбатга чорладик.
- Аввало чемпионликка эришганингиз табриклаймиз. Айтингчи якунига етган мавсум сиз ва “Радиант” учун қандай ўтди? Ундан кўнглингиз тўлдими?
- Мавсум аввалига биз учун қийин бошланди. Мураббийларнинг кетма-кет уч бор алмашинуви ҳам табиийки натижага салбий таъсир ўтказгандек туюлди. Аммо шунга қарамай ОФК Кубогида гуруҳ босқичида яхши иштирок этдик деб ўйлайман. Фақат бирозгина омад етишмади. Умумий мавсумни олиб айтадиган бўлсам, Президент Кубогида финалгача етиб бордик. Ички чемпионатда эса умуман ютқазмасдан чемпионликни қўлга киритдик. Ўзимга келадиган бўлсак, жамоам иштирокидаги барча учрашувларда тўлиқ 100 фоиз харакат қилдим ва сезиларли даражада маҳоратимни оширдим деб ўйлайман. Бундан ва олтин медалларни қўлга киритганимиздан албатта хурсандман. Мавсум-2015дан кўнглим тўлди.
- Чемпионатда умуман ютқазмасдан олтин медалларни қўлга киритибсизлар. Бунга жамоа қандай эришди?
- Ҳа, бирорта ҳам мағлуб бўлмаган эрсакда, чемпионлик шохсупасига осонликча кўтарилдик деб айтмаган бўлардим. Ҳар бир учрашувга жиддий қараган холда, бор кучни бериб ўйнадик. Сабаби битта дуранг ҳам якунда бизга қимматга тушишини билардик. Шунинг учун катта босим остида ўтказдик бутун мавсумни. Чемпионлик йўлида жамоамизга “Мазия” ва “ТС-юнайтед” клублари ҳам жиддий қаршилик кўрсатди деган бўлардим.
- Бу сизнинг футболчиликдаги илк олтинингиз бўлса керак?
- Ҳа. Бунгача шахсий музейимда бронза медали бор эди. Уни Ўзбекистон чемпионатида “Насаф” сафида қўлга киритгандим.
- “Радиант” раҳбарияти ушбу чемпионликдан сўнг футболчиларни муносиб равишда рағбатлантирдими?
- Ҳа. Мальдивда футболчиларга бўлган эътибор ва хурмат юқорилигини таъкидлаб ўтишни истардим. Футбол федерациянинг бош ҳомийми “Oredu mobil” компанияси чемпионликка эришилганидан сўнг клубга 100 000 АКШ доллари мукофот пули берди. Энг яхши дарвозабон бўлганим учун менга 10 000 АКШ доллари пул мукофоти жорий этилди. Бундан ташқари “Радиант” клуби хўжайинлари ҳам бонусларни тақдим этди.
- Ортга қачон қайтасиз?
- Якшанба куни уйга жўнайман.
- Клуб раҳбарлари билан келажагингизга ойдинлик киритиб олдингизми?
- Яқинда улар менга янги шартнома таклиф қилишди. Ундаги бандларда бир неча қулайликлар жорий этилган. Лекин шунга қарамай мен шошилаётганим йўқ.
- Бошқа клубга ўтмоқчимисиз?
- Ёдингизда бўлса, олдинги суҳбатларимизда ҳам айтиб ўтганман. Асосий мақсадим МТЖдан чақирув олиш ва ватанимиз бош жамоасида ўйнаб, ўзимни кўрсатишдир. Бунинг учун янада кучли бўлган чемпионатга ўтишим керак деб ўйлайман.
- Хорижнинг бошқа чемпионатларидан ҳам қизиқиш борми?
- Ҳа. Европа клубларидан ҳам вариантларни кўриб чиқяпмиз. Бу ҳақда аниқ номларга тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Келинг тўйдан олдин ноғора чалмасдан, яхшиси аниқ бўлгач маълумот берайлик. Ҳозирча қишки трансфер ойнаси очилишини кутмоқдамиз.
- Ўзбекситон клубларидан ҳам шу кунгача чорлов бўлдими?
- Йўқ эмас. Лекин мен ҳали мамлакатимиз чемпионатида ўйнашга улгураман деб ўйлайман. Ҳозир четда ўйнаш ўзимга бошқача туюлмоқда. Елкангизда катта масъулият борлигини ва ватаниз шанини муносиб ҳимоя қилиш учун астойдил ўйнайсиз. Натижада яхшигина ўсишга эришиш мумкин.
- Ушбу чемпионликни кимга бағишлайсиз?
- Энг аввало шу даражага чиқишимда менга кўп ёрдам берган ота-онам ва мураббийларидан бутун миннатдор эканлигимни билдириб ўтаман. Ушбу ғалабамни эса бутун Ўзбекистон халқига бағишлайман.
Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди
Комментарии