XXI аср бошидаги қаҳрамонлар ёхуд “Супердепор” қандай жамоа эди?
10 мар 2019 21:00
Новости
XXI аср бошидаги қаҳрамонлар ёхуд “Супердепор” қандай жамоа эди?
Ана шундай клублардан бири Ла-Коруньянинг “Депортиво” клуби. Ҳозирда “сегунда”да ўйнаётган бу клуб 20 йиллар олдин ўзининг сўзини Европа майдонларида айта олган эди.
Кўпчилик оддий инсонлар учун Ла-Корунья – шимолий-ғарбий Испаниядаги курорт шаҳар, лекин ҳақиқий футбол ихлосмандлари учун бу “Депортиво” футбол клубининг ватани. 2000-йиллар бошида Галисия клуби жаҳон футболи атмосферасига шиддат билан кириб келди ва ҳамманинг эътиборини ўзига қаратишга мажбур қила олди. 90-йиллар охирида “СуперДепор” Испания чемпионатидаги, шунчаки, ўртамиёналардан бири эди. Баъзида жамоа УЕФА кубоги учун курашган бўлса, баъзи ҳолларда жадвал ўрталарида “сайр” қилишни одат қилган эди. Ҳақиқий ўзгариш эса 1999-йилдан кейин бошланди. Айнан ўша йиллари катта футбол клубларини ўзи билан ҳисоблашишга мажбур қилган ва мухлисларнинг ёқимтойига айланган “Депо” пайдо бўлаётган йиллар эди. Клуб бирин-кетин Рой Макаай, Сезар Мартин ва Виктор Санчес каби ҳали унчалик таниқли бўлмаса ҳам сифатли футболчиларни сотиб ола бошлади. Натижада жамоа ҳаммани ҳайратда қолдириб ўз тарихида илк марта Испания чемпионига айланди. Хавиер Ирурета шогирдлари нафақат ички чемпионатда, балки Евроаренада ҳам ҳурматга сазовор клубга айландилар.
Қандайдир тўрт йил ичида жамоа Испания чемпионлиги (1999-2000-йил), икки марта кубок ва бир марта суперкубокни ютишга эришди. Чемпион бўлмаган йиллари эса мавсумни иккинчи ўринда тугатди. 2003 ва 2004- йилги мавсумларда эса финишга учинчи бўлиб етиб келди. 2000-01-йилги мавсумда ҳам “оқ-кӯклар” чемпионликка яқин келишди. Мавсум бошланмасдан чемпион жамоа таркибида баъзи ўзгаришлар кузатилди. Ярим ҳимоячи Флавио Консейсао “Реал Мадрид”га ўтди. Клуб “Атлетико”дан Молина, Капдевиля ва Валеронни харид қилди. Бундан ташқари жамоа марказий ярим ҳимоячилар Алдо Душер, Эмерсон ва Сесар Сампаё билан шартнома имзолади. Ҳужум эса Валтер Пандиани ва Диего Тристан билан кучайтирилди.
Мавсум эса олдингиси каби жамоа учун омадли кечди. Улар чемпионлик унвонини ҳимоя қила олишмаган бўлишса-да, чемпионатни иккинчи ўринда якунлашди ва Чемпионлар лигаси учун йўлланмани нақд қилишди. Тўғри жамоа Испания кубогида камтаргина “Тенерифе”га сенсацион тарзда мағлуб бўлди, лекин Европа чемпионлар лигасида чорак финалгача етиб бориб мухлисларни хурсанд қилишди. Бу йўлда улар “Гамбург”, “ПСЖ” ва “Панатинаикос” каби жамоаларни ер тишлатишди. Ўша йиллари жамоа жуда кўпчилик клублар учун ҳақиқий намунага айланган эди. Европа футболи грандлари улардан чўчишар эди. Ла-Коруньялик йигитлр эса ҳар қандай жамоани тиз чўктиришга қодир эдилар. Келинг, қуйида ўша машҳур “Депор”нинг асосий юлдузларини эслаб ўтамиз:
Хосе Франсиско Молина – дарвозабон, 30 ёш
Молина ўша даврда ўз юртидаги ишончли дарвозабонлардан бири эди. Фаолияти давомида у фақат испан клубларида ўйнаган. 2000-йилда у “Атлетико”дан амалдаги чемпионлар таркибига ўтди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўша йили “Атлетико” сегундага равона бўлган ва кўплаб ўйинчилар клубни тарк этаётган эдилар.
2000-01-йилги мавсумда Молина 32 баҳсда майдонга тушиб бор йўғи 31 та гол ўтказиб юборди. Ҳавас қиларли натижа, албатта. 2001-йил апрелда врачлар унда хавфли касаллик аниқлашди. Футболчи бахтига даволаниш жараёни муваффақиятли кечди ва у майдонга қайта олди ва “Депо” учун ўйнашда давом этди. 2006-йилда эса қадрдон клубини тарк этиб “Леванте” сафига бориб қўшилди.
Мануел Пабло – ҳимоячи, 24 ёш
Мануел Пабло – “Депортиво” тарихидаги ёрқин фигуралардан бири. У ўша чемпион таркибдаги яқин йиллардача жамоа шарафини ҳимоя қилган ягона ўйинчидир. 2001-йили у чемпионатда 37 та баҳсда битта гол урди ва 2016-йилгача клуб таркибида 383 ўйин ўтказганига қарамай ўша гол у учун ягона бўлиб қолди.
2001-йил сентябрь ойида Пабло даҳшатли жароҳат олди. Унинг оёғи иккига бўлинган эди. У доимо “Депортиво” учун жонини фидо қилишга тайёрлигини таъкидлаб келган ва сўзларининг исботи сифатида фаолиятини шу клубда якунлади.
Энрике Ромеро – ҳимоячи, 29 ёш
Энрике Ромеро "Галисия" клубининг ҳимоячилардан бири эди. У доим “Депор” учун чин юракдан ўйнаган. У клубга 1998 йили “Валенсия” дан кўчиб ўтди. Таъкидлаш керакки, фаолиятининг энг ёрқин дамларини Ла-Коруньяда ўтказди. 2000/2001 йилги мавсумда у таркибнинг тенги йўқ ўйинчиси эди. Ўша мавсум у 29 баҳсда иштирок этди.
Нуриддин Найбет – ҳимоячи, 30 ёш
Нуриддин ўзининг жисмоний ҳолати билан ажралиб турар эди. Марокашлик ўйинчи Ирурета жамоасининг асосий ҳимоячиларидан эди. Ўша мавсумда 30 баҳсда қатнашди ва бир гол муаллифига айланди. Лекин жамоа мухлислари билан кўнгилсизлик айнан Найбет билан содир бўлди. Мухлислар “Лидс” га бой берилган Чемпионлар лигасидаги баҳсда асосий айбдор сифатида марокашликни кўрсатдилар.
Кўнгилни хира қилаиган бу ҳодиса Нуриддиннинг “Депортиво”даги ёрқин фаолиятида кичик доғ бўлиб қолди. У клубни 2003-04-йилги эсда қоларли мавсумдан кейин тарк этди. Ўшанда клуб Чемпионлар лигасида “Милан”ни 4:0 ҳисобида доғда қолдирган эди.
Элдер Криштован – ҳимоячи, 29 ёш
1997-йили асли келиб чиқиши анголалик бўлган португал ўйинчиси “оқ-кўк”лар билан шартнома тузди. Тезда у асосий таркиб ўйинчисига айланди. Бақувват Криштован-Найбет жуфтлиги ҳар қандай рақиб ҳужумчиларини эҳтиёткорлик билан ўйнашга мажбур қилар эди.
У ҳимоячиларга хос бўлмаган кичик бўйга эга бўлишига қарамай, деярли барча ҳаводаги курашларда ғолиб бўлар эди. 2002-йили клуб билан хайрлашган Элдер кейинчалик “Бенфика” ёшлар жамоасига мураббий бўлади.
Мауро Силва – ярим ҳимоячи, 32 ёш
Бразилиялик ўша машҳур таркибдаги муҳим фигуралардан бири эди. Силва ва “Депортиво” тарихи 1992-йилда бошланди. У “Депор” шарафини ўн йилдан ортиқроқ муддат ҳимоя қилди.
Бразилиялик вингер унчалик ҳам иқтидорли футболчи эмас эди, бироқ у бу камчилигини меҳнаткашлиги ва профессионаллиги эвазига тўлдрарди. У доим жамоа учун муҳим ўйинчи эди. 2000-01-мавсумда у 31 баҳсда майдонга тушди.
Донато – ярим ҳимоячи, 38 ёш
Фаолияти охирига бориб қолганига қарамай келиб чиқиши бразилиялик бўлган испан 2000-01-мавсумда 29 та баҳсда майдонга тушиб 3 та голга муаллифлик қилади. У голли паслар беришдан тўхтамас эди. Лекин шунингдек, у ўзининг қўполлиги билан ҳам мухлислар ёдида қолган. Ўша мавсум у 11 марта сариқ ва бир марта қизил карточкага муносиб кўрилади.
Виктор Санчес – ярим ҳимоячи, 24 ёш
Виктор Санчес “Депортиво” учун алоҳида футболчи. У клубни 2016-йилги мавсумда мураббий сифатида ҳам бошқарди. Лекин унинг клубдаги футболчилик фаолияти муваффақиятли кечган эди. “Депо” даги биринчи мавсумидаёқ у ўзини ажойиб “ёриб кирувчи” сифатида кўрсатди.
Мавсум давомида у 32 баҳсда қатнашиб 5 голга муаллифлик қилди. Мухлислар унинг гроссмейстерларга хос паслари ва ажойиб техникасидан чемпионлик мавсумида ва ундан кейин ҳам анча муддат баҳраманд бўлишди.
Франсиско Гонсалес – ярим ҳимоячи, 31 ёш
Фран “Депортиво” тарбияланувчиси эди ва 1988-йилдан бери жамоа тизимида ўйнаб келди. Кейинроқ у “оқ-кўклар”нинг сардорига айланди. “Депортиво” асримиз бошида нима ютган бўлса, Франсиско ҳам барчасини ютди. У икки “Супердепор”ларнинг таркибида ўйнаган ягон ижрочи эди жамоа 1992-93 ва 1993-94-йилларда ҳам кетма-кет икки марта чемпионатни иккинчи ўринда якунлаган эди).
Диего Тристан – ҳужумчи, 24 ёш.
Шахсан мен учун Тристан ўша Депортивонинг рамзи эди. 2000-йили Ла-Корунья клуби “Малёрка” дан ёш ҳужумчини харид қилади. “Депо”да Тристан ва Макаай биргаликда рақиб ҳумоячиларини даҳшатга соладиган ҳужум дуетини ҳосил қилишган эди. Лекин тез-тез “Депортиво” 4-5-1 тактик схемада ўйнар ва кўпинча асосий таркибда Макаай майдонга тушиб, бу Диегонинг норозилигига сабаб бўлар эди.
Иш шунгача бориб етдики, Тристан клубни тарк этиши ҳақида эълон қила бошлади. Лекин тез орада бари жойига тушади ва Диего 2000-01-йилги мавсумда 19 голга муаллифлик қилиб жамоасининг тўпурарига айланади.
Рой Макаай – ҳужумчи, 25 ёш.
Иккинчи минг йилликнинг сўнгги йилида Рой “Депортиво”га ўтди ва ўзининг биринчи мавсумидаёқ 22 гол уриб ўзига сарфланган суммани тўлиқ оқлади. 2000-01-мавсумда тиззадаги жароҳат сабаб “Фантом” кўнгилдагидек ўйнай олмади ва 29 баҳсда 14 та гол билан кифояланди. Лекин Ройнинг ҳужумчилик қобилияти яққол кўзга ташланиб турар ва дойим рақибларни таҳлика остида ушлаб турар эди. Кейинроқ у ўзининг ажойиб ўйинларини “Бавария” да давом эттирди.
Эмерсон – ярим ҳимоячи, 38 ёш
Бразилиялик ўйинчи 2000-йил ёзида олиб келинган уч ўйинчидан бири эди. У дойим ҳам асосий таркиб ўйинчиси бўлмаган. Лекин 2000-01-мавсумда 28 баҳсда иштирок этган эди. 2002-йилда эса “Депо” уни Мадриднинг “Атлетико”сига 6,5 миллион евро эвазига сотиб юборди.
Хуан Карлос Валерон – ярим ҳимоячи, 25 ёш
Янги минг йиллик бошида у “Валенсия”дан “Депортиво” га ўтди. Хуан ўша “Депо”нинг мияси эди ва унинг ғалати траекторияга эга бўлган паслари Рой Макаай, Диего Тристан ва кейинроқ Валтер Пандианилар учун гол уриш учун ажойиб имконият ҳосил қолар эди. У “оқ-кўклар” таркибига ўтгандан кейингина томирларида кўк қон оқаётганини сезади ва ажойиб ўйини билан мухлисларни хурсадн қилади
Валтер Пандиани – ҳужумчи, 24 ёш
Пандиани учун дебют мавсум унчалик ҳам омадли келмади. У клубнинг ҳақиқий жокери эди. Кўп ўйинларда уругвайлик ҳужумчи заҳирадан ўйинга қўшилар эди. 2000-01-мавсумда у 25 баҳсда 3 гол билан кифояланади холос.
Хавиер Ирурета – бош мураббий, 52 ёш
Ирурета “Депортиво”ни 1998-йили қабул қилиб олди. У жамоани қабул қилиб олганида таркибда Педро Паулета, Лионел Скалони ва Мануел Пабло каби юлдузлар бор эди. Дастлабки мавсумдаёқ Хавиер клуб билан олтинчи ўринни эгаллади. Клуб Чемпионлар лигасига чиқа олмаган бўлса-да, кейинги мавсумдаёқ ҳеч ким кутмаган ҳолда жамоа ўз тарихида илк бора чемпионликка сазовор бўлди. Хавиер эса иккинчи марта “йил мураббийи” сифатида эътироф этилди.
Клубдаги етти йиллик фаолияти давомида у чемпионликдан ташқари икки марта кумуш ва икки марта бронза медалларига эга чиқди. 2001-02-йилги мавсумда эса “Реал Мадрид”ни Сантяго Бернабеуда мағлуб этиб мамлакат кубогини боши узра баланд кўтарди. Европа Чемпионлар лигасида эса икки марта чорак финалгача етиб борган бўлса, бир марта ярим финалда ўйнади. Камтарона клуб учун ўша йилларда бу юксак натижа эди. “Депо” нинг ўша йиллардаги муваффақиятининг асосий жиҳати шунда эдики, жамоа бир мавсумлик эмаслигини исботлаб узоқ йиллик стабилликни ушлаб тура олди.
БОНУС. Алберт Луке – ҳужумчи
Луке чемпионлик мавсумида жамоага ҳали келиб қўшилмаган эди. Лекин ҳақиқий футбол мухлислари уни нозик дидли, ажойиб ҳужумчи сифатида эслашади. Ўша йиллари Алберт Луке жуда кўпчилик футбол мухлисларининг кўнглидан жой олган эди.
“Депо”нинг 2003-04-йилги мавсумдаги Чемпионлар лигасидаги қаҳрамонликларидаги асосий фигура айнан Луке эди. Ярим финалгача у “Милан” ва “Ювентус” каби грандларга голларни жойлади. “Депортиво” даги уч йиллик фаоляти давомида у юздан ортиқ ўйинда майдонга тушди ва клуб тарихида ёрқин из қолдирди. Кейинроқ “Нюкасл” га ўтган ўйинчи жароҳатлар сабаб фаолиятини кўнгилдагидек давом эттира олмади.
“Депортивонинг” 2000-01-йилги мавсум тактикаси
Маъмуржон Ибрагимов тайёрлади
Комментарии