RU

Последние новости

21:57Нико Уильямс болалигидаги кумирлари ким бўлганини айтди  0 21:34Максим Шацких: "Черан, Собирхўжаев борасидаги саволлар менга берилмасин. Бу мавзу ёпилган"  11 20:57Миржалол Қосимов: "Натижадан ҳам ўйиндан ҳам қониқдим"  1 20:36Суперлига. ОКМК "Жар"да "Пахтакор"ни мағлуб қилди  6 20:25"Пахтакор" кумуш медаллар учун курашдан чиқди  9 20:06Суперлига. ОКМК ВАР томонидан 13 дақиқа текширилган ҳамда япониялик футболчи томонидан урилган голлар эвазига 11 йилдан сўнг сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди  56 19:50Гари Невилл АҚШда дам олган Рэшфорд ва Каземирони танқид қилди  3 19:21"Реал" январда Эндрикни ижарага бермайди  0 18:59Жоау Канселу: "Ҳар доим "Барселона"га мухлислик қилганман"  2 18:35Сон Туркияда тўп тепиши мумкин  0 18:06Александр Ежов: "2-3 та вазиятни юз фоиз голга айлантиришимиз керак эди"  0 17:50Асрор Алиқулов: "Машъал" кейинги мавсум Суперлигада ўйнамайди? Бу ҳақда эшитганимиз йўқ"  3 17:39Ўзбекистонлик ҳакамлар ОЧЛ-2 доирасидаги баҳсни бошқаради  0 17:18Баҳром Ҳайдаров: "Майдон ҳолатини ҳисобга олсак, комбинацион ўйин намойиш этиш қийин эди"  1 17:07Суперлига. "Пахтакор" – ОКМК. Таркиблар маълум  2

Акрамжон Мамадалиев: "Осиё Кубоги-2011да энг зўр мухлислар ўзбекистонликлар бўлган" Новости

Акрамжон Мамадалиев: "Осиё Кубоги-2011да энг зўр мухлислар ўзбекистонликлар бўлган"

2011 йил Қатарда бўлиб ўтган Осиё чемпионатига 11 йил тўлди.

Эсингиздами, Қатарга қарши очилиш ўйинида Одил Аҳмедовнинг узоқдан берган кучли зарбаси. Ўша мусобақа биз учун яхши ўтган, негаки Ўзбекистон миллий терма жамоаси якунда 4-ўринни қўлга киритганди. 

Қатарда ўтказилган қитъа биринчилигига Ўзбекистондан жуда кўп ишқибозлар борган. Шулардан бири, ҳозирги кунда "Қўқон-1912" футбол клуби матбуот бўлими раҳбари Акрамжон Мамадалиев. Акрамжон акани кўпчилик жуда яхши танийди. Охирги пайтларда у кишини халқаро мусобақаларда ҳам тез-тез кўрадиган бўлиб қолдик. Яқинда Акрамжон Мамадалиев билан суҳбатлашиб, 11 йил олдинги мусобақани эсладик.   


- 2011 йилги Осиё Кубоги асосан нимаси билан эсда қолган? 

-Аввалло Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё чемпионатларидаги энг яхши иштироки билан ёдимда қолган. Мусобақанинг очилиш ўйинида мухлислар билан тўла “Халифа” стадионида мезбон Қатарни доғда қолдирганимиз сира эсдан чиқмайди. 

Биринчи марта Осиё Кубогида Ўзбекистондан жуда кўплаб мухлислар бориб стадионда жамоамизни ажойиб тарзда қўллаб турган ва Осиё чемпионатидаги энг зўр мухлислар бизнинг ишқибозлар бўлганди. Андижонлик Нодирбек катта дўппини дунёга машҳур қилгани ҳам эсимда.

Кўплаб хорижлик журналистлар мухлисларимиз ҳақида кўрсатувлар, мақолалар ва интервьюлар тайёрлаган. Қолаверса Қатарда бўлиб ўтган Осиё чемпионати менинг ҳаётимдаги, ўзим иштирок этган биринчи қитъа биринчилиги бўлганди. 

Бунга қадар 2009 йил Мисрда бўлиб ўтган U-20 жаҳон чемпионатига мухлис сифатида борганман. Қатардаги Осиё Кубоги Мисрда ўтган жаҳон чемпионати билан солиштирганда анча қизиқ ва ташкилий томондан кучли бўлган. Қолаверса Форс кўрфазида жойлашган Доҳа шаҳри ўзининг гўзаллиги ва озодалиги билан яхши таассурот қолдирган.

Доҳада ҳар қадамда футбол бўйича Осиё чемпионати ўтаётганини ҳис қилиб турар эдингиз. Шаҳар кўчаларида, савдо марказларида, бозорларда хуллас ҳамма жойда Осиё чемпионати ҳақидаги турли баннерларга кўзингиз тушади. Стадионларга кирсангиз, у ердаги манзарани кўриб маза қиласиз. Стадионлар жуда чиройли безатилган эди. Мамалакат осуда ва тинч, кўчаларда ярим кечаси ҳам бехавотир сайр қиласиз.

Энг зўри мусобақа ўтадиган барча стадионлар битта шаҳарда, ораси яқин эди. Бир ўйиндан чиқиб, бошқасини томоша қилишга ҳам улгурасиз.  Битта Ар Райян стадиони Доҳадан бироз узоқроқда эди, у ҳам бўлса 30-40 километр узоқ эди, холос.


- Мусобақа даражаси ва ташкилотчилик билан боғлиқ масалалар қандай бўлган?

-Эсингизда бўлса, 2010 йил ЖАРда жаҳон чемпионати бўлиб ўтган эди. Ўшанда бизга айтишларича, қатарликлар ЖАРдаги жаҳон чемпионати ташкилий ишларида хизмат қилган ходимларни айтган маошларини тўлаб, барчасини Қатарга олиб келишган экан. Осиё чемпионатини ўтказиш учун Қатар жуда катта маблағ сарф қилган ва натижада ўз мақсадига эришган. Мусобақа жаҳон чемпионатидан ҳам юқорироқ савияда ташкил этилган. 


- Мухлислар учун алоҳида шароит қилинганмиди?  

- Мухлислар учун жуда кўп ишлар қилинган эди. Эсимда, Ўзбекистондан борган ишқибозлар меҳмонхонадан автобусга ўтириб, полиция машиналари ҳамроҳлигида стадионга бораётганмизда, йўлнинг икки четида ўзбек тилида “Хуш келибсиз”, “Ўзбекистон” каби ёзувлар, стадионга яқинлашганда эса йўлнинг ўртасидаги гулзорда ўзбекистонлик санъаткорлар карнай-сурнай чалиб, қўшиқ куйлаб, раққосалар ўзбекча рақсларни ижро этиб кутиб олишган эди.

Ўзга юртда буларни кўриш инсонга жуда кўтаринки кайфият тақдим этади. Доҳада мухлислар учун алоҳида фан-зона ташкил қилинган бўлиб, у ерда ҳар куни турли мамлакатларнинг кунлари ташкил қилинган. Бир кун Ўзбекистонга бағишланган. Ўша куни мухлисларимиз эрталабдан кечгача маза қилган. Фан-зонада турли кўнгилочар тадбирлар, конкурслар, шоулар, ўзбек санъат усталарининг концертлари ўтказилган.

Кўпчилик мухлислар турли конкурсларда қатнашиб, ҳар хил совғалар ютиб олган. Хуллас, Қатарда мухлисларга қилинган шароит ва эътиборни ҳали бошқа мусобақаларда кўрганим йўқ. Яна бир гап, фан-зонада овқатланиш ва Осиё чемпионати сувенирлари ҳамёнбоп нархда эди. Аксарият бундай чет элликлар келадиган жойда нархлар бошқа жойдагидан қимматроқ бўлади, мезбонлар кўпроқ пул ишлашга ҳаракат қилади. Қатарда эса бунинг акси бўлган, чет давлатлардан борган мухлисларга арзон нархларда хизмат кўрсатилган.

 


- Қатар-2011да сизни энг кўп хурсанд ва энг кўп хафа қилган ўйин?

- Албатта, энг кўп хурсанд қилган ўйин бу Қатарга қарши мусобақанинг очилиш учрашуви бўлган. Ҳамма мезбонлар ғалабасини башорат қилган, ҳатто ўзбекистонлик мухлислар ҳам бу ўйинда дуранг қайд этсак яхши натижа бўлади деб туришган эди. Одил Аҳмедовнинг голи эса “Халифа” стадионини ларзага солган. Ўйинга Қатар амири ҳам келган ва ўйиндан олдин нутқ сўзлаб, жамоасига омад тилаган эди. Биз гуруҳ босқичидан сўнг уйга қайтганмиз. Энг хафа қилган ўйин эса уйга келганимиздан сўнг бўлган. Австралияга қарши баҳсни эслашни ҳам истамайман.


- 2019 йил БААда ўтказилган Осиё чемпионатида ҳам иштирок этдингиз? Қайси мусобақа кўпроқ ёққан?

- Қатардан сўнг 2015 йил Австралия Осиё Кубогига мезбонлик қилди. Мен ўша мусобақага ҳам бормоқчи бўлгандим, лекин Австралия визаси чиқмагани сабаб бора олмадим. Сўнгги дақиқагача виза чиқишига ишониб, ҳатто Малайзияга борганман, лекин Австралияга бориш насиб қилмади.

БААда бўлиб ўтган Осиё чемпионати-2019га эса мухлис сифатида эмас, журналист сифатида бордим.  БААдаги мусобақа ҳам жуда яхши ташкиллаштирилди. Бу ерда мухлислар футбол кўриш билан бирга дунёнинг энг гўзал мегаполиси бўлган Дубай шаҳрини томоша қилиш имконига эга бўлишди.

Қатардаги мусобақадан фарқи, БААдаги ўйинлар турли шаҳарларда бўлиб ўтгани. Абу Даби, Шаржа, Ал Айн ёки Дубайдаги ўйинлардан биттасини танлаш керак эди. Дубайдаги ўйинни кўрмоқчи бўлган мухлис бошқа шаҳардаги баҳсдан воз кечиши лозим бўлган.

БААдаги Осиё чемпионати пайтида айрим мухлислар футболга бормай, Дубайнинг диққатга созовор жойларига кетиб қолган ҳолатлар ҳам бўлган. Мен учун БААдаги чемпионат ҳам жуда яхши ўтди. БААдаги турнир раҳбари бўлган ОФК ҳалқаро мусобақаларни ўтказиш департаменти бошлиғи Авазбек Бердиқуловнинг шарофати билан ўйинларни ВИП ложада томоша қилганман  ва дунё футболининг кўплаб юлдузлари билан учрашиш насиб қилган.

Мухлислар учун  Осиё чемпионатининг Қатардагиси БААдагидан кўра яхшироқ ўтган, менинг фикримча. Қатарнинг энг катта ютуғи, барча стадионлар бир шаҳарда жойлашгани ва мусобақа битта жойда бўлиб ўтгани эди. Умуман олганда, менга ҳар икки турнир ҳам ёққан.


- Сизнингча, Қатар жаҳон чемпионатини қандай ўтказади? 

- Қатар бу йилги жаҳон чемпионатини ўта юқори савияда ўтказишига заррача шубҳам йўқ. Бундай дейишимга сабаб, мен 2016 йил Қатарда бўлиб ўтган U-23 Осиё чемпионатига ҳам борганман. Бу турнир ҳам жуда зўр ташкиллаштирилган эди.

 Қатарда ўтказилган иккита йирик мусобақада иштирок этган (бирида мухлис, иккинчисида ОАВ ходими) инсон сифатида ишонч билан айта оламанки, ЖЧ-2022 тарихдаги энг яхши ташкил этилган мусобақалардан бири бўлади.

Қатарликлар иккита Осиё чемпионатини ўзларида қабул қилиб, бу борада катта тажриба тўплашди. Жаҳон чемпионати ўтадиган стадионлар янгидан, энг замонавий талаблар даражасида қурилди. Энг ёмони эса жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси қатнашмайди. 


- Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон ҳам Осиё Кубогини қабул қилиши мумкинми? Бунинг учун бизда шароит етарлими?

-Ўзбекистон ҳам Осиё чемпионатларини бемалол ўтказа олади. Бу борада дастлабки қадамлар ташланди. Ўтган йил ОЧЛнинг Шарқ минтақаси гуруҳ ўйинлари марказлашган ҳолда жуда яхши савияда ташкил этилди. Бу йил юртимизда U-23 Осиё чемпионати ҳам ўтказилади. Мана шу турнир биз учун мактаб бўлади. 

Агар бу мусобақани юқори савияда ўтказа олсак, ОФКнинг бизга нисбатан ишончи янаям ортади. ОФК йирик турнирлар мезбонини аниқлашда барча нарсага эътибор қаратади: транспорт, коммуникация, меҳмонхоналар, стадионлар, машғулот майдонларининг ҳолати ва ҳоказо.

Битта аниқ ютуғимиз - Осиё чемпионатида мухлислар иштироки борасида муаммо бўлмайди. Агар Осиё Кубоги бизда ўтказилса, барча ўйинлар мухлислар билан тўла стадионларда ўтиши шубҳасиз. Стадионларимиз ҳам тобора чиройли ва майдонлар ҳолати яхшиланиб бормоқда.

ЎФА ва ПФЛда мусобақаларни ўтказиш учун мутахассислар анча кўпайган ва улар йилдан йилга ўз тажрибаларини орттириб боришяпти. Қолган соҳаларда ҳам яхши томонга ўзгаришлар бўлмоқда. Қолаверса, Осиё чемпионати мезбонлиги учун ҳозирдан ҳаракат қилсак, бизга навбат келгунча яна анча ишларни амалга оширсак бўлади. Асосийси юртимиз тинч ва осуда. Менинг фикримча, агар навбатдаги Осиё Кубокларидан бири Ўзбекистонга берилса, биз ҳам бемалол юқори савияда ўтказа оламиз.

Хайрулла Холиқов суҳбатлашди.


Рейтинг: +4   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика