Тарихга назар. Ўзбекистон терма жамоаси мағлуб бўлган пенальтилар сериясини ёдга оламиз
27 фев 23:40
Новости


Тарихга назар. Ўзбекистон терма жамоаси мағлуб бўлган пенальтилар сериясини ёдга оламиз
Учрашувнинг асосий вақти 3:3 ҳисоби билан якунланди. Пенальтилар сериясида эса Корея Республикаси футболчилари аниқроқ зарба беришди. Шундай қилиб, терма жамоамиз Чилида бўлиб ўтадиган U20 Жаҳон Чемпионатидан қуруқ қолди.
Пенальтилар сериясини кўпинча "лотерея" деб ҳам аташади. Бундай тарифнинг сабаблари кўп. Масалан, Баджо ва Месси каби маҳоратли футболчилар 11 метрлик нуқтадан хатога йўл қўйишган. Шунингдек, руҳий босим ёки кутилмаган хато бир сонияда барчасини ўзгартириб юбориши мумкин. Хуллас, пенальтилар сериясининг натижасини ўзгартириб юбориши мумкин бўлган сценарийлар жуда кўп, лекин мен пенальтилар сериясини "лотерея" дейишларига қўшилмайман. Замонавий футболда маълумот кўп ва чуқур таҳлил бор. Рақиб жамоа қандай 11 метрлик нуқтадан кўпинча қандай зарба бериши ва дарвозабон қандай ҳаракатланишини ўрганиб чиқиш мумкин. Ҳозирги кунда пенальтилар сериясига тайёргарлик кўриш анча осонроқ.
Сўнгги вақтларда пенальтилар серияси ўзбек футболи учун жиддий муаммога айланди. Қатардаги Осиё Кубоги, U23 Осиё Кубоги финалидаги пенальти ва бошқалар. Биз эса, Ўзбекистон футболининг янги тарихидаги муваффақиятсиз пенальтилар сериясини ёдга оламиз.
Дастлабки мағлубият
2004 йил Чин юртида ўтказилган 13чи Осиё Кубоги, бир нечта қизиқарли воқеийликлар туфайли, Ўзбек футболи ихлосмандларнинг ёдида қолган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубокларидаги фақатгина учинчи иштирокига келиб, биринчи маротаба плей-офф босқичи йўлланмасини қўлга киритган. Ушбу тарихий ҳодиса айнан Хитойдаги мусобақа рўй берган. Қуръа ташлаш маросимида учинчи фақатгина учинчи саватчадан ўрин эгаллаган терма жамоамиз, якунда Саудия Арабистони, Ироқ ва Туркманистон терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олганди.
Мусобақа Хитойда бўлиб ўтгани туфайли, терма жамоамизнинг етакчи футболчиларидан бири Максим Шацких ўша вақтда мезбон мамлакатда кенг тарқалган парранда гриппи сабабли мусобақада иштирок этишдан бош тортган деган гап-сўзлар юради. Шу масалага аниқлик киритиш учун Шацкихнинг ўзи билан боғландим ва нега Хитойдаги мусобақага бормагани ҳақида сўрадим. Шацких мусобақа ёзда ўтказилгани туфайли иштирок эта олмагани ва Осиё ва Европа футболининг тақвими бир-бирига тўғри келмаслиги ҳақида айтди. Шунингдек, ўша вақтларда Москванинг "Локомотив" клуби сафида тўп тепган Владимир Маминов, Олег Пашининлар клуби рухсат бермагани туфайли мусобақада иштирок этишмаган. Жафар Ирисметов ўша вақтларда Қозоғистон чемпионатида фаолият юритгани ва сиёсий вазият туфайли якуний қайдномадан ўрин олмаган эди. Уларнинг ўрни Александр Гейнрих, Илёс Зейтуллаев, Марат Бикмаев ва Ислом Иномов каби ёш футболчилар билан тўлдирилганди. Бош мураббий вазифасини Равшан Ҳайдаров бажарган, аммо ёрдамчи мураббий германиялик Юрген Гёденинг ҳам ўрни катта бўлган.
Бир нечта тажрибали футболчиларсиз мусобақага етиб келган терма жамоамиз дастлабки баҳсда Ироқни Миржалол Қосимовнинг 21-дақиқадаги жарима зарбасидан урган голи эвазига мағлуб этади. Иккинчи турда эса тўрт йил аввалги Осиё Кубогида финалга қадар етиб борган Саудия Арабистони билан тўқнаш келганмиз. 19 ёшлик Александр Гейнрих 13-дақиқада Саудлар дарвозасини ишғол этади. Учрашувда бошқа голлар урилмайди ва терма жамоамиз мусобақадаги иккинчи баҳсда ҳам кичик 1:0 ҳисобидаги ғалабани қўлга киритади. Гуруҳ босқичининг сўнгги рақиби - Туркманистон эди. Плей-офф масаласини муддатдан аввал ҳал қилган Ҳайдаров шогирдлари Туркманистонга қарши баҳсда ҳам яна 1:0 ҳисобидаги ғалабани қайд этишади. Терма жамоамиз сардори Миржалол Қосимовнинг 58-дақиқада жарима зарбасидан унумли фойдаланади. Қизиғи шундаки, Миржалол Қосимов мусобақа давомида икки маротаба рақиб дарвозабонини доғда қолдирган ва икки голини ҳам жарима зарбасидан урган.
Чорак финал босқичида "А" гуруҳида иккинчи ўринни банд этган Баҳрайн бизга рақиблик қилган. Ченду шаҳрида ўтказилган баҳснинг биринчи бўлимида дарвозалар ишғол этилмаган. Иккинчи бўлимда эса икки жамоалар очиқ футбол кўрсатишга киришиб кетишади, 60-дақиқада ёш Гейнрих жарима зарбасидан тўп киритиб ҳисобни очади, аммо хурсандчилик узоққа чўзилмайди. Рақиб футболчиси Аъло Ҳубайл 71-дақиқада қанотдан узатилган тўпга биринчи бўлиб етиб келади ва орадаги фарқни йўққа чиқаради. Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас дарвозабонимиз Евгений Сафонов қанотдан узатилган тўпни ушлаб қола олмайди, дарвозабондан қайтган тўпни яна ўша Аъло Ҳубайл дарвозамизга жойлаб қўйади. Ўйин якунланишига бир неча дақиқа қолган бир паллада, Владимир Шишелов Баҳрайн марказий ҳимоячиларини ортда қолдириб, дарвозабон билан бирга бир вазиятга чиқади ва ҳисобни тенглаштиради. Учрашувнинг асосий вақти 2:2 ҳисоби билан якунланади ва баҳс ғолибини аниқлаш учун қўшимча бўлимларга мурожаат этилади. Экстра таймларда терма жамоамиз кўпроқ тўпга эга қилган ва вазиятлар яратганига қарамай, ҳисоб ўзгармайди. Энди эса бугунги мавзуйимизнин асосий қисми пенальтилар сериясига етиб келдик.
Серияни баҳрайнликлар бошлаб беради. Ҳужумчи Ҳусайн Али ўз имкониятидан унумли фойдаланади. Терма жамоамиздаги дастлабки зарбани Андрей Фёдоров амалга оширади ва ҳисобни "лотерея"даги мувозанатни тиклайди. Баҳрайн терма жамоасининг иккинчи зарбасини Жума Муҳаммад ижро этади, аммо Евгений Сафонов тўп йўналишини топади ва зарбани бартараф этади. Сервер Жепаров сериядаги иккинчи зарбага муаллифлик қилади ва аниқ зарбаси билан сериядаги ҳисобни 2:1 кўринишига келтиради. Баба Али Ҳусайн ҳам ўз зарбасидан унумли фойдаланади, ҳисоб 2:2. Учинчи зарбани бериш учун Александр Гейнрих келади. Асосий вақтда жарима зарбасидан чиройли гол киритган Саша, 11 метрлик зарбани совуққонлик билан ижро этди ва тўпни дарвозабон очиқ қолдирган бурчакни мўлжалга олди. Фархон Солиҳ эса ҳисобни ҳисобни тенглаштирди, 3:3. Тўртинчи зарбани ижро этиш учун 18 ёшлик Марат Бикмаев дарвоза томон бора бошлайди. Бикмаев кучли зарба беради, тўп эса дарвоза тўсини устидан ўтиб кетади. Бикмаевдан кейинги зарбани асосий вақтда дубль қайд этган Аъло Ҳубайл ижро этади ва тўпни чап бурчакка жойлаб қўяди, ҳисоб 3:4. Леонид Кошелев сўнгги зарбани ижро этади, аммо Кошелевнинг ноаниқ чиқади ва дарвоза устуни ёнидан ўтиб кетади. Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси пенальтилар сериясида 3:4 ҳисобида мағлуб бўлади ва мусобақани чорак финал босқичида тарк этади.
Осиё Кубоги-2004. Чорак финал.
Ўзбекистон – Баҳрайн 2:2, пенальтилар серияси - 3:4
30.07.2004. Ченду (Хитой). “Лонгжуан” стадиони
Бош ҳакам: Чон Чул Квон (Жанубий Корея)
Голлар: Александр Гейнрих (60), Владимир Шишелов (86) – Аъло Ҳубайл (71, 76)
Ўзбекистон: 21. Евгений Сафонов, 3. Андрей Фёдров, 24. Асрор Алиқулов, 28. Алексей Николаев, 4. Миржалол Қосимов (6. Леонид Кошелев, 106), 8. Сервер Жепаров, 18. Темур Кападзе (26. Марат Бикмаев, 83), 7. Андрей Акопянц, 9. Анвар Солиев (20. Элдор Магдеев, 33), 11. Владимир Шишелов, 15. Александр Гейнрих.
Баҳрайн: Абдулла Али Саид, Абдулазиз Файсал, Жума Муҳаммад; Баба Ҳусайн Али, Жалол Саид Маҳмуд (Иса Салмон, 67), Ал-Довсари Рашид, Салмин Муҳаммад, Юсуф Талал (Фархон Солиҳ, 85), Ҳубайл Муҳаммад, Жаъфар Муҳаммад (Али Ҳусайн, 59), Аъло Ҳубайл.
Тошкентдаги мағлубият
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бразилия майдонларида ўтказилган мундиал саралашида намойиш этган ёрқин ўйинлари билан ёдимизда қолган. Учинчи саралаш босқичида терма жамоамиз Эрон, Жанубий Корея, Қатар ва Ливан терма жамоалари билан баҳс олиб борган эди. Якунда Ўзбекистон ҳам, Жанубий Корея ҳам 14 очко тўплаганди, бироқ тўплар нисбати корейсларда яхшироқ бўлгани учун "Осиё йўлбарслари" иккинчи ўринни эгаллаган ҳолда Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўл олишган эди. Терма жамоамиз учинчи ўрин билан плей-офф босқичига йўл олади. Плей-офф босқичида эса Иордания бизга рақиблик қилади. Дастлабки баҳсни терма жамоамиз сафарда Амман шаҳрида ўтказган. Учрашувнинг 30-дақиқасида рақиб футболчиси Мусаб Аллаҳам чиройли комбинациядан сўнг тўпни дарвозамизга жойлаб қўяди. 35-дақиқада эса Жасур Ҳасановнинг қанотдан майдон марказидаги Сервер Жепаровга узатади, Сервер Жепаров эса тўпни тўхтатмасдан зарба беради. Рақиб дарвозабони хатога йўл қўяди ва тўп дарвозадан жой олади. Учрашув 1:1 ҳисоби билан якунланади.
Беш кундан сўнг эса жамоалар Тошкентда тўқнаш келишади. Игнатий Нестеров жароҳат олган эди. Таркибда ўтган ўйинларга қараганда сезиларли даражада ўзгаришларга қўл урилди. Улуғбек Бақоев ва Александр Гейнрих каби ҳужумчиларимиз қайдномага киритилмади. Ваҳоланки, муҳим паллаларда тажриба биринчи навбатда қўл келарди. Бақоевни ўрнида Қатар билан ўйинда иккита гол урган Баҳодир Насимов ҳаракат қилди. Марказий ҳимояда сафар ўйинида ўзини кўрсата олмаган ва биринчи бўлимдаёқ алмаштирилган Егор Кримец эмас балки, Ислом Тўхтахўжаев асосий таркибда ўйинни бошлайдиган бўлди. Умуман олганда, Миржалол Қосимов таркибда катта ўзгаришларга қўл урди.
Беллашувни ҳужумкор руҳда бошлаган футболчиларимиз бешинчи дақиқага келиб ҳисобни очишга муваффақ бўлиши. Сервер Жепаровнинг жарима зарбасидан узатиб берган тўпини терма жамоадаги 50-учрашувини ўтказаётган Анзур Исмоилов дарвозага аниқ йўллайди - 1:0. Мен ўша баҳсни айнан Анзур Исмоилов ишғол этган дарвоза ортида томоша қилганман. Эрта урилган гол терма жамоамизга биринчи дақиқаларданоқ устунлик берди, аммо ҳисобда олдинга чиқиб олган "оқ бўрилар" хотиржамликка берила бошлади ва рақиб кўпроқ тўпга эгалик қилди. Бўлим охирларига келиб рақиб футболчилари қанотдан ҳужум уюштиришди, ўзбекистонлик футболчиларнинг тартибсиз ҳаракатлари натижасида ҳужум марказга кўчди. Марказда тўпни қабул қилиб олган Саид Муржан узоқ масофадан кучли зарба йўллади билан ҳисобни тенглаштирди. Дарвозабонимиз Мурод Зуҳуров эса рақибининг зарбасини бартараф эта олмади. Миржалол Қосимов иккинчи бўлимда майдонга ёш ва ҳали етарлича тажрибага эга бўлмаган Игорь Сергеевни қанот вингери Жасур Ҳасанов ўрнига майдонга ташлади. Эндиликда термамиз тактик схемани ўзгартириб икки марказий ҳужумчи билан ўйнашни бошлайди. Танаффусдан сўнг иорданияликлар эҳтиёткорликка урғу қаратиб, кўпроқ ҳимояланишга эътибор қаратишади. Учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб ўзгармагач австралиялик ҳакам Бенжамин Уильямс экстра-таймларга мурожаат қилади.
Экста-таймларда терма жамоамиз устунликка эга бўлади, аммо таблодаги ҳисоб ўзгармайди. Экста-таймларнинг бирида "Пахтакор" стадионида чироқлар ўчиб қолади ва ўйин бир муддатга тўхтатилади. Якунда, кейинги босқичга чиққан жамоа номини аниқлаш учун "лотерея"га мурожаат қилинади.
Серияни иорданияликлар бошлаб беради ва дастлабки зарбани Анас Бани Ясин голга айлантиради. Биздан биринчи бўлиб нуқтага яқинлашган Одил Аҳмедовнинг зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтади. Иордания футболчилари иккинчи зарбани ҳам голга айлантиришади. Бизнинг иккинчи зарбамизни сардоримиз Сервер Жепаров ижро этади ва орадаги фарқни битта тўпгача қисқартиришга мувофиқ бўлади. Иордания яна гол уради, Тимур Кападзе эса фарқни яна қисқартиради. Рақиб яна бир бор ўз имкониятидан унумли фойдаланади. Кейинги зарбани ҳимоячимиз Ислом Тўхтахўжаев ижро этади ва мўлжалда адашмайди. Ниҳоят, Иордания сериядаги бешинчи зарбасида хатога йўл қўяди. Ёш Игорь Сергеев эса ҳисобни тенглаштиради - 4:4. Кейинги тўртта зарбани Акмал Шораҳмедов, Виталий Денисов, Иван Нагаев ва Санжар Турсуновлар голга айлантиришади. Рақиб ҳам бирорта хатога йўл қўймайди. Муҳаммад Ал-Дмейрининг аниқ зарбасидан сўнг терма жамоамизнинг учрашувдаги ягона голига муаллифлик қилган Анзур Исмоилов зарбани ижро этиш учун дарвоза томон келади. Исмоиловнинг зарбасини рақиб посбони осонгина бартараф этади ва Иордания терма жамоасини кейинги босқичга олиб чиқади.
ЖЧ-2014 саралаш босқичи. Плей-офф.
Ўзбекистон – Иордания – 1:1, Пенальтилар сериясида - 8:9
10.09.2013. Тошкент. “Пахтакор” стадиони. 25621 томошабин.
Бош ҳакам: Бенжамин Уильямс.
Голлар: Анзур Исмоилов, 5 – Саид Муржан, 42.
Ўзбекистон: Мурод Зуҳуров, Анзур Исмоилов, Виталий Денисов, Ислом Тўхтахўжаев, Акмал Шораҳмедов, Тимур Кападзе, Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Олег Зотеев (Санжар Турсунов, 44), Жасур Ҳасанов (Игорь Сергеев, 59), Баҳодир Насимов (Иван Нагаев, 82).
Осиё Кубоги-2019
Миллий терма жамоамиз 2019 йили БААда бўлиб ўтган Осиё Кубогида аргентиналик Эктор Купер бошчилигида иштирок этганди. "Оқ бўрилар" иккинчи саватчадан жой олишган ва қуръа натижаларига кўра Япония, Туркманистон ва Ўмон терма жамоалари бир гуруҳдан жой олганди. Дастлабки турда Ўмон Элдор Шомуродовнинг сўнгги дақиқалардаги голи эвазига таслим этилган бўлса, иккинчи баҳсда қўшниларимиз Туркманистон йирик 4:0 ҳисобида мағлуб этилганди. Гуруҳ босқичини якунлаб берувчи учрашувда "самурай"ларга 2:1 ҳисобида мағлуб бўлгандик. Терма жамоамиз 6 очко билан гуруҳда иккинчи ўринни эгаллашган ва "B" гуруҳида иккинчи ўринни банд этган амалдаги чемпион Австралия терма жамоаси билан чорак финалда тўқнаш келганди.
Чорак финал баҳси Ал-Айн шаҳридаги "Ҳалифа Бин Зайд" стадионида бўлиб ўтади. Купер шогирдлари биринчи бўлимда кўпроқ устунликка эга бўлишига қарамай, иккинчи бўлимда австралияликлар ҳам ўйинга зўр беришади. Асосий вақт ва экстра-таймларда ҳисоб очилмайди. Шундай қилиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритадиган жамоа номини аниқлаб бериш учун яна ўша "лотерея"га мурожаат этилади.
Австралиялик Марк Миллиган серияни бошлаб беради. Дарвозабонимиз Игнатий Нестеров тўп йўналиши тўғри топади, аммо зарбани тўлиқ бартараф эта олмайди. Ярим ҳимоячимиз Отабек Шукуров терма жамоамизнинг дастлабки зарбасини ижро этади ва кучли зарба билан Мэтью Райанни доғда қолдиради. Австралия терма жамоаси қанот ҳимоячиси Азиз Бехичнинг зарбасига Нестеров тўсқинлик қилади. Терма жамоамизда серияда олдинга чиқиб олиш учун ажойиб имконият пайдо бўлади ва Ислом Тўхтахўжаев навбатдаги зарбани амалга оширади. Тўхтахўжаев кучли зарба билан дарвоза марказига зарба беради, бироқ тажрибали Мэтью Райан ўз ўрнида қолади ва кучли зарбани тўхтатиб қолади. Робби Круз яна Австралияни олдинга олиб чиқади, Крузнинг зарбаси Икром Алибоев аниқ зарба билан жавоб қайтаради - 2:2. "Яшил қитъа" вакилларининг тўртинчи зарбасини Апостолус Янноу голга айлантиради. Терма жамоамизнинг тўртинчи зарбасини Марат Бикмаев ижро этади. Бикмаев чап бурчакка аниқ зарба билан йўллайди, аммо Райан зарбани қайтаради ва ўз терма жамоасини кейинги босқичга олиб чиқади.
"Пенальтилар серияси бу лоторея" - дея фикр билдирган эди терма жамоамиз собиқ бош мураббийи Эктор Купер ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
Осиё Кубоги-2019. 1/8 финал
АВСТРАЛИЯ - ЎЗБЕКИСТОН 0:0, пенальтилар серияси - 4:2.
21 январь 2019. Ал-Айн. "Халифа бин Зайд" стадиони.
Бош ҳакам: Абдулраҳмон Иброҳим Ал-Жассим (Қатар)
Австралия: 1.Мэтью Райан, 2.Милош Дегенек, 4.Грант Райан, 5.Марк Миллиган, 9.Жейми Макларен (14.Апостолос Янноу, 75), 15.Крис Икономидис (10.Робби Круз, 96), 16.Азиз Бехич, 20.Трент Сейнсбери, 21.Авер Мабиль (7.Мэтью Леки, 68), 22.Жэксон Ирвин, 23.Том Рогич (8.Массимо Луонго, 111)
Захира: 12.Митчелл Лангерак, 18.Даниэль Вукович, 3.Алекс Герсбах, 6.Мэтью Юрман, 11.Эндрю Наббут, 13.Жеймс Жегго, 17.Мустафо Амини, 19.Жош Рисдон
Ўзбекистон: 1.Игнатий Нестеров - 6.Даврон Ҳошимов, 5.Анзур Исмоилов, 20.Ислом Тўхтахўжаев, 13.Олег Зотеев (4.Фаррух Сайфиев, 105) - 19.Отабек Шукуров, 9.Одил Аҳмедов, 22.Жавоҳир Сидиқов (8.Икром Алибоев, 73) - 11.Жалолиддин Машарипов, 17.Достон Ҳамдамов (16.Азиз Турғунбоев, 107), 14.Элдор Шомуродов (10.Марат Бикмаев, 104).
Захира: 12.Санжар Қувватов, 21.Ўткир Юсупов, 2.Акмал Шораҳмедов, 3.Достон Турсунов, 15.Егор Кримец, 23.Одил Ҳамробеков, 18.Фозил Мусаев, 7.Сардор Рашидов.
Энди навбат Катанец жамоасига
Ўтган йили Қатар майдонларида бўлиб ўтган 18чи Осиё кубоги аслида 2023 йил ёзида Хитойда ўтказилиши керак эди, аммо пандемия туфайли Чин юрти мусобақа мезбонлигидан воз кечганди. ОФК 2022 йил октябрь ойида мусобақа ўтказиш ҳуқуқини Қатар қўлга киритганини эълон қилди. Шунингдек, қитъа биринчилиги ёзда эмас, қишга кўчирилди. Ўзбекистон яна иккинчи саватчадан ўрин эгаллади ва қуръа натижаларига кўра Сурия, Австралия ва Ҳиндистон терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олди. Мусобақадаги дебют баҳсида терма жамоамиз Сурия билан нурсиз дуранг қайд этди. Иккинчи турда эса Ҳиндистон 3:0 ҳисобида таслим этилди. Сўнгги турда эса Австралия билан дурангга имзо чекдик. Нимчорак финалдаги рақибими "F" гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган Таиланд бўлди. Азиз Турғунбоев ва Аббосбек Файзуллаевларнинг голлари эвазига Таиландни 2:1 ҳисобида мағлуб этган терма жамоамиз чорак финалда мезбон ва амалдаги чемпион Қатар билан тўқнаш келди.
"Ал Байт" стадионида ўтказилган баҳсда мезбонлар дастлабки голга муаллифлик қилишади. Учрашувнинг 26-дақиқасида Қатар терма жамоаси сардори Ҳасан Ал-Ҳайдос ўнг қанотдан тўпни жарима майдончасига узатади, тўп эса рикошет орқали ўз йўналишин ўзгартиради ва дарвозамиздан жой олади - 0:1. Дарвозабонимиз Ўткир Юсупов кутилмаган зарбани қайтара олмайди. 37-дақиқада ўз қанотидан ажойиб рейд амалга оширади ва тўпни жарима майдончасига йўллайди, Азизбек Турғунбоевнинг дарвоза томон йўллаган кучли зарбасини Қатар ҳимоячиси Муҳаммад Ваад Ал Баяти қайтариб қолган эди. Иккинчи бўлимнинг 59-дақиқасида ярим ҳимоячимиз Одилжон Ҳамробеков майдон марказидаги ҳужумдан сўнг рақиб дарвозаси томон зарба беради ва рақиб дарвозабони Мешал Баршамни доғда қолдирган ҳолда мувозанатни тиклайди. Асосий вақтнинг қолган қисмида таблодаги ҳисоб ўзгармайди ва жамоалар 15 дақиқалик яна иккита қўшимча таймларга мурожаат қилишади.
Пенальтилар сериясини бошлаб бериш терма жамоамиз етакчиси Отабек Шукуров зиммасига юклатилади. Шукуров кучли зарбаси билан сериядаги ҳисобни очиб беради - 1:0. Қатарликлардан эса тўпга биринчи бўлиб Акрам Афиф яқинлашади. Афиф ҳам ўз имкониятидан унумли фойдаланади ва сериядаги ҳисобни тенглаштиради. Терма жамоамизнинг иккинчи зарбасини Рустам Ашурматов ижро этади, бироқ Ашурматовнинг зарбасини Баршам бартараф этади. Қатарнинг иккинчи зарбасига Алмоез Али муаллифлик қилади ва Алининг зарбасини Ўткир Юсупов тўсади. Учинчи зарбамиздан Шохбоз Умаров унумли фойдаланади ва ҳисоб яна биз фойдамизга ўзгаради. Амалдаги чемпионларнинг навбатдаги зарбасини ҳимоячи Ал Маҳди Али Муҳтор ижро этади ва унинг кучли зарбаси ўта ноаниқ бўлгани сабабли дарвоза тўсини устидан ўтиб кетади. Мана шу вазиятда терма жамоамизда пенальтилар сериясида ғолиб бўлиш учун ажойиб имконият пайдо бўлади. Кейинги зарбани ёш футболчимиз Зафармурод Абдираҳматов йўллайди, пенальтини ўзгача услубда ижро этиш услубига эга ҳимоячимизнинг зарбасини Баршам бартараф этади. Кейинги зарбанинг ўзидаёқ Султон Ал Бурайк ҳисобни тенглаштиради - 3:3. Кейинги зарбани йўллаш учун Жалолиддин Машарипов дарвоза томон келади. Машариповнинг дарвоза ўртасига йўллаган зарбасини Мешал Баршам ўрнидан қимирлаган ҳолда қайтаради. Ушбу зарба кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Энди эса барчаси Қатар терма жамоасининг кейинги зарбасига боғлиқ эди. Мезбонлар гол уришса ярим финал босқичига йўл олишар, агар Юсупов зарбани қайтарса серия давом этиши керак эди. Лекин Қатар терма жамоаси аъзоси Педро Корреа ажойиб зарбаси билан Қатарни ярим финалга олиб чиққанди. "Оқ бўрилар" яна бир маротаба "лотерея"дан сўнг ўйга жўнаб кетадиган бўлишди.
Осиё Кубоги-2023. 1/4 финал.
“Ал-Байт” стадиони, Ал-Ҳор шаҳри
03.02.2024
ҚАТАР – ЎЗБEКИСТОН 1:1, пенальтилар серияси 3:2.
Гол: 27 - Ўткир Юсупов (автогол ), 59 - Одил Ҳамробеков
Бош ҳакам: Ким Xи Гон (Жанубий Корея)
Ўзбекистон: 1. Ўткир Юсупов, 4. Фаррух Сайфиев ( Зафармурод Абдираҳматов, 99), 5. Рустам Ашурматов, 7. Отабек Шукуров, 9. Одил Ҳамробеков, 10. Жалолиддин Машарипов (с), 11. Остон Ўрунов (Шохбоз Умаров, 74), 15. Умар Эшмуродов, 19. Азизбек Турғунбоев (Муҳаммадқодир Ҳамралиев, 106), 22. Аббосбек Файзуллаев ( Хожимат Эркинов,114), 18. Абдулла Абдуллаев.
Захира: Абдувоҳид Неъматов, Ботирали Эргашев,Бобир Абдихолиқов, Жамшид Болтабоев, Жамшид Искандеров, Азиз Амонов, Ҳожиакбар Алижонов, Диёр Холматов .
Қатар: 22. Мешал Баршам, 2. Педро Корреа, 3. Ал Маҳди Али Муҳтор, 4. Муҳаммад Ваад Ал Баяти (18. Султон Ал Бурайк, 108), 12. Лукас Мендес, 5. Тариқ Салмон , 10. Ҳасан Ал Ҳайдос (Ҳолид Мазии, 54), 11. Акрам Афиф, 19. Алмоез Али, 20. Аҳмад Фатҳи (23. Мустафо Тариқ Машал, 103) Абдулла, 24. Жасс
Похожие новости

Комментарии