Суперлига энг яхши ёш футболчиларидан иборат рамзий терма жамоа. Деярли ярми "Олимпик"дан
08 июл 2022 14:11
Новости
Суперлига энг яхши ёш футболчиларидан иборат рамзий терма жамоа. Деярли ярми "Олимпик"дан
Ўзбекистон чемпионатининг биринчи давра баҳслари ниҳоясига етди. Жамоаларга бир ойлик танаффус берилди. Шундай экан, ҳозир хулосалар чиқаришнинг айни вақти.
"Championat.Asia" сайти таҳририяти Суперлиганинг энг яхши ёш ўйинчилари рамзий термасини тузиб чиқди. Таркибга 21 ёшдан катта бўлмаган, бу мавсум элитада ўзи учун дебют ёки иккинчи йилини ўтказаётганлар киритилди. Шу сабабли, рўйхатда масалан, Ҳусайн Норчаев каби ўйинчилар йўқ. У 3 йилдан буён "Насаф" шарафини ҳимоя қилади ва ҳаттоки, Ўзбекистон термасига ҳам чақирилган.
Владимир Назаров, 20 ёш ("Олимпик")
Рамзий терма жамоадан "Олимпик"нинг қатор ўйинчилари ўрин олган. Улардан биринчиси — Владимир Назаров. Посбон бу мавсум етти ўйин (биттаси - "қуруқ") ўтказди ва 6та тўп ўтказиб юборди. Эҳтимол, натижалар унчалик зўр эмасдир, аммо Назаров Осиё Кубоги U-23 мусобақасидаги ўйинлари билан кўпчиликнинг ёдида қолгани аниқ.
Владимир Ўзбекистон терма жамоаси финалгача чиқишида катта ёрдам берди. Чорак финалда Ироқ термасига қарши баҳсда ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида қаҳрамонга айланди, японларга қарши ярим финал учрашувида эса бир нечта қийин сейвларни амалга оширди. Турнирдан кейин "Олимпик" мураббийи Тимур Кападзе Назаровга бироз дам берди.
Саидазамат Мирсаидов, 20 ёш ("Олимпик")
Мирсаидов — "Олимпик"нинг асосий ўнг қанот ҳимоячиси. У жорий мавсум Суперлиганинг 12 ўйинидан 10тасида майдонга тушди (9тасида — асосий таркиб), Ўзбекистон Кубогининг 2 баҳсида ўйнади. Саидазамат ҳам худди Назаров каби Осиё Кубоги U-23да ёшлар жамоасининг бир бўлаги бўлди. Турнирда 6 учрашувнинг 4тасида майдонга тушди, ҳужумда яхши ўйнади, ҳимояда эса ишончли ҳаракат қилди.
Муҳаммадқодир Ҳамралиев, 20 ёш ("Олимпик")
"Олимпик"да Муҳаммадқодир Ҳамралиев ҳам ўз ўрнини топа олди. Ўтган мавсум Самарқанднинг "Динамо" клубида ўйнаган ва бу йилдан "Олимпик" мудофаа чизиғининг етакчиси саналади. У жорий мавсум Суперлиганинг 12 баҳсидан 11тасида ва мамлакат кубогининг 2 учрашувида иштирок этди. Муҳаммадқодир чемпионат доирасида "Бунёдкор"га қарши баҳсда (5:1) голли пас берди, "Насаф" билан учрашувда эса (2:2) гол уришга муваффақ бўлди.
Ҳамралиев Осиё Кубоги U-23 6та ўйинида майдонга тушди (5таси асосий таркибда). У ҳар ўйинда узатмалар сони (45) ва уларнинг аниқлиги (87%), шунингдек, ютилган яккакураш (65%) ва ҳавода ютилган курашлар (78%) сони бўйича яхши натижалар қайд этди.
Алибек Давронов, 19 ёш ("Насаф")
Давронов ўтган мавсум "Насаф"да дебют қилган, лекин ҳозир жамоанинг асосий ўйинчиси ҳисобланади. Марказда ҳам, ҳимоя чизиғининг чап қанотида ҳам бирдек ўйнай оладиган 19 ёшли ҳимоячи Суперлиганинг 10та, ОФК Чемпионлар Лигасининг 5та баҳсида "Насаф" шарафини ҳимоя қилди. У деярли ҳар сафар илк дақиқаданоқ учрашувни бошлади. Алибек Осиё Кубоги U-23нинг тўрт ўйинида майдонга тушиб, Қатарга қарши баҳсда (6:0) голли пас берди.
Достонбек Турсунов, 21 ёш ("Олимпик")
Турсунов ҳам универсал футболчи — икки позицияда, ҳимоя маркази ва чап қанотида ҳаракатлана олади. У "Олимпик"да ҳам, Ўзбекистон ёшлар термасида ҳам кўпроқ мудофаа қанотида ўйнайди. Достонбек "Олимпик"нинг 8та ўйинида, Осиё Кубоги U-23 мусобақаси 5та баҳсида иштирок этди. Унинг турнирдаги статистикаси: 0,3 муҳим узатмалар, 57% ютилган яккакурашлар ва ҳар ўйинда ўртача 3 марта тўпни рақибдан олиб қўйишга тенг бўлди. Қанот ҳимоячиси учун яхши кўрсаткич.
Абдурауф Бўриев, 19 ёш ("Олимпик")
Бўриев — Осиё Кубоги U-23да Ўзбекистон ёшлар термасининг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлди. У жамоа ўйинини боғлади, ҳужумларни бошлаб берди ва ҳимояда ишончли ўйнади. Абдурауф рақибдан тўпни олиб қўйиш (22) бўйича энг яхшилар қаторидан жой олди, тўпни илиб кетиш (41) бўйича эса мутлақ рекордчи бўлди. Шунингдек, унинг ҳисобида ҳар ўйин учун ўртача 69% ютилган яккакурашлар ва 80% муваффақиятли алдаб ўтишлар бор.
Суперлигадаги иштироки ҳақида гапирадиган бўлсак, таянч зона вакили Бўриев "Олимпик"нинг 7та баҳсида майдонга тушиб, 1та гол урди. Ўзбекистон Кубогининг 3 учрашувда ўйнади ва 1та голли узатма қайд этди. Агар Абдурауф шундай ўйнашда давом этса, бир неча йил ўтиб, мамлакат термасида ўйнаш эҳтимоли юқори бўлади.
Умарали Раҳмоналиев, 18 ёш ("Бунёдкор")
"Бунёдкор" мавсумда катта муаммоларни бошдан ўтказди. Жамоа ҳозир Суперлигада 7-ўринни банд этиб, етакчидан 8 очкога ортда қолмоқда. Агар Умарали Раҳмоналиев бўлмаганида, у ҳолда "Бунёдкор" турнир жадвалининг бундан ҳам қуйи поғонасида бўларди десак, муболаға бўлмайди.
18 ёшли марказий ярим ҳимоячи 5та гол урди — ҳужумчи Иброҳим Томива ҳам худди шунча гол урган. Раҳмоналиев ёш бўлишига қарамай, унга пенальти тепиш масъулиятини ишонишмоқда. У "Бунёдкор"нинг 10 учрашувида ҳар сафар асосий таркибда ўйинни бошлади. Охирги, "Пахтакор"га қарши баҳсда Умарали дубль қайд этди ва жамоаси ғалаба қозонишида каттагина ҳисса қўшди (3:2). Айнан Раҳмоналиевни Суперлига биринчи давра учрашувларининг асосий кашфиёти десак адашмаймиз.
Ҳислат Ҳалилов, 18 ёш ("Сўғдиёна")
Ҳислат Ҳалилов ҳам ўзини яхши томондан кўрсата олди. "Сўғдиёна" сафида у барча турнирларни инобатга олсак, 10та ўйинида иштирок этди, 3та гол урди ва 1та голли пас берди. Ҳислатнинг айниқса, "Қўқон" дарвозасига урган голи чиройли чиқди: у жарима майдони бурчагида тўпни эгаллаб, ҳимоячини алдаб ўтди ва чап оёғида кучли зарба билан яқин бурчакни нишонга олди. Урилган голдан кейин Жасур Ҳасанов футболчини урган голи билан табриклади.
Отабек Жўрақўзиев 20 ёш(«Олимпик»)
Жўрақўзиев — "гол + пас" тизими бўйича "Олимпик"нинг энг яхши ўйинчиси. Барча турнирлар бўйича унинг ҳисобида 4та гол ва 3та ассист бор. Отабек Осиё Кубоги U-23 мусобақасининг 4 ўйинида майдонга тушди ва 1та гол урди (Эрон дарвозасига, 1:1). Отабекнинг тезлиги ва майдонни кўра олиш қобилияти айниқса, кучли. Шу билан бирга, у тўпга қизғанчиқ футболчи эмас. Бу камдан-кам ўйинчида учрайдиган хислат.
Аббосбек Файзуллаев, 18 ёш ("Пахтакор")
"Пахтакор"да ҳам янги ёш юлдуз пайдо бўлди. 18 ёшли Аббосбек Файзуллаев ҳозирча асосий таркибдан кўп жой олмаса-да, анча қизиқ ўйин кўрсатмоқда. Осиё Чемпионлар Лигаси доирасида "Ал-Таавон" билан баҳсда (5:4) у жарима майдончаси ташқарисидан кучли зарба йўллаб, ҳисобига гол ёздириб қўйди. Аббосбекнинг яна бир голи "Бунёдкор"га қарши учрашувга (2:3) тўғри келди — ўшанда Файзуллаев бурчакдан Фарруҳ Сайфиев узатган тўпни дарвозага аниқ йўллаган эди.
Осиё Кубоги U-23да Файзуллаев Ўзбекистон термасининг энг ёш вакили эди. У асосан захирадан майдонга туширилса-да, мусобақанинг барча олти ўйинида иштирок этди. Шунингдек, Аббосбек турнирнинг энг ёш ўйинчилари қаторига киритилди — рўйхатнинг биринчи поғонасида австралиялик Жошуа Роулинс, у Файзуллаевдан ярим ёшга кичкина.
Русланбек Жиянов, 21 ёш ("Олимпик")
Марказий ҳужумчи сифатида Русланбек Жияновни танладик. Аслини олганда, у ҳужумнинг исталган нуқтасида ўйнай олишини кўрсатиб берди. Жияновнинг бенефиси "Бунёдкор"га қарши ўйинда юз берди. Ўша баҳсда Русланбек ҳисобига гол ва ассист ёздириб қўйди. Жияновнинг голи айниқса чиройли чиқди: у рақибини алдамчи ҳаракатлар билан чалғитиб, яқин бурчакка ақлли зарба берди.
https://youtu.be/Qkeomm5MJp8?t=202
Умуман олганда, техника — Жияновнинг энг кучли қуроли ҳисобланади. Осиё Кубоги U-23да у захирадан майдонга тушиб, ҳар сафар Ўзбекистан термасининг олдиндаги ҳаракатлари, ҳужумларига кескинлик, қўшимча куч бера олди. Қатар билан учрашувда у голлардан бирига муаллифлик қилди. Қизиғи, бу тўп Русланбек "Бунёдкор" дарвозасига йўллаганига жуда ҳам ўхшаб кетди. ВИДЕО
Мураббий - Тимур Кападзе, 40 ёш ("Олимпик")
Суперлиганинг энг яхши ёш футболчилари устози ҳам мос равишда ёш бўлиши керак эди. Табиийки, бу борада Тимур Кападзе яққол фаворит. "Олимпик" унинг қўл остида "Пахтакор" (1:1), "Сўғдиёна" (1:1) ва "Насаф"дан (2:2) очко олди. Бундан ташқари, "Бунёдкор" (5:1) ва АГМК каби жамоаларни таслим этди (1:0). Ҳозирга келиб, "Олимпик" турнир жадвалининг саккизинчи поғонасини банд этиб турибди. Transfermarkt маълумотларига кўра, жамоа таркибининг умумий нархи бўйича Суперлига вакиллари ичида пастдан учинчи — 4,2 млн евро.
Шунингдек, Кападзе Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидаги меҳнати учун ҳурматга лойиқ ҳисобланади. Осиё Кубогида U-23 жамоа финалга қадар етиб борди ва муросасиз курашда Саудия Арабистонига имкониятни бой берди (0:2). Бутун мусобақа давомида, рақиб ким бўлишига қарамай, Тимур Тоҳирович шогирдлари ҳужумкор ва қизиқарли ўйин намойиш қилишди.
Комментарии