RU

Последние новости

13:40"Атлетик" футболчиси антидопинг қоидасини бузгани учун 10 ойга дисквалификация қилинди  0 13:11Инфантино Эрон АҚШдаги ЖЧда қатнашишига кафолат берди  2 12:45Эшитдик-да! "Бунёдкор" "Олимпия" стадионида ўйнайди  7 12:21"Истиқлол" бош мураббийи Ашурматов ва Машариповнинг жароҳати ҳақида тўхталди  0 11:52Жанни Инфантино: "Шавкат Мирзиёевнинг футболга бўлган муҳаббати сўнгги икки йил ичида янада кучайганини кўриб хурсанд бўлдим"  3 11:25Эронлик эксперт: "Юсуфи майдондан тўғри четлатилди, Алижонов ва пенальти бўйича қарор ҳам ўринли, бироқ..."  29 10:41Испания терма жамоаси ҳужумчи бир ойга сафдан чиқди  1 10:05Луис Суарес Лига кубоги финалида рақибига тупургани учун МЛСда учта ўйинга дисквалификация қилинди  5 09:38Расман. АПЛдаги илк истеъфо содир бўлди  9 08:55Бугун U-17 терма жамоамиз Марокашга қарши майдонга тушади  4 08:26Бугун Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Осиё кубогига йўлланма олиши мумкин  13 07:58ЖЧ-2026. Яна бир терма жамоа мундиал йўлланмасини қўлга киритди  3 07:30Юртбошимиз ташриф буюрган, Ўзбекистон МТЖ чемпионликни қўлга киритган мусобақанинг тақдирлаш маросимидан ФОТОГАЛEРEЯ  3 07:13CAFA Nations Cup-2025. Ўзбекистон - Эрон 1:0  26 02:00ЖЧ саралаши. Италия Исроил дарвозасига 5та гол урди, Швеция кутилмаганда мағлубиятга учради  14

Академия - футбол клубининг бойлиги Новости

Академия - футбол клубининг бойлиги

Мамлакатимизда йилдан-йилга футбол академияларига кўпроқ эътибор қаратиляпти.
Бу борада етакчи ҳисобланган «Пахтакор»,  «Бунёдкор» ва «Насаф» академиялари қаторига ҳеч иккиланишсиз «Машъал»никини ҳам қўшиш мумкин. Аслида юртимизда илк болалар футбол академияси айнан Муборак шаҳрида, «Машъал» қошида ташкил топган. Бугунги кунга келиб, ўша пайтдаги саъй-ҳаракатлар ўз мевасини бера бошлади. Айтайлик, ўтган йили «Машъал»нинг ўринбосарлар жамоаси мамлакат чемпиони бўлди. Биз айни мавзу юзасидан «Машъал» жамоаси катта мураббийи Мақсуд Ирисбоев билан суҳбатлашдик.

- Дастлаб вилоят ҳудудидан 15-17 ёшли қобилиятли ўсмирлар саралаб олиниб, уларнинг вилоят, республика мусобақаларида иштирок этишлари таъминланди, - дея сўз бошлади М.Ирисбоев.  - Ҳозир эса академияга болаларни 9 ёшдан қабул қилиш йўлга қўйилган. Олдин клуб қошида 66 ўринли ётоқхона ва шунча ўринли ошхона бор эди. Энди кийиниш хоналари, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган душ, санитария узеллари, методик синфлар ёшлар ихтиёрига топширилган. Мультсинф замонавий компьютер, видеопроектор, теле-видеоаппаратлар билан жиҳозланган бўлиб, тарбияланувчилар рус ва инглиз тилларини ўрганиш бўйича назарий-амалий машғулотлар олиб боришади. Машғулотлар ҳар куни қатъий жадвал асосида ўтказилади. Инглиз тили дарслари мультимедиа методи бўйича ўтилади. Академия ўқувчилари шу атрофда жойлашган 1 ва 4-умумий ўрта таълим мактабларида билим олишади. Академия ушбу мактаблар билан яқин ҳамкорликда иш олиб боради. Тарбияланувчилар учун Баҳром Вафоев номли стадион ҳудудидан майдон ажратилган. Қўшимча қумли майдон, акробатика ва гимнастика машғулотларини ўтказиш учун тренажёр хоналари ҳам бўлажак футболчиларга хизмат қилмоқда.

2005 йилдан эътиборан академия ўзининг алоҳида сметасига эга бўлди. Айнан ўша йили академиянинг илк битирувчилари етишиб чиқишди. Улар олий лигада дарҳол тўп суриш учун ёшлик қилишарди, шунинг учун «Машъал» қошида фарм-клуб ташкил этилди ва унга академия битирувчилари жалб этилишди. Ёш футболчилар жамоаси шу пайтгача «Янгиер», «Машъал-Академия», «Машъал-2» номлари остида биринчи лигада иштирок этди. Академия битирувчиларидан Константин Боев, Самандар Шодмонов, Жасур Бобоев, Жаҳонгир Жиямуродов, Артём Филипосян, Асқар Ёқубов, Баҳодир Муртазоев, Нодир Давлатов, Санжар Қувватов, Шерзод Аъзамов, Фозил Мусаев, Сирож Ҳамроев, Шуҳрат Муҳаммадиевни алоҳида қайд этиш ўринли.

Мана, ўтган йили ўринбосарлар жамоамиз «Машъал» клуби тарихида илк бор мамлакат чемпиони бўлди. Бу шу пайтгача қилинган ишлар самарасидир. Ўтган мавсум ўзларини кўрсатишган Абдиев, Ҳамдамов каби ёш футболчиларни бу йил асосий таркибга жалб қилдик. Бундан ташқари, ўринбосарлардан 5-6 нафари ҳар доим асосий таркиб билан бирга машғулот ўтайди. Жорий йил ҳам ўринбосарлар жамоамиз олдига катта вазифалар қўйилади. Бу жамоамиз билан болалар футболини жуда яхши биладиган мутахассисларимиз Жамшид Саидов ва Дилшод Андаев ишлашяпти. Турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимизга номзодларнинг мунтазам етказиб берилаётгани ҳам бежиз эмас.

Бугунги кунда 4та ёш гуруҳида футболчилар тарбия олишяпти. Ҳар бирида икки нафардан мураббий ишлаяпти. Машғулотлар кунига икки маҳалдан ташкил қилинган. Болалар мактабдан келишганидан сўнг назарий машғулотларда иштирок этишади. Футбол мактаб дарсларига халал бермайди. Жадвал асосида куннинг биринчи ва иккинчи қисмига машғулотлар белгиланган. Ёпиқ зал, тренажёр зали, сунъий ва табиий майдонлар ёш футболчилар ихтиёрида. Барча шароитлар яратилган.

Академиямиз жамоалари шанба ва якшанба кунлари Касби, Косон каби туманлардан келадиган клублар билан назорат учрашувлари ўтказишади. Ўз ўрнида ўзимиз ҳам меҳмонга борамиз. Бу ўйинлар бежиз ташкил этилмайди. Биринчи галда, учрашувлар орқали футболчилар ўсишга эришадилар. Қолаверса, мураббийларимиз қўшни туман жамоалари таркибидаги истеъдодли ёшларни саралаб олиб, академиямизга таклиф қилишади. Бу билан селекция ишлари ҳам тўғри йўлга қўйилади. Академия тарбияланувчиларини босқичма-босқич аввал тайёрлов гуруҳи, кейин ўринбосарлар ва асосий таркибга жалб қиламиз.

Якунда шуни айтишим керакки, бугунги кунда академиянинг профессионал футболда тутган ўрни жуда катта. Академия - бу клубларнинг бойлиги. Тайёр ўйинчининг клубга олиб келишдан кўра, асосий эътибор академияга қаратилса, ҳар томонлама фойдали бўлади. «Бунёдкор», «Пахтакор», «Насаф» ва «Машъал» академияларидан етишиб чиқаётган ёшларни бугун барча ёш тоифасидаги терма жамоаларда кўриш мумкин. Мана, бу йил 3 нафар футболчимиз «Бунёдкор» клубига таклиф этилди. Улар бугунги кунга келиб, асосий таркибда ўйнашга улгуришди. Йигитларимиз ютуқларини кўриб, табиийки, қувонамиз. Қани энди қолган клубларда ҳам ишлар талаб даражасида йўлга қўйилса. Агар шундай бўлганда, биз аллақачон жаҳон чемпионатига чиқардик...

"Interfutbol"  газетаси
Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика