Терма йиғини санасидаги ўзгариш сабаб аёллар чемпионати тақвимида ўзгариш бўлди
07 сен 2021 12:20
Новости
Терма йиғини санасидаги ўзгариш сабаб аёллар чемпионати тақвимида ўзгариш бўлди
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Тошкент мезбонлик қилувчи Осиё кубогининг саралаш босқичида 20 сентябрь куни Мўғулистон билан, 23 сентябрь куни Жанубий Корея билан расмий учрашувлар ўтказади. Уч жамоа иштирокидаги саралаш гуруҳи якунига кўра фақатгина пешқадам терма жамоа январь ойида Ҳиндистонда ўтадиган Осиё кубогида иштирок этади.
ЎзПФЛ шундан келиб чиқиб, аёллар чемпионатининг танаффусгача бўлган 17-тур учрашувларини 13 сентябрь кунига тайин қилганди. Мазкур сана терма бош мураббийи Баҳром Норсафаров билан келишилган. Бироқ 31 август куни ЎФА 17-турни бошқа санага кўчиришни сўраб хат ёзди. Мазкур номада терма йиғинга 14 эмас, балки 12 сентябрь куни кириши баён қилинган.
Режага кўра, Ўзбекистон чемпионати “Бунёдкор-W” клубининг ОФК аёллар клублари чемпионати старт олгунга қадар якунига етиши ҳамда “қалдирғочлар” ўз вақтида Иорданияга жўнаб кетиши керак эди. Бунда аёллар кубогининг финал учрашуви “Бунёдкор-W” жамоасининг финалда иштирок этиши ёки этмаслигидан келиб чиқиб, ё халқаро мусобақадан аввал ёки ундан кейин ўтиши лозим эди.
Бироқ ЎФА ўз режаларини ўзгартирганидан келиб чиқиб, ЎзПФЛ 17-тур санасини тақвимдан ўчирди ва табиийки, тақвимдаги турлар биттадан кейинга сурилди. Шу тариқа аёллар чемпионатининг сўнгги тур учрашувлари ҳамда Ўзбекистон кубогининг финал учрашуви халқаро турнирдан кейинга қолдирилди. Аслини олганда “Бунёдкор-W” халқаро мусобақада муваффақиятли иштирок этса, шарқий Осиё жамоасига қарши навбатдаги учрашувни ўтказиши лозим эди. Аммо катта эҳтимол билан шарқий жамоалар мусобақага тайёр бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, чемпионатнинг сўнгги тури ва кубок финали санасида ўзгариш бўлмайди деб, умид қиламиз.
ЎзПФЛ режаси билан кўрсатилган ҳаволаларда танишиб олишингиз мумкин.
Комментарии