RU

Последние новости

20:47"Милан" ПСЖга таклиф билан чиқди  0 20:16Россия термаси учун яна бир рақиб топилди  1 19:54Пеп Гвардиола: "Таслим бўлмайман"  1 19:36Флик ва Деку Леау трансферига ишонишмаяпти, аммо Лапорта уни сотиб олмоқчи  0 19:06Суперлигага қайтган "Бухоро" Қулматовни ўз сафига қўшиб олди  3 18:55"Барселона" Ольмо ишини ҳал қилиш учун ЛаЛигага VIP жойлар ҳужжатини юборди  1 18:36Шуҳрат Муҳаммадиев "Насаф" билан янги битим имзолади  0 18:02Катта эҳтимол билан АПЛни "Ливерпуль" ютади  6 17:15"Барселона" яна Ольмога ваъда беришни бошлади  0 16:35"Реал" клублар ўртасидаги ЖЧдан қанча пул ишлаб олиши мумкин?  9 16:14"Ланс" етакчисини 15 млн еврога сотмоқда  3 15:58Балотелли январь ойидаёқ "Женоа"ни тарк этиши мумкин  2 15:44Винисиус "Реал"дан Мбаппе даражасидаги маош талаб қилмоқда  8 15:00Championat.asia ходимлари томонидан йил давомида эълон қилинган мақолалар  5 14:30"Ливерпуль" ҳимоячиси "Реал"га ўтмоқчи  5

Сармоя самараси қани? Новости

Сармоя самараси қани?

Муайян бир трансфернинг нечоғли омадли чиққани ёки беҳудалиги маълум муддат, лоақал битта тўлиқ мавсумдан кейин ойдинлашади.

Лекин хариднинг муваффақиятли эканлигига шубҳа уйғониши учун бир неча ой етарли. Soccer.ru сайти айнан  охирги трансферлар мавсумида амалга оширилган келишувларга назар солиб,  улар орасидан шундай шубҳа уйғота бошлаганларини аниқлади.

Генрих Мхитарян

Харидор: «МЮ»

Масала баҳоси: 42 млн. евро


Нима учун фойдасиз? «МЮ» ҳақидаги маълумотларни айнан Мхитар­ян ўзининг таниш журналистлари орқали ошкор қилганига ишонгингиз келмайди. Тўғри, Люк Шоу ҳам гумон остида. «Хоин»ни аниқлашга қасд қилган Жозе Моуриньо арманистонлик футболчига умуман имконият бермаяпти. Генрих ҳаттоки, Лига кубоги баҳсларида ҳам майдон юзини кўрмаяпти. Албатта, унга жароҳати ҳам халақит бераётган бўлиши мумкин. Бироқ Моунинг Мхитар­янга нисбатан бугунги муносабати қимматбаҳо хариднинг самара беришини шубҳа остида қолдирмоқда. Ҳа, бир савол кишини қийнайди: ўтган мавсум бундеслигада энг яхши футболчи мақомини олган Генрих наҳотки, АПЛ шиддатига ярамаса?

Нима қилиш керак? Кагава воқеаси такрорланмайди - Генрих учун ортга йўл йўқ. Зеро, унинг «Боруссия» билан хайрлашуви можароли бўлганди. Афсус, шундай ажойиб футболчи ва рисоладагидек йигитга Манчестерда омад кулиб боқмаяпти. Эҳтимол, у ҳали таркибдан жой олиш учун янада кучлироқ тиришқоқлик намойиш этар? Ахир Жозе дейлик, Хуан Матага нисбатан  нафратини енгиб, унга мурувват кўрсатиш иложини топди-ку...

Миши Батшуайи

Харидор: «Челси»

Масала баҳоси: 39 млн. евро


Нима учун фойдасиз? Бу рўйхатдан Лукас Перес ҳам жой олиши мумкин эди. Бироқ Миши ундан анча қиммат нархда сотиб олинган. Бельгиялик футболчининг спорт  формаси талаб даражасида эмас ва шунинг учун унга асосий таркибдан жой топилмаяпти. Хуллас, Миши айни пайт олдинги чизиқда Диего Костага муносиб рақобат кўрсатолмаяпти. Аслида у барчасини «Уотфорд» дарвозасига гол уриш билан бошлади, бироқ омадли стартни давом эттиролмади. Антонио Конте бельгиялик шогирдининг фойда келтиришига ишонмаяпти, чоғи, уни аҳён-аҳёнда майдонга туширмоқда. Боз устига, Миши сафга қўшилганида ҳам майдонда борлигини билинтиролмаяпти, жамоа ўйинига мослашолмаяпти. Хуллас, ўтган мавсум Францияда тинмай гол урган Батшуайи яна маълум муддат захирада ўтиргач, худди Фабрегас каби бошқа жамоага ўтиш ҳақида бош қотира бошласа, ажабмас.

Нима қилиш керак? АПЛнинг 6тагина учрашувида захирадан майдонга тушиб, жами бир соатдан кўпроқ вақт ҳаракатланган футболчи ўз омадини бошқа жойдан қидиргани маъқул. Умуман олганда, фақат «Челси» каби жамоаларгина иқтидорли, аммо захирада ўтиришдан бошқасига ярамайдиган ҳужумчи учун катта маблағ сарфлашлари мумкин. Дейлик, «кўклар»нинг ҳозирги хулосаларига кўра, Батшуайи ҳужум қироли - Костадан заифроқ. Унга имконият беришмаётганини бошқача изоҳлаш мушкул.

Хотам Бен Арфа

Харидор: «ПСЖ»

Масала баҳоси: - (эркин агент)


Нима учун фойдасиз? Қизиқ, «Спартак»да Артём Дзюба ва унинг шерикларига дуч келиш орқали аччиқ тажриба тўплаган Унаи Эмери оғир табиатли Бен Арфадан нима кутганди? Вақтида ёрқин ҳужумкор ярим ҳимоячилар қаторида юрган бу футболчи ҳам сабр қилиш, машғулотларда тер тўкиб, қўлидан кўп нарса келишини исботлашга мажбур. Ахир у «Ницца» таркибидан жой олиб, худди шундай қилганди. Тўғри, бу масалада мураббийни айблашга асос йўқ. Зеро, спорт  формаси талаб даражасида бўлмаган Бен Арфа машғулотларда ҳам жон куйдирмаяпти. Шундай бўлгач, Эмери уни майдонга туширмайди-да. Боз устига, айни пайт «ПСЖ»нинг ишлари унчалик юришмаяпти.

Нима қилиш керак? Парижликлар 25 млн. евро эвазига харид қилишган Хесегина касбдоши ўрнини тўлдиришга қодир. Кўриниб турибди, клуб Хатемни тезда сотиши лозим. Ҳарқалай, «ПСЖ»нинг уни йўлга солишига ишонч паст. Мана, Дидье Дешам бу футболчини нима сабабдан Евро-2016 иштирокчилари сафига қўшмаганлиги энди ойдинлашмоқда. Жанжални хуш кўрадиган, «тили узун» футболчиларнинг керакли пайт ўзларини жиловлашлари жуда мушкул иш. Бундай ўйинчилардан барқарорлик кутиш ярамайди.

Пако Алькасер

Харидор: «Барселона»

Масала баҳоси: 30 млн. евро


Нима учун фойдасиз? Бир қатор умидли ёшларни сафига қўшиб олган «Барселона»ни фақат олқишлаш мумкин. Европа чемпиони - Андре Гомеш, шунингдек, Самуэль Юмтити ва Люка Динь вақти келиб етарли ўйин амалиётига эга бўлишади. Аммо Пако Алькасер анчайин мураккаб вазиятга тушиб қолди. У Лионель Месси, Луис Суарес ва Неймардек «наҳанг»лар билан рақобатлашишга мажбур. Шу сабабли ҳам, трансфери беҳуда харажатдек кўринмоқда. Ахир ҳозирги ҳолатда машҳур триога бас келиш осонми? Хуллас, Алькасернинг ўйин амалиётидан четда қолиб, спорт формасини йўқотиши эҳтимоли баланд. Оқибатда у худди Мунир каби кутишдан бошқа чора тополмай азобланмаса бўлгани.

Нима қилиш керак? Гомеш, Динь ва Юмтити бироз сабр қилишса, ҳаммаси изига тушиб кетиши мумкин. Денис Суарес ҳам ўз ўрнини топар, ҳарқалай, унда имкон бор. Лекин Паконинг «Барселона»да гол уриш ўрнига захира ўриндиғи  безагига айланиши хавфи кўпроқ, барибир.

Давид Луиз

Харидор: «Челси»

Масала баҳоси: 38,5 млн. евро


Нима учун фойдасиз? Ҳаммаси оддий - бу футболчи учун «қовун» тушириш одат тусига кирган. Қайси позицияда ўйнашидан қатъий назар, тезда ўз ўрнида йўқотиб қўяди. Айтишларича, парижликлар Давиднинг «Челси»га қайтишини таъминлаган киши ҳаққига шамлар ёқиб, дуолар қилишган. Тўғри, бразилиялик ҳимоячи турли қилиқлари билан мухлислар кайфиятини кўтаришга жуда уста. Лекин майдонда ҳаддан ортиқ хатоларга йўл қўйиши бор гап. Мисол учун, у  «Вест Хэм»га қарши Лига кубоги баҳсида рақиб ҳужумчиларига умуман қаршилик кўрсатмади, ҳаттоки, «МЮ» йирик ҳисобда мағлубиятга учратилган ажойиб ўйинда майдондан четлатилишига сал қолди. Умуман, Давид охирги вақтларда ўзига хос ўйинни кўрсатолмаяпти. Ҳарқалай, у авваллари анча ишончли тўп сурарди.

Нима қилиш керак? Нима ҳам дердик, «Челси» каттагина маблағ эвазига ўзига ортиқча муаммо сотиб олди. Жамоа раҳбарияти қишда қандайдир ўзгаришлар ясашга уриниб кўрса керак. Лекин Луиз салкам 40 миллион евролик баҳога лойиқ эмас. Демак, «Челси» ундан қутулишни истаган тақдирда, озгина аччиқ чайнашга мажбур бўлади. Ахир беқарор футболчига қайси «аҳмоқ» харидор 35-40 миллион евро беради?

Лерой Сане

Харидор: «Манчестер Сити»

Масала баҳоси: 50 млн. евро


Нима учун фойдасиз? Ҳали анча ёш эканлиги ва ўйин услуби туфайли. Германиялик иқтидор ҳозирча 50та «лимон» даражасида тўп суришга қодир эмас. Эҳтимол, «Сити»да «Челси»нинг ўз давридаги Кевин де Брюйнеси пайдо бўлгандир? Ҳечқиси йўқ, унда Германияга қайтиш имкони бор. Шундан сўнг қачондир «Ливерпуль» ёки «МЮ» сафидан жой олар балки? Факт шуки, ҳозирда унинг учун таркибда бўш ўрин йўқ. Ахир олдинги чизиқнинг барча позициялари банд. Шундай экан, Саненинг АПЛдаги дебют мавсумида етарли ўйин амалиёти ҳосил қилиши мушкул. Ўзи суйган услубда тўп суришига эса, Хосеп Гвардиола сира йўл қўймаса керак.

Нима қилиш керак? Футболчини лоақал ижара келишуви асосида бош-қа жамоага юбориш ёки унга нисбатан муносабатни сал ўзгартириш лозим. Тан олиш керак, Санега харидорлар кўп эди ва улар орасида «шаҳарликлар» устамонлик қилишди. Энди шунга яраша, иқтидорли йигитдан унумли фойдаланиш йўлини топишлари шарт. Лекин ҳозирча бунинг белгиси ҳам сезилмаяпти.

Поль Погба

Харидор: «МЮ»

Масала баҳоси: 105 млн. евро


Нима учун фойдасиз? Поль Погбанинг қандай ўйнаши бошқа ижрочилар ҳаракатига бевосита боғлиқ. Зеро, у майдонда «қора ишлар»­ни бажаришга одатланмаган. Поль айни пайт нафақат трансфер нархи нуқтаи назаридан, балки самара келтириш бобида ҳам бўлажак етакчи миссиясини уддалолмаяпти. «МЮ»нинг «Челси»га аламли тарзда ютқазадиган, Гвардиола бошқарувидаги «Манчестер Сити»нинг захира таркиби устидан эришилган ғалабани худди ЧЛ ярим финалидаги зафардек тантана қиладиган аянчли ҳолатдан олиб чиқиш учун Моуриньога Антуан Гризманн ёки унга ўхшаган етакчи керак. Айнан шу вазифани адо этиши кутилган, «Ювентус» ва Мино Райола иштаҳасини қондирадиган маблағ эвазига харид қилинган Пог-ба эса ишончли сира оқламаяпти. Ҳа, футболкалар савдоси кўнгилдагидек, бизнес ривожи яхши. Бироқ футбол масаласи-чи? Мазкур келишув ўта ноўрин. Боз устига, Поль марказий ҳимоя чизиғида тўп суришга ҳеч қачон кўнмайди - бу аниқ. Ҳар ҳолда, у Жозе ўйлаганчалик бировнинг маслаҳатига қулоқ соладиган йигит эмас.

Нима қилиш керак? Янги футболчилар учун кўпроқ маблағ сарфлаш лозим. Погба ҳам қачондир кучлироқ ўйин кўрсатади. Лекин ҳозирча ноёб иқтидорини тўла ишга сололмаяпти. Тан олиш керак, унинг рақибдан тўпни тортиб олаётган, аниқ узутмаларни амалга ошираётган лаҳзалари йўқ эмас. Лекин иккинчи томондан, лоақал Гонсало Игуаин «Ювентус»га мослашганчалик даражани кўрсатолмаяпти. Поль учун сарфланган сармояга Андер Эррера савиясидаги 3 нафар футболчини харид қилиш мумкин эди ва футбол нуқтаи назаридан олганда, бу «МЮ»га кўпроқ манфаат келтирарди, эҳтимол. Ўзи Погбанинг трансфери ёздаёқ шубҳа уйғотганди. Унинг ҳозиргача намойиш этган ўйинлари эса шубҳаларни тарқатиш ўрнига янада кучайтириб юборди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Рейтинг: +5   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика