18-рақамни машҳур қилган, 12 карра мамлакат чемпиони Темур Кападзе 39 ёшда!
05 сен 2020 09:36
Новости
18-рақамни машҳур қилган, 12 карра мамлакат чемпиони Темур Кападзе 39 ёшда!
Бугун футболчи сифатида ўзидан ёрқин из қолдира олган, фаолиятини ҳужумчи сифатида бошлаб ярим ҳимояда тугатган, 12 карра Ўзбекистон чемпиони, 9 бор мамлакат кубоги соҳиби, миллий терма жамоа сафида 119 та ўйин ўтказган, юртимиз клубларидан ташқари БАА, Жанубий Корея ва Қозоғистонда тўп тепган Темур Кападзе 39 ёшга тўлди.
Фарғоналик футболчи ҳақида узоқ гапириш, мақтовлар ёмғирини ёғдириш мумкин. Ҳақиқатан ҳам, Копа бир футболчи эришиши мумкин бўлган ютуқларни қўлга киритган. "Цементчи", "Нефтчи", "Пахтакор", "Бунёдкор", "Инчхон Юнайтед" (Жанубий Корея), "Шаржа" (БАА), "Актобе" (Қозоғистон) каби клублар шарафини ҳимоя қилган Темур 2017 йилда "Локомотив" сардори сифатида футболчилик фаолиятини якунлади. 2017 йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон кубогининг финал ўйини Тимур Кападзе учун профессионал футболчи сифатидаги сўнгги баҳс бўлганди.
- Ортга назар ташлаб, биринчи навбатда "Цементчи" жамоаси таркибидаги катта футболда қўйган илк қадамимни эслашим ўринли бўлади, - дейди бугунги қаҳрамонимиз. - Ўшанда ўтиш ўйинларида (пулька) майдонга тушгандим. Қувасой жамоаси таркибида бешта ўйинда бешта гол ургандим. "Нефтчи"га ўтган пайтимни ҳам эсдан чиқармайман. 1997 йили "Нефтчи" сафига бориб қўшилгандим. Юрий Саркисяннинг ўзи жамоага таклиф этгани кечагидек эсимда.
Темур Кападзенинг катта ютуқларидан бири фаолияти давомида кучли мутахассислар қўл остида миллионлар ўйини сир-асрорини ўргангани, футболчи сифатида шакллангани бўлган. Футболчилар оиласида дунёга келгани, биринчи мураббийи отаси Тоҳир ака бўлгани ҳам Темурнинг бахти.
"Аслида қайси мураббий қўл остида ўйнаган бўлсам, ҳаммани бир ўринда кўраман. Ким биландир кўп, ким биландир камроқ ишлаганман. Лекин барибир ҳар бир футболчи фаолиятига таъсир кўрсатган алоҳида мураббийлар бўлади. Шахсан мен учун биринчи навбатда дадам Тоҳир Кападзе кўп иш қилганлар. Дадамнинг маслаҳати билан футболни танлаганман ва футболга кириб келишимда дадам кўп ёрдам берганлар. Бундан ташқари, Юрий Вазгенович Саркисянни ҳам алоҳида тилга олишим лозим. Айнан Саркисян менга катта футбол эшикларини очди, бунинг учун у кишига алоҳида раҳмат айтаман. Саркисян гарчи ўйин пайтида жуда жаҳлдор кўрингани билан ўйиндан кейин ва умуман машғулотлар пайтида футболчиларни тушунишга ҳаракат қилар, керак бўлса ҳамма билан ҳазиллашарди. Мен "Нефтчи"да ўйнаб кўп нарсани ўргандим, нафақат мураббийдан, балки ўша пайт тўп тепган Лебедев, ака-ука Дўрмоновлар, Писарев, Исоқов, Шамсиев, Маталиев, Радкевич, хуллас ҳаммадан нимадир олганман. Кейинчалик "Пахтакор"га ўтгач Тачмурод Агамуродов футболчи сифатида шаклланишимда катта ёрдам берди. Туркманистонлик мутахассис биринчи навбатда мени ҳужумдан ярим ҳимояга ўтказди, қолаверса, янги амплуада йўқолиб қолишимга йўл қўймади".
Темур Кападзе 2013 йилда "Актобе" клуби билан бирга Қозоғистон чемпиони бўлган. Ўша мавсум еттита гол урган ярим ҳимоячимиз Қозоғистон чемпионатининг "Энг яхши легионери" деб ҳам топилганди.
Юқорида алоҳида таъкидлаганимиздек, Темур Кападзе миллий терма жамоа сафида жами 119 та учрашувда майдонга тушган. Бу борада у биргина Сервер Жепаровга ён берган.
"Терма жамоадаги ўйинларим сони 119 тани ташкил қилган ва шу сабабли 120-ўйин хайрлашув учрашувим бўлади деган ниятим бор эди. Аммо пешонага битилмаган экан, бундай бўлмади. Мен кўп ўйинларда захирада қолиб кетдим. Шундан сўнг тугатишим керак, майдонни ёшларга бўшатиб беришим зарур, деган хулосага келдим".
2017 йилги мавсумдан кейин футболчилик фаолиятини тугатган Кападзе маълум вақт Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида тўртта ўйинда ишлади. Эътибор беринг, ёш мураббий мамлакат бош жамоасини Сенегал, Марокаш, Эрон, Уругвай сингари дунёнинг кучли терма жамоаларига қарши майдонга бошлаб тушди.
"Терма жамоага мураббий сифатида келганимда, менинг мураббийлар штабим, ўзимнинг мураббийлик бўйича режам йўқ эди. Шу сабаб менда катта ҳавотир йўқ эмасди. Бундан ташқари миллий терма жамоамизга рақиб сифатида танланган жамоаларнинг даражаси юқори эди. Кўплаб футболчилари Европада тўп тепадиган Сенегал, Уругвай давлатлари билан мен каби мураббийлик фаолиятини энди бошлаётган инсон билан жуда қийин эди. ЎФА раҳбарияти терма жамоада биринчи куним эмаслигини, менга барча шароитларни яратиб беришларини айтишди. Ҳақиқатдан ҳам миллий терма жамоани яхши биламан, бу томонидан хавотир йўқ эди. Лекин мураббийлик борасидачи? Шуниси мени ўйлантираётган эди. Раҳбариятнинг шу каби фикрлари, ишончини кўриб туриб ортга йўлим қолмаганлигини тушундим ва уларнинг таклифини қабул қилдим. Ўша кунларда мендаги ҳиссиётлар қандай кечганлигини ўзим биламан".
Бугунги кунда Темур Кападзе Ўзбекистон миллий терма жамоасида Вадим Абрамовнинг ёрдамчиси ва Ўзбекистон U-19 терма жамоаси бош мураббийи бўлиб ишламоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, бугун таваллуд айёмини нишонлаётган Темур Кападзега биринчи галда туғилган кун муборак, деймиз. Ва албатта, Ўзбекистон миллий ва U-19 терма жамоасидаги фаолиятида ҳам омад ёр бўлишини тилаймиз. Йиллар давомида орттирган тажрибаси унга қўл келади деган умиддамиз.
Темур Тохирович Кападзе
Фуқоролиги – Ўзбекистон
Туғилган санаси – 05.09.1981
Амплуа – ярим ҳимоячи
Бўйи – 185 cм
Оғирлиги – 80 кг
Фаолияти – 1998-2001 "Нефтчи" (Фарғона)
2002-2007 – "Пахтакор" (Тошкент)
2008-2011 – "Бунёдкор" (Тошкент)
2011 – "Инчхон Юнайтед" (Жанубий Корея)
2012 – "Шаржа" (БАА)
2012-2014 – "Актобе" (Қозоғистон)
2015-2017 – "Локомотив"
Тажрибали ярим ҳимоячини миллий терма жамоамиз ва "Локомотив" клуби шифокори Аброр Пирриев ўзи битган шеър билан муборакбод этади.
"Локо", терма, ҳаммамиз,
Ҳаяжонда, бор ҳудуд.
Бир томонда термамиз,
Бир томонда таваллуд.
"Копа" деган футболчи,
Футболни боп ўйнаган.
Байрамни хам мўлжаллаб
Термамизга пойлаган.
Буниси ҳам камдир деб,
Машғулотни кўчирдик.
Тортдан қуруқ қолдик деб
"Транспортний"да тўкилдик.
Сизга деб бор "пресса",
Яхши сўзлар айтгайдир.
Сизданмас, хеч бўлмаса,
Термамиздан қайтгайдир.
Комментарии