18 ёшида Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси бўлган Александр Гейнрих бугун 36 ёшга тўлди
06 окт 2020 12:42
Новости
18 ёшида Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси бўлган Александр Гейнрих бугун 36 ёшга тўлди
Жамоага ўша вақтда тайинланган Тачмурод Агамуродов ва Виктор Жалилов каби мурабийлар штабининг эътибори Тошкент вилоятининг “Дўстлик” клуби сафида ўзини кўрсата бошлаган Александр Гейнрихга тушди ва иқтидорли ҳужумчи жамоага қабул қилинди. Ўз олдига янги мақсадларни қўйган жамоа чемпионат стартидаёқ қандай кучга эга эканлигини исботлай бошлайди. Ҳужумкор ва ранг-баранг тарзда ўйнай бошлаган жамоага муносиб қаршилик кўрсатиш бошқа жамоалар учун анча қийинчилик туғдирган эди. Бир қатор футболчилар жумладан Игнатий Нестеров, Зайниддин Тожиев,Гочкули Гочкулиев, Ильдар Магдеев ва ҳикоя қилинадиган қаҳрамонимиз Александр Гейнрих ўша чемпионатнинг кашфиётига айланган эди. Ўз дриблинглари билан минглаб мухлислар олқишига сазовор бўлган ёш иқтидор эгаси Гейнрихнинг ўйинлари ўзбек футболига янги иқтидор етишиб чиқаётгандан дарак эди. Хатто ёши каттароқ мухлислар унинг ҳаракатларини жамоа афсонаси Хадзипанагизга қиёслашади.
Айниқса унинг юлдузли онлари ўша йили Қатарда ўтказилган Осиё чемпионатида порлайди. Марҳум Виктор Борисов бошчилигидаги ёшлар термаси сафида Нестеров, Иномов, Крушельницкий, Жасур Ҳасанов, Илёс Зейтуллаев каби кучли футболчилар сафида бўлган 18 ёшли иқтидор эгаси рақиб дарвозасига бир нечта тўп киритиб, терманинг мусобақада 4-ўринни эгаллашига ва шу орқали футболимиз тарихидаги илк ёшлар ўртасида мундиалга йўл олишига катта ҳисса қўшади. Айниқса гуруҳ босқичида Қатар ёшларига қарши ўйиндаги хет-трик ва футболка остидаги "бизга ета олмайсизлар" ёзуви кўпчликнинг ёдида бўлса керак. Гейнрих шунингдек ўша мавсумда жамоасининг янгича форматда ўтказилаётган Осиё Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқичидан муваффақиятли ўтиб, якунда 2002 йилнинг Осиёдаги энг яхши жамоаси сифатида тан олинишига муносиб ҳисса қўшади. Таъкидлаш жоизки, мавсум сўнгида қаҳрамонимиз ҳақли равишда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилади.
Одатда мухлислар олқишига сазовор бўлган ҳар қандай футболчига хориж жамоаларидан "совчилар" кела бошлайди. Албатта Саша ҳам бундан мустасно эмас эди. Бир қатор жамоалар орасидан “Пахтакор” раҳбарлари ва футболчи Москванинг ЦСКА жамоасини танлайди ва шу тариқа Гейнрих "ҳарбийлар"нинг янги аъзосига айланади. Таъкидлаш керакки москваликлар таркибида рақобат ўша вақтларда ўта кучли эди. Вагнер Лав, Иржи Ярошик, Ивица Олич каби футболчилар орасидан асосий таркибга кириш осон эмас эди. Устига-устак мурабий Валерий Газзаевнинг ҳамюртимизга унчалик ишонмагани оқибатида Александр кейинги икки йилни асосан захира ўриндиғида ўтказишга мажбур бўлади. Лекин шунга қарамай табиатан ватанпарвар бўлган Гейнрих турли терма жамоаларимиз сафида маҳорат ила тўп тепади. Масалан, БАА мезбонлигида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Гейнрих ва жамоа Аргентина, Испания, малилик футболчиларга қарши ўйнаб, гарчи гуруҳ босқичида бирор очко тўплай олмаганига қарамай, мухлислар олқишига сазовор ўйин намойиш этишган эди. Ўша мусобақада Гейнрихнинг Аргентинага жаримадан киритган шедевр голини кўпчилик эсласа керак.
Гейнрихнинг яна бир юлдузли они 2004 йилги Осиё Кубогига тўғри келади. Ўз таркибига тажрибали футболчилар ва ёшларни жам қилган Равшан Ҳайдарав бошчилигидаги терма ўйини кўпчиликка манзур бўлган эди. Айнан Сашанинг 2-турда Саудия Арабистонига урган голи термамизга ўз тарихида биринчи бор Осиё Кубогининг гуруҳ босқичидан чиқишига замин ҳозирлайди. Чорак финалдаги Баҳрайнга қарши учрашувда ҳам Гейнрих жаримадан ажойиб гол уради ва Қосимовнинг муносиб издоши эканини исботлайди. Афсуски унинг бу голи термамизга ёрдам бермайди ва арабларга пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб мусобақани аламли тарзда тарк этади. Шундай бўлсада, термамиз кўрсатган мазмунли футбол мухлисларда термага нисбатан ишонч уйғотади. Ушбу ишонч сабаб мухлислар терма жамоанинг Германияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига йўл олишига ишона бошлайди. Афсуски ҳал қилувчи раундда турли мурабийлар Геде, Ҳайдаров, Хоугтон каби мурабийлар қўл остида иштирок этган термамиз яна ўша таниш рақиб Баҳрайн билан бўлган плей-офф баҳсларидаги омадсизлик ва кўпчилик ёмон хотиралар билан эсга оладиган япониялик ҳакамнинг мудҳиш хатоси термамизни мундиалдан маҳрум этган эди. Бу орада Гейнрих ҳам ўз жамоасини ўзгартиради ва Москванинг бошқа жамоаси Торпедога йўл олади. Даставвал бу ерда мазмунли ўйинлар кўрсатиб, асосий таркибдан ўрин эгаллаган ҳужумчимиз кейинчалик жароҳат ва бошқа жузъий сабабларга кўра бу ерда ҳам ўз ўрнини йўқотади.
2007 йил бошига келиб у ўзининг жонажон жамоаси “Пахтакор”га қайтишга қарор қилади. Кейинги тўрт йилни ''шерлар'' сафида ўтказган Гейнрих яна бир бора ўз маҳорати ва жамоага бўлган садоқати орқали тошкентлик мухлисларнинг чуқур қалбидан ўрин эгаллайди. Унинг энг эсда қоларли ўйинларидан бири сифатида Осиё Чемпионлар Лигасидан ўрин эгаллаган Саудия Арабистонининг “Ал-Иттифоқ” клубига қарши сафардаги учрашувни эслашимиз мумкин. Ўша учрашувнинг сўнгги сонияларида жаримадан киритилган ажойиб гол “Пахтакор”га ўта муҳим ғалаба келтирган эди.
Терма жамоада эса бу вақтлар оралиғида унинг унчалик омади юришмади дейиш мумкин. Даставвал Рауф Инилеев, кейинчалик эса Миржалол Қосимов кўпроқ Максим Шацких, Улуғбек Бақоевларга ишонч билдиришади. Шундай бўлсада, мухлислар термада доимо Гейнрихни кўришни исташар эди. Яққол мисол сифатида, 2009 йил бўлиб ўтган Тошкентдаги Босния ва Герцеговинага қарши учрашувни айтиб ўтишимиз мумкин. Ўша учрашувнинг сўнгги дақиқаларида мухлислар бир овоздан ''Саша'', ''Саша'' дея мурабий Миржалол Қосимовдан уни таркибга киритишни талаб қилишгани ва футболимиз афсонаси уни кейинги баҳсларга жалб қилганини кўришимиз мумкин.
Терма жамоа постига Вадим Абрамов келгач, Гейнрихнинг ҳам термадаги мазмунли ўйинлари қайта бошлайди. 2011 йилги Осиё Кубогида термамиз ёрқин ўйинлар намойиш этиб мухлисларимиз кўнглидан жой эгаллаган эди. Ўша мусобақа қаҳрамонлари сафида бўлган Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Азиз Ҳайдаров, Улуғбек Бақоев каби футболчилар қаторига қаҳрамонимизни ҳам қўшиш мумкин. Шу сабабга кўра, бир нечта футболчиларимиз қатори Гейнрих ҳам келаси мавсумни хорижда, аниқроғи, Жанубий Кореянинг ''Ульсан Хюндай'' клубида бошлайди. Ўйин услуби корейсларнинг тактикасидан фарқ қиладиган Саша учун бу ерда тўп тепиш бироз қийинчилик туғдиради. Бу ерда бир мавсум ўйнаган футболчимиз учун келаси манзил Бирлашган Араб Амирликларининг ''Эмирейтс''клуби бўлади. Ярим мавсум мобайнида тўп тепган футболчининг бу ердаги эсда қоларли вазиятларидан бири сифатида, Афсонавий Диего Марадонанинг жамоасига акробатик тарзда киритилган голни айтишимиз мумкин. Мавсум ярмида Қозоғистоннинг ''Áктобе" жамоасига бориб қўшилган Гейнрихнинг термадаги ишлари яна орқага кета бошлайди. Биргина мағлубият сабаб истеъфога чиқарилган Вадим Абрамов ўрнини яна Миржалол Қосимов эгаллайди. Бир ҳужумчи билан ўйнашни хуш кўрувчи Қосимов термасида асосий урғу Бақоевга қаратилган эди. Шу сабаб Гейнрих учун терма жамоа эшиклари ёпилган эди.
Таъкидлаш жоизки унинг Қозоғистондаги фаолияти ёмон бўлмади. Фақатгина ярим мавсум мобайнида Тошкентнинг ''Локомотив'' жамоасида ўйнаганини айтмаса, Гейнрих фаолиятининг сўнгига қадар қўшни юртда ўтказади. Яна бир жиҳатни қайд этиш жоизки, қай ерга ўтмасин унинг трансферидан жонажон жамоаси ''Пахтакор'' ҳам фойда кўрарди. Албатта бундай садоқатли футболчилар кўп ҳам бўлавермайди.
Гейнрих учун энг катта орзу термамиз билан бирга жаҳон чемпионатига бориш эди. Терма жамоа бош мурабийи этиб тайинланган Самвел Бабаян Сашани яна бош жамоага қайтаради. Кўпчилик уни ''қария''га чиқарганига қарамай Александр ҳамон терма бу термага керакли эканини исботлай олади. Саралаш ўйинлари доирасидаги бир неча голлар фикримизга исбот бўла олади. Афсуски, якунда биргина гол етмагани сабаб термамиз тарихий натижа қайд эта олмайди ва бир неча футболчилар қатори Гейнрихнинг ҳам орзуси саробга айланади. Жанубий Кореяга қарши ҳал қилувчи учрашув якунланиши билан қаҳрамонимиз кўзда ёш ила терма жамоа билан хайрлашганини эълон қилади. Йил сўнгида эса у бутсаларини ҳам михга илади.
Мақсуд Яҳёев
Бугун Александр Гейнрих бугун 36 ёшга тўлди. Биз сайтимизнинг барча ходимлари ва мухлислари номидан Сашани таваллуд аёми билан табриклаймиз! Барча эзгу ниятларни тилаб қоламиз. Мураббийлик фаолиятида унга омад тилаймиз!
Комментарии