RU

Последние новости

04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  94 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  26 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8

1994 йилги шов-шувли финал сохталаштирилганди. Ўша ўйинга Абдураимовнинг қандай алоқаси бор? Перумал ва футболчининг ўзи жавоб берди Новости

1994 йилги шов-шувли финал сохталаштирилганди. Ўша ўйинга Абдураимовнинг қандай алоқаси бор? Перумал ва футболчининг ўзи жавоб берди

Ёдингизда бўлса, сентябрь ойида келишилган ўйинлар қироли Уилсон Раж Перумал билан катта интервьюни эътиборингизга ҳавола этган эдик.

Келишилган ўйинлар тизими қандай ишлайди? Ундаги найранглар. Махарадзе "Локо"да ёлғизмиди? Келишилган ўйинлар қироли Раж Перумал билан катта интервью (тўлиқ)

Ўша интервью сўнгида суҳбатда тилга олинган яна икки воқелик борлиги, уларнинг ҳар иккиси ўзбек футболига алоқадор эканлигини ёзган ва улар алоҳида берилишини маълум қилган эдик. Мана ўша воқеликнинг биринчисини очиқлаш вақти келди.

1994 йилги Малайзия кубоги финалида "Сингапур" ҳамда "Паханг" жамоалари тўқнаш келган. Ўша пайтлар Малайзия чемпионати ва кубогида мамлакатнинг 14 провинцияси клубларига қўшилиб "Сингапур" ва "Бруней" (булар Сингапур ва Бруней мамлакати клублари) жамоалари ҳам иштирок этишган.

1994 йилги финалда "Сингапур" 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Учрашув янги  қурилган "Шах Алам" стадионида 80 мингдан ортиқ мухлис кўз ўнгида ўтказилган. Ўйиндан бир кун олдин газеталардан бирида финал қандай натижа билан тугаши ҳақида маълумот чиққан, ҳа газета 4:0 ҳисобини беллашувдан олдиноқ ёзиб чиққанди. Тасаввур қиляпсизми, 80 мингдан кўпроқ мухлис футбол кўраман деб ўзи билмаган ҳолда "театр" гувоҳи бўлган.

Учрашувдан кейин полиция катта суриштирув ишларини бошлаб юборган. Бунинг натижасида кўплаб малайзиялик ва сингапурлик футболчилар панжара ортига жўнатилган. Ўйинни сохталаштирган асосий шахс Пал (унинг исми манбаларда айнан Пал деб келтирилган, лекин бу унинг ҳақиқий исмими ёки йўқ номаълум) эса сувдан қуруқ чиқиб кетган.

Ўша йиллари "Паханг" таркибида австралиялик марказий ҳимоячи Алан Дэвидсон ўйнаган ва чемпионатнинг энг яхшиларидан бири бўлган. Ва у билан келишиш қийин бўлган. Шу сабаб "Паханг"нинг ярим финалдаги учрашувида А.Давидсонга қизил карточка кўрсатилган. Ҳакамлар "ўқланган" эди. Финалда эса "Паханг" дарвозаси олдида "очиқ эшиклар куни" бўлган.

Алан Дэвидсон.


Бу финални ўзбек футболига нима алоқаси бор деган савол пайдо бўлдими? Финалда "Паханг" таркибида ўзбекистонлик ҳужумчи Азамат Абдураимов ҳам тўп тепган. Хўш, Абдураимов ҳам финалда "сотилганлар" орасида бўлганми ёки йўқ? Бу саволга жавоб топиш мақсадида биз аввал Уилсон Раж Перумал билан "Zoom" орқали суҳбат уюштирдик. Кейин эса Азамат Абдураимовни "Championat.asia" офисига интервью учун таклиф этдик. Қуйида ана шу интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Сен билан Дебреценда учрашганимизда Малайзия кубоги ҳақида гапиргандинг. Ярим финал ва финал ўйинлари. "Паханг" ва "Сипгапур" клуби ҳақида. Ўшанда ўзбекистонлик Азамат Абдураимов ҳам ўйнаганди. Бундан ташқари, 1996 йилда яна бир ўзбекистонлик ўйинчи Александр Кожухов Малайзияда вафот этган. Айнан шу вазиятлар ҳақида билмоқчи эдик.

Бир бошидан бошлайлик. Малайзия кубогидан. Малайзия кубогидаги сохталаштирилган ярим финал учрашуви ҳақида гапириб берсангиз.

- Даставвал, бир нарсани аниқ айтиб қўймоқчи эдим. Мен у даврларда катта ўйинчи эмас эдим. Фақат пул тикиб юрардим. Аммо, менда ўша пайтда нималар бўлгани ҳақида жуда ишончли маълумотлар бор эди. Ярим финал ўйинига тайинланган ҳакам ҳақида айтмоқчиман. Ўшанда "Паханг" ғалаба қозонган, иккинчи клубнинг номи ёдимда йўқ. Алан Дэвидсон финалда ўйнамаслиги учун ярим финалда унга қизил карточка кўрсатилганди. Сабаби А.Дэвидсон билан келишиб бўлмасди. У Австралия фуқароси эди ва унга пора беришнинг деярли иложи йўқ эди. Ўйинларни сохталаштираётган одам ечим сифатида уни четлатишни режалаштирганди.

- Яъни, у билан келишишнинг иложи йўқ. Шу сабабли режага ҳалал бермаслиги учун уни ўйиндан чиқарилган?

- Ҳа, у жуда кучли ўйинчи эди. Дэвидсоннинг бир ўзи ўйин натижасига таъсир ўтказиб, режаларингизни бузиб қўйиши мумкин эди. Шу сабаб ҳам унга қизил карточка кўрсатилганди.

Финалда эса деярли барчамиз "Паханг" келишиб қўйганини билардик. Ўйиндан кейин эса мен матбуотдан "Паханг"нинг икки хорижлик ўйинчиси ғойиб бўлгани ҳақида ўқидим ва улар орасида Азамат Абдураимов ҳам бор эди. Мен у билан умуман алоқада бўлмаганман ва танимасдим ҳам, шунчаки матбуотда шу хабар чиққанди. Мен Абдураимов келишилган ўйинга аралашганми йўқми билмайман, аммо у финалдан сўнг ғойиб бўлиб қолганди. "Паханг" 0:4 ҳисобида мағлуб бўлган ва ўйинчилар йўқолиб қолганди. Бу эса табиий равишда шубҳа пайдо қилади, аммо ҳеч кимда аниқ далил бўлмаган.

- Ўша кубок финалида "Паханг" фаворит эдими?

- Йўқ, "Сингапур" клуби фаворит эди, аммо жуда кичкина фарқ билан. Букмейкерлар -0.5 тўп фарқи билан ғалабани тахмин қилаётганди. Финалдан сўнг ушбу ўйин полиция томонидан ўрганилган ва "Сингапур" жамоасидан бир ўйинчи гол урилишига пул тиккани аниқланган. Албатта, ўша футболчи бошқа нарсага пул тикмаган бўлса ҳам айбдор деб топилган. ФИФА ҳам ўша ўйинчини катта футболдан четлатган ва яқиндагина бу таъқиқ олиб ташланди.

- Шунда Абдураимов ва ўша йўқолиб қолган иккинчи ўйинчига нисбатан иш очилмаган?

- Йўқ, биласизми Малайзияда қонун Сингапурдаги каби эмас.

- Нега бундай савол бердим? Сабаби, Абдураимовга айнан шу ўйиндан кейин бир неча йил Малайзияга киришга таъқиқ қўйилгани ҳақида маълумотимиз бор. Буни аниқ сабабини билмаймиз.

- Балки, текширувлар бўлгандир, аммо менда бу ҳақида маълумот йўқ.

- Шундай қилиб, ҳеч қачон Абдураимов билан ишламагансиз?

- Йўқ, мен футбол мухлиси бўлганим учун унинг фақатгина исмини билардим. Одатда мен ўйинлар келишилганлигини коэффицент ўзгариши орқали биламан.


Малайзия кубоги-1994 финал учрашувида киритилган голлар.



- Айнан ўша даврда яна бир ўзбекистонлик ўйинчи Малайзияда ўйнарди. Унинг исми Мустафо Билялов эди. У ҳақида эшитганмисиз? У бир неча ой қамоқда бўлган.

- Айнан қайси йили?

- 1993-1994 йилларда.

- Мен ҳеч қачон ўзбек ўйинчилари келишилган ўйинлар сабаб қамоққа ташланганини билмайман.

- Александр Кожуховга қайтсак, у ҳақида эшитганмисиз? "Мелака" ва "Тренгану" клубларида ўйнаган. Расман Александр Кожухов ўз жонига қасд қилгани айтилган. Аслида нима бўлгани аниқ эмас, балки бу келишилган ўйинларга алоқадордир...

- Аввал ҳам айтгандим, келишилган ўйинлар билан шуғулланувчилар агрессив бўлишмайди. Улар ҳеч қачон бировнинг жонига қасд қилишмайди. Бу ерда бошқа муаммо бўлган бўлиши мумкин. Келишилган ўйинларда кўпи билан яна бир марта ўйинларни сохталаштириб, йўқотилган пулларни қайтариш сўралади. Бизни соҳада одам ўлдирилмайди.

- Китобингизда Пал исмли шахс ҳақида ёзгансиз? Айнан ўша йилларда Пал Малайзияда келишилган ўйинлардаги катта шахс бўлганми?

- Ҳа, айнан у Малайзия кубоги устидан тўлиқ назорат ўрнатганди. Малайзия кубоги ўйинларига у миллионлаб пул тикарди.

- Ўша Пал Абдураимов билан ҳам ишлаганми? Шу ҳақида бирор маълумотингиз борми?

- Йўқ, у жуда сирли одам эди. Одамларга ким билан келишганини айтмасди. Умуман келишилган ўйинлар жуда сирли соҳа. Сиз ўйинда қандай натижа қайд этилишини, ким билан келишганингизни бировга ҳеч қачон айтмайсиз. Ахир сиз бу ишни давом эттиришингиз керак. Фақатгина энг яқин инсонларингизгина ниманидир билиши мумкин. Мен эса Палга унчалик ҳам яқин эмасдим. Лекин, мен унга яқин манбалардан бир неча ишончли маълумотларни олиб турардим.


- "Паханг" кубок финалини бой берганда сиз ҳам пул ишлаб олганмисиз?

- Ҳа, ўшанда жуда кўпчилик ўйин "Сингапур" клуби фойдасига бўлишини билганди. Менга ўз манбаларим бу ҳақида хабар беришган. Ўшанда "фора" "Сингапур" фойдасига -0.5 эди. Кейин эса -1 га ўзгарди. Бу кимдир Сингапур фойдасига пул тикаётганини англатади. Биз эса шунга қараб кўп нарсани билиб оламиз.

- Малайзия кубоги ўйинлари сохталаштирилгани ҳақида гаплашдик. Бироқ, чемпионатчи? Чемпионатда ҳам шундай ўйинлар бўлганми?

- Ҳа, ўша пайт ҳамма ўйинлар келишилганди. Ҳар бир жамоада маълум ўйинчилар бўларди. Баъзи клубларда эса деярли барча келишилган ўйинларда иштирок этарди.

Бу Перумал билан "Zoom" орқали уюштирган суҳбатимиз эди. Энди Азамат Абдураимов билан интервьюни ҳам тақдим этамиз.


- Азамат ака, дастлаб Малайзияга қай тарзда ва нима сабаб борганингиз ҳақида гапириб берсангиз.

- Йигитларимиз Малайзияда бўлишлари учун ҳаракат қилдик. Бир неча ой давомида бир қанча ўртоқлик ўйинларида қатнашишди. Ва бу ўйинлар орқали Малайзия клублари вакиллари йигитларимизни саралаб олишди. Чамаси 2 ой қийинчиликка учрашди. Умуман олганда, 5-6 нафар футболчимиз малайзияликларга маъқул келди. Вячеслав Солохо қўнғироқ қилганда бизникиларда ҳаммаси яхши эканлигини сездим. Шароит яхши эди, мўмайгина пул тўлашарди. Ўзбекистонда улар кўпи билан 100 доллар маош олишарди. У ерда эса 2000-3000 доллар тўланарди.

1992 йилда иқтисодий тарафлама қийин давр бўлиб, ҳаёт кечириш қийин эди. Мен 1993 йили янги ташкил этилган МХСКда ўйнай бошладим. Четда ўйнаш ниятим бор эди. Илгари ҳозиргидек агентлар мавжуд эмасди. Шомуродов каби хорижга кетиш мушкул эди. Шундай қилиб, Малайзиянинг "Паханг" клубига йўл олиб, тиббий кўрикдан ўтдим ва шартномага имзо чекдим. "Паханг" "қироллик клуби" саналарди. Ўшанда Паханг провинцияси раҳбари Султон Аҳмад Шоҳ эди, у ОФК президенти ҳам эди. Унинг ўғли Абдулла II эса "Паханг" президенти, Малайзия футбол федерацияси раҳбари эди. Бу оила бутун Малайзия футболини назорат қиларди. Унинг шахсан ўзи кўрикка келиб, ўйинларимни томоша қилганди. Биринчи ўйинда 4 та, кейинги баҳсда 1 та гол урганман. Кейин ўзаро шартнома тузганмиз. Менга тақдим этилган шароитлардан кўнглим тўлганди. Менга машина, денгиз яқинидан уй ва 4 минг доллар маош беришганди. Ўзбекистонлик легионерлар орасидаги энг кўп маошни мен олардим. 

Менга у ерда футбол ўйнаш ёқиб қолди. Техникага эътибор қаратиларди. Ярим йилдан кейин шубҳали ўйинлар бўйича гап-сўзлар урчий бошлади. Буни Мустафо Билолов ва бошқа ўзбекистонлик футболчилар билан муҳокама қилдик. Кейин мухлислардан ҳам шубҳали ўйинлар бўйича эътирозлар келиб туша бошлади. Биз буни тушунмасдик, чунки Ўзбекистонда тотализатор нима эканлигини билмасдик. Тотализатор конторалари бор эди, одамлар у ерга бориб пул тикишарди.

Мухлислар, дўстларим олдимга келиб, "мана бу ўйин шубҳали тарзда бой берилди ва шов-шувларга сабаб бўлди" деб гапиришарди. Тушундимки, шунақа ҳолатлар учраб тураркан. Жамоамиз 1993 йилда Малайзия чемпиони бўлган. У ерда мусобақа шундай уюштирилади-ки, чемпионат асосий турнир эмас, асосий турнир – бу Малайзия Кубоги. Мисол учун, чемпионат март ойида бошланиб, августда тугайди. Чемпионатнинг энг яхши 10 та жамоаси курашни Малайзия Кубогида давом эттиради. 4 ёки 6 та жамоа биринчи дивизионга тушиб кетмаслик учун кураш олиб боради. 10 та энг яхши жамоа 5 тадан икки гуруҳга бўлинади. Гуруҳдан 2 та энг яхши ўрин эгалари ярим финалга чиқишади, кейин эса финал. Хуллас, Малайзия Кубоги энг нуфузли мусобақа эди. Ҳозир ҳам шундай.


Ўйинларни таҳлил қила бошлаганимда кучли жамоа кучсиз жамоага енгилиши гувоҳига айландим. Футболга яқин инсонлар Малайзияга легионер бўлиб келганига 1 йил бўлганларни келишилган ўйинларга жалб қилишмас экан. Одатда иккинчи йилдан бошлаб легионерларни ўзаро суҳбатдан кейин келишилган ўйинларга қўшишади. Бизнинг жамоамиз ўшанда Малайзия Кубоги финалига чиққанди. Биз гуруҳда "Сингапур" жамоасига қарши тўқнаш келганмиз. Ўша вақтда "Сингапур" ва "Бруней" жамоалари ҳам чемпионатда қатнашишарди. 5 та жамоа жойлашган гуруҳда биз ва "Сингапур" жамоаси бор эди. "Сингапур" клуби билан чемпионатда 4 бор рўбарў келганмиз — 2 та ўйин чемпионатда, 2 та ўйин Кубокда. 2 та ўйинда ғалаба қозонган бўлсак, 1 та мағлубият ва 1 та дуранг қайд этганмиз. Рақиб жуда кучли эди. Бир жуда таниқли футболчиси бўларди. Худди бизда Миржалол Қосимов каби. Бу – Фанди Аҳмад. Уни яхши танийман, кўп кўришганмиз. У ҳужумчи ортида ҳаракат қиларди. У Сингапур футболи афсонаси. Адашмасам, ҳозир Сингапур ёшлар термаси мураббийи. Афсонавий футболчи эди. Уларда техникаси юқори футболчилар ўйнашарди. Жумладан, Майкл Ванна, финалда хет-трик қилган австралиялик Аббос Саад, яна бошқа 3 нафар легионери бор эди. Финал олдидан раҳбарият, клуб президенти барча футболчиларга оиламиз билан 2 кун олдин Куала-Лумпурга келишимизни сўради. 1994 йил Куала-Лумпур ташқарисида жойлашган "Шоҳ Алам" стадиони очилиш маросими бўлиши кўзда тутилганди. Бу "Шоҳ Алам"да ташкил этилган биринчи катта баҳс – Малайзия Кубоги финали эди. Бу ерга келиб "Hilton"да зўр шароитда турдик. 2 кун олдин келсак, "Паханг" мухлиси бўлган бир танишим олдимга келди. У билан гаплашиб турсак, букмекерлар "Сингапур" жамоасига пул тикаётгани ва улар йирик ҳисобда ғалаба қозонишларини айтди. Мен бўлиши мумкин эмас, дедим. Бунақаси бўлиши мумкин эмасди, чунки жамоалар бир даражада эди. Улар ютиши мумкин, бироқ бунчалик йирик ҳисобда эмас. Жамоамизда 3 нафар легионер мавжуд эди — мен, австралиялик Алан Дэвидсон, таиландлик Аттафол Буспаком. Жамоамизда Малайзия терма жамоасининг кўплаб футболчилари йиғилишганди. Буспаком Таиланд терма жамоаси сардори эди. У ОЧЛ доирасида ўйин ўтказиш учун мураббий сифатида юртимизга келганди, ўшанда кўришгандик. У 2015 йилда вафот этганини айтишди. 

Биз учун энг ёмони, "Перак" билан ярим финал ўйинида Алан Дэвидсонга қизил карточка кўрсатилганди. У "Паханг"да энг яхши футболчилардан бири эди, марказий ҳимоя чизиғини ишончли ҳимоя қиларди, Австралия олимпия терма жамоаси сардори эди. Шунингдек, Англия клубларида ўйнаган. У шаҳзода, Малайзия фубол федерацияси раиси ва клубимиз президенти Абдулла II билан дўст бўлиб қолганди ва тўғридан-тўғри алоқа ўрнатганди.

Биз бир ўйинда ғалаба қозондик, иккинчи ўйинда дуранг намойиш этдик ва кейинги босқичга йўл олдик. У эса қизил карточкага лойиқ кўрилди. Менимча, ҳакамни сотиб олишган, чунки вазият четлатишга арзимасди.



- Эшитдик-ки, ўша ярим финал ўйинингиз келишилган бўлган. Улар футболчиларни ёки жамоани эмас, ҳакамни сотиб олишгани ҳақида маълумотлар бор. Перумал ҳам ҳакам у финалда ўйнамаслиги учун "Паханг"нинг энг яхши ҳимоячисини майдондан четлатганини эслаб ўтди...

- Ҳа, шундай. Буни яхши эслайман. Вазият қизилга тортмасди. Биз асосий марказий ҳимоячисиз қолгандик.

Финал баҳсидан олдин олдимга келиб, биз ютқазишимизни айтишганида ҳайратлангандим. 28 йилдан бери футболдаман. Ҳозир ўйнамасдан туриб ҳам, ўйин сотиладими ёки йўқлигини айтиб бера оламан. Ўшанда эса ғалати ҳолатда эдим. 

Ҳимоячиларимиз шунчаки ҳимояни очиб қўйишди. 0:4 ҳисобида мағлубиятга учрагандик. Аббос Саад дарвозамизга 3 та тўп киритганди.

Ўйинда бир ҳолат бўлган. Бу матбуотда ҳам муҳокама қилинган. Мени жарима майдони яқинида йиқитишди. Одатда мен жарима зарбаларини ижро қилмайман. Ўшанда эса шунча гол ўтказиб юбораётганимиз ва менга ҳеч ким пас бермаётганидан ғазабланиб, тўпни қўлга олдим. Ўшанда ҳатто жамоадошим Зайнал Обидин Ҳассан билан тортишиб қолдим. У менга тепишга рухсат бермаганди. Бошқа кимдир жарима зарбасини тепди, тўп анча ноаниқ кўриниш олди. Ўшанда тўлиқ тушундим-ки, ўйин сотилган ва бунга жамоамизнинг ҳар бир аъзоси аралашган экан. Деярли тўлиқ таркиб. 4 та гол ўтказиб юбордик ва гол урмаслигимиз кўзда тутилган экан.

Малайзия ҳам иштирок этиши инобатга олиниб, Осиё Кубоги қолдирилганди. Чунки Малайзия чемпионати узоқ давом этганди. Осиё Кубоги финали 24 ёки 25 декабрга тўғри келганди. Тасаввур қиляпсизми?!

Ўша ўйиндан кейин 2 йиллик шартномам бўлишига қарамасдан, айнан ўша сабаб туфайли жамоада қолмаслигимни  айтдим. Ўйин шунчаки пуллаб юборилганди. Аслида бизда яхшигина бонуслар бор эди. Раҳбарият нуфузли мусобақада ғолиб чиқишимизни хоҳлаганди.

Яна бир ҳолат эсимга тушди. Ўша ўйингача яна бир ўйин сотилган бўлган экан. Бу ўйинда қатнашгандим, жамоамиз учрашувни сотган экан. Чемпионатни 5-ўринда тугатгандик. Совриндор бўлишимиз мумкин эди. Лекин, қаердадир мағлуб бўлдик. Бизда асосий урғу Малайзия Кубогига қаратилганди. Бунгача кузда Малайзияда текширув ишлари бошланди. Жумладан, "Перак" клуби ва бошқа жамоаларда. Аниқ эсимда йўқ. "Перак"даги икки ўзбекистонлик – Мустафо Билолов ва Шуҳрат Холмирзаев қамалишганди.

- Мустафо Билолов ва Шуҳрат Холмирзаев ҳақида сўрамоқчи эдим. Ўшанда айнан нима бўлганди?

- Биз бошқа-бошқа шаҳарда эдик. Улар Ипоҳда, биз эса Куала-Лумпурда. Фақат матбуот орқали жараённи ўқиб борганмиз. Шундан кейин Мустафо билан кўришмадик. Аммо билганим, "Перак"нинг кўплаб ўйинчилари қамоққа олинишган. Жумладан, ҳамюртларимиз ҳам. Бироқ кейин вакилларимизни қўйиб юборишган ва уларни озод этишган ҳамда эътироз йўқлигини билдириб, узр сўрашган. Маҳаллий футболчиларни текшириш ишлари эса давом этган. Улардан айримлари дисквалификацияга учраган ва жаримага тортилган. Қолган клубларда ҳам тотализаторга қарши кураш ишлари давом эттирилган.

Кейинроқ матбуотда ўқиганларим бўйича фикр билдирадиган бўлсам, "Сингапур" жамоаси ғалаба қозонган Малайзия Кубоги финалидан кейин Майкл Ванна, Аббос Саад тотализаторда иштирок этгани фош қилинган. Воқеа детектив романга айланиб кетган. Кимдир Майкл Ваннани озод қилиш учун ярим миллион доллар гаров пули тўлаган. Гаров эвазига озод қилингач, у Европага қайтиб кетган. Букмекерлар айнан шу ўйин билан боғлиқ бошқа тафсилотлар тўлиқ очилиб кетмаслиги учун  футболчиларни озод қилишга бор имкониятларини ишга солишган.

Бу ўша финалда хет-трик қайд этган Аббас Саад. 2014 йил Малайзиялик телебошловчи у билан стадионда тушган мана шу суратини ўзининг "facebook" саҳифасига жойлаган.


- Сиз айнан шу финалдан кейин Малайзиядан учиб кетган экансиз. Нега айнан шу баҳсдан кейин аэропортга йўл олгансиз?

- Учрашувга келган ОФК президенти Аҳмад Шоҳ зўр йўл тутган. 23 ёки 24 декабрь куни ўйин бўлганди. Эртаси куни Аҳмад Шоҳ барча футболчиларни Куала-Лумпурдаги ўз резиденциясида қабул қилган. У жуда катта одам эди. Худди президент Каримов каби. Қўриқчилар кўп бўларди. У малай тилида гапирарди, тушунмаганларга таржима қилиб туришарди. У жамоага раҳмат айтиб, бу футбол эканлиги, Худо хоҳласа, кейинги йил ғолиблик қўлга киритилишини айтганди. У банкетда ҳар бир футболчини пул билан мукофотлаган. Мен олдига борганимда, хафа бўлмаслигимни, яна бошқа ғалабалар бўлишини айтганди. Конвертда 2 минг доллар пул бор эди. Мен ажабландим, чунки жамоа ютқазганди, футболчилар эса мукофот пулларини олишди. Ўша пайтда текширувлар бўлишини билмагандик. Ахир, жамоамиз ўйинни сотганди.

Кейин матбуотда Майкл Ванна қўлга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. Майкл Ванна баланд бўйли ярим ҳимоячи эди, Аббос Саад эса абжир ҳужумчи эди, асосан, қайтган тўпни дарвозага киритарди. Бизникилар шунчаки дарвозани очиб беришганди. Кейинчалик у 500 минг доллар тўлаб, озодликка чиққанини эшитдик. 

Аҳмад Шоҳ бизга пул бергач, кейинги кун рафиқам билан тўғри Куантанга йўл олдик, чунки нарсаларимиз ўша ерда эди. Биз янги йил олдидан – 29 ёки 30 декабрь куни у ердан кетдик. Дарҳол жўнамаганмиз. Куала-Лумпур бошқа шаҳар, яшаган жойимиз бошқа. 4 соатлик йўл эди. Масалан, худди Тошкентдан Андижонга машинада боришдек. Бу салбий ҳолат мен билан қолган. Улар менга қўнғироқ қилишганида шартномани тугатишни сўраганман.

- Биздаги маълумотларга қараганда, ўша воқеадан кейин сиз маълум муддат Малайзияга бора олмаган экансиз…

- Қаердан эшитдингиз (кулади)? Бу миш-миш холос. Кўришингиз мумкин, 1994 йил декабрда Малайзия Кубоги финали бўлиб ўтган. 1995 йилнинг ёзида эса Мердека Кубоги ўтказилган. Ўшанда "Дўстлик" сафида ўйнардим. Мен Александр Иванков мураббийлиги остидаги Ўзбекистон термаси сафида Мердека Кубогида иштирок этганман. Малайзияда мен билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо кузатилмаган. Агар мен келишилган ўйинда иштирок этганимда қандайдир муаммо юз бериши мумкин эди. 

Ўйлайманки, Аҳмад Шоҳ туфайли "Паханг"нинг ҳеч бир футболчиси жазоланмаган. Турли жамоалар футболчилари жазога тортилишган, "Паханг"дан эса йўқ. 1995 йил ёзда турли жамоалардан таклиф тушган, лекин 2 йиллик шартномам мавжуд эди, шунинг учун улар менга рухсат беришмаган, пулни қайтариш лозимлигини уқтиришган. Кейин 1995 йилги турнир пайтида бир куни "Паханг"га бориб, 10 минг долларни бериб келдим ва менга жавоб беришди. Шундан сўнг Саудия Арабистонига йўл олдим. Келишилган ўйинлар бўйича саволлар бўлмаган.

- У ерда ўйнаган даврингизда Пал деган одам ҳақида эшитганмисиз? Перумалнинг айтишича, у Малайзия Кубогида кўплаб келишилган ўйинларни ташкил қилган ва ҳамма клубларга раҳбарлик қилиб, ўйинлар тақдирини ҳал этган…

- Бўлиши мумкин. Букмекерлар орасида бир нечта гуруҳ борлигини эшитганман. Тотализатор бор, уни кимдир бошқаради-ку ахир. Шунчаки, мен билан бу бўйича ҳеч ким мулоқот қилмаган. Дўстларимнинг айтишича, дастлабки йилда чет эллик билан ҳеч ким ишга киришмайди. Кейинги йилларда эса уларни қўшишади. Ўйлайманки, балки шу туфайли ҳам мен билан ҳеч ким алоқа қилмагандир. Эшитишимча, келишилган ўйинлар билан шуғулланувчи бир нечта гуруҳ бўлган. Сиз эса айнан бир киши ҳаммасини бошқарган, деяпсиз. Бир нечта букмекерлар бор. Қайси бири бу жамоа билан, қайси бири бошқаси билан ишлайди. Баъзида улар бир-бири билан тўқнаш келиб қолишади. Шунақаси ҳам учраб туради.

Автор : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +8   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика