RU

Последние новости

19:13УEФА Суперкубоги ўйинини ким бошқариши маълум  0 18:49Погбанинг акаси Бельгиянинг учинчи лигасида ўйнайди  4 18:25"Бунёдкор" собиқ бош мураббийи Парижда ўғриликка учради  7 18:01"Шўртан" учта трансферни амалга оширди  3 17:39"Ланс" "Челси" собиқ ҳимоячиси билан битим тузди. У Ҳусановга рақобатчи бўлади  3 17:15Тер Штеген – "Барса"да сардорлик учун асосий номзод  2 16:48"Хоразм" бир қатор футболчиларни сафига қўшиб олди  4 16:28"Манчестер Сити" янги мавсум учун захира либосини тақдим этди  1 15:59ФИФА Олимпиада ўйинларидаги воқеаларни текшириш учун эксперт тайинлади  1 15:34Тимур Кападзе: "Мисрнинг кучли томонлари ва имкониятларини яхши биламиз"  9 15:12Иброҳимҳалил ОТЖ лагерини тарк этди, унинг ўрнига бошқа ўйинчини қўшиш мумкинми? Кападзе жавоб берди  26 14:59"Манчестер Юнайтед" Уан-Биссакани Дюмфрисга алмаштирмоқчи  4 14:37Париж-2024. Ўзбекистон Мисрга қарши қандай либосда майдонга тушиши маълум  9 14:15АПЛ клублари "Лион" ҳимоячисига даъвогар  1 13:50Симонс "Лейпциг" ва "Бавария"дан бирини танлади  1

Супери бўлмаган лигамизда нима гаплар? Новости

Супери бўлмаган лигамизда нима гаплар?

Даража жиҳатдан иккинчи поғонада турадиган чемпионатимиздаги вазият ҳақида мулоҳаза қилиб кўрамиз.

Ёз чилласида авжига чиққан серқуёшимиз кўча-куйда ўз юмуши билан саргардон юрган одамларни аяб ўтирмаяпти. Осмонга қиё боқиб, булутларни фақатгина тасаввур қилиш мумкин. Биз Абдуллажону, кичкина табиб эмасмизки, борига кўникишга мажбурмиз. Айниқса, шундай об-ҳавода тўп тепишнинг ўзи бўлмайди. Про-лига клублари бир муддат таътилга чиқиб, сўнгра августда старт оладиган навбатдаги тур ўйинларига тайёргарликни бошлаб юборишди. Тўғри, кўпчилигимиз зангори экранларида намойиш этилган тақдирда ҳам ушбу мусобақага рўйхушлик билдирмаймиз, истиқомат қилаётган ҳудудимизга тегишли клубнинг натижаларига қизиқиш билдиришимиз мумкин. Бироқ мазкур лигани кузатиб бораётган мухлислар ўйинлар эсноқни келтирадиган даражада эмаслигини сезишлари мумкин. Сабаби, Про-лигада ҳам Суперлигада иштирок этишга арзигулик, ҳатто улар билан тенгма-тенг рақобат қила оладиган жамоалар топилади. Қолаверса, баъзи ўйинлар орқали еврофутболдаги шедевр голларнинг Ўзбекистондаги нусхасини кўриш имкониятига эга бўлишингиз мумкин. Тўғри, чемпионатдаги рақобат оғизни ланг очадиган даражада ҳайратланарли эмас, шунга қарамасдан, баъзи тўқнашувлар классикодан қолишмайди. Келинг, ниҳоясига етган 13 турдан сўнг етакчи жамоалардаги вазият ҳақида тўхталиб ўтамиз.


"Турон"


Ўзининг майдони-ю, тузилмаси билан унча-мунча жамоаларга ўрнак бўла оладиган яйпанликлар юқори элитага қайтиш учун муносиб ўйин кўрсатишмоқда. Анвар Бердиев шогирдларига ҳозирги ҳолатда қўшни андижонликлар бошоғриқ бўлиши мумкин. Биринчи даврада ўз майдонида аламли мағлубиятни қабул қилиб олган "Турон" иккинчи даврадаги ўзаро қарама-қаршиликда тиш-тирноғи билан шай ҳолатда кураш олиб борса, ажабмас. 13 ўйиннинг атиги учтасида очко йўқотган жамоанинг голларига назар солсак, уларнинг нақ ярми стандарт ва қанотдан оширилган тўплар эвазига киритилганининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Аксар ўйинларда 11 метрлик нуқта жамоа жонига оро кирган бўлса, ўтказиб юборилган голларнинг 1/3 қисми ҳам (3 та) айнан пенальтига тўғри келади. Қолаверса, голларнинг "додаси"ни кўнглингиз тусаб қолса, яйпанлик йигитларга мурожаат қилаверишингиз мумкин, улар Жуниньонинг зарбасини ҳам, шарҳловчини вой-войлатадиган даражада Бэйлнинг Чемпионлар лигаси финалида "Ливерпуль" дарвозасига киритган тўпининг ўзбекча версиясини ҳам кўрсатиб бера олишади.

Тўпурар — Ҳумоюн Муртозаев

Ҳумоюн нафақат жамоанинг, балки Про лиганинг энг кўп таблода исми қайд этилган футболчиси бўлиб турибди. Барча учрашувларнинг 1/4 қисминига тўлиқ ўтказган бўлса-да, яйпанликлар ҳужумчиси 11 бор рақиб дарвоза тўрларининг тўп билан калтакланишига сабабчи бўлган. 10-рақамли либосда тўп тепадиган форвард жамоасининг кўпгина ўйинларида ҳал қилувчи голлар муаллифига айланди. Қолаверса, Ўзбекистон кубоги баҳсларида ҳам учта гол уришга муваффақ бўлди. Трансфер ойнаси вақтида Суперлига клублари Муртозаевни ўз қармоғига илинтириб кетмаса, "Турон" ҳужумчиси Про лиганинг "Олтин бутса"сини қўлга киритиш учун жон-жаҳдини беради.

Тайёргарлик

Про-лига жамоалари танаффус даврида кондиционер остида ширин тушлар кўриб ўтирганича йўқ. Олови қайнаган қуёшнинг очиқ ҳавода кабоб тайёрласа бўладиган даражадаги ҳароратига қарамай, жамоалар Суперлигадаги ҳамкасблари сингари йиғинларни аллақачон бошлаб юборди. Анвар Бердиев шогирдлари 6 июлдан Тожикистонда машғулотларни бошлади. Жамоа сафига Сергей Морозов (ҳимоячи, Россия), Денис Островский (ҳимоячи, Украина) ва Арислан Юсупбаев (ярим ҳимоячи, Нукус) кўрикдан ўтиш учун келиб қўшилди.

Йиғиннинг иккинчи қисми пойтахтда давом эттирилди. Унда жамоа "Локомотив" (1:2)га қарши назорат учрашувида майдонга тушди.  Ёзги ўқув-йиғин машғулотлари 19 июль санасидан бошлаб Яйпан шаҳрига кўчди. 24 июль куни "Навбаҳор" билан нурсиз дурангга имзо чеккан жамоа эндиликда "Қўқон-1912" билан тўқнаш келади.

Бўлажак Про-лига ўйинлари

"Турон" — "Зомин"

"Андижон" — "Турон"

"Турон" — "Янгиер"


"Андижон"

"Андижон" ҳам ўзидан юқорироқда жойлашган клуб сингари қанотлар орқали, шунингдек, стандартлардан гол уришни яхши кўради. Жамоа киритган голларнинг ярмидан кўпи айнан қанотлар орқали узатмалар ҳамда бурчак ва жарима зарбаларининг ижро этилиши натижасида киритилган. Кумиков шогирдлари иккинчи қаватда қушдай парвоз қилади, бош билан гол уриш борасида керак бўлса, "Турон"га ҳам дарс бериб қўя олади. Водий жамоаси прессинг борасида ҳам рақибларини юрак ҳовучлашга мажбур қила олади. Бироқ марказдан узатилган паслар орқали бошланган ҳужумлардан нисбатан кўпроқ азият чекишган. Про лигада энг кам мағлубиятга эга бўлганига, қолаверса, бирничи даврада "Турон" майдонида ғалаба қозонганига қарамай, андижонликлар иккинчи поғонани эгаллаб туришибди. "Бургутлар" ҳам қайта-қайта томоша қилишга арзигулик голлар киритишни уддалайди, жумладан, мана бу гол беш карра олтин тўп соҳибининг Евро-2016'да Венгрия дарвозасига киритган тўпига жуда ўхшаб кетади.  

Тўпурар — Шаҳбоз Эркинов

Сўнгги йилларда "Бухоро", "Қўқон-1912", "Бунёдкор" сингари жамоалардаги голлари билан жуда яхши таниш бўлган Эркинов айни дамда жамоа тўпурари бўлиб турибди. 22-рақамли либос остида тўп тепадиган ҳужумчи ўз ҳисобига 7 та голни расмийлаштиришга улгурди. Жамоаси пешқадамни таъқиб қилаётгандай, Эркинов ҳам энг юқори чўққи сари уриниб кўриши табиий.

Тайёргарлик

Қисқа таътилдан сўнг тайёргарликни 5 июлдан Дукентда бошлади. Бош мураббий ва унинг ёрдамчиси, шунингдек, легионерлар жамоага айнан Дукентда қўшилди. У ерда 15 июлга қадар машғулотлар давом эттирилди. Таркибга "Янгиер"дан Суҳроб Бердиев жалб этилди. Йиғин доирасида АГМКга қарши ўртоқлик учрашуви (1:2) ўтказилди.

Шундан сўнг футболчиларга яна икки кунлик дам берилгач, жамоанинг иккинчи босқичдаги йиғини 18-30 июль кунлари Тошкентда ўтказилмоқда. Пойтахтда "бургутлар" дастлаб "Металлург" (1:4), сўнгра "Қизилқум" (3:2)га қарши назорат баҳсида майдонга тушди. Шунингдек, 29 июль куни Тожикистоннинг амалдаги чемпиони – "Истиқлол"га қарши ҳам ўйин ўтказиш режалаштирилган.

Бўлажак Про-лига ўйинлари

"Андижон" — "Ғиждувон"

"Андижон" — "Турон"

"Машъал" — "Андижон"


"Машъал"

Юқоридаги жамоалардан фарқли ўлароқ, муборакликлар комбинацион ўйин орқали гол уришни кўпроқ хуш кўришлари аён бўлди. Рақиб жарима майдончасига кириб олган "Машъал" қарама-қарши тарафда ҳаракатланаётган жамоанинг асаб толаларини рақс туширишга мажбур қилади. Ҳужумчилар бир-бирларини яхши тушуна олишади, тушунишга имкон бўлмаган тақдирда ҳам ўзлари вазиятни ҳал қилиб қўя олишади. Бу дегани уларнинг стандарт вазиятлардан нўноқлигини англатмайди, аксинча улар чемпионатнинг прологидаёқ ўз туҳфаларини ҳадя этиб улгуришди. Бироқ "Машъал" нафақат рақиб, балки ўз жарима майдончасида ҳам кескинликни ёқтиради, бунинг оқибатида жамоа ўз дарвозасидан қабул қилишга мажбур бўлган 11 голдан учтасини айнан бир хил рақамлардан ташкил топувчи икки хонали сондан иборат жарима нуқтасидан ўтказиб юборган. Яна шунчаси эса қанотдан узатмалар натижасида содир бўлган. Тўртта голни эса рақиб жамоалар стандарт вазиятлар орқали "сюрприз" қилган. Дилявер Ваниев таътилда шогирдларига ички хотиржамликни сақлашни уқтириб қўйса керак.

Тўпурар — Микола Агапов

"Машъал" ҳужумчиси гарчи тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилмаётган бўлса-да, сермаҳсулли кўрсаткичи бўйича олдинда бормоқда, сабаби у атиги 8 ўйинда иштирок этган ҳамда Криштиану Роналдунинг либосидаги рақамига баробар тўп киритган. Шунингдек, унинг ҳисобида хет-трик бор эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Қолган ўйинларда ҳам Агапов тўлиқ иштирок этолса, эҳтимол, тўпурарлар рейтингда камбэк амалга ошириш имкониятга эга бўлиши мумкин. 

Тайёргарлик

Нигериялик бўлган собиқ футболчиси Ибе Микаел Окоро билан боғлиқ муаммо сабаб ФИФА "Машъал"га трансфер таъқиқи қўйганди. Клуб бу масалани ижобий тарафга ҳал қила олди, натижада таъқиқдан буткул халос бўлди. Дилявер Ваниев шогиртлари 1 июль куни ёзги йиғинини Муборакда бошлаб юборди. Ўн кунлик йиғин давомида жамоа машғулотларни асосан жисмоний тайёргарликга қаратди. 13 июль куни жамоа йиғинни пойтахтда давом эттириш учун Тошкенга жўнаб кетди. Ушбу масканда дастлаб АГМК (2:1), сўнгра "Сурхон" (1:2) ва "Локомотив" (0:3)га қарши назорат учрашувлари ўтказилди.  

Бўлажак Про-лига ўйинлари

"Машъал" — "Арал Самали"

"Ғиждувон" — "Машъал"

"Машъал" — "Андижон"


"Бухоро"

Бухороликлар мавсумни ёмон бошламаганди. Керагидан ортиқ дуранглар ҳамда етакчиларга қарши ўйинлардаги мағлубиятлар жамоани кучли учликдан ажратиб турибди. Жамоа стандартларни ҳаддан ортиқ яхши кўради, 18 голдан 7 таси жарима ва бурчак зарбалари натижасидда тантана қилинган. Клуб етакчиларидан бири Шавкат Саломов жаримадан гол уришни қойиллатиб қўяди ёки шерикларига аниқ етказиб бера олади. Шунингдек, бухороликлар паслар орқали ҳам ҳужумларни самарали якунлаб (шундай уринишлардан 5 таси гол билан якунланган), рақибларини бош чангаллашга мажбур эта олади. Бироқ жамоанинг мудофаа чизиғи ҳам рақиб ҳужуми чоғида меҳмондўстлик қилиб, гол ўтказиб юборишни канда қилмайди, қанотдан оширилган узатмалар (шундай уринишлардан 4 таси гол билан якунланган) ва ҳимоячиларнинг хатоси эвазига жамоа посбонлари кўп бора ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур бўлган.

Тўпурар — Рўзимбой Аҳмедов

Водий клубларидаги фаолияти орқали барчамизга таниш бўлган Аҳмедов "Бухоро" сафида ҳам ўз маҳоратини намойиш этмоқда. 22-рақамли ҳужумчи нафақат гол уриш (9 та), балки сариқ карточка билан сийланиш бўйича ҳам (4 та) илғорлар қаторида бормоқда. 

Тайёргарлик

6 июлдан бошлаб "Бухоро" ўз қароргоҳида йиғинга киришди. Таркибга "Янгиер" ҳимоячиси Асилжон Бегимқулов ва ҳужумчи Тимур Усмонов келиб қўшилди. Кейинроқ жамоа Тошкент вилоятида жойлашган Дукентга йўл олди. У ердаги йиғин 15-25 июль кунлари ўтказилди. Мазкур ўлкада "Навбаҳор" (0:0)га қарши ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. Ҳимоячи Жасур Азимов (Қизилқум), Абдухолиқ Қурбонов (Шўртан), ярим ҳимоячилар Ҳумоюнмирзо Иминов (Пахтакор), Сирож Мелиев (Янгиер) ва ҳужумчи Темур Исмоилов (Динамо) кўрикдан ўтиш учун жамоа йиғинига келиб қўшилди. Бироқ жамоа етакчиларидан бири Шавкат Саломов "Сўғдиёна" қароргоҳига жўнаб кетди. Навбатдаги ўйинни "Сурхон" ўринбосарларига қарши ўтказган Ҳаким Фузайлов шогирдлари ўзлари истаганича гол урди (8:1). Сўнгра "Нефтчи" (1:0)га қарши назорат баҳсида майдонга тушган жамоанинг охирги тўқнашуви "Қизилқум"га қарши ўтказилади.

Бўлажак Про-лига ўйинлари

"Бухоро" — "Янгиер"

"Хоразм" — "Бухоро"

"Бухоро" — "Арал Самали

5 август санасидан 14-тур баҳсларига старт берилади. Ушбу лига АПЛ ёки Чемпионшип бўлмаса ҳам бутун бошли "алданган", "хўрланган" ёки бошқа сифатларга эга кўп қисмли сериаллардан кўра роҳатлироқ бўлса бордир. Жамоалар ҳам келгусида мухлислари сони ортиши учун жозибадор ўйинларини намойиш этишига умид қилиб қоламиз.

ПРО-ЛИГА ТУРНИР ЖАДВАЛИ

Рейтинг: +6   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика