Уй қамоғидан терма жамоагача!
14 окт 2015 17:00
Новости
Уй қамоғидан терма жамоагача!
Баҳор кунларининг бирида "Лестер" футболчиси Жейми Варди қизи ва аёлига совға олиш учун дўконга киради. У совғаларни томоша қилиб турган пайти телефонига хабар келади.
Ушбу СМС хабар одатдагидан кўра бошқачароқ эди. Аввалига саломлашиш, табрик ва энг асосийси - ушбу хабар Англия терма жамоаси маъмурларидан бири Мишель Фаррердан келганди. Варди ушбу хабарни қандайдир ҳазил деб ҳисоблади ва телефонини чўнтагига солганича, кассага пул тўлаб дўконни тарк этди.
Бир соатдан сўнг эса Жеймининг телефони табриклар ва қутловлар билан тўлиб кетди. Улар орасида журналистларнинг интервью учун вақт ажратишини сўраб йўллаган илтимослари ҳам бор эди. Ҳа, бу ҳазил эмасди... Вардининг дўсти Эндрю Мерган ўшанда илк маротаба дўстининг кўзларида ёш кўрганини ББСга берган интервьюсида айтиб ўтганди. Маълум бўлишича, уша пайтгача “Лестер”нинг 131 йиллик тарихи давомида фақатгина 16 нафар футболчи Англия терма жамоасидан чақирув олган экан. Энди улар орасига Жейми Варди ҳам қўшилганди.
Бундан 8 йил олдин. Байрам арафаси. Варди кечки пайт Оулертондаги тамаддихоналардан бирида дўсти билан кетиб борарди. Шунда унинг эшитиш мосламаси ишлатадиган дўстига икки нафар кўча безориси тегажонлик қила бошлайди. Жейми бунга қараб тура олмади. Уларга қарата фақат сўз билан жавоб қайтаришни фойдаси бўлмади. Натижа эса – ярим йиллик уй қамоғи бўлди. “Яхшиям менда DVD дисклар коллекцияси кўп экан”, деганди у интервьюларидан бирида.
Балки бошқа одам бўлганида бу вақт уйда ўтирган бўларди. Бироқ, уй – бу қамоқ эмас. Варди саккизинчи лиганинг “Стоксбриж” жамоасида ўйнай бошлади. Ўйин кечки пайт бўлишини ҳисобга олсак, у фақат кечки пайт жамоа билан бирга бўларди. Кундузи эса углерод заводида ишларди. Ҳафтасига 30 фунт жамоадан, 70 фунт заводдан маош оларди. У заводда оғир юкларни кўтаришга тўғри келарди. Баъзида эса заводдагиларга қўнғироқ қилиб футболда жароҳат олганини “айтиб қўярди”. Бу албатта яхшилаб дам олиш учун бир баҳона эди ҳолос.
Уй қамоғи вақтида Жейми кечки пайт 18:30 дан эрталабгача уйда ўтириши лозим эди. Баъзида жамоа сафарга борадиган бўлса Варди фақатгина бир тайм футбол ўйнай оларди. Сўнга уни алмаштиришар, футболчи эса белгиланган вақтгача уйда бўлиши керак эди.
Орадан бир неча йил ўтиб ота бўлган Варди “Стоксбриж”дан кетиб, бешинчи лиганинг “Флитвуд” жамоаси сафига бориб қўшилади.
“Флитвуд”нинг ҳўжайини Энди Пайли ушбу жамоани тўртинчи лигага олиб чиқишни мақсад қилганди. Жамоа футболчилари ўша вақт Эндининг ишончини оқлай олмаётгандилар: бўлиб ўтган 6 та турдан сўнг бор йўғи 3 та гол. Ўз вақтида электрик ва почтачиларга қарши тўп тепиб юрган ҳаваскор футболчи Варди эса тўртта ўйинда учта гол киритишга муваффақ бўлди. Пайли уни 150 минг фунт эвазига ўз жамоаси сафига қўшиб олганди. Футболчи эса унга мавсумда 31 та голи билан жавоб қайтарди. Бунинг эвазига у ўша мавсумда бешинчи лиганинг энг яхши футболчиси деб топилган. Тўғри, бир марта у машғулотга кеч қолгани учун раҳбарият томонидан жазоланганди. Қишда яланғоч ҳолда машғулот майдонда югуриш Варди учун жазо бўлганди ўшанда.
“Флитвуд” тўртинчи лигага чиқди. Пайли эса уни бир миллион фунт эвазига ўша пайтда иккинчи дивизион вакили бўлган “Лестер”га сотди. Бироқ битта шарт билан: футболчи агар Англия терма жамоасига чақирилса клубга яна бир неча юз минг фунт тўлаб бериши лозим бўлган. Бу албатта иккинчи дивизион вакили бўлган клуб вакиллари учун ғалати кўринган.
Шу йил июнь ойида эса Пайли интервьюларидан бирида: “Лестер”дагилар бунинг иложи йўқ деб ўйлагандилар. Шу сабабли бизнинг шартларимизга кўнганлар. Биз ҳеч нарса йўқотмаётгандик, аксинча нимадир ютишимиз мумкин эди”.
“Лестер”даги иккинчи мавсумда Варди яна фарзандли бўлди. Бу орада эса Варди ўзининг 16 та голи билан клубига АПЛга қайтишга ёрдам берди. Кейин эса МЮ... Ўша ўйиннинг 16-дақиқасида ҳисоб 0:2 бўлаётганди. Сўнгра Вардининг тўп узатишларидан сўнг киритилган иккита жавоб голи. Кейин эса Варди ишлаган пенальтидан киритилган гол. Кейин Вардининг ўзининг голи. Кейин эса ҳисоб 5:3! МЮ ўз тарихида илк маротаба 2 та гол фарқи билан олдинда бораётиб ютқазиб қўйганди. Шундан сўнг “Лестер” уч ой ғалаба қозона олмагани муҳим эмас. Муҳими Рой Хожсон 9 май куни Вардининг ўйинини кузатиш учун “Лестер”нинг “Саутгемптон”га қарши ўйинига келганди... 7 июнь куни эса Жейми Дублиндаги ўйинда Уэйн Рунининг ўрнига майдонга тушади.
Варди ушбу мавсумда ҳам тўхтаб қолаётгани йўқ. Дунёнинг энг кучли чемпионатида баъзи жамоалардан кўп гол киритиш, “Челси” ёки МЮнинг барча ҳужумчиларидан кўп гол уриш... Энди Варди терма жамоадан бўладиган чақириқларни ҳотиржам қабул қилади.
Ўз вақтида Гари Линекер терма жамоадаги дебютидан сўнг Англия чемпионатининг энг яхши тўпурарига айланган, ярим йилдан сўнг эса ЖЧда энг кўп гол киритган. Варди эса энди 28 ёшда, демак унинг вақти бор. Тамом!
sports.ru сайти асосида Азиз Тўхтамуродов тайёрлади
Комментарии