Шота Арвеладзе: “ОЧЛда минимум вазифа - гуруҳдан чиқиш”
09 фев 2020 12:23
Новости
Шота Арвеладзе: “ОЧЛда минимум вазифа - гуруҳдан чиқиш”
Бош мураббий Шота Арвеладзега жамоа сардори Егор Кримец ҳамроҳлик қилди.
“Биринчи навбатда янги мавсум билан барчани табриклайман. Албатта ОЧЛни ўз майдонимизда бошлаймиз. Бу мусобақа биз учун, Ўзбекистон учун жуда муҳим. Гуруҳимиз қандай эканлигини биласизлар. Ўз ўйинимизни кўрсатишга уринамиз. Айниқса дастлабки икки турни ўз майдонимизда ўтказишимиз балки қандайдир устунлик берар. Эртага мухлислар келиб бизни қўллаб қувватлашади деб ўйлайман”, - дейди Шота Арвеладзе.
“Мен ҳам янги мавсум билан футбол жамоатчилигини табриклайман. Эртага ўйлашимча қизиқарли ўйин кутиб турибди. Илк ўйин уйда эканлиги яхши. Ўтган йилги ОЧЛда қилган хатолар устида ишладик”, - дейди Егор Кримец.
- Раҳбарият клуб олдига ОЧЛда қандай вазифа қўйди?
- Гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилди.
- Жамоанинг жисмоний ҳолати ҳозир қандай?
- Бир жамоа тонусга кириб олиши учун 10та ўйин керак бўлади. Ҳозирга қадар 4та ўртоқлик учрашуви ўтказдик.
- Рақиб ҳақида нима дея оласиз?
- Кучли жамоа. Айниқса ҳужум чизиғи кучли. Айни пайтда БАА чемпионатида пешқадам бўлиб турибди. Футбол ўйнашни яхши кўришади. Таркибида испаниялик, аргентиналик ва бразилиялик легионерлари бор. Бундан ташқари “Шабаб Ал Аҳли” ўз сафига Азиз Ғаниевга қўшиб олди.
- Эртанги баҳсга ҳамма тайёрми?
- Сидиқов, Комилов ва Абдуллаев каби футболчилардан ташқари қолганлар эртанги ўйинга тайёр. Бу ўйинчилар тахминан бир ойлардан кейин майдонга туша бошлашса керак.
- Эртага жамоа ҳужумкор ўйнайдими?
- “Пахтакор” ўзи биладиган ўйинни намойиш этади. Ўйин давомида ўз услубимиздан чекинмоқчи эмасмиз.
- Жамоада бир нафар осиёлик легионер учун жой қолган.
- ОЧЛ учун заявка қилиш вақти тугади. Балки иккинчи давра олдидан ўйлаб кўрармиз.
- Рақиб сафида сиз ҳимоячиларга бош оғриқ бўладиган қайси ҳужумчиларни ажратиб кўрсата оласиз?
Егор Кримец: - Айнан бир футболчини ажратиб кўрсата олмайман. Лекин бош мураббий айтганидек кучли легионерлари бор. Уларга қарши яхши ўйнай оламиз деб умид қиламан.
- Эрен Дердийок жамоага қандай қўшилиб кетди?
Егор Кримец: - Эрен жуда яхши йигит. Дастлабки кунларданоқ жуда ҳам яхши суҳбатдош эканлигини билдик. Шунчаки ўйиндаги ўзаро тушунишни йўлга қўйиб олишимиз даркор.
Эслатиб ўтамиз, "Пахтакор" - "Шабаб Ал Аҳли" учрашуви 10 февраль куни соат 16:00да "Пахтакор" стадионида бошланади.
Комментарии