Степан Атоян: "Ўзбек футболида инфратузилма жиҳатидан катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда"
14 ноя 11:22
Новости
Степан Атоян: "Ўзбек футболида инфратузилма жиҳатидан катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда"
Фурсатдан фойдаланиб сайтимиз мухбири собиқ таниқли футболчи билан қисқа интервью ташкиллади.
- Айтингчи, сизнинг Ўзбекистонга ташрифингиздан кўзланган мақсад нималардан иборат?
- Биласиз, бу йил Ўзбекистон миллий терма жамоаси 1994 йилги Осиё ўйинларида ғолибликни қўлга киритганига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси таклифига кўра, юбилей учрашувида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келдим.
- Сиз футболчилик фаолиятингизни якунлаганингиздан сўнг ҳозирги кунда Греция давлатида яшаб келаяпсиз. Ортда қолган давр мобайнида ўзбек футболини кузатиб бораяпсизми?
- Албатта, мунтазам кузатиб бораман. Ўзим ўйнаган чемпионат, футболчилик фаолиятимнинг энг ёрқин дамлари шу ерда ўтган. Шу боисдан ҳам имконият бўлиши билан Ўзбекистон Суперлигаси доирасидаги ўйинларни кузатаман. Мана шу йилдан Фарғона давлат университетининг "ФарДУ" клуби Биринчи лигада ўйнаяпти. Жамоада дўстларим Сергей Лебедев ва Абдусамад Дўрмоновлар иш олиб боришади. "ФарДУ" иштирокидаги ўйинларни ҳам интернет тармоғи орқали кузатиб бораяпман. Бугун мана клуб қароргоҳида келдим, шароитлар ва мақсадлар жуда юқори. Бу ерда ҳақиқий футбол муҳитига гувоҳ бўлдим.
- Сиз Грецияга кетганингиздан буён ҳозирги кунда ўзбек футболида қандай ўзгаришларни сездингиз?
- Албатта, ҳозирги кунда ўзбек футболида инфратузилма жиҳатидан жуда катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Чемпионатлар ташкилотчилиги ҳам профессионал даражада. Муҳташам стадионлар, майдонлар. Барчасини ижобий баҳолаган бўлардим.
- Ўзбек футболида легионерга айланган футболчилар бор. Масалан Элдор Шомуродов, Аббосбек Файзуллаев каби. Улар ҳақидаги фикрларингиз қандай?
- Сўнги йилларда ўзбек футболчиларининг хориж клубларига трансфер қилинаётгани бу ўзбек футболининг ютуғи деб ўйлайман. Легионерга айланган футболчилар қанчалик ўзларини кўрсатишларига қараб бу жараён давомий бўлади. Элдор Шомуродов ҳақида биламан, Аббос Файзуллаевни ҳам. Мана ҳозир Францияда чемпионатида ёш футболчи Абдуқодир Ҳусанов ўйнаяпти.
- Футболчилик даврларингиз ва Ўзбекистонни соғинасизми? Қандай таассуротлар бор?
- Албатта, мен учун тарихий ва энг ёрқин хотиралар шу ерда қолган. Ҳар доим соғинаман.
Бекзод Толибов ёзиб олди.
Комментарии
Фаргонада футбол куни биз учун байрамдек Эди.
Атоянни чап оёқда жарималар дан урган голлари кечагидек ёдимда