Миржалол Қосимов: "Ёшлигимда соат 15:00да ҳам футбол ўйнардик"
21 авг 2020 19:53
Новости
Миржалол Қосимов: "Ёшлигимда соат 15:00да ҳам футбол ўйнардик"
Ўйиндан нималар кутган эдингиз? Умуман олганда, ўйин қандай кечди?
- "Андижон"ни яхшилаб ўрганиб чиққан эдик. Лекин 5 та ҳимоячи (3 та марказий ҳимоячи) билан ўйнайди деб ўйламаган эдим, чунки олдинги ўйинларда 4 ҳимоячи билан ҳаракатланишган. Ўйин осон бўлмади. Биринчи бўлим бошида яхши вазиятларни яратдик, лекин фойдалана олмадик. Қолаверса, шошилиб ўйнадик ва тўпни кўп марта йўқотиб қўйдик. Иккинчи бўлимда майдонга тушган ўйинчилар ўйинни кучайтиришди ва ҳақли ғалабага эришдик.
Майсанинг ҳолати ва ўйин вақти ҳақида нима дея оласиз?
- Авваламбор, бу баҳона бўлмаслиги керак. Ҳар бир жамоада имконият бир хил. Энди шунақа вазиятлар ҳам бўлиб туради. Ёшлигимни эсласам, соат 15:00да ўйнаган пайтларимиз ҳам бўлган. Бу баҳона бўлиши керак эмас, буни футболчиларга ҳам тушунтирдим. Менимча, майдон ҳолати ёмон эмас.
Ҳозир чемпионатимизда трансфер ойнаси очиқ. АГМКда қандай ўзгаришлар кутиляпти?
- Ҳозирги таркибимиздан қониқяпмиз ва ротацияга ҳам қўл уриб турибмиз. Чунки жароҳатланганлар, касал бўлганлар бор. Григалашвили, Ватсадзе, Турсунов 2 ҳафта давомида даъволаниб, тикланиб олишди. Секин-аста ўйинларда қатнашиб, жисмоний ҳолатларини тиклаб, янада яхши ўйнай бошлашади.
АГМК кетма кетма-кет 2 та ўйиндан буён аввал гол ўтказиб, кейин 3:1 ҳисобида ғалаба қозонмоқда. Жамоа гол ўтказгач, босим қиляпти. Нега гол ўтказишдан олдин ҳужумда кучлироқ ўйин кўрсатилмаяпти?
- Шуниси ёмонда. Ўзи аслида 90 дақиқа ҳаракатланиш керак. Албатта, голдан кейин интилиш кучаяди. Захирадан тушган ўйинчилар ҳам ўйинни кучайтиряпти.
Комментарии