Рўзиқул Бердиев: "Муҳим ғалабага эришдик"
13 мар 2015 00:10
Новости
Рўзиқул Бердиев: "Муҳим ғалабага эришдик"
"Ютуқ билан барчани табриклайман. Бизга нисбатан кучсиз бўлган жамоаларнинг барчаси Қаршида ҳимоявий ўйин кўрсатиб келади. Шу учун гол уришимиз бироз чўзилиб кетмоқда. Асосийси бугун ғалаба эришдик. Бу йилги чемпионатимиз ўйлайманки қизиқроқ ўтади. Жамоамиз бугун яхши ҳаракат қилишди. Бироқ биргина эътирозим, захирадан майдонга тушган футболчилар ўйинимизни кучайтира олмади. Учрашув сўнгги дақиқаларида ташаббусни рақибга бериб қўйдик. Аммо шунга қарамай ғалаба қозонганимиз ва муҳим бўлган уч очкони қўлга киритганимиздан хурсандмиз", - дея "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашиб ўтди.
- Шоҳруҳ Гадоев нега кам майдонда кўринмоқда. Унга кўпроқ имконият беришни иложи йўқми?
- Бу ҳақда жуда кўп саволлар берилмоқда. Гадоев оғир жароҳатни бошидан ўтказди. Туркияда ўтказилган йиғинлардаги назорат беллашувларида унга кўплаб имкониятлар бердик. Анталияда бўлиб ўтган бир баҳсда Шоҳруҳ ўзини жуда яхши тарафлама кўрсата олганди. Ўшанда Шоҳруҳ тезда ўз спорт формасини тиклаб олади деб ўйлагандим. Бироқ кейинчалик яна унинг ўйинида сусайиш пайдо бўлди. Жамоа катта рақобат борлигини ҳам унутмаслик керак. Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ. Биз барча футболчиларга, хусусан Гадоев ҳам имконият берамиз албатта. Лекин шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Шоҳруҳда руҳий тарафлама бироз қурқув бор ва у буни енгиб ўтиши керак. Бир йил яшил майдондан узоқ бўлган футболчининг яна тезда тикланиб олиши осон кечмайди ва бунинг учун вақт талаб этилади.
- Бугунги бошланғич таркибдаги бир қатор ўзгаришлар нима билан боғлиқ?
- Сабаби сафимизда 20 нафар тенг кучли футболчилар бор ва биз уларнинг барчасига имкон беришимиз керак. Асосий сабаларидан бири шу. Кейин биласизлар, биз икки фронтда кураш олиб боряпмиз. Шу боис ҳар бир футболчи ўйин амалиётига эга бўлиши керак.
- Элдор Суюновни ОЧЛда, Ўткир Юсуповни чемпионат ўйинларида ўйнатиш олдиндан режага киритилганми ёки бу Суюновнинг "Ал Аҳли" билан бўлган ўйинидаги хатоси билан боғлиқми?
- Албатта, кўпчиликни шу нарса қизиқтирмоқда. Ҳа, "Ал Аҳли" билан ўйиндаги иккинчи голда Суюнов хато қилди, лекин ундан олдин икки маротаба муқаррар голлардан қутқариб қолганини ҳеч ким эсламаяпти? Бу фикр жуда нотўғри. Мен Элдорни ўтган ўйиндаги хатоси учун захирада қолдирмадим. Балки барчага имконият бериш баробарида Ўткир Юсуповни ҳам ўйин амалиётига эга бўлишига имкон яратдим. Агарда Худо кўрсатмасин Суюнов жароҳат олиб ёки бошқа бир сабаб билан ўйнай олмай қолса, унда Ўткир Юсупов унинг ўрнига майдонга тушишга шай ҳолатда бўлиши керак. Элдор Суюновга ишонишда давом этамиз. Лекин ўша учрашувдаги биргина хатосини барча гапирмоқда. Баҳс давомида жамоамиз жонига оро кирган пайтларини эса ёддан чиқаришмоқда.
- ОАВда берган интервьюингизда ўзиз истаган иккита футболчини жамоага ололмаганлигингизни айтиб ўтган экансиз. Бироқ уларнинг номини сир тутгансиз. Шу икки футболчини номини айта оласизми?
- Тўғри, шундай бўлганди. Футболчининг кимлигини айтишни истамагандим. Бироқ майли сўраган экансиз, айтаман. Биринчи футболчи бу "Олмалиқ"да ўйнаган Санжар Шоаҳмедов эди. Лекин бу футболчини "Локомотив" ўз сафига қўшиб олди. Кейин биз чап қанот ҳимоячисини қидириб юргандик. Лекин ўзимиз истаган бир футболчини қўлга кирита олмагандик. Аммо Туркиядаги ташкил этилган йиғинларимизда бизга Рой Рокни тавсия этишди ва унинг ўйинлари бизга маъқул келди. Менимча, Рой Рок мухлисларга ёқадиган ўйинни намойиш этиб бермоқда.
- Яқинда БААнинг "Ал Аҳли" жамоасибилан куч синашасизлар. Бу жамоани қандай ўрганиб чиқдинглар?
- Бу жамоанинг ОЧЛдаги ҳар иккала ўйинини кўриб чиқдик. Биринчи баҳсда саудияликлар билан бўлган ўйинда улар бир киши кам бўлиб ҳаракат қилишган ва шунга қарамай дуранг ўйнашган эди. Кейинги беллашувда ҳам "Тракторсози"га қарши баҳсда ёмон ўйнашмаган. Ҳар иккала учрашувда ҳам амирликлар мағлубиятга лойиқ ўйнашмаган. Гуруҳимизда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Ушбу "квартет"даги барча жамоалар тенг кучли ва ҳар бир клуб кейинги босқичга чиқишга лойиқ ва бунинг учун курашади. Бизнинг мақсадимиз ватанимиз шанини халқаро ўйинларда ҳам муносиб ҳимоя этишдан иборат. Бизнинг чемпионат ҳам ҳеч қайси лигадан кам эмас. Фақат ўйнаш ва курашиш керак. ОЧЛда биз чемпионатда бўлгани каби фақат ҳужумкор ўйин кўрсата олмаймиз. Натижани ҳам ўйлаш керак. Шу боис вазиятдан келиб чиқиб, ҳимояга ҳам эътибор қаратиб, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қиламиз. Бу мусобақада натижа муҳим аҳамият касб этади. Жамоамизнинг футболчиларини руҳан тайёрлаб, ўз кучларига бўлган ишончни орттиришга ҳаракат қиляпмиз. Улар меҳмондаги баҳсда ҳам ёмон ўйнашмади. Тўғри, кўзлаган мақсадга эриша олмадик. Бироқ рақибдан ўйин бобида ортда қолмаганимиз ҳам аниқ.
"Насаф" клуби матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Комментарии