А Серия. "Женоа" сафарда "Аталанта" билан дуранг ўйнади. Элдор Шомуродов учрашувда тўлиқ ҳаракат қилди
17 янв 2021 23:59
Новости
А Серия. "Женоа" сафарда "Аталанта" билан дуранг ўйнади. Элдор Шомуродов учрашувда тўлиқ ҳаракат қилди
Асосий таркибда ўйинни бошлаган ҳамюртимиз финал ҳуштагигача майдонда ҳаракат қилди. Биринчи бўлимда Элдор икки бор ажойиб зарба йўллади, аммо омад ундан бироз юз ўгирди. Иккиничи бўлимда ҳам Шомуродов анча фойдали ҳаракат қилди ва охирги дақиқаларгача алмаштирилмади, жамоаси эса кучли рақибга қарши сафардаги беллашувда бир очко ишлаб олди.
"Аталанта" – "Женоа" 0:0
"Адзурри д′Италия" стадиони
"Аталанта" – Голлини, Гозенс, Толои, Гимшити, Хатебур (Мэле, 88), Иличич (Ламмерс, 88), Фройлер, Малиновский (Миранчук, 66), де Рон, Паломино, Сапата (Муриэль, 57).
"Женоа" – Перин, Дзаппакоста (Онгене, 80), Кришито, Масьелло (Гольданига, 56), Чиборра, Бадель, Радованович, Стротман (Бехрами, 56), Зайц (Лерагер, 46), Пьяца (Пандев, 68), Шомуродов.
Огоҳлантириш: Гольданига (72), Дзаппакоста (74), Гозенс (83).
А Серия турнир жадвали ва тўпурарлар рўйхати билан танишинг
Ушбу саҳифада ўйиннинг матнли трансляциясини кузатиб боришингиз мумкин бўлди.
Ҳозирги дақиқага келиб, "Кальяри"ни ортда қолдирган "Женоа" 16-поғонага кўтарилиб олди. 13-ўриндаги "Специя" билан орадаги фарқ бор йўғи 3 очко! Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов ва унинг жамоасига келгуси учрашувларда ҳам омад ёр бўлишини тилаб қоламиз. Эътиборингиз учун ташаккур, соғ ва саломат бўлинг! Унутманг, футбол бу шунчаки ўйин. Асабларингизни асранг!
Гол ура олмаган бўлсада, Элдор ёмон ўйнамади, ундан ҳам кўпроқ - у яхши ўйнади десак муболаға бўлмайди, сўзларимизни 5 та ўзгариш қилган жамоа устози уни охиригача майдонда қолдиргани ҳам исботлаб турибди. Шу тариқа, "Женоа" Бергамодан бир очко билан уйига қайтадиган бўлди.
90+7-дақиқа. Бўлди, Перин тўпни ўйинга киритиб берди ва ҳакамнинг финал ҳуштаги чалинди.
90+6-дақиқа. Ниятига ета олмаётган мезбонлар ҳайратда!
90+5-дақиқа. Қўшиб берилган охирги дақиқада тўпга интилган меҳмонлар ҳимоячиси ва Мурьель параллель равишда йиқилиб тушишди, ҳакам ҳимоячи фойдасига қарор қабул қилди.
90+4-дақиқа. Шомуродов тўпни қабул қилиб ўнг қанотдан олдинга қочиб кетиши мумкин эди, рақиб оёғига тегиб тўп майдонни тарк этди.
90+2-дақиқа. Госенснинг уринишидан кейин ҳимояга қайтган Шомуродов хавфни бартараф этди.
90-дақиқа. Ўйиннинг асосий вақтига 5 дақиқа қўшиб берилди. Шомуродов гол уриши учун 5 дақиқа қўшилди.
Кейинги уриниш эса айнан "Женоа" футболчилари, жумладан Шомуродов иштирокида амалга оширилди, лекин Пандев ўзи истаган ишни амалга ошира олмади ва 3 нафар футболчи олдинга кетаётган бир ҳужумни бузиб қўйди.
88-дақиқа. "Аталанта"нинг навбатдаги ҳужумидан кейин тўп жарима майдони ичида меҳмонлар ҳимоячиси қўлига теккандек бўлди, лекин ҳакам ўйинни давом эттиришни сўради.
Ўйин тобора якунланиб бормоқда ва тан олайлик, "Женоа" учун сафарда "Аталанта" билан дуранг ўйнаб, очко ишлаш ҳам ёмон натижа эмас. Лекин агар Шомуродов гол уриб, жамоаси ютиб кетганда Италиядагиларни билмадик-ку, Ўзбекистонда неччи миллион футбол мухлислари ўзлари Италия чемпионатида гол ургандек хурсанд бўлишлари турган гап эди.
85-дақиқа. Қария Горан Пандевга нисбатан қўпол ўйнашди.
83-дақиқа. Огоҳлантириш! Госенс Гольданигага нисбатан қоидани бузди ва огоҳлантирилди.
82-дақиқа. Мартин Де Роннинг кучли зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсини устидан ўтиб кетди.
81-дақиқа. Радованович қоида бузишни истамаслигини қанчалик кўрсатишга уринмасин, ҳакам ҳимоячи қўпол ўйнади деб ҳисоблади.
80-дақиқа. Ўзгариш! Давиде Заппакоста ("Женоа") учун бугунги ўйин якунланди. Жером Онгене учрашувни якунлаб қўяди.
79-дақиқа. Луис Мурьель тўпни қабул қилаётганда ортидаги ҳимоячини юзига уриб юборди ва ҳакам буни эътиборсиз қолдирмади.
77-дақиқа. Робин Госенс жарима майдонига ёриб кириб кетди ва зарба йўллади, Перин катта қийинчилик билан тўпни қайтаришга эришди.
76-дақиқа. Шубҳасиз, Элдор ҳам анча чарчади, лекин шунга қарамай, яхши ҳаракат қилмоқда. Ҳозирги вазиятда ҳам икки бор рақибларига тўпни бермай, жамоасида сақлаб қолди.
"Женоа" таркибида яна бир ўзгариш тайёрланмоқда.
75-дақиқа. Огоҳлантириш! Давиде Заппакоста сариқ карточка билан огоҳлантирилди.
74-дақиқа. Заппакоста тўпга ета олмади ва Госенсни тепиб юборди.
73-дақиқа. Луис Мурьелнинг уриниши умуман ўхшамади.
72-дақиқа. Огоҳлантириш! Қоида бузган Эдуардо Гольданига сариқ карточка ишлаб олди.
72-дақиқа. Миранчук қулай нуқтадан жарима зарбаси ишлаб бермоқда жамоасига.
70-дақиқа. Шомуродов тўпни шеригига узатишда хатога йўл қўйганди, лекин Мурьель ҳам шундай жавоб қайтарди.
69-дақиқа. "Женоа" жарима майдони ичида таҳликали вазият. Миранчук тўпга интилиб, йиқилиб тушди ва ҳакамга юзланди. Бош ҳакам эса пенальти йўқ деб ҳисоблади.
68-дақиқа. Ўзгариш! Марко Пьяца чарчади, унинг ўрнига Горан Пандев ўйинга қўшилди.
Тўпга эгалик қилиш бўйича кўрсаткич 59% - 41%.
66-дақиқа. Ўзгариш! Руслан Малиновский ("Аталанта") ўрнига Алексей Миранчук жангга ташланди.
65-дақиқа. Ханс Хатебур кутилмаганда ҳужумга қўшилди ва кучли зарба берди, зарба кучини тахмин қилиш учун устундан чиққан овозга эътибор бериш етарлидек.
64-дақиқа. Жарима майдони ичида тўпни рақибдан олиб қўйган Кришито таваккал қилмай, уни майдон ташқарисига тепиб юборди.
63-дақиқа. "Женоа" футболчилари тўпни олиб қўйганда ҳам олдинга чиқишга қийналишмоқда.
61-дақиқа. "Женоа" ҳужумга ўтмоқчи бўлгандек кўринганди, аммо тўпни олиб қўйган "Аталанта" сониялар ичида яна рақиб жарима майдонига етиб борди. Ханс Хатебур ҳужумда қўпол ўйнади.
60-дақиқа. "Женоа" дарвозаси олдида хавфли вазият юзага келиши мумкин эди. Кришито бир амаллаб рақиб узатмаси йўлига тўғаноқ бўлди. Бурчак зарбасидан эса яна ҳеч нима чиқмади.
58-дақиқа. Иккинчи бўлимдаги кам сонли зарбалардан бири амалга оширилди, аммо ноаниқ. "Аталанта" тўп билан муомала қилиш бўйича кўрсаткичларини анча яхшилаб олган бўлсада, ҳа деганда зарбага имкон топа олмаяпти.
57-дақиқа. Ўзгариш! "Аталанта"да ҳам ўйинчи алмашди. "Кетмони учмаган" Дуван Сапата ўрнига Луис Мурьель ташланди.
56-дақиқа. Ўзгариш! Масиелло ўрнини Голданигага бўшатиб бермоқда. Кевин Стротман ўрнига эса Валон Бехрами майдонга тушди.
53-дақиқа. Давиде Заппакоста қанотидан олдинга ўтди ва бурчак тўпи ишлашга уринганди, рақиблар бунга ҳам имкон қолдиришмади.
52-дақиқа. Чемпионатда етакчи ҳисобланмиш "Милан" клуби адаши Милан Бадель жароҳат олиб майдонда шифокорлар ёрдамига мухтож бўлиб ётибди.
51-дақиқа. "Аталанта" рақиб ҳимоясига кучли босим уюштирмоқда.
49-дақиқа. Заппакоста яна тинчгина тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди. Бурчак зарбасидан эса мезбонлар наф чиқара олишмади.
48-дақиқа. Шомуродов шерикларига ёрдам бериш учун ортга қайтди ва "Женоа" ҳимоядан чиқиб кетаётганди, лекин тўп Де Роннинг қўлига тегди ва ҳакамнинг ҳуштаги чалинди.
47-дақиқа. Бадель ("Женоа") марказга яқин жойда рақибларини алдашга берилиб кетди ва тўпни йўқотди.
"Женоа" чап қанотдан олдинга ўтиб кўрди. Биринчи бўлимни айнан меҳмонлар ҳужум билан бошлашди.
46-дақиқа. Ўзгариш! "Женоа" сафида футболчи алмашди. Миха Зайц ўрнига Лукас Лерагер ўйинга қўшилди.
Бўлди, ҳакам биринчи бўлимга умуман вақт қўшмасликка қарор қилди. Ҳар икки жамоа навбат билан анча кескин ҳужумларни уюштира олишди, лекин ҳимояда ҳам бор кучлари билан рақибга қаршилик қилишмоқда. Шу сабабли, ҳозирча ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимда жамоалардан, кўпроқ "Женоа"дан, айниқса, Элдордан самарали ҳаракатлар кутиб қоламиз!
45-дақиқа. Масиелло тўп учун курашда Малиновский билан тўқнашиб йиқилиб ётибди, ўйин тўхтатилди.
44-дақиқа. "Женоа" ҳимоячилари (баъзан ярим ҳимоячилари ҳам) дарвозани қўриқлашда ва рақиб зарбаларидан кейин тўп дарвозаларигача етиб бормаслигини таъминлаш йўлида астойдил меҳнат қилишяпти.
43-дақиқа. Марказда Кевин Стротманнинг кутилмаганда йўл қўйилган қўпол хатоси жуда қимматга тушиши мумкин эди. Лекин ярим ҳимоячининг ўзи хатосини тўғрилай олди.
42-дақиқа. Элдор ҳимоячи қаршилиги ва босимига қарамай, тўпни жамоасида сақлаб қола билди.
40-дақиқа. Шомуродов ажойиб узатма билан шеригини қулай имкониятга чиқарганди, лекин тўп бир айланиб Элдорнинг ўзига келиб қолди ва унинг зарбасидан кейин дарвозабон маҳорат кўрсатиб, тўпни қайтариб юборди.
Ҳозирча ҳаводаги курашларда Элдорга осон бўлмаяпти.
38-дақиқа. Ўнг қанотдан ривожлантирилган тезкор ҳужумни Йосип Иличич якунлади, лекин унинг уринишидан кейин тўп анча ноаниқ йўналиш олди.
36-дақиқа. Дуван Сапата тўп учун курашда ҳимоячига нисбатан қўпол ўйнади.
35-дақиқа. Тўғри. бу осон эмас, лекин "Аталанта"ни тўпсиз қолдирганда "Женоа" айниқса ишончли кўринмоқда.
34-дақиқа. "Женоа" ўз услубига содиқ ҳолда, имкониятини кутиб ҳаракат қилмоқда.
32-дақиқа. Мезбонлар навбатдаги ҳужумни чап қанотдан амалга оширишди ва Кришито сўнгги паллада тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.
31-дақиқа. "Аталанта" рақибни анча ортга қайтиб ўйнашга мажбур қилмоқда.
29-дақиқа. Сапата ҳимоячига нисбатан қўполроқ ўйнагандек туюлганди, "Женоа" футболчилари ҳам шундай деб ўйлашди чоғи, бир лаҳза тўхтаб қолишди, Дуван эса ҳаракатни давом эттириб, зарба йўллади ва Перрин ишончли ўйин кўрсатди.
28-дақиқа. Яна Иличичга нисбатан қоида бузилди. Бу сафар Кришито рақибни "илиқ" кутиб олди.
27-дақиқа. Заппакоста шериги билан "девор" услубида ўйнаб олдинга ўтди ва тўпни жарима майдонига узатишга уринди, лекин узатма кўнгилдагидек чиқмади.
25-дақиқа. "Женоа" футболчилари "Аталанта"га қарши ҳам бемалол ўйнаш мумкинлигига ишониб, анча ишонч билан ҳаракат қила бошлашди. Кетма-кет футболчилар техникаларини ишга солишди ва жарима майдони марказига йўлланганди, аммо бу тўпга Элдор етиб келиши қийин эди.
Захира ўриндиғи томондан Элдор, Элдор итальянчада бир нима деб бақириб қўйишяпти.
22-дақиқа. "Аталанта" яна ўнг қанотидан олдинга ўтди. Йосип Иличич жарима майдонига кириб кетишни ният қилганди, лекин рақибига тўқнашиб йиқилиб тушди. Ўйин қисқа фурсатга тўхтаб турди.
20-дақиқа. Иличич қулай нуқтадан ноаниқ зарбани амалга оширди.
Ярим ҳимоячилардан бири тўпни олиб қўйгани заҳоти Элдор қочиб кетиши учун узатмани амалга оширди, лекин қулайроқ вазиятдаги ҳимоячи ҳамюртимизга имкон қолдирмади.
19-дақиқа. Бурчак зарбасидан кейин Сапата имкониятга эга бўлди, аммо Перрин ҳам бўш келмади.
18-дақиқа. Заппакоста қанотдан амалга оширилган узатмадан кейин таваккал қилмай, тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.
14-дақиқа. "Женоа" ижросида қарши ҳужум, Марко Пьяца ҳимоячиларни шериги ёрдамида чалғитиб, марказдан олдинга ўтди ва пастки ўнг бурчакка зарба йўллади, лекин дарвозабон нуқта танлашда адашмади.
13-дақиқа. Кевин Стротман қоидани бузди, "Аталанта" қулай нуқтадан жарима зарбаси амалга оширади. Иличичнинг зарбасидан кейин Перрин тўпни қайтариб юборди.
12-дақиқа. "Женоа" футболчилари тўпни ўз назоратларида ушлаб туришга уринишмоқда.
11-дақиқа. Марказда Элдор тўпни боши билан ўйнади, Паломино эса тўпга етолмагач, оёғини ҳамюртимизнинг боши баландлигига кўтарди ва ҳакам хавфли ўйин бўлганини қайд этди.
10-дақиқа. Чап қанотда тўпни қабул қилган Элдор дадил равишда олдинга ўтди ва икки рақибини доғда қолдириб, тўпни марказроқда турган шеригига етказди, ҳужумдаги якуний зарбани Зайц берди, лекин дарвозабон тўпни аввал қайтариб, кейин ушлаб олишга муваффақ бўлди.
8-дақиқа. Уххх, сал қолишига сал қолди. Ажойиб узатмадан кейин Шомуродов тўпни ўзига бўйсундириб олди ва дарҳол зарба йўллади, лекин тўп дарвоза устуни ёнгинасидан ўтиб кетди. Бошланиши ёмон эмас. Олға, Элдор.
6-дақиқа. Элдор ҳужумни ривожлантиришда ўз вазифасини аъло даражада бажарди, ўзи томон узатилган тўп учун курашда рақибидан устун чиқиб, тўпни ўнг қанотга етказди, аммо кейинроқ уни шеригининг узатмаси қовушмади ва иш зарбагача етиб бормади.
4-дақиқа. Кутилганидек "Аталанта" устунликни қўлга олиш учун ҳаракат қиляпти, лекин "Женоа" ҳам бўш келмаяпти.
3-дақиқа. "Женоа"нинг илк ҳужуми, илк уриниши Марко Пьяца ижросида бўлди, қайсидир маънода Элдордан тўпни қизғанган футболчининг зарбаси ноаниқ бўлди.
2-дақиқа. Ҳозирча тўп асосан майдон марказига яқин ҳудудда юрибди.
1-дақиқа. Ўйин бошланди. Уни Дуван Сапата бошлаб берди.
Ҳар икки жамоа аъзолари майдонга тушиб келишди.
Кубок баҳсида "Ювентус"га қарши ўйинда дам олиш имкониятига эга бўлган Элдор бугун асосий таркибда ва жамоаси учун муҳимроқ бўлган баҳсда фойда келтиришига ҳаракат қилади. Биз эса бунга умид қилиб қоламиз. Жамоа бош мураббийи ўша куни бир қатор асосий футболчиларига дам берганидан ҳам билиш мумкинки, асосий вазифа А Серияда жон сақлаб қолиш деб белгиланган.
Жамоаларнинг асосий таркиблари маълум бўлиб улгурган.
"Аталанта" – "Женоа"
22.00, "Адзурри д′Италия"
"Аталанта" – Голлини, Толои, Жимсити, Паломино, Хатебор, Де Рон, Фрейлер, Госенс, Малиновский, Иличич, Сапата
"Женоа" – Перин, Стротман, Радованович, Масьелло, Заппакоста, Бадель, Кришито, Зайц, Чиборра, Пьяца, Шомуродов.
Комментарии