RU

Последние новости

22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  0 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  22 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  3 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  7 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  27 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  9 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1

Холмат Мирзааҳмедов: "Ҳакам қайси ўйинга бораётганини бир ҳафта олдин билиши керак" Новости

Холмат Мирзааҳмедов: "Ҳакам қайси ўйинга бораётганини бир ҳафта олдин билиши керак"

Собиқ ҳакамлардан бири Холмат Мирзааҳмедов сайтимиз меҳмони бўлиб, дилидаги гапларни тўкиб солди.

Суҳбат давомида Холмат ака бугунги ҳакамлик муаммолари ҳақида гапирди, ўзининг фаолиятидаги дамларни эсга олди ва федерациянинг ҳакамларга бўлаётган муносабатини танқид қилди. Қуйида мазкур интервьюни келтириб ўтамиз. 


- Холмат ака, Суперлига ўйинларини қанчалик кузатиб боряпсиз? 

- Тўғрисини айтсам, унчалик эмас. Чунки чемпионатимиз савияси пасайиб кетган деб ўйлайман. Шунингдек, кўп жамоалар ҳакамлар ёрдамига муҳтож бўлиб, ўз кучи билан рақибларни юта олмаяпти. Бу нимадан далолат беради? Ўша жамоаларнинг жисмоний ҳолати пастлигидан. Бир-иккита учрашувларни кўриб шуни айтишим мумкин, футболимиз анча майдалашиб кетибди. Ёш футболчилар кўп, бир томондан уларга имкон бериш керак, ўзини кўрсатсин, халққа танилишга ҳаракат қилсин, лекин иккинчи тарафдан уларга ҳакамларнинг ёрдами керак эмас. Ҳар бир жамоа ўз кучи билан ғалаба қозонишга ҳаракат қилиши лозим. 

Бу ўринда болалар билан ишлайдиган мураббийларга ҳам алоҳида эътибор бўлиши шарт. Чунки улар болани ёшлигидан тарбиялаб боради. Битта мураббий эрталабдан кечгача болалар билан ишлайди. Уларнинг топаётган пули ҳалол, аммо мана шу олаётгани маоши жуда кам. Агар шаҳарда таксичилик қилса, шу пулни уч кунда топиб қўйиш мумкин. Мураббий бечора шунча ишлаб яна раҳбардан гап ҳам эшитади, ваҳоланки уларга ёрдам бериш керак. Мураббий ота-оналардан пул сўрамаслиги учун ҳам ойлигини ошириш лозим. Ҳозир 10 яшар боладан ҳам футболга борасанми деб сўрасангиз, мураббий пул сўрайди деб айтади. Энди ёшликдан шуни билганидан кейин болани қандай қилиб футболга қизиқтириш мумкин? 

Бир куни Ўрта Чирчиқ тумани Тўйтепа шаҳрида бир вақтлари “Дўстлик”да ўйнаб тўпурар бўлган, Ўзбекистон Кубогини ютган Хабибулинни кўриб қолдим. Тўғриси кўриб унинг аҳволига жуда ачиндим. Жудаям бечора одамга айланиб қолибди. Оддий қурилишда ишлаб юрган экан. Мен энди ҳакамликни бошлаган кезлари мана шундай футболчилар ўйинини кўриш учун ҳам стадионга борардим. Тўғриси, олдинги футболчилар ўйинига ҳавас билан қарардим. Ўз вақтида ном чиқарган, ўзбек футболини кўтариш ҳаракатида бўлган ўйинчилар тақдирига улар футболни тугатгандан кейин ҳам бефарқ бўлмаслигимиз, керак бўлса федерация шундай инсонларни иш билан таъминлаши керак деб ўйлайман. Лекин шундай одамлар ишсиз юрибди, нима учун, чунки ҳамма ёқ таниш-билиш бўлиб кетган. 


- Ҳозир ҳам шу фикрдамисиз? 

- Мен сизга айтсам, 2014 йил жуда катта хатога йўл қўйдим. Тўғри гапни гапираман деб ўзим ёмонотлиққа чиқиб қолдим. Шундан бери орадан беш йил ўтибдики, футболда ишлаётганим йўқ. Мен ҳақиқатни гапирганим айрим кишиларга ёқмади. Лекин тўғри фикрлашимиз керак, мақтов билан иш битмайди. Қайсики раҳбар пайтида футбол мақталаверар экан, билингки  беш йил ўтиб футбол чўкиб кетганини кўрасиз. Ким хато қилса раҳбар олдига кириб тўғрисини айтиш керак. Ҳакам хато қилдими, жазоласин, мураббий келишилган ўйинда қатнашдими тегишли чорани кўрсин. Бизда бўлса исботинг борми дейишади. Йўқ исбот, исбот керак бўлса ана стадионга келиб ўйинни кўр, ҳозир мухлислар ҳам билиб қолган: ўйин келишилганми ё йўқми, нима уларнинг қўлида исбот борми? 

Келишилган ўйинлар сабаб футболчиларнинг ҳаққоний ўйинларда кучи етмай қоляпти. Эртага Осиёда ўйнаса ҳақиқий курашларда ғалаба қозона олмаяпти, чунки бизда келишилган ўйин ўйнайвериб шунга ўрганиб қолган. Мен бир нарсадан қўрқаман: гапимни нотўғри талқин қилиб раҳбарга бошқача етказишларидан. Чунки бунинг оқибатида раҳбар сени ёмон кўриб қолади. Кейин ким ёмон, ҳакам ёмон деган гап чиқади. Лекин ҳамма айбни ҳакамларга тўнкаш керак эмас. Бу ерда айбдор мураббийлар ҳам бор. Мураббий жамоани нотўғри тайёрлагани учун ҳам баъзан футболчи бир метрдан гол ура олмаяпти. 


- Фаолиятингизда шубҳали ўйинлар бўлганми? 

- Бўлган. Менга ҳеч қачон ҳар турда ўйин берилмаган. Масалан, бир йилда 30та ўйин бўлса, шундан ярмида ишлаганман. Лекин мана шу ярмининг ярми ҳам баъзан келишилган бўлиб чиқарди. Аммо ўшанда айтгандим: бу кетишда футбол ривожланмайди деб. Эрта-индин ўрнимизга фарзандларимиз келса қандай ишларкин деб доим ўйлаганман. Ўзимнинг ўғлим Чиғатойда ҳакамликни тугатди, 90та ўйин бошқарди. Лекин охири тўхтади. Нимага деб сўрасам, дада мен сизга ўхшаб чидай олмас эканман, ҳамма жойда таниш-билишчилик бор экан деди. 

Чиғатойда бир аёл шифокор бўларди. Шу аёл ўғлимни касал деб қўймаганди. Ваҳоланки, мен ҳамма жойга олиб бориб текширтирганман. Ҳамма ерда ўғлимни соппа-соғ дейишди. Лекин шу аёл ўғлингиз касал деб рухсат бермаган. Кейин билсам, мендан ҳам нимадир таъма қилган экан.


- Ҳозирги ҳакамлик борасида қандай фикрдасиз? 

- Энди ёлғон бўлмасин, кўп ўйинларни кўраётганим йўқ. Аммо ўзим кўрган учрашувлардан келиб чиқиб айтсам, ҳозир ҳам ҳакамларга босим бор экан. Телевизор орқали “Андижон” - “Пахтакор” учрашувини кўрдим, мухлислар тўхтовсиз ҳакам фалончи деб бақиришяпти. Уларнинг овози шундоқ телевизордан эшитилиб турибди. Ахир бу уят эмасми? Мен ҳайрон қолганим, нима учун федерация ҳакамларни ҳимоя қилмаяпти? Агар уларни федерация ҳимоя қилмаса, ким ёнини олади? Мухлис сўкса, мураббий гапириб турса ҳакам бечора дардини кимга айтади?


- Масалага бошқа томондан ёндошиб ҳакамларнинг савияси зўр деб ҳисоблайсизми? 

- Энди гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, ҳамма ҳакамларнинг савиясини зўр дейишга ожизман. Лекин ҳакамларимиз орасида зўри бор: бу - Равшан Эрматов. Осиё ва жаҳон рекордчиси - ўзбек ҳаками. Бундан ҳар қанча ғурурлансак арзийди. Бошқалар ҳам Эрматовга ўхшашга ҳаракат қиляпти. Агар федерация ҳакамларни ҳимоя қилса, шундан кейин ҳар бир ҳакам қўрқмай ўйинни бошқаради. Агар юқоридан босим бўлаверса, барибир хато юзага келади. Бунинг натижасида савия ҳам пасайиб кетади. 


- Бугунги кунда қайси ҳакамларнинг ишини яхши баҳолайсиз? 

- Энди Равшан Эрматов биринчи рақам, бунга умуман шубҳа йўқ. Лекин қолган ёшлар ярқ этиб порламаяпти. Бунга сабаб босим туфайли бўлса керак. Эрматов “НБУ” стадионида машғулот ўтказган маҳал мен ҳам унга қизиқиб борардим. Лекин ёшим катта бўлгани учунми, тўғриси унингдек югура олмасдим. Аммо Равшан билан машғулот ўтказиш кишига завқ берарди. Охирги ўйиним Қаршида “Насаф” - “Нефтчи” баҳси бўлганди. Ўшанда Эрматовга бу йил тугатаман, кел бир расмга тушиб қўяйлик деганман. Шу расм ҳалигача мен учун ардоқли. Ёш болачалар кўриб, вой Равшан Эрматов билан ҳакамлик қилганмисиз деса бундан ғурурланиб кетаман. 


- Эрматовнинг ютуғи нима деб ўйлайсиз? 

- Аввало ўз устида кўп ишлашида. Равшан ҳеч қачон бекор ўтирмайди. Доим машғулот ўтказаётган ёки бўлмаса компьютер олдида ўтириб нималарнидир ўрганаётган бўлади. Эрматов камгап, бекорчи гаплар билан вақтини кетказишни хуш кўрмайди. Бошида нега бу ўзини олиб қочади деб ўйлардим, кейин билсам Равшан бўлар-бўлмас гаплар билан чалғиб қолишни хоҳламас экан. Бир сўз билан айтганда, Равшан Эрматовни ҳар томонлама профессионал дея оламан. 


- Сизнингча, ҳозирги пайтда ўйинларни бошқариш қанчалик осон ё қийин? 

- Ўзим кўрган ўйинлардан келиб чиқиб агар юқоридан босим бўлмаса, бемалол ҳакамлик қилса бўлади. Мен 53 ёшдаман. Тўғриси, шу ёшда ҳам кучли жамоалар ўйинини берса бир ҳафта тайёргарлик кўриб бемалол ҳакамлик қилиб бера оламан. Авваллари футбол жуда шиддатли бўларди. Ўйинчилар ҳам кучли эди. Лекин ҳозир бундай эмас. “Локомотив” - “Бунёдкор” ўйинини кўрдим, “Бунёдкор”да жуда ёш болачалар кўп экан. Мана шу ўйинни бемалол юриб ҳам бошқарса бўлади. Тўғриси, менинг назаримда футболимиз оддий бўлиб қолган. 


- Ҳакамларнинг ўйин пайтида футболчини ёнига чақириб тарбиявий соат ўтказиши қанчалик фойда беради? 

- Ҳакам майдонда тарбиячи эмас, у кўп гапириб вақтини беҳуда кетказиши керак эмас. Тарбиячилик қиламан деса ана ҳар бир жамоанинг ўз мураббийи бор. Ўйиндан олдин мураббий ҳар бир футболчига алоҳида кўрсатма бериб, майдонда ким нима қилиши кераклигини уқтиради. Мураббий гапи камлик қилиб яна ҳакам ҳам гапираверса, унда футболни ким ўйнайди? 


- Маълумки, ҳозир ўйин куни ҳакамлар номи эълон қилиняпти. Бунга қандай қарайсиз? 

- Буни ҳам нотўғри деб ҳисоблайман. Чунки ҳакамлар қайси ўйинда ишлаши кераклигини ҳеч бўлмаса бир ҳафта олдин билиши шарт. Чунки ҳар бир ҳакам шунга қараб тайёргарлик кўради. Ҳакамлар бригадасининг ўйин куни эълон қилиниши эса бу федерациянинг манманлиги ҳамда ҳакамларга бўлган ишончи пастлигидан. Футбол ким учун? Ҳакамлар учунми, жамоалар учунми ё федерацияи учунми? Футбол - халқ учун. Футбол халқдан бошқа ҳеч кимники эмас! Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, икки соат қолганда эълон қилиш нима беради? 

Шу ўринда ўзимнинг фаолиятимда бўлган бир воқеани айтиб берсам. Бир пайтлари иккинчи лига финалида Қибрай жамоаси билан Тошкент тумани жамоаси ўйнаганди. Ўшанда иккинчи лига жуда кучли бўларди. Финал “Пахтакор” марказий стадионида бўлганди. Худди сиз айтгандек ўйиндан икки соат олдин билганман, шу учрашувга мени қўйишганини. Тўғриси, жуда шошилиб қолгандим. Мажбур ўйинни бошқарганман. Ниҳоятда шиддатли баҳс кечганди, ютган жамоа биринчи лигага йўл оларди. Энди тўғрисини айтаман, ўшанда ноҳақ Қибрай жамоаси дарвозаси томон пенальти белгилаганман, бу эса жиддий тайёргарлик кўрмаганимдан ва ўйинга икки соат қолганида тайинлаганим туфайли панд берганди. Ваҳоланки, ўйиндан олдин айтгандим: мен тайёр эмасман деб. Лекин федерациядагилар барибир сиз бошқарасиз дейишганди. Ўшанда назоратчи менга икки баҳо қўйганини кўриб кўзимга ёш келган. Агар бир ҳафта олдин менга айтишганида эди, шунга яраша тайёргарлик кўрган бўлардим. Шу боис ҳам ҳозирги пайтда федерациянинг ўйинга икки соат қолганда ҳакамларни эълон қилаётганини тушунмайман. 


- Балки бу нарса жамоаларнинг ўйиндан олдин ҳакам билан гаплашмаслиги учун қилинаётган бўлиши мумкин-ку. 

- Ҳозир техника ривожланган даврда яшаяпмиз, тўғрими? Ҳозир ҳамманинг қўлида телефон бор. Ҳакам билан гаплашаман деган жамоа ўйинга бир соат қолганда ҳам гаплашиб олаверади. Ҳакамларнинг телефон рақамини ҳатто мураббийлар билан футболчилар ҳам билади. Шундай экан, гаплашмоқчи бўлган мураббий ёки жамоа керак бўлса ўйин пайти ҳам гаплашиб олаверади. Ҳакамларнинг қайси ўйинга тайинланганини яшириш бу фақат федерация ва ҳакамларнинг ўзига зиён қиляпти. 


- Авваллари ҳакамларнинг ўйиндан кейинги баҳоси эълон қилиб бориларди. Орада бир йўқолиб қолди ва кейин яна эълон қилина бошланди. Ҳозир яна жим-жит. Баҳоларни очиқ айтган маъқул эмасми? 

- Футбол ривожланиши учун шаффофлик бўлиши шарт. Ҳакамлар баҳоси эълон қилинмаслиги катта хато деб биламан. Федерация керак бўлса ҳар бир ўйиндан кейин ким неча баҳо олганини эълон қилиши керак, мухлислар билсин ўша ҳакам неча баҳога ишлаганини. Буни яширган билан қаёққача бора оламиз? Бугунги кунда Равшан Эрматовнинг ўрнини ким босади деган савол ўртага қўйилса, тўғриси бу саволга жавоб беришга ожизман. Чунки ярқ этиб чиққан бошқа ҳакамни кўрмаяпман. Ўз пайтида мен Александр Поповга ҳавас қилганман. Чунки у ҳеч қачон бировнинг ортидан гапирмас, ичида нима бўлса тўғри келиб юзингизга айтарди. Биринчи ҳакамлигим эса Равшан Эрматовнинг дадаси Сайфиддин Эрматовга қанотда ёрдам бериш билан бошланган. Шу инсон ҳам менга катта ёрдам берган ва уларнинг яхшилигини асло унутмайман. 

Х.Холиқов суҳбатлашди.

Рейтинг: +9   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика