RU

Последние новости

07:46Суперлига. Бугун турнинг қизиқарли баҳсига гувоҳ бўламиз  0 03:00Франция. ПСЖ "Тулуза" дарвозасига 3та гол урди  0 03:00Бундеслига. "Бавария" йирик ғалабага эришди, Кейндан хет-трик  0 01:47Арне Слот: "Гвардиоланинг қолишидан хурсанд бўлдим"  0 01:13"Манчестер Сити" Чемпионшипга тушириб юборилса, Пеп жамоада қоладими? Унинг ўзи жавоб берди  1 00:43Флик Левандовскининг оффсайди борасида тушунтириш беришларини сўради  3 00:10Саудия Арабистони. Обамеянгнинг голи "Ал Насср"ни мағлуб қилди, Роналдудан 911-гол  15 23:33Россия. "Рубин" "Акрон"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 23:17Рубен Аморим: "Ўзимга, футболчиларга ва клубга ишонаман"  1 22:44Месси Флик "Барселона" бош мураббийи бўлгани ҳақида гапирди  8 22:08"Интер Майами"ни ким бошқариши аниқ  1 21:48Виталий Левченко: "Нефтчи"да ёшлар йўқ? Бунинг учун шароитлар йўқ"   8 21:35Рўзиқул Бердиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"  15 21:09Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"  0 20:57Сергей Лушчан: "Навбаҳор" футболчилари "Нефтчи"га ўтяпти? Балки..."  2

Вадим Абрамов ҳеч қачон хато қилмаганмиди? Новости

Вадим Абрамов ҳеч қачон хато қилмаганмиди?

Мураббийлик - оғир касб. Агар бу иш терма жамоа билан боғлиқ бўлса, янада оғирлашиши турган гап.

Жорий йилнинг февралида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ устози Вадим Абрамов Москвада юрагини операция қилдиргач, юртимизга қайтиб келди. У ҳеч қачон матбуот билан алоқада бўлишдан бош тортмаган. Ҳатто, мана шундай оғир вақтда ҳам интервью борасидаги илтимосимизни рад этмади ва бунинг учун унга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Мураббий билан ўтган ҳафта кўришиб, суҳбатлашдик...

ОРТДА ҚОЛГАН ДАРД


- Аҳволим яхши, энди ҳеч нарсадан нолимасам ҳам бўлади, - Абрамов ҳеч қачон ҳазил-мутойибадан қочмаган. Бу сафар ҳам мураббийнинг овозидан ҳазил оҳанги сезилиб турарди. Боз устига, Вадим Карленовичнинг ранг-рўйи ҳам жойида, ҳеч ҳам дарди бор одамга ўхшамайди.

- Юрагингиз қачондан безовта қила бошлади? Охирги вақтларда сиз ҳақингизда ташвишли хабарлар пайдо бўлди. Ҳар ҳолда, бу дард яқин-ўртада бошланмаган бўлса керак?

- Илгари ҳеч юрак борасида муаммо туғилмаган, фақатгина 2012 йилга келиб оғриб қолдим. Шахсий ишларим юзасидан Москвага боргандим. Дўстимникида тунаб қолдим ва ярим кечаси юрагим безовта қилди. Вазият тақозоси билан эрталабгача чидашга уриндим. Тонгда касалхонага бордик, шифокорлар менга юрак аритмияси ташҳисини қўйишди. Даволандим ва тезда яхши бўлиб кетдим. Аммо «Локомотив»да иш бошлаганимдан кейин яна муаммолар бошланди. Ниҳоят, мавриди келган экан, операция қилдирдим ва ҳаммаси яхши кечди. Ҳозир анча яхши бўлиб қолдим.

- Вадим Карленович, сизда бир хислат бор - ўйинлар вақтида жуда хотиржам ўтирасиз. Бошқалар сингари бақириб ёки қандайдир ҳаракатлар билан ҳиссиётларингизни чиқариб юбормайсиз. Бу ҳам юракка оғирлик қилса керак?

- Бўлиши мумкин. Ўйин вақтида турли ҳолатлар юзага келади ва балки бундай вақтда бақирибми, югурибми ҳиссиётларни чиқариб юбориш керакдир. Аммо мен оғирроқ бўлишни маъқул кўраман. Уришиш-сўкишиш мен учун эмас. Захира ўриндиғида хотиржам ўтирганим яхши. Балки шу сабабли юрагимга оғирлик туширгандирман. Билмадим, аммо мен шундай яралганман, табиатим шунақа. Энди ўзгармасам ҳам керак. Бақириб-чақиришни ўзимга эп кўрмайман...



ТЕРМА ЖАМОА

- Миллий термамиздаги фаолиятингиз юрагингиз касалланишига таъсир қилган бўлиши мумкинми?


- Бош жамоадаги масъулият катта ва ҳамма ҳам унга дош бера олмайди. Аммо мен фақат бир нарса - ўз олдимизга қўйилган вазифани бажара олмаганимиздан афсусланаман. Айнан шу туфайли сиқилганимдан юрагим ҳам оғриб қолгандир. Буларнинг барчаси бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу саволга бошқача жавоб беришни истардим - агар терма билан кутилган натижага эриша олмаслигимни олдиндан билганимда, уни қабул қилмасдим. Бироқ соғлиғим эвазига бўлса ҳам ўша вазифа бажарилганда, бундан асло афсусланмасдим...

- Фаолиятингизда рўй берган бирор нарсани ўзгартириш учун битта имконият берилса, ундан қандай фойдаланардингиз?

- Ҳеч нарсани ўзгартирмасдим. Мутлақо ҳеч нарсани. Ҳамма ишни тўғри бажарганман, деб ҳисоблайман. Ҳар доим тўғри қарор қабул қилишга интилганман ва бунга эришганман. Воқеалар ривожи биз кутгандек кечмагани эса - бошқа масала. Бу - тақдир. Ҳаётда ҳамма нарса ҳам ўзинг истагандек бўлавермайди. Аммо мен ҳар доим ўзим ва футболчиларим учун тўғри қарор қабул қилишга интилдим. Бунга ишончим комил. Бироқ футболда турли ҳолатлар кузатилади. Шунга қарамай, қўлимдан келган барча ишни амалга оширганимни бемалол айта оламан.


ЎЗБЕК ФУТБОЛИ

- Футболимизда-чи? Ўзбекистон чемпионатида бирор нарсани ўзгартириш ниятингиз йўқми?


- Бизда футбол учун ҳамма шароит бор. Бунинг учун раҳбариятдан ҳар қанча миннатдор бўлса арзийди. Мураббий учун нима муҳим? Энг аввало, қарор қабул қилишда барча масъулиятни ўз қўлига олиши керак. У жамоадаги ҳамма нарсани ҳал қилиши лозим. Кимни сотиб олади, қанча маош беради, қачон майдонга туширади - ҳамма-ҳаммаси унга боғлиқ бўлиши керак. Ҳеч ким унинг ишига аралашмасин. Ўшанда жамоа жилови ҳам унинг қўлида бўлади. Бирор футболчи етарлича ўйнамаса ёки ўзгариб қолса, уни дарров тўғри ўзанга солиб олиш мумкин. Мен қаерда ишламай, «Трактор» бўлсин, Ўзбекистон терма жамоаси ёки «Локомотив» - ҳамма жойда шу тартибга амал қилдим. Терма жамоани бошқарган вақтимда мудом эркин бўлдим, кимдир таркиб ёки бошқа масалада менга таъсир ўтказишга ҳатто урингани ҳам йўқ. Бунинг учун Ўзбекистон футбол федерациясига миннатдорчилик билдираман. Айнан шу сабабли Осиё чемпионатлари тарихидаги энг яхши натижани қайд эта олганмиз, деб ўйлайман.

- Ўша терма жамоа ҳақида гап кетар экан, энг аввало, ажойиб ички муҳит ва ҳамжиҳатлик эсланади. Қандай қилиб бундай натижага эришган эдингиз?


- Ҳар доим қўл остимдаги футболчилар билан тўғри муносабатда бўлишга интилганман. Ҳаммасини рўй-рост айтганман. Терма жамоани қабул қилиб олганимдан кейин бор эътиборни, энг аввало, ички муҳитни яхшилаш ва футболчилардаги ватанпарварлик ҳиссини янада кучайтиришга қаратдим. Эрталабки нонушта пайтида ҳар бир футболчидан мадҳияни куйлашни сўрардим. Бу - энг таъсирли чора эди, деб ҳисоблайман. Ватанни ҳамма яхши кўради, ватанпарварлик ҳисси ҳаммада бўлади. Шунчаки, ўша ҳиссиётни юзага чиқаришда ёрдам бериб юбориш керак, холос. Биз мана шу ишни уддалай олганмиз. Натижада, терма жамоанинг ўша таркибида ҳамжиҳатлик кучайган. Яқинда «Лестер» ҳужумчиси Жейми Варди ажойиб фикр билдирди. Унинг айтишича, Клаудио Раньери шогирдларидан фақат бир нарса - жамоадаги ҳар бир футболчи бир-бири учун курашишни сўрар экан. Ўхшатиш жоиз бўлса, айтаман, 2011 йилги терма жамоа ўйинчилари ҳам майдонга бир-бири учун курашиш мақсадида тушар эдилар.

- Шу билан бирга, футболчиларда матбуотга нисбатан муносабат ҳам ўзгарган эди. Ўша вақтда бирор футболчи интервью беришдан ўзини олиб қочганини эслай олмайман.


- Футбол - мухлислар учун ўйналади. Шогирдларимдан матбуот билан алоқада бўлиб туришни сўрардим. Улар ҳам, ўз навбатида, мухлислар билан яқин муносабат ўрнатиш шартлигини англашган. Бу ҳам жамоадаги ҳамжиҳатликни оширганди.


«ЛОКОМОТИВ»

- Вадим Карленович, сизнингча, «Локомотив» билан ўйланган режалар нима сабабдан амалга ошмай қолди? Тан олиш керак, гарчи клуб ўйинини кучайтирган бўлсангиз ҳам, барибир, сиздан кўпроғи кутилган эди.


- «Локомотив»ни бошқарган вақтларимда қўлимдан келган барча ишни қилдим. Клубни қабул қилиб олганимда Ўзбекистон терма жамоасига чақирилаётган футболчилар сони уч нафар эди, холос. Ўша вақтдаёқ термага номзод ўйинчилар сонини ошириш лозимлигини айтганман. Йил охирига бориб бундай футболчилар сони 9 нафарга етди! Боз устига, таркиб борасида ҳам кўп ишларни амалга оширишга тўғри келди. Бир йилда 20дан ошиқ футболчиларни алмаштирдик ва шунга қарамасдан, Ўзбекистон чемпионатида кумуш медалларни қўлга киритдик. Бутун бошли таркибни янгилаб, шундай натижага эриша олган яна бирор мураббийни кўрсата оласизми? Аммо бундан ҳам яхшироқ натижага эришишимиз мумкин эди. Шунчаки, ҳозир бевосита бизга боғлиқ бўлмаган сабаблар ҳақида гапиргим келмаяпти. Бу худди баҳона қилишга ўхшаб қолади. Мен эса бундай йўл тутишни истамайман.

- «Темирйўлчилар» кўзида бир вақтлари миллий терма жамоада бўлгани каби ўт кўринмаганига нима дейсиз? Очиғи, шахсан ўзим «Локомотив» тимсолида 2011 йилги терма жамоани кўришни истаган эдим...


- Клуб ва терма жамоа ўртасида фарқ катта. Истайсизми ёки йўқ, барибир, клубда шахсий манфаатлар юзага чиқади. Агар термада тўп сурган футболчи Ватан шаънини ҳимоя қилаётганини ҳар доим ёдда тутса, клубдаги фаолият улар учун профессионал иш ҳисобланади. Ишда эса яхши биласиз, энг аввало, пул топиш керак. Клубда ҳар бир футболчи ўз ўрнига эга бўлишни, яхшироқ маош олишни истайди. Бунинг учун эса ҳар доим асосий таркибда ўйнаши керак. Терма жамоада футболчига захира ўриндиғида ўтириб ҳам Ватанга наф келтираётганини тушунтириш мумкин, аммо клубда бу иш анча мураккаб. Боз устига, «Локомотив»дек юқори мақсадни кўзлаган жамоада мамлакатнинг энг олди футболчилари жамланишади. Уларнинг ҳар бири майдонга тушишни истайди. Имкон қадар яхлит кучга эга жамоа шакллантиришга ҳаракат қилдим. Клуб билан Ўзбекистон кубоги ва суперкубогида ғолиб чиқдик. Бу - «Локомотив» тарихидаги энг яхши натижа ҳисобланади.

КЕЛАЖАК

- Яқин келажак учун режаларингиз борми? Қандай ишларни амалга оширмоқчисиз?


- Айни вақтдаги режам - сизга интервью бериш (кулади). Тўғрисини айтсам, ҳозирча ҳеч нарсани режалаштирганим йўқ. Яқинда касалхонадан чиқдим, дам олмоқчиман, соғлиғимни тикламоқчиман. Кейин нима бўлишини эса, вақт кўрсатади.

- Бирор таклиф олганмисиз? Бу ҳақида маълумот беришни истамайсизми?

- Ҳозирча сизга берадиган маълумотнинг ўзи йўқ. Балки яқин вақтлар ичида бўлиб қолар.

- Вадим Карленович, агар сизга аутсайдер клубдан таклиф тушса, қабул қилармидингиз?

- Албатта, нега энди қабул қилмаслигим керак? Агар клубда барқарорлик бўлса, мусобақа жадвалининг аҳамияти йўқ, ишлашга тайёрман. Аммо молиявий муаммоларга ўралашиб юрадиган клубда фаолият юритишни истамайман. Чунки мураббийнинг ўз ишини бажариш ўрнига футболчиларга нима учун маош берилмаётганини тушунтириб юриши - тўғри эмас. Мен бундай жараёндан ўтиб бўлганман, энди яна унга қайтишни истамайман. Агар клуб аутсайдер бўлса-да, ўз олдига жиддий мақсад қўйса, бошқа гап. Бундай жойда ўзимни яна бир бор синаб кўришдан бош тортмайман...

Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди

Рейтинг: +26   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика