RU

Последние новости

03:10"Навбаҳор" Наманганда "Пахтакор"га 5та гол урган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 03:02Лига 1. "Анже" ва ПСЖ ўртасидаги ўйинда 6та гол урилди  0 03:01АПЛ. "Ливерпуль" "Энфилд"да "Астон Вилла"дан устун келди  8 02:53А Серия. "Ювентус" Турин дербисида "Торино"ни қийинчиликсиз мағлуб этди  2 01:48Гвардиола мураббийлик фаолиятида илк бор кетма-кет 4та ўйинда мағлуб бўлди  7 01:00Франция чемпионати. "Ланс" 86 ва 90-дақиқаларда гол уриб, "Нант"дан ғалабани илиб кетди!  0 00:31Шерзод Насруллаев: "Пахтакор", "Навбаҳор" ва ОКМКларни мағлуб этганимиз бизга чемпионлик руҳини тақдим этди"  0 00:22Февзи Давлетов: "Сурхон" кейинги мавсумда Термизга қайтади. "Нефтчи" бугун яхши ҳимояланди"  0 23:37Абдувоҳид Неъматов: "Насаф" билан Ўзбекистондаги барча мусобақаларда ғолиб бўлдим"  1 23:30Виталий Левченко: "Молиявий масалаларга жавобгар эмасман. Чемпионлик учун курашадиган жамоада барча механизмлар барқарор ишлаши керак"  7 23:20Туркия Суперлигаси. "Ризеспор" ўз уйида "Трабзонспор"га учта гол урди, Алиқулов тўлиқ ҳаракат қилди  2 22:56"Рома"га Шомуродовнинг собиқ устози бош мураббий бўлиши мумкин  8 22:30АПЛ. "Манчестер Сити" меҳмонда "Брайтон" меҳмони бўлмоқда (онлайн ҳисоб)  9 21:36Бундеслига. "Бавария" минимал ҳисобда ғалаба қозонди, "Байер" эса 89-дақиқада ғалабани қўлдан чиқарди  1 20:44Суперлига. "Сурхон" — "Нефтчи" 0:0  0

Темурхўжа Абдухолиқов – “Мухлис саволи” лойиҳаси меҳмони! (Батафсил) Новости

Темурхўжа Абдухолиқов – “Мухлис саволи” лойиҳаси меҳмони! (Батафсил)

“Локомотив” футбол клуби матбуот хизмати ҳамда “championat.asia” сайти ҳамкорлигида йўлга қўйилган “Мухлис саволи” лойиҳасининг дастлабки сонини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Мазкур лойиҳанинг илк меҳмони сифатида айни пайтда “Локо” тўпурари бўлиб турган Темурхўжа Абдухолиқовни таклиф этдик.

Айтиш мумкинки, Темурхўжа билан суҳбат бир соат-у, қирқ дақиқача давом этиб, бу орада мен ҳам, ўзи ҳам зерикиб қолмадик. Чунки футболчига жуда кўп ва қизиқарли саволларга юборилган экан. Суҳбат давомида Абдухолиқов championat.asia сайти ҳамда Фейсбукдаги ўқувчилари, шунингдек “Локомотив”нинг Инстаграм ва Фейсбукдаги ўқувчилари томонидан йўлланган бир қатор саволларга жавоб бериб ўтди.

Савол-жавоблардан ҳужумчининг Хорватиядаги фаолиятидан сўнг нима учун “Пахтакор”га эмас, “Локомотив”га ўтгани, терма жамоага нима сабабдан чақирилмаётгани, қолаверса биринчи муҳаббати, биринчи маоши каби маълумотларга эга бўлишингиз мумкин.

Шунингдек, суҳбат якунида Темурхўжага қайси савол ёққани-ю ҳамда 11-рақамли футболкаси кимга насиб этганини ҳам билиб оласиз. Шундай экан,
интервьюни эринмасдан охиригача ўқиб чиқишни тавсия қиламиз.

Хайрулла Холиқов: – Ассалому Алайкум, ҳурматли футбол ишқибозлари, “Локомотив” футбол клуби мухлислари ҳамда “championat.asia” сайти ўқувчилари! “Championat.asia” билан ҳамкорликдаги дастлабки лойиҳамизни эътиборингизга ҳавола этамиз. Бунда “Локомотив” ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов мухлислар томонидан йўлланган саволларга жавоб қайтаради. Темурхўжа, авваламбор хуш келибсиз! Саволллрга жавоб беришга тайёрмисиз?
Темурхўжа Абдухолиқов: – Авваламбор ҳаммага Ассалому Алайкум! Мени ушбу лойиҳага таклиф этганингиздан хурсандман. Имкон қадар ҳар бир саволга жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Х.Холиқов: – Лойиҳа шартига кўра, суҳбат якунида сиз энг яхши саволни аниқлайсиз ва савол муаллифига ўз совғангизни тақдим этасиз. Шу ўринда аввало ўзимнинг саволим билан мурожаат қилсам. Шундан сўнг сайтдаги коментлар, Фейсбук ҳамда Инстаграмдан келган саволларга ўтамиз. Демак, дастлабки савол қуйидагича: маълумки, сиз “Локомотив” таркибида ҳам Осиё чемпионлар лигаси, ҳам олий лига ва Ўзбекистон Кубоги баҳсларида кетма-кет голлар уриб келяпсиз. Бунинг замирида нима ётибди деб ҳисоблайсиз?
Т.Абдухолиқов: – Мен – ҳужумчиман, асосий вазифам эса гол уриш. Озми-кўпми бунинг уддасидан чиқяпман ва голларим билан жамоамга фойда келтираётганимдан хурсандман. Ўтган йил “Локомотив”га янги келгандим, бу йил эса анча кўникиб қолдим. Майдонга тушган ўйинларда бор куч билан ҳаракат қиляпман ва киритган голларим учун аввало жамоадошларимга миннатдорчлик билдираман. Энди биринчи давра ўз якунига етмоқда, ҳали олдимизда бутунли бошли иккинчи давра турибди ва бунда ҳам ўзимни кўрсатишга интиламан. Бунинг замирида нима ётибди деган саволингизга келсам, аввало жамоадошларимнинг ёрдами дея оламан, лекин якуний хулосани барибир йил охирида чиқарамиз.

Х.Холиқов: – Ўтган йил чемпионат якунига етганидан сўнг “Локомотив”дан кетмоқчи бўлган экансиз, шу ростми?
Т.Абдухолиқов: – Ўтган йил мавсум охирларида кам ўйин амалиётига эга бўлгандим, шу боис жамоадан кетиш хаёлимга келгани рост. Чунки мен захирада ўтирадиган ёшда эмасман. Қолаверса, клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби билан янги шартнома бўйича бир қарорга келмагандик. Аммо якунда ҳаммаси ижобий тугади ва шу клубда қолганимдан хурсандман.

Х.Холиқов: – Кўп ўйинларда кўряпмиз, ҳужумда бир ўзингиз тўп тепасиз. Бу қийинчилик туғдирмаяптими, негаки аксарият ҳужумчилар тандем бўлиб ўйнашни хоҳлашади?
Т.Абдухолиқов: – Албатта, рақибнинг тўрт нафар ҳимоячисига қарши бир ўзингиз кураш олиб боришингиз қийин. Чунки камида учта ҳимоячи сизни қўриқлаётган бўлади. Ҳозир жаҳон футболи ҳам шундай бўлиб қолди, яъни жамоалар бир нафар соф ҳужумчи билан тўп суришни маъқул кўришмоқда. Тўғри, бизнинг тактикамсиз 4-3-3га асосланган, Бикмаев, Жепаров, Мирзаев каби футболчилар қанотлардан ёрдам беришмоқда, лекин мураббий кўрсатмасига биноан “найзанинг учи” сифатида ўзим ўйнаб келяпман. Ўзини профессионал деб ҳисоблайдиган футболчи ҳар қандай тактикага кўникиши керак.



Х.Холиқов: – Энди эса мухлислар томонидан юборилган саволларга ўтсак. Сиз билан суҳбат ўтказишимиз сайтда, Фейсбук ва Инстаграм ижтимоий тармоғида эълон қилингач, мухлислар томонидан кўплаб саволлар юборилди. 100дан ортиқ дея бемалол айта оламиз. Лекин вақтимиз чегаралангани боис ичидан энг сараларини танлаб оламиз.

Nadirkhuja Yu саволи: – Темурхўжа мен билан сиз ака-укамизми?
Т.Абдухолиқов: – Тўғриси, шунақа деб ўйлайдиганлар бор. Чунки иккаламизнинг ҳам исмимизга “хўжа” қўшилган. Энди туғишган ака-ука бўлмасак-да, Нодирхўжани ака сифатида кўраман ва ҳурмат қиламан. Нодирхўжа акани 2011 йилдан бери биламан, чунки шу йили “Пахтакор”га ўтганимда, у киши шу клубда фаолият юритарди.

France2016: – Темурхўжа, Хорватиядан қандай таассуротлар қолган? Ҳаётингиздаги энг муҳим воқеа?
Т.Абдухолиқов: – Хорватиядаги фаолиятимдан ўзига яраша илиқ таассуротлар қолган. Мен шу мамлакатнинг энг кучли клубларидан бири “Хайдук”да тўп тепганимдан фахрланаман. Аммо баъзи сабабларга кўра, хориждаги фаолиятим узоқ чўзилмади: жароҳат, клубда ҳомийлар ўзгариши, раҳбарият алмашинуви ва бошқа масалалар ўз таъсирини ўтказди. У ердаги энг муҳим воқеа сифатида эса гол урганим ҳамда Хорватия чемпионатида ўйнаган илк ўзбек футболчиси бўлганимни айта оламан. Шунингдек, қизиқарли воқеалар ҳам бўлган. Сафарда “Динамо” Загреб билан ўйнашимиз керак бўлганида, жамоамиз ишқибозларини Загребдаги стадионга киритишмаганди. “Хайдук” мухлислари ҳеч нарсадан тап тортмайдиган урушқоқ эканлар. Шундай бўлганки, ашаддий фанатлардан бири ўйиндан олдин “Хайдук” спорт директорига телефон қилиб, бизларни стадионга киритишмаяпти, сизлар ҳам ўйинга чиқманглар, агар футболчилар майдонга тушса Сплитга қайтиб бормайсизлар дея дағдаға қилган. Натижада биз ўша ўйинга чиқмаганмиз, жамоамизга эса техник мағлубият ёзилган.

Tahlil_Tanqid: – Игорь Тудор “Юве” таркибида кучли ҳимоячи бўлган. Сиз ўйнаган пайтда у “Хайдук”ни бошқарганди. Айтинг-чи, у қандай мураббий бўлган?
Т.Абдухолиқов: – Мен у ерга борганимда Игорь Тудор энди-энди мураббийлик фаолиятини бошлаган экан. Аммо жамоа унинг қўл остида ёмон ўйин кўрсатмасди. Кубок ўйинларида ярим финалгача боргандик, чемпионатда эса учинчи ўринни олгандик. Лекин мен кетганимдан сўнг орадан икки ой ўтиб Тудор ҳам жамоани тарк этганди. Адашмасам, Тудор ҳозирда Грецияда фаолият олиб бормоқда.

Axbor: – Фаолиятингиздаги энг муҳим голни қайси жамоага ургансиз?
Т.Абдухолиқов: – Фаолиятимдаги энг муҳим голни уриш ҳали олдинда деб ўйлайман. Лекин шу пайтгача киритган тўпларимни ёдга оладиган бўлсам, “Локомотив” сафида “Пахтакор” ва “Насаф”га урган голларни айта оламан. Шунингдек, “Пахтакор” сафида “Локо”га урган голимни ҳам муҳимларидан бири деб биламан. Ўшанда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонгандик.

jaxa97: – Хорватиядаги фаолиятдан сўнг нега собиқ жамоангиз “Пахтакор”га эмас, балки “Локомотив” клубига ўтдингиз? Ўшанда “Пахтакор” жамоасидан ҳам таклиф бўлганмиди?
Т.Абдухолиқов: – Ҳа, “Пахтакор”дан таклиф бўлганди. Аслида “Пахтакор”га бориб қўшилишим керак эди, лекин бир кун қолганда “Локомотив”га ўтганман. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор ва буни батафсил айтиш шарт эмас деб ўйлайман. Нима учун “Пахтакор”га қайтиб бормаганимни клубдагилар жуда яхши билишади.

Navbahor (barsa): – Темурхўжа, футболга кириб келишингизга ким сабабчи бўлган ва олий лигадаги деютингиз ҳақида?
Т.Абдухолиқов: – Футболга кириб келишимга отам сабабчи бўлган ва ҳозир ҳам менинг индивидуал мураббийим ҳисобланадилар. Дадам 35 йилдан бери мураббийлик соҳасида ишлайди. Олий лигадаги дебютим 2011 йил “Пахтакор” сафида бўлган ва “Қизилқум”га қарши баҳсда 2:0 ҳисобида зафар қучганмиз. Ўша ўйинда иккинчи голни ургандим.

MuxlisUz: – Темурхўжа, мен сизнинг аввалдан мухлисингизман. Савол: нимага сизни терма жамоада кўрмаяпмиз? Бунинг сабаблари бордир? Ёки пул сўрашяптими? Менимча, сиз Сергеевдан яхшироқ ҳужумчисиз.
Т.Абдухолиқов: – Энди пул сўрашяптими деган гаплар умуман мантиққа тўғри келмайди. Тўғриси, миллий терма жамоага нима сабабдан чақирилмаётганимни ўзим ҳам билмайман ва бу саволни кимга берсам экан деб ўйлаб юрибман. Менимча, бу савол кўпроқ терма жамоа бош мураббийига берилгани маъқул, чунки футболчиларни у танлайди. Албатта, мен ҳам таклиф кутяпман, лекин ҳозирча бу иш амалга ошмаяпти.

мегатрон: – Қаршининг “Насаф” клубини нега бунчалар ёмон кўрасиз?
Т.Абдухолиқов: – Нега энди “Насаф”ни ёмон кўришим керак? Ахир у ердагиларнинг ҳеч бирига нисбатан адоватим бўлмаса? Майдондан ташқарида ҳамма билан бир хил муносабатдаман. Фақат ўйин пайти ҳар иккала жамоа ҳам ютишга ҳаракат қилади ва бу нарса эҳтиросларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис бу савол қаердан келди, билмадим энди.

мегатрон: – Ўтган йил Ўзбекистон Кубогининг ярим финали “Насаф” – “Локомотив” баҳсида қизил карточка олиб майдонни тарк этгандингиз. Ўшанда ҳакамга нима дегансиз-у ва у сизни нима учун четлатган?
Т.Абдухолиқов: – Ўшанда тўп менда эди ва орқамда турган ҳимоячи ўзидан ўзи йиқилиб тушганди. Тўғриси, қоидани бузмагандим. Ўзи шундоғам 0:2 ҳисобида имкониятни бой бераётгандик, бунинг устига ҳакам йўқ жойдан рақиб фойдасига жарима тўпи белгилади. Шунга қизишиб кетиб жаҳл билан тўпни отиб юбордим ва бир-иккита сўз гапирдим. Кейин бош ҳакам Ҳасан Рўзиев олдимга келиб қизил карточка кўрсатди. Ваҳоланки, менинг қилиғим умуман “қизил”га тортмасди.

Х.Холиқов: – Ўйиндан олдин мураббий таркибни эълон қилди дейлик: фараз қилинг, сиз асосий таркибдасиз, захирадасиз, ёки қайдномадан жой олмадингиз. Мана шу уч ҳолат сизда қандай кечишини айтиб берсангиз?
Т.Абдухолиқов: – Учаласи ҳам уч хил вазият. Асосий таркибда бўлсам, шунга яраша тайёргарлик кўраман ва илк дақиқалардан жамоамга ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Захирада қолсам, мураббий мени туширишини кутаман. Мабодо рўйхатга умуман киритилмасам, демак ўз устимда кўпроқ ишлашим керак деб ўйлайман ва кейинги ўйинларга тайёргарлик кўраман.

Bobur yurti Andijon biz sen uchun beramiz jon: – Темурхўжа, ёшликда қайси футбол юлдузига ҳавас қилиб, футболчи бўлишга қарор қилгансиз? Агар футболчи бўлмаганингизда қайси касбни танлаган бўлардингиз?
Т.Абдухолиқов: – Футболчи бўлмаганимдами… билмадим лекин. Бу ҳақда ўйлаб кўрганман, аммо жавоб топа олмаганман. Ёшлигимда Зидан ва бразилиялик Роналдонинг ўйинларига ҳавас қилардим.

Barcamania_2016: – Мактаб даврида севганмисиз? Биринчи муҳаббатингиз ва унинг исми?
Т.Абдухолиқов: –
Кўпчилик қатори мен ҳам мактаб даврида севганман. Эшитиб ҳайрон қолсангиз керак, турмуш ўртоғим менинг биринчи муҳаббатим ҳисобланади. Негаки рафиқам билан мактабда бирга бир синфда ўқиганмиз.



Farkhod: – Темурхўжа Абдухолиқов жисмоний тайёргарлик устида кўпроқ ишлаши керак. Бунга фикрингиз?
Т.Абдухолиқов: – Тўғри, жисмоний тайёргарлик устида кўпроқ ишлашим керак, шунингдек техника устида ҳам. Умуман олганда, ўз ўйинимни мунтазам яхшилаб боришим учун ҳар доим ўз устимда ишлашимга тўғри келади.

UZBEK: – “Насаф”даги Бобир Абдухолиқов қариндошингизми?
Т.Абдухолиқов: – Бу саволни менга кўп марта беришди. Менинг у билан қариндошлик жойим йўқ, шунчаки фамилиямиз бир хил. Бобирга футболчилик фаолиятида омад тилаб қоламан.

Qazayaqli_Allaniyazov_o8o8 → 8: – Машинангизни қанча вақтда алмаштириб турасиз? Биринчи маошингиз қанча эди ва ҳозир ёнингизда қанча пул бор?
Т.Абдухолиқов: – Менинг биринчи ва ҳозирги машинам “Спарк”. Сотиб олганимдан бери ҳали алмаштирганим йўқ, бунга ҳожат ҳам сезмаяпман. Футболдаги биринчи маошим 50 минг сўм бўлган ва бу пулни уйдагиларга олиб келиб берганман. Тўғриси, ёнимда умуман пулим йўқ.

JAMOLIDDIN1805: – “Бунёдкор”дан “Пахтакор”га кўчиб ўтиш ҳаётингизда қанчалик бурилиш ясаган?
Т.Абдухолиқов: – Бу ўтиш ўзига яраша бурилиш ясаган дея оламан. “Пахтакор”га келгач, Осиё чемпионлар лигасида ўйнадим, Ўзбекистон чемпиони ва Кубоги соҳиби бўлдим. Қайсидир маънода фаолиятимда янги саҳифа очилди.

Х.Холиқов: – Интернет кучайиб бораётган бир даврда яшаяпмиз. Темурхўжа, сизнинг ҳаётингизда интернет ва ижтимоий тарқмоқлар қандай роль ўйнайди?
Т.Абдухолиқов: – Имкон бўлди дегунча янгиликлардан бохабар бўлишга ҳаракат қиламан. Ижтимоий тармоқларда кўп ҳам фаол эмасман, лекин Фейсбукда ўз саҳифам бор. Аммо паролни эсдан чиқариб қўйганман, шу боис чиқиб кетсам қайтиб киролмайман. Лекин Инстаграм, Твиттер кабиларни унчалик тушунмайман, шу боис буларда йўқман. Фейсбукда доим “онлайн” туришимнинг сабаби ҳам шу, паролни эсдан чиқариб қўйганим учун кун бўйи ёқилган тураверади.

Islom Oxunov: – Бир куни Жасур Ҳасановдан “Ўзбекистон қачон жаҳон чемпионатига чиқади?” деб сўрашганида, моҳир футболчи “Қачон чиқишини ўзимиз ҳам кутиб турибмиз” дея жавоб берганди. Сиз бу саволга қандай жавоб берган бўлардингиз?
Т.Абдухолиқов: – Тўғриси, бу саволга жавоб беришим қийин, чунки миллий терма жамоа таркибида бир дақиқа бўлса ҳам ўйнамаганман. Қолаверса, ҳозирча ўзимни терма жамоа аъзоси дея олмайман. Шу боис бу каби саволларга терма жамоа раҳбарлари, мураббийлар ва кўп ўйнаган футболчилар жавоб бергани маъқул.

Odil Akhrarov: – Темурхўжа, Зойир акам мураббий бўлмаганларида футболчи бўлармидинг?
Т.Абдухолиқов: – Менимча, бу киши оиламизни яқиндан билсалар керак. Чунки Зойир ака менинг дадам бўладилар. Энди футболчи бўлишимга барибир оиладаги муҳит ҳам сабабчи бўлган. Айтишади-ку, қуш уясида кўрганини қилади деб. Эҳтимол, дадам мураббий бўлмаганларида мен ҳам футболчи бўлмасмидим.



Sarvarbek Bozorboyev: – Олий лигада ҳужумчилар муаммоси яққол сезилади, нега бундай деб ўйлайсиз?
Т.Абдухолиқов: – Фикримча, яққол сезилмаса керак. Бизда ҳам Игорь Сергеев, Зафар Полвонов мисолида яхши ҳужумчилар бор. “Металлург”да Зоҳид Абдуллаев ҳам яхши ўйин намойиш этяпти. Ҳозир футбол шундай кўриниш олдики, ҳамма жамоалар бир ҳужумчи билан ўйнашга ўтиб олди. Балки шу ҳам ҳужумчиларнинг ярқ этиб порламаслигига сабаб бўлаётгандир.

Umid Tukhtamboev: – Футбол агентларига нисбатан фикрингиз? Агентингиз борми?
Т.Абдухолиқов: – Ўзим танийдиган футбол агентлари билан муносабатим яхши. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, футбол агентлари орасида яхшилари ҳам, ёмонлари ҳам бор. Менда ҳам агент бор, лекин ўртамизда расмий шартнома тузилмаган.

Uktam Rajabov: – Ўзбекистонда буюк футбол юлдузлари бор. Шулардан кимга ўхшашга ҳаракат қиласиз?
Т.Абдухолиқов: – Менимча, бизда буюк футбол юлдузлари йўқ, тўғри, яхши ўйинчилар, машҳур номлар бор, аммо буюк ўйинчилар йўқ деб ўйлайман. Мана шу машҳурлар орасидан Максим Шацкихга ҳавас қилса арзийди.

Alisher Komilov: – Сиз кўпинча натижасиз югурасиз ва ўйин охирларига бориб чарчаб қоласиз. Камроқ югуриб тактик ўйнаш самаралироқ эмасми?
Т.Абдухолиқов: – Четдан қараганда бошқаларга қандай кўринади билмадим-у, лекин мен майдонга тушгандан сўнг бор эътиборимни ўйинга қаратаман. Албатта, ёлғиз ҳужумчининг тўрт нафар ҳимоячига қарши кураш олиб бориши қийин. Аммо уларни чалғитиш орқали тўп яна сизнинг жамоангизга тушиши мумкин. Шунда қарши ҳужум учун вазият юзага келади. Шунинг учун баъзилар бекорга югуриб юрибди деб ўйлайди, футболни ичидан биладиганлар эса бунга тўғри муносабатда бўлишади.

Shahzoda Gafurova: – Қайси буюк футболчилар билан бир жамоада ўйнашни хоҳлаган бўлардингиз?
Т.Абдухолиқов: – Зидан давридаги “Реал”да жон деб тўп сурган бўлардим.



Shahzoda Gafurova: – Одамлардаги қайси хусусиятни алоҳида қадрлайсиз?
Т.Абдухолиқов: – Хотиржамлик ва босиқлиқни.

Charos Tursunova: – Вақтни орқага қайтариш имкони бўлганида ҳозирги ҳаётингизда нимани ўзгартирган бўлардингиз?
Т.Абдухолиқов: – Албатта, жуда кўп нарсани ўзгартирмасдим. Чунки ҳозиргача бўлган ҳаётим давомида жиддий хатоларга йўл қўймаганман деб ўйлайман, аммо ўйин пайтида хатолар бўлган ва шуларни ўзгартиришга ҳаракат қилардим.

Shodieva_Uzb: – Саволим қуйидагича, Сизни Осиё ёки Европа клублари ўз сафига қўшиб олса яхшими ёки ОЧЛ финалида “Локомотив” жамоаси билан ўйнаганингиз маъқулми?
Т.Абдухолиқов: – Тўғрисини айтишим керак, четдан таклифлар бор, йўқ эмас. Ўша Европадан ҳам, Осиёдан ҳам қизиқишлар бўляпти. Лекин мен бошлаб қўйган ишини охиригача бажарадиган инсонлардан бириман. Ҳозирда “Локомотив” билан йил охиригача шартномам бор, шундай экан, ҳозирги клубим сафида ўзимиз иштирок этаётган барча мусобақаларда ғолиб чиқишга ҳаракат қиламан.

Hadiyaxon: – Келажакда қизингизга футболчидан совчи келса берармидингиз?
Т.Абдухолиқов: – Қизиқ савол. Энди ҳаммаси тақдирдан. Ўзбек оилаларида бўлажак куёв томон албатта сўралади, суриштирилади. Билмадим энди, бу борада ойиси билан маслаҳатлашган маъқул. Мен бир ўзим бу масала бўйича қарор қабул қила олмайман.

Х.Холиқов: – Темурхўжа, вақт топиб лойиҳамизда иштирок этганингиз учун раҳмат. Вақтимиз чегаралангани боис ҳамма саволларни ҳам бера олмаймиз. Айтинг-чи, юқорида берилган саволлар орасида қайси бири сизга кўпроқ маъқул келди?
Т.Абдухолиқов: – Таклиф этганингиз учун сизга раҳмат. Мухлислар томонидан жуда кўп яхши саволлар юборилибди, бунинг учун ишқибозларга алоҳида ташаккур. Энди қайси савол менга кўпроқ маъқул келгани хусусида тўхталадиган бўлсам, ҳозир биттасини танласам, бошқалар хафа бўлиб қолиши мумкин. Ўзимга қолса ҳамма саволни танлаган бўлардим. Лекин лойиҳанинг шартига кўра, фақат битта саволни танлашим мукин бўларкан. “Вақтни орқага қайтариш мукин бўлганида, нимани ўзгартирган бўлардингиз?” саволи мени кўпроқ ўйлантириб қўйди. Шунингдек, “Футболчидан совчи келса қизингизни берармидингиз?” саволи ҳам жуда қизиқ экан. Аммо мени кўпроқ ўйлантириб қўйгани учун биринчи саволни энг яхши савол сифатида танлайман.



Х.Холиқов: – Мана лойиҳа якунида энг яхши савол эгасини ҳам аниқлаб олдик. Демак, “Локомотив” футбол клубининг Фейсбук саҳифасидаги ўқувчимиз Charos Tursunova томонидан берилган савол Темурхўжа Абдухолиқовга энг кўп маъқул келди, шу боис футболчи 11-рақамли футболкасини айнан шу ўқувчимизга топширади. Биз юборилган барча саволлар учун мухлисларга яна бир бор миннатдорчилик билдирамиз. Charos Tursunovaни эса lokomotiv.fans@mail.ru электрон почтаси орқали биз билан боғланишини кутиб қоламиз. Эътиборингиз учун раҳмат!

Рейтинг: +10   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика