Шуҳрат Пўлатов: “Терма жамоамиз гуруҳдаги рақиблардан бир поғона юқорида”
24 дек 2015 12:35
Новости
Шуҳрат Пўлатов: “Терма жамоамиз гуруҳдаги рақиблардан бир поғона юқорида”
Футзал бўйича ФИФА ҳаками Шуҳрат Пўлатов гуруҳдаги рақибларимиз ва терма жамоа ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Қуръа бизга омадли келдими?
- Осиё чемпионатида бўш жамоалар бўлмайди. Сабаби, барча қатнашчилар оптимал тайёргарлик билан етиб келишади. Бу сафарги қитъа биринчилигига тайёргарлик икки ҳисса кучли бўлади, чунки бу 2016 йил Колумбияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланма берувчи Осиё чемпионати. Шунинг учун ҳам ҳар бир терма жамоа мундиалга чиқишга ҳаракат қилади.
Бизнинг гуруҳга яхши жамоалар тушди, ўйлайманки мухлислар қизғин курашларга гувоҳ бўлишади.
- Гуруҳдаги рақибларимиз ҳақида нима дея оласиз?
- Охирги Осиё чемпионатининг чорак қиналида Ливан терма жамоаси билан ўйнаганмиз. Ўша ўйинни бевосита аренада кузатгандим, ливанликлар жиддий қаршилик кўрсатганига қарамай терма жамоамиз йирик 6:2 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Қирғизистон терма жамоаси билан ҳам сўнгги Осиё чемпионатида тўқнашганмиз. Гуруҳ беллашувлари доирасида ўтказилган ўйинда 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа қайд этилган. Лекин, ўйлашимча ҳозирги кунга келиб футзалчиларимизнинг даражаси ливанлик ва қирғизистонлик ўйинчилардан анча юқори. Тажриба бобида ҳам биз гуруҳда етакчимиз, Ўзбекистон ҳатто жаҳонда ҳам ўз мавқейига эга жамоа. Бугунги кунда дунёнинг етакчи терма жамоалари билан ёнма-ён жойлашишган.
Саудия Арабистонига келадиган бўлсак, бу жамоани Вьетнамда бўлиб ўтган 2014 йилги Осиё чемпионатига саралаш баҳсларидаги ўйинини бошқариб борганман. Саудия Арабистони жуда бўш жамоа. Лекин охирги пайтларда араб жамоалари чет эллик футзалчиларни олиб келиб маҳаллийлаштириб ўйнатмоқда. Ҳусусан, бразилиялик, испаниялик ўйинчиларни Қатар, Ироқ каби терма жамоаларда кўришимиз мумкин. Агар маҳаллийлаштирилган футзалчилари бўлмаса бу жамоа кучсиз. Шунга қарамай қитъанинг энг нуфузли мусобақасига ҳар бир жамоа оптимал ҳолатда етиб келишга ҳаракат қилади.
Жаҳон чемпионатига Осиёдан бешта жамоа чиқиши имкониятларни оширди. Энди нафақат ярим финалчилар, балки чорак финалда мағлуб бўлган терма жамоаларда ҳам мундиалга чиқиш имконияти сақланиб қолади. Ярим финал остонасида енгилган 4 жамоа бешинчи ўрин учун кураш олиб боради.
Терма жамоамиз финалгача етиб боради деб ўйлайман. Чунки вакилларимиз Осиёда кучли жамоалардан ҳисобланади. Вьетнамда ўтказилган Осиё чемпионатига жамоани ёш мураббий Баҳодир Аҳмедов олиб борган эди. Шунга қарамай у ўзининг футзалчилик давридаги тажрибасига суянган ҳолда йигитларни бир жамоа қилиб шакллантирди ва учинчи ўрин билан юртимизга қайтиб келишган эди.
- Терма жамоамизнинг ҳозирги ҳолатига қандай баҳо берасиз?
- Ўзбекистон терма жамоасининг ҳозирги бош мураббийи Хосе Мария Мендез тажрибали ва кучли мутахассис ҳисобланади. У Баҳодир Аҳмедов билан биргаликда кучли жамоани шакллантирмоқда деб ўйлайман. Буни йиғинларда ва ўртоқлик учрашувларида кўриб келаяпмиз. Олти ойдан буён доимий йиғинлар ва ўртоқлик учрашувлари ўтказиб келинмоқда.
- Осиё чемпионати ишлайдиган ҳакамлар орасида Ўзбекистондан вакил борми?
- Осиё чемпионатида жами 16 нафар ҳакам ишлайди. Яқиндагина Куала-Лумпурда бўлиб ўтган семинарда улар саралаб олинди. Мен ҳам ушбу семинарда иштирок этиб келдим. Қитъа биринчилигида ўзбекистонлик ҳакамлар иштирок этишмайди. Сабаби мен ишлашим керак эди, лекин жароҳат туфайли деярли бир йилни ўтказиб юбордим. Бу эса мусобақада иштирок этишимга тўсқинлик қилди. ОФК талабларига кўра Осиё чемпионати саралаш беллашувларида ишламаган ҳакамлар финал босқичида ҳам иштирок этмайди. Мен билан бирга яна бир тажрибали ҳакам ливанлик Муҳаммад Шаами ҳам жароҳат олгани боис бир йилни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Шунингдек, австралиялик ҳакам Скотт Кидсон ҳам айрим сабабларга кўра мусобақани ўтказиб юборади. Шунга қарамасдан, Тошкентга тажрибали ҳакамлар келишади.
- Ливан ва Қирғизистон терма жамоалари иштирокидаги ўйинларда кўп бор ишлагансиз. Сизнингча бу жамоаларнинг асосий кучи нимада?
- Менимча Ливан терма жамоасининг асосий кучи мураббий. Ҳозирги кунга келиб ўзгармаган бўлса, уларда испаниялик Франсиско Фернандес бош мураббий эди. Хорижлик бўлгани учун унга қўйиладиган талаб ҳам юқори бўлади.
Қирғизистон терма жамоасига ҳозирда россиялик Андрей Полховский бошчилик қилмоқда. У олдин Москванинг “Динамо” жамоасида ишлаган. Айни пайтда қирғизистонликлар Россия пойтахтида йиғин ўтказишмоқда.
Бу жамоалар бизга жиддий қаршилик кўрсатиши шубҳасиз, лекин боя таъкидлаб ўтганимдек жамоамиз улардан бир поғона юқорида.
Бош мураббийимиз Хосе Мария Мендез жуда тажрибали мутахассис. Уни бутун дунёда кучли деб ҳисоблашади ва ҳурмат қилишади.
Комментарии